Ўзбекистон ва дунё: Гуруч, ун ва дон қимматлайди - O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Фарғонада

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи шиддат билан ошиб бормоқда. Бунақаси бу яқин ўн йилда кузатилмагани айтилмоқда. Инфляция янада кучаяди, деган жиддий хавотирлар бор.

Бу каби хулосага Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоб-китоблари далолат қилмоқда.

Халқаро ташкилотга кўра, нарх-наволар ойига шунчалик қимматлашиб бораяптики, бунақаси бу яқин ўртада кўрилмаган.

БМТ ўз ҳисоб-китобларида озиқ-овқат маҳсулотларининг глобал индексларидан фойдаланади.

Бу индексларнинг кетма-кет 12 ой давомида муттасил равишда кўтарилиб боргани кўрилган.

Сабаб ва омиллар

Ўзбекистон

Нарх-наволарнинг бунчалик ошишига глобал коронавирус пандемиясининг озмунча таъсирга эга бўлмагани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, таъминотчилар ишлаб чиқариш, ишчи кучи ва транспорт таъминотидаги узилишлардан азоб чекишган.

Юзага келган мавжуд вазият эса, инфляция кўламининг янада кенгайиши ва юқори нарх-наволар жаҳон иқтисодининг қайта тикланишига қанчалик салбий таъсир қилиши билан боғлиқ жиддий хавотирларни пайдо қилган.

БМТ Озиқ-овқат ва Қишлоқ хўжалиги ташкилоти индекси дунё бўйлаб турли хил маҳсулотлар, шу жумладан, ғалла-дон, ўсимлик ёғи олинувчи уруғлар, сут маҳсулотлари, гўшт ва шакарнинг нарх-навосини қайд этиб боради.

Агар, идоранинг жорий йилги ҳисоб-китобларига таянилса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари май ойида апрелдагисидан 5 фоизча юқори бўлган.

Ўтган йилнинг худди шу пайти билан қиёсланганда эса, орадаги фарқ қарийб 40 фоизни ташкил этган.

Маълум бўлишича, бу каби ойлик ўсиш 2010 йилдан буён кузатилмаган.

Ўсимлик ёғи, дон ва шакарнинг қимматлашиши сабаб, индекснинг барча - беш таркибий қисми ҳам бирдек ошган.

Индекснинг бу даражада кўтарилиши ўтган ўн йил ичида илк бор қайд қилинган ҳолат бўлгани айтилмоқда.

Айрим давлатларда сарф-харажатнинг ошишига талабнинг қайта кучайиши ва ишлаб чиқаришнинг пастлиги сабаб бўлган.

Ҳаракатланишнинг чеклангани боис, бозор ва таъминотда юзага келган узилишлар эса, маҳаллий миқёсда тақчилликларни келтириб чиқарган. Нарх-наволарни оширган.

Умид ва хавотирлар

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Xalq bilan muloqot

Экспертлар ҳали анча аввал иқтисодлар карантиндан чиқаркан, талабнинг юқорилиги ва ишлаб чиқаришнинг пастлиги инфляциянинг янада кучайишига сабаб бўлиши мумкинлиги билан огоҳлантиришганди.

Аммо БМТ Озиқ-овқат ва Қишлоқ хўжалиги идораси баъзи саноат тармоқлари ўзини тезда ўнглаб олиши борасида анчайин некбин.

Ташкилот, айниқса, жорий йилда жаҳон бўйлаб рекорд даражада ғалла ҳосили олинишига умид қилмоқда.

Уларга кўра, бу нарх-наволарнинг бир қадар пасайишига олиб келиши мумкин.

Ўтган ҳафта британиялик масъуллар ҳам мамлакат аҳолисига огоҳлик билан чиқишган.

Уларни нарх-наволар ошиб бораркан, куз мавсумида кўпроқ харажат қилишларига тўғри келиши мумкинлиги билан огоҳлантиришган.

Озиқ-овқат хавфсизлиги глобал коронавирус пандемияси фонида Ўзбекистон илова аксарият минтақа давлатлари ҳукумат даражасида эътибор қаратаётган мавзу, муаммолардан бири бўлади.

Минтақада аҳолиси энг йириги бўлган Ўзбекистонда мамлакат президентининг ҳали ўтган йил бошидаёқ бу борада айрим ташаббуслар билан чиққани кўрилган.

Шавкат Мирзиёев ўз эътиборини томорқалардан унумли фойдаланишга қаратган, уларда бозорбоп экинларни экишни таъминлашга кўрсатма берган.

Ўзбекистон президенти ўшанда мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Президент Мирзиёевнинг бу ташаббуси энг аввало мамлакат бозорларидаги нарх-наволарни арзонлаштиришга қаратилганига оид талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.

Ўзбекистон

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам гўшт ва ўсимлик ёғи каби айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши ҳатто маҳаллий нашрларнинг ўзларида ҳам сарлавҳаларга чиққан, изчил ёритилган мавзулардан бирига айланган.

Мавжуд вазият аҳоли орасида ҳукумат нарх-наво назоратини ўз қўлига олиши, тартибга солиши лозимлигига оид талаб, таклифларга ҳам сабаб бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам прокурор ва департамент бозор директорларини нарх борасида назорат қилмаётганини айтиб, танқид қилган.

Ўзбекистон президенти нарх-наволарни маъмурий йўллар билан назоратга қилиш топшириғини ҳам берган.

Президент чиқишидан сўнг айрим жойларда ҳокимлар нархларни назорат қилишга киришиб кетишган.

Аммо Ўзбекистон Марказий Банк раиси бозор нархларининг давлат томонидан тартибга солиниш чорасига қарши эканлигини билдирган.

Бош банкир Мамаризо Нурмуратов ўшанда маъмурий йўллар билан аралашув давлат сиёсати эмаслигини айтиб, айбни маҳаллий ҳокимият вакилларига юклаган.

Аммо айрим иқтисодчилар президентнинг топшириғини ёқлаб чиқишган, баъзи ҳолатларда маъмурий йўллар билан нархларни тартибга солиш самара беришини ҳам айтишганди.

Худди шу манзарада масъулларнинг бошқа давлатлардан гўшт келтириш, биржада пахта ёғини сотиб олишни чеклаш каби қатор чораларга қўл урганликлари ҳам кўрилган.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса, ўзининг бу йилги Рамазон Ҳайити табригида ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратган.

Худди шу муаммони назарда тутиб, ўз халқини жорий йил "энг қийинларидан бири бўлиши мумкинлиги" билан ҳам огоҳлантирганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek