Ўзбекистон-Тожикистон: Мирзиёев қариндошлари - Президент жуда банд одам

Ўқилиш вақти: 2 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Тожикистоннинг мустақил "Ахбор" сайти Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ота-боболари ҳақидаги мақолани чоп этган.

Мақола Тожикистон шимолидаги Деваштич (собиқ Ғончи) тумани, Яхтан қишлоғи аҳолиси вакилларининг ҳикоясига асосланади.

"Бизнинг уруғимиз "мир" ("ҳукмдор"- таҳр) билан бошлангани учун "Миртўппи" дейилади: Мирбобо, Мирёқуб, Мирзиё ва Мираброр", - дейди Мирзиёев билан амакиваччалар эканини айтган Миршакар Ўринбеков.

Миртўпилар авлоди

Миршакар Ўринбековнинг айтишича, унинг отаси Мирёқуб билан Шавкат Мирзиёевнинг отаси Миромон ота томондан амакиваччалр бўлишган ва бир уйда яшашган. Отасининг сўзларига кўра, Мирзиёевнинг оталари деҳқончилик ва асаларичилик қилиб, рўзғор тебратишган.

"Шавкат Мирзиёевнинг катта бобоси Мирбобо ҳам миришкор деҳқон бўлган", - дея ҳикоя қилади Миршакар Ўринбеков.

Унинг сўзларига кўра, Мирбобо отанинг беш нафар фарзанди бўлган. Уч ўғил - Мирёқуб бобо, Мирзиё бобо, Мираброр бобо ва икки қиз - Руқия ҳамда Суннатой.

Шавкат Мирзиёевнинг бобоси акаси Мираброр бобо билан 1930-йилларнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Зомин туманига кўчиб боришади.

Тожикистонда эса ака-укалардан фақат бир киши Мирёқуб бобо қолади.

Мирёқуб бободан беш фарзанд туғилган.

Улардан бири Ўринбек Ёқубов иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва 1945 йил 22 апрелида Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонини олган.

"Шавкат Мирзиёев ва Ўринбек Ёқубов Миртўпилар авлодининг икки устунидир", - дейди Миршакар Ўринбеков.

akhbor-rus.com

Сурат манбаси, akhbor-rus.com

Сурат тагсўзи, Яхтанлик машҳур уруш қаҳрамони Ўринбек Ёқубов ҳам Мирзиёевга амакивачча бўлади

Яхтанлик 96 яшар нафақахўр Ҳолмат Дўстбоевнинг айтишича, у Мирзиёевнинг ота-боболарини яхши таниган.

"Уларнинг ҳаммаси жуда меҳнаткаш бўлган ва деҳқончилик билан шуғулланишган", - дейди Ҳолмат ота.

Борди-келди

Мирзиёев бобосининг набираси эканини айтган 60 ёшли Раҳматбек Ёқубовнинг отасига таяниб айтишича, Жиззахда Мирзиё бобо икки ўғил кўради - Миромон ва Мирасрор.

Шавкат Мирзиёевнинг отаси Миромон 1953 йилда Самарқанддаги тиббиёт техникумини тугатиб, Зоминда сил касалллиги бўйича шифокор ёки фтизиатр бўлиб ишлаган.

Шу ерда у бўлажак рафиқаси - Шавкат Мирзиёевнинг онаси билан танишади.

"Аммо унинг (Шавкат Мирзиёевнинг-таҳр) онаси эҳтиётсизлик қилиб, сил касалини юқтириб олади ва ёш вафот этади. Мирзиёевнинг отаси бошқа уйланган, иккинчи турмушидан ҳам бир ўғил, бир қизи бор", - дея Холмат Дўстбоевнинг сўзларини келтиради "Ахбор" нашри.

Мақолада айтилишича, ҳозирда Яхтан қишлоғидаги Мирзиёевлар уруғининг каттаси ҳисобланган Мирбобо отадан қолган уйда унинг невара-чеваралари яшашади.

Ўзларининг айтишларича, улар икки давлат ўртасидаги муносабатлар энг совуқ бўлган пайтларда ҳам Ўзбекистондаги қариндошлари билан алоқани узишмаган.

"Президент жуда банд одам"

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши ортидан борда-келдилар янада кучайган.

"Охирги марта икки ой аввал Шавкат Мирзиёевнинг укаси Мираҳрор Мирзиёев набирасининг тўйига бордик", -дейди Миршакар Ўринбеков.

Унинг айтишича, "Мирзиёев жуда банд одам ва тўй-маъракаларда қатнашолмайди".

"Биз тўй-маъракаларда унинг ўзини кўрмаймиз. Одатда унинг номидан табрик ва таъзияларни фарзандлари етказади".

Яхтанликлар Мирзиёевнинг ота-боболари ҳақида бундан аввал Би-би-сига ҳам гапириб беришган.

Аммо "Ахбор" нашрининг ёзишича, муқаддам Мирзиёев ҳақида гапирганлар ўз исм-шарифларини айтишни исташмаган.

Улардан айримлари Тожикистон хавфсизлик идораларининг босимидан ҳам шикоят қилганлар.

Аммо афтидан, ҳозирда вазият ўзгарган.

Яхтанликларнинг айтишларича, Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ота-боболарининг киндик қони тўкилган Яхтанга фақат бир марта, 12-13 ёшларида келган экан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek