‘Террорга қарши уруш’ меъмори вафот этди. У Ўзбекистонда ҳам бўлган, Каримов билан учрашган - Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Дональд Рамсфельд кичик Жорж Бушнинг Ироқ ва Афғонистонда уруш очиш қарорида муҳим ўрин тутган. Айнан унинг Тошкентга ташрифи ортидан Ўзбекистонда илк бор АҚШ ҳарбий базаси очилган.
Хабарларга кўра, АҚШ собиқ Мудофаа вазири 88 ёшда Нью-Мексиконинг Таос шаҳрида ҳаётдан кўз юмган.
Вафоти ҳақида Дональд Рамсфельднинг яқинлари унинг Twitter саҳифасида маълум қилишган, бунга саратон хасталиги сабаб бўлганини айтишган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Дональд Рамсфельд орада узоқ йиллик танаффус билан икки турли маъмурият даврида АҚШ Мудофаа вазири бўлиб ишлаган ягона инсон сифатида ҳам тарихга кирган.
Никсондан тортиб кичик Жорж Бушгача
АҚШ собиқ Мудофаа вазири ўз карьерасини Вашингтонда, Конгрессдан бошлаган.
У 1963-1969 йилларда АҚШ Конгрессида Иллинойс штатитининг 13-округини намоён этган.

Сурат манбаси, Getty Images
1970 йилда эса, ёш конгрессмен АҚШ президенти Ричард Никсоннинг маслаҳатчисига айланган.
Орадан кўп ўтмай, Дональд Рамсфельд АҚШнинг Нато қошидаги элчиси этиб тайинланган.
Аммо Уотергейтс можароси ва Никсоннинг истеъфоси сабаб, Брюссель сафари чиппакка чиққан.
Кейин Дональд Рамсфельд АҚШ янги президенти Жеральд Форд маъмуриятининг янги раҳбари этиб тайинланган.
1975-1977 йилларда эса, у Форд маъмуриятида АҚШ Мудофаа вазири бўлиб ишлаган. 43 ёшида Пентагоннинг энг ёш раҳбарига айланган.
Дональд Рамсфельд Америка Қўшма Штатларидаги Олий фуқаролик мукофотига ҳам лойиқ, деб топилган.
У президентнинг Озодлик медали билан тақдирланган.
Орада ҳукуматни тарк этиб, бир неча ўн йил хусусий секторда ҳам ишлаган.
2001 йилда эса, кичик Жорж Буш Дональд Рамсфельдни яна АҚШ Мудофаа вазири этиб тайинлаган.
Янги тайинлов ортидан 74 ёшли Рамсфельд энди Пентагоннинг энг кекса раҳбарига айланган.
Ушбу лавозимида у Ироқ ишғолининг ташаббускорларидан бири сифатида ўртага чиққан.
Янги АҚШ Мудофаа вазири Саддам Ҳусайн эгалик қилган оммавий қирғин қуроллари инсоният учун хавф туғдиришини иддао қилган.
Аммо кейинчалик бу қуролнинг мавжудлигига ҳеч бир далил йўқлиги ошкор бўлган.
"Террорга қарши уруш" меъмори
Кичик Жорж Буш маъмуриятини Конгрессдаги катта кўпчилик - республикачилар баробарида демократлар ҳам қўллашади.

