Ўзбекистон: Президент Каримов Тожикистон билан муносабатларда нимани йўқотди?O‘zbekiston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шерикликни кенгайтириш аҳдида қатъий. Мазкур баёнот пойтахт Душанбеда, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг музокаралари ортидан янгради. Тожикистон Каримов даври Ўзбекистони энг кўп иҳоталаш ва иҳоталаниш сиёсатини олиб борган минтақа давлати бўлади.
Шавкат Мирзиёев кеча, 10 июнь куни Тожикистонга ўзининг икки кунлик расмий ташрифини бошлаган.
Бу президент Мирзиёевнинг ўзи қудратга келган ўтган тўрт йил ичида Тожикистонга амалга ошираётган иккинчи олий даражадаги ташрифи бўлган.
Расмий ташрифнинг илк кунидаёқ икки қўшни давлат раҳбарлари орада бир-бирларига қуриб беришга улгурган мактаб ва тиббиёт муассасаларини сиртдан очишган.
Томонлар бу гал 30 дан ортиқ ҳужжат имзолашган, орадаги келишув ва шартномаларнинг умумий қиймати бир миллиард АҚШ долларидан ошиши хосан қайд этилган.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон ва Тожикистон яқин-яқингача ораларида энг ҳассос мавзулардан бири бўлиб келган гидроэнергетика ва сувдан фойдаланиш масаласида амалий ва ўзаро манфаатли мулоқотларини давом этдиришга мойиллик кўрсатишган.
Зарафшон дарёсида ҳатто иккита ГЭС қуриш бўйича битимни ҳам имзолашган.
Томонлар яна ўзаро транспорт ва транзит соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини баён қилишган.
Биргаликда автомобиль ишлаб чиқариш, икки ўртадаги авиақатновни янада кенгайтириш ва автобус йўналишларини қайта тиклаш борасида сўз олиб боришган.
Расмий хабарларда бу ҳам айнан Ўзбекистон томонининг таклифи бўлгани айтилган.
Ўзбекистон келгуси йилда Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажмини ҳозигисидан-да ошириш, икки баробарга кўпайтириш истагини ҳам изҳор этган.
Пойтахт Душанбеда экан, Ўзбекистон президенти "истиқболга мўлжалланган аниқ режалари бор"лигини расман ва ошкора баён қилган.
Томонлар стратегик шерикликни кенгайтириш аҳдида қатъий эканликлари ва бу борада аниқ чоралар кўришга тайёрликларини билдиришган.

Сурат манбаси, official
Тожикистон президенти эса, Ўзбекистон билан ҳамкорликда эришилган бугунги юксак даражани қадрлашини хосан қайд этган.
Бунда президент Шавкат Мирзиёевнинг катта ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаган.
Эмомали Раҳмон икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Шавкат Мирзиёевни Тожикистоннинг юксак мукофоти - I даражали "Зарринтож" ордени билан мукофотлашга қарор қилган.
Орденни ҳам Ўзбекистон президенти унинг ўзи тантанали равишда топширган.
Тожикистон президентининг Ўзбекистонга 2018 йилги давлат ташрифи чоғида эса, Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлаганди.
Қолган Марказий Осиё давлатлари билан солиштирганда, Ўзбекистоннинг минтақавий ташқи сиёсатида Тожикистон қай бир жиҳатдан муҳим? Тутган ўзига хос аҳамияти нимада?
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга икки кунлик расмий ташрифи манзарасида Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай савол билан асли ўзбекистонлик минтақавий сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди:

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция
Камолиддин Раббимов: Геосиёсатда, ҳалқаро алоқаларда, бирон бир минтақанинг ўзига хос хусусиятлари бўлади.
Марказий Осиё - катта минтақа, бу ерда мавжуд беш республикалар орасида ёзилмаган, лекин тарих билан, ўзлик билан, қадриятлар ва маданият билан боғлиқ хусусиятлар, ўзига хосликлар мавжуд.
Марказий Осиё минтақасини тарихий-маданий жиҳатдан таҳлил қилишда шартли равишда "тарихан ўтроқ" ва "тарихан кўчманчи" таркибларга бўлиш мумкин.
Табиий, бугунги кунда минтақадаги асосий миллатлар ўтроқлашиб бўлган, ўзаро аралашган, қоришган.
Лекин республикалардаги титул миллатларнинг зеҳнияти, маданияти, жумладан, сиёсий маданияти, ўтмишдаги жараёнлар сабаб бир-бирига яқин ёки нисбатан фарқли ҳисобланади.
