Хитой Шинжон ва уйғурлар борасида Ўзбекистон билан нимани гаплашди? Ўзбекистон мавқеи қандай? Видео Video Uyg‘urlar musulmonlar dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Хабарларга кўра, Хитой парламенти раиси Ўзбекистон томонига Шинжонга нисбатан принципиал мавқеъларини очиқлаган. "Шинжонга боғлиқ ишлар"нинг дин, миллат ва инсон ҳуқуқларига алоқаси йўқлигини айтган. Ўзбекистоннинг эса, "Бир бутун Хитой" тамойилига қатъий содиқ қолиши маълум бўлган.
26 март куни Ўзбекистон ва Хитой матбуоти икки мамлакат парламентлари раҳбарларининг видео мулоқоти ҳақида хабар бердилар, бу мулоқотда Шинжондаги вазият ҳам муҳокама этилган.
Ли Чжаньшу Хитойнинг Шинжонга нисбатан принципиал мавқеъси қандайлиги ҳақида тушунтириш берган.
Хитой парламенти раҳбарининг сўзларидан Хитой Марказий Телевидениеси иқтибос келтиришича,"Шинжонга алоқадор ишлар" миллатга, динга ёки инсон ҳуқуқларига эмас, аксилтеррор ва аксилбўлгинчиликка боғлиқ ишлардир.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Хитой парламенти раиси Ли Чжаньшу бу гапни Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоевага айтган.
"Ҳозир жамият барқарор, одамлар тинчлик ва розиликда яшаб ишламоқдалар, этник гуруҳлар бирдам ва муросадалар".
"Шинжондаги ҳаёт даражаси кўтарилиб бораяпти", дея қўшимча қилган Ли Чжаньшу.
Хитой телевидениеси хабар қилишича, Танзила Норбоева "Ўзбекистон "Бир бутун Хитой" деган тамойилга содиқликда қатъий", деб айтган.
Икки парламент раҳбарияти Хитой билан Ўзбекистоннинг йирик халқаро масалаларда мавқеълари бир ёки ўхшашлигини қайд этганлар.
Хитой, Ўзбекистон ва минтақа

Сурат манбаси, GettyImages/Alexei Nikolsky
Хитой жорий пайтда минтақа давлатларининг энг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори, кредитори ва сармоячиларидан бири бўлади.
Сўнгги таҳлиллар расмий Пекиннинг бу масалада бугун ҳатто Россияни ҳам ортда қолдирганига далолат қилади.
Аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош Хитой дунёнинг иккита иқтисодий қудратидан биттаси саналади.
Устига устак, Хитой жаҳоннинг аҳолиси энг кўп (1 миллиард 400 мингдан ортиқ - таҳр.) мамлакати бўлади.
Худди шу фонда чанқоқ Хитой табиий маъданлар ва энергия заҳираларига бой Марказий Осиё давлатларининг энг йирик сармоядори ҳисобланади.
Халқаро иқтисодий экспертларнинг бирдек эътироф этишларича, ҳозир минтақага Хитой даражасида ётирим киритиш потенциалига эга бошқа бирор бир давлатнинг ҳам ўзи йўқ.
Хитой сўнгги йилларда аксарият минтақа давлатларини ўз ичига олувчи бир неча миллиард долларлик улкан иқтисодий лойиҳалар билан ҳам ўртага чиққан.
Бу каби мега лойиҳалар ҳозирча бирор бир бошқа минтақа мамлакати томонидан илгари сурилмаган.
Сўнгги йилларда Хитойнинг шимолий-ғарбий Шинжон минтақасида яшовчи уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликларнинг тақдири юзасидан хавотирлар кескин ортган.
Хитой ҳукуматининг бу минтақадаги қамоқхона-лагерлари дунёдаги мусулмонлар учун мўлжалланган энг йиригига қиёс берилган.
Хитойдаги юз минглаб мусулмонларнинг тақдирларига оид хавотирлар эса, бу масалада Ўзбекистон илова Марказий Осиё давлатларининг тутган мавқеъларига ҳам эътиборни тортган.
Расмий ва норасмий муносабатлар

Сурат манбаси, GettyImages/Pool
Хитойдаги мусулмонлар билан боғлиқ воқеаларнинг бу каби ривожи аксарият минтақа давлатлари аҳолисини беэътибор қолдирмаган.
Сўнгги пайтларда кўпчилик ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари диққат-эътиборидаги энг муҳим ва қайноқ мавзулардан бирига айланган.
Шинжондаги мусулмонлар билан боғлиқ ҳар қандай хабар ижтимоий мулоқот тармоқларида уларнинг қизғин баҳсу мунозараларига сабаб воқеълик тусини олган.
Бу хусусда қолдирилаётган аксарият коментларнинг умумий мазмуни ўз ҳукуматларининг бу масалада уйғурлар, мусулмонлар тараф бўлиши "шарт"лигида ўзининг ифодасини топган.
Қозоғистон ва Қирғизистонда норозилик намойишлари ҳам кузатилган.
Ўзбекистонда эса, битта бўлса-да, мамлакат тарихида илк бор бу масалада бир парламент депутати шахсан мамлакат президентига мурожаат билан чиққани кўрилган.
Аммо саноқли бўлса-да янграётган бу каби чақириқларга расмий Тошкент ҳалича бирор бир муносабат билдирмаган.
Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев эса, қисқа вақтнинг ичида ўзининг яхши қўшничиликка асосланган минтақавий сиёсати билан халқаро миқёсда эътироф, эътибор топган.
Орада президентларнинг бир эмас, бир неча бор ўзаро ташрифлари ва учрашувлари амалга ошган эса-да, ҳалича Мирзиёев бу масалада ўзининг расмий мавқеини ошкора намоён этмаган.