Сурат манбаси, Reuters
Ўша пайтда таниқли сенатор бўлган Америка Қўшма Штатларининг амалдаги президенти Жо Байден ҳам Ироққа қарши уруш очишни ёқлаб, овоз берганлардан бири бўлади.
2001 йилнинг 11 сентябрида эса, Америка Қўшма Штатлари қўшалоқ террорчилик ҳужумлари нишонига айланади.
Мамлакат тарихидаги энг мудҳишларидан бири бўлган фожеа уч мингга яқин инсоннинг умрига зомин бўлади.
Бунинг ортидан, халқаро коалиция кучларининг Афғонистонда режалаган аксилтеррор амалиётларининг муваффақияти учун унга бевосита чегарадош Ўзбекистоннинг қўллови ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Худди ўша йилнинг 5 октябрь куни Дональд Рамсфельд Тошкентга келади.
АҚШ Мудофаа вазири бу хусусда шахсан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан музокаралар олиб боради.
Икки томоннинг мулоқоти ортидан, Ўзбекистон АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Афғонистондаги аксилтеррор амалиётлари учун Қарши-Хонобод ҳаво базасидан маълум муддатга фойдаланишларига изн бергани маълум бўлади.
Тошкентдаги музокаралардан икки кун ўтиб, 2001 йилнинг 7 октябрида АҚШ Афғонистонда ўзининг ҳарбий амалиётларини бошлашини расман эълон қилади.
Ўшанда Ўзбекистон ва Қирғизистон АҚШ ҳарбийларига ўз базаларидан фойдаланиб туришга изн берган иккита Марказий Осиё давлати сифатида ўртага чиқишади.
Аммо вақт ўтиши билан "террорга қарши уруш" - четдаги жанговар ҳаракатлар АҚШни мамлакат ичкарисидаги терактлардан ҳимоя қилишига оид назария - ўзининг аҳамиятини йўқотади.
Бу давр Америка ташқи сиёсатидаги энг обрўсизланган саҳифалардан бири сифатида баҳо топади.
Террорга қарши уруш меъмори Дональд Рамсфельд эса, АҚШ тарихидаги зиддиятли сиёсатчилардан бирига айланади.
Пацифистлар ва сўлчи фаоллар уни "уруш жиноятчиси", деб аташгача боришади.
Аммо Дональд Рамсфельд сўнггига қадар ўзининг ҳақ эканига ишониб келган.
"Маълум ва номаълум"

Сурат манбаси, Reuters
2011 йилда нашрдан чиққан "Маълум ва Номаълум", деб номланган хотира китобида ҳам кичик Жорж Бушнинг Ироққа уруш очиш қарорини яна бир бор ҳимоя қилган.
Дональд Рамсфельд худди шу ёдномасининг Марказий Осиё қисмида фақат Ўзбекистон, Қарши-Хонобод базаси ва Андижон воқеаларини тилга олган.
У ўз мемуарида 2005 йил 13 май кунги воқеалар ортидан, Тошкент-Вашингтон муносабатларида юзага келган тангликка тўхталган.
Ўшанда АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан тутган мавқеи ташқи сиёсатидаги энг янглиш ишларидан бири бўлганини таъкидлаган.
Қўшма Штатлар ўзининг стратегик манфаатларини инсон ҳуқуқларининг топталиши борасидаги хавотирларга қурбон келтириб, катта хатога йўл қўйганини айтган.
Пентагон собиқ раҳбарининг фикрича, ўшанда мамлакатининг тутган танқидий мавқеи Ўзбекистоннинг Россия билан яқинлашишига сабаб бўлган.
Расмий Вашингтон ўшанда Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеалари борасидаги исломий жангарилар билан боғлиқ қарашини қабул қилмаган ва АҚШ Давлат Департаменти ўзбек ҳукумат кучларининг амалларини қоралаган.
Бунинг ортидан президент Ислом Каримов АҚШ кучларидан Хонободдаги ҳаво базасини бўшатиб қўйишларини сўраган.
Андижон воқеалари ва АҚШ аскарларининг Ўзбекистондан чиқариб юборилишидан кўп ўтмай, 2005 йил ноябрида Тошкент Москва билан стратегик ҳамкорлик шартномасига имзо чекканди.
Дональд Рамсфельднинг ўлими сўнгги АҚШ ҳарбийлари ҳам Афғонистонни тарк этаётган бир пайтга тўғри келган.
Худди шу манзарада АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари учун яна минтақада ўз ҳарбий базаларини очиш масаласи долзарблашгани кўрилган.
Айрим нуфузли Ғарб нашрлари бу гал ҳам Ўзбекистонни эҳтимолий мезбон давлатлардан бири сифатида тилга олишган.
Айрим Россия ахборот агентликлари эса, бунинг ортидан Ўзбекистон Мудофаа вазирига таяниб, расмий Тошкентнинг бундай эҳтимолни назардан соқит этгани ҳақида ҳам ёзишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