Ўзбекистон ва Тожикистон, демакки, ўзбеклар ва тожиклар, тарихан ўтроқ миллатлар сифатида зеҳнияти, таъби, дунёқараши, фикрлаш ва ҳаракатланиш моделига кўра бир-бирига ниҳоятда яқин ҳисобланади.
Минтақа геосиёсатида ўзаро ишончли алоқалар, ички ва ташқи сиёсатни ўзаро мувофиқлаштириш, глобаллашган дунёда табиий иттифоқчилар шакллантиришнинг шарти, ҳамда воситаси ҳисобланади.
Марказий Осиё минтақасида социомаданий жиҳатдан Ўзбекистонга энг яқин давлат бу Тожикистон бўлар экан, демак, минтақа геосиёсатида Ўзбекистоннинг энг аввало Тожикистон билан юқори ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш имконияти кўпроқ.
Истиқболда бу юқори даражадаги ҳамкорлик ўзаро иттифоқчиликка, глобаллашган дунёда балки тенгҳуқуқли интеграциялар даражасига ўсиб бориш имконияти мавжуд.

Сурат манбаси, official
Савол: Ўзбекистонга Тожикистон билан ўз алоқаларини янада ривожлантириш, кучайтириш ва кенгайтириш нега керак?
Камолиддин Раббимов: Биринчи маъмурият даврида Ўзбекистон минтақа давлатларига, айниқса, Тожикистонга нисбатан иҳоталаниш ва иҳоталаш сиёсатини олиб борди.
Натижада минтақадаги кўплаб йирик иқтисодий, транспорт, энергетика лойиҳалари Ўзбекистонни четлаб ўтиб бошлади.
Бугун иккинчи маъмурият ўтмишдаги хатоларни тезроқ тузатиш ва минтақа давлатларининг сиёсатини, геосиёсатини, иқтисодиётини, гуманитар алоқаларини Ўзбекистонга имкон қадар тезроқ ва кучлироқ боғлаш сиёсатини амалга оширмоқда.
Каримов даврида расмий Тошкентнинг муттасил босими остида бўлиб келган Душанбе бугунги иккинчи маъмурият билан алоқаларни мутлақ ижобий ушлаб туришдан манфаатдор.
Тожикистон шартли равишда "ярим орол давлат" ҳисобланади. Бир томондан тоғли ва нотинч Афғонистон, тоғли ва йўллар мавжуд бўлмаган Хитой. Бошқа томондан, собиқ СССР даврида асосий йўл-транспорт коммуникациялари ўтган Ўзбекистон ва қисман Қирғизистон билан чегарадош.
Биринчи маъмурият даврида Ўзбекистон томонидан Тожикистонга борувчи барча транспорт воситалари тўсиб қўйилгач, Душанбени ташқи дунё билан алоқаларига путир етган эди.
Бугун Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам ўзларининг иқтисодиётларини ўстириш учун янги имкониятлар излашмоқда.
Бу икки давлатни жадал демографик ўсиш, аҳолининг катта қисми ёшлар эканлиги, ишсизлик, миграциянинг юқорилиги ва бошқа кўплаб ижтимоий-иқтисодий вазиятлар ўхшашлиги бирлаштиради.
Қолаверса, кейинги икки йилда бутун дунё каби бу давлатлар аҳолиси ҳам ковиддан жиддий азият чекишди.
Қолаверса, бу икки давлатнинг ўзаро яқинлиги республикалар аҳолиси кўз ўнгида ҳукуматларнинг легитимлигига жиддий таъсир қилади.
Чунки Ўзбекистонда кўп миллионли тожик аҳолиси яшайди, Тожикистонда ҳам иккинчи йирик миллат - ўзбеклар.
Геосиёсий жиҳатдан ижобий ва юқори ишончли алоқалар икки давлат, қолаверса, минтақа мамлакатларининг Россия Федерацияси ва унинг лойиҳаларига якдил ёки мувофиқлаштирилган муносабатлар ишлаб чиқиш имкониятини беради.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан эса, Афғонистондан АҚШ кучлари олиб чиқиб кетилиши ва толибларнинг фаоллашуви фонида минтақани янги имтиҳонлар ва вазифалар кутаётган бўлиши мумкин.
Тожикистон ва Ўзбекистон минтақадаги хавфсизлик ва геосиёсат йўналишлари юқори кесишган давлатлар ҳисобланади.
Ўзаро ишончли алоқалар ушбу масалаларда ҳам мувофиқлашган сиёсат шакллантириш имконини беради.