Сурат манбаси, COURTESY
Катта сондаги фуқароларининг бу каби ўй-фикрларига қарамай, сўнгги йилларда кўпчилик Марказий Осиё давлатларининг бу масалада "расмий Пекин сиёсатини қўллашлари" маълум бўлган.
Қирғизистон ва Қозоғистон расман ва ошкора бетараф қолган бир вазиятда, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг ёқловчи мавқеъда эканликлари англашилган. Бу каби баёнотлар билан Хитой томони чиққан.
Расмий Тошкентнинг яқин-яқингача ноаён қолган мавқеига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Пекинга қилган сўнгги ташрифи ойдинлик киритгандек бўлган.
Хитой томони худди шу ташриф манзарасида Ўзбекистон ҳам мусулмонларга нисбатан сиёсатида ўзларини дастаклашини баён қилган.
Аммо расмий Тошкент ҳали-ҳануз Пекиннинг мазкур баёнотига расман ўзининг муносабатини билдирмаган.
Маҳаллий кузатувчилар уларнинг бу каби мавқеъларини айнан Хитойнинг иқтисодий, ҳарбий-техник қудратига йўйишган.
Анчайин жиддий иқтисодий, ижтимоий муаммоларга юз тутиб турган аксарият минтақа давлатларининг иқтисодий жиҳатдан Хитойга қанчалик қарам эканига эътибор қаратишган.
Сўнгги ҳисоб-китоблар айнан Хитойнинг барча Марказий Осиё давлатлари бирдек энг кўп қарздор давлат эканига ҳам далолат қилган.
Аммо

Сурат манбаси, GettyImages/Mikhail Svetlov
Айрим минтақавий экспертларнинг айтишларича, Хитой Марказий Осиёга кўп бўлса бордир, аммо кам қарам эмас.
Уларга кўра, бу давлат ҳукуматлари уйғурлар ёки бошқа мусулмон озчиликларни ҳимоя этишса, Хитой бизни "жазолайди", деб хавотирланишларига асос йўқ.
"Хитой ўзининг минтақадаги шахсий манфаатларини ўйлаб, уларга қарши қандайдир чора кўрмайди".
Айни фикрда бўлган таҳлилчиларнинг айтишларича, "Расмий Пекин томонидан қанақадир дипломатик эътирозлар, норозиликлар бўлиши мумкин. Аммо Хитой ҳукумати бунинг учун қандайдир санкциялар, жазо чораларигача бормайди".
"Буни эса, Марказий Осиё давлатлари осонгина ҳазм қилишлари мумкин", - дейишади улар.
Экспертларга кўра, аксинча, "улкан лойиҳаси ижросини таҳдид остига қўйиши ва обрўси ҳақидаги истиҳоласи Хитойни мусулмон озчиликларга нисбатан мавқеини юмшатишга мажбур қилиши мумкин".
Хитой эса, ўзининг ҳудудий яхлитлигини бутун сақлаш учун ҳозир бор дипломатияси, иқтисодий ва сиёсий ресурсларини худди шу соҳага йўналтиргани айтилади.
Аммо, худди шу каби жиддий ва салмоқли объектив омиллар манзарасида ҳам, Хитойдаги туркийзабон мусулмонлар масаласида Қирғизистон ва Қозоғистоннинг нейтрал мавқеъда қолиши, қола билиши минтақа аҳолиси қолиб, кўпчилик экспертларнинг ҳам диққат-эътиборларини ўзига тортмай қолмаган.
Мазкур воқеълик улар орасида таҳлилталаб мавзулардан бирига айланган, бунинг сабаб ва оқибатлари хосан таҳлил, талқин қилинган.
ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
- Уйғурлар туркий қавмга мансуб мусулмонлар
- Улар ҳозирги кунда минтақа аҳолисининг қарийб 45 фоизини ташкил этишади.
- Қолган аҳолининг 40 фоизи эса, хитойлик ханлардан иборат.
- Хитой янги ташкил топган Шарқий Туркистон давлатини қисқа вақтнинг ичида яксон этиб, 1949 йилда минтақа устидан қайта ўз назоратини ўрнатади.
- Орада кечган вақт давомида эса, минтақага катта сондаги ханларни кўчириб боришга муваффақ бўлади.
- Буларнинг барчаси оқибатида уйғурлар қадим маданиятларининг буткул йўқ бўлиб кетишидан хавотирга тушиб қолишган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи

Сурат манбаси, videograb
Ўтган ҳафта қатор Ғарб давлатлари - АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Европа Иттифоқи аъзолари биргаликда Шинжондаги вазият юзасидан хитойлик мулозимларга санкция қўллашга қарор қилишган.
Зўравонликларга оид даъволарни изчил равишда рад этиб келаётган Хитой эса, бунга қарши европалик мулозимларга ўз санкцияларини жорий этиш билан жавоб берган.
Хитой давлат оммавий ахборот воситалари ва интернет фойдаланувчилари аллақачон маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлашга ҳам ўтишган.
Хитой Шинжонда барпо этган лагерлар тармоғида аксарияти уйғурлардан иборат бир миллионга яқин мусулмонни сақлаб тургани ишонилади.
Сўнгги йилларда у ердаги қийноқлар, мажбурий меҳнат ва жинсий зўравонликларга оид хабарлар ўртага чиққан.
Хитой зўравонликларга оид даъволарни изчил равишда рад этиб келади.
Лагерларни "экстремизмни жиловлаш" мақсадида ташкил этилган "қайта таълим бериш марказлари" эканини таъкидлайди.
АҚШ Давлат котиби эса, ўз баёнотида Хитой "геноцид ва инсониятга қарши жиноят" содир этаётганини баён қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