Сурат манбаси, official
Савол: Тожикистон айнан ҳозир қай бир соҳаларда Ўзбекистонга яхши ҳамкор ва шерик бўла олади?
Камолиддин Раббимов: Марказий Осиё минтақаси ривожланаётган ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар, глобаллашув сабаб, борган сари ўсаётган ягона ахборот ҳудудида яшамоқда.
Минтақадаги ҳар қандай ўзаро зиддият, йирикроқ сиёсий ёки геосиёсий ходисалар барча жамиятларда ўз акс-садосига эга бўлмоқда.
Тожикистон минтақадаги аҳоли сонига кўра Ўзбекистон ва Қозоғистондан кейинги, учинчи йирик давлат.
Аҳоли сонига нисбатан фоизлардаги демографик ўсишда, энг илғори ҳисобланади.
Иқтисодий ўсишнинг ўз қонуниятлари мавжуд.
Жумладан, чегараларнинг очиқлиги, ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларнинг максимал даражада эркин бўлиши, чегарадан олиб ўтилаётган маҳсулотлар учун бож тўловларининг имкон қадар қулай бўлиши ва ҳ.к.
Тараққиёт - минтақавий феномен ҳисобланади.
Иқтисодий ночор, ижтимоий зўриқиш ва сиёсий беқарор давлатлар орасида юқори ривожланишга эришиш - қийин вазифа.
Ўзбекистон Тожикистон билан алоқаларини сифат жиҳатидан янги даражага кўтарар экан, аввало ўзининг комплекс манфаатларини ўйламоқда.
Бу ҳамкорлик Тожикистоннинг ривожи ва барқарорлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Сурат манбаси, official
Савол: Эга бўлган потенциаллари назарда тутилса, Ўзбекистон Ислом Каримов бошқаруви даврида Тожикистон мисолида қандай имкониятларни бой берди?
Камолиддин Раббимов: Биринчи маъмурият даврида Ўзбекистон ўзининг қўлидаги улкан имкониятларни бой берди.
Собиқ СССРдан старт олган беш республика ва уларнинг ЯИМти, комплекс имкониятлари мустақиллик даврида самаралилиги жиҳатидан ҳар хил ишлатилди.
Ўзбекистоннинг иқтисодий, сиёсий ислоҳотларда ҳаддан ташқари консервативлиги, давлатнинг жамиятга бўлган ишончсизлиги, қолаверса, қўшни давлатларга нисбатан ҳам ишончсиз ва совуққон муносабатлари ўзининг салбий ҳосиласини берди.
2000-йилларга келиб, Ўзбекистон барча соҳада минтақа лидерлигини тўлиқ йўқотиб бўлган эди.
Расмий Тошкентнинг бирон бир қўшни давлат билан алоқалари ишончли ва самимий эмасди.
Ҳалқаро даражада эса, Ўзбекистон жиддий жиноятларда гумонланаётган, қора рўйхатлардан мустаҳкам ўрин олган давлат эди.
Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари орасида энг узоқ муддатли совуқ муносабатлари айнан Тожикистон билан кузатилди.
Тахминан 1997 йилдан бошлаб, яъни Тожикистонда фуқаролик уруши тўхтатилиши ортидан то 2016 йил - Ислом Каримов вафотига қадар расмий Тошкент Душанбедан Роғун ГЭСи лойиҳасини тўлиқ тўхтатишни, ундан воз кечишни талаб қилиб келди.
Ўзаро ишончсизликка бошқа омиллар ҳам қўшимча бўлди.
Ўша даврда икки давлат ўртасида тўлақонли "совуқ муносабатлар" ҳукмрон эди.
Натижада, Ўзбекистоннинг қўшниларига юмшоқ таъсири тўлиқ қадрсизланди, расмий Тошкент минтақанинг ягона норасмий иҳоталанган пойтахти ҳолатига тушиб қолди.
Бугун эса, минтақанинг геосиёсий ташаббуслари, дипломатик мутлақ янги оҳанг - муаммоларни дўстона ҳал қилиш, ўзаро ишонч даражасини парваришлаш, ўз иродасини босим орқали эмас, ўзаро манфаатларни ва самимий биродарликни кўзлаб алоқаларни шакллантириш расмий Тошкент томонидан олдинга сурилаяпти.
Ўзбекистондаги ҳокимият ўзгариши - Марказий Осиёдаги геосиёсий, ўзаро ишончли алоқалар шаклланишининг бирламчи сабаби бўлди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek













