Ўзбекистон ва Марказий Осиё: Туркистон Исломий партияси минтақага таҳдидми?

Туркистон Исломий партияси

Сурат манбаси, courtesy

Ўзбекистон ва Марказий Осиё: Туркистон Исломий партияси минтақага таҳдидми?

Аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош Афғонистонда қайта бўй кўрсатган бу гуруҳ Шарқий Туркистон мустақил давлатини барпо этмоқчи.

Гуруҳ ўз вақтида Ўзбекистон Исломий ҳаракати билан ҳам иттифоқчилик қилгани ишонилади.

Туркистон Исломий партиясига дастлаб Хитойнинг Шинжон Уйғуристонида асос солинган.

Орада Хитойга бевосита чегарадош Афғонистонда ҳам фаолият юритган.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари натижасида парокандаликка учраган.

Аммо 2000-йиллар бошларида Яқин Шарқда қайта уюшишга муваффақ бўлган.

Ироқ ва Сурияда фаолият олиб борган, жанг қилган.

Гуруҳнинг Суриядаги тармоғи ҳануз фаол экани ишонилади.

Туркистон Исломий партияси аввалбошдан "ал-Қоида"нинг яқин иттифоқчиси бўлади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам ўз вақтида бу тармоқ билан иттифоқчилик қилган.

"ал-Қоида" ИШИД Яқин Шарқда бўй кўрсатгунча қадар дунёдаги энг йирик глобал террорчи тармоқ ҳисобланган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, videograb

Ушбу тармоқнинг ашаддий рақиби бўлган ИШИД эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати тўлиғича байъат келтирган сўнгги жангари гуруҳ бўлади.

"Ал-Қоида" Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳам энг яқин ва асосий иттифоқчиси сифатида эътироф этилган.

Туркистон Исломий партияси яқинда ўз номини ўзгартирган, бунгача гуруҳ Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати, деб номланган.

Туркистон Исломий партияси ва Афғонистон

Гуруҳ Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг тақдирига оид аниқ маълумотлар деярли имконсиз қолаётган бир манзарада Афғонистонда қайта бўй кўрсатган.

Туркистон Исломий партияси ўтган ой бошида ўзининг қуролли фаолияти акс этган видеони эълон қилган.

Видеода ўндан ортиқ жанговар форма ва ниқобдаги қуролли жангари акс этган.

Уларнинг орасида болалар ҳам кўзга ташланган.

Гуруҳ аъзолари ўзларининг байроқлари ўрнатилган ва Афғонистон хавфсизлик кучларига тегишли зирҳли автоулов устида акс этишган.

Зирҳли автоулов ёнида жангарилар тушган ва рақами тасвирга тушмаган қолган яшил рангдаги енгил автомобиль ҳам кўрилган.

Би-би-си Афғон хизмати муҳаррири Довуд Аъзамийнинг айтишича, видео Афғонистоннинг айнан қай бир минтақасида олингани маълум эмас.

Янги видеода, яна шунингдек, гуруҳнинг ўқув-машғулот йиғинлари тасвирлари ҳам акс этган.

Видеода кўринган бинолар ва тасвирларнинг турли мавсумларда олингани жангарилар лагерининг муваққат эмаслигига ҳам далолат қилган.

Аммо табиат манзаралари Афғонистон шимоли-шарқи, айниқса, Бадахшондагисига ўхшашиб кетиши кўрилади.

Видеода акс этган жангарилар қай бир давлат фуқаролари эканликларига оид аниқ маълумотлар ҳам ҳалича имконсиз.

Туркистон Исломий партияси уйғур жангари гуруҳи саналади.

Унинг сафларида ўзбекистонликлари илова марказий осиёлик жангарилар ҳам жанг қилишган-йўқлиги борасида хабарлар бир-бирига зид.

Аммо сўнгги йилларда Афғонистонда масъулиятини ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олган ҳужумларда ўлдирилган хорижий жангарилар орасида марказий осиёликлари баробарида уйғурларнинг ҳам борлиги масъуллар томонидан бир неча бор тилга олинган.

Қўшимча тафсилотлар

Афғонистон

Сурат манбаси, EPA

Агар, кенг матбуотга имконли бўлган хабарларга ишонилса, Туркистон Исломий партиясига 2003 йилдан буён асл уйғур Абдул Ҳақ ат-Туркистоний исмли шахс бошчилик қилади.

Абдул Ҳақ ат-Туркистонийнинг 2005 йилда "ал-Қоида" тармоғи марказий қўмитаси - шўросига қабул қилингани ҳам ишонилади.

Унинг ҳозир айнан қаерда эканига оид ишончли маълумотлар ҳам йўқ.

Жангарилар ниқобда бўлишгани боис, Абдул Ҳақ ат-Туркистонийнинг 7 ноябрь кунги видеода бор-йўқлиги борасида ҳам аниқ хулоса чиқариш қийин.

Афғонистонда Толибон Исломий Амирлиги қудратда бўлгани пайтда гуруҳнинг Бош қароргоҳи пойтахт Кобулда фаолият юритган.

Гуруҳнинг бу видеосидан мақсади нима экани ҳам ноаён қолган.

Аммо у Хитой Афғонистонга оид тинчлик музокараларига фаол бош қўшган, янги дипломатик воситачи бўлиш ташаббуси билан халқаро саҳнага чиққан ва бир миллионга яқин мусулмон тутиб турилган улкан жамлоқлар тармоғи юзасидан кучли халқаро босимлар остида қолган бир пайтда бўй кўрсатган.

Расмий Пекин сўнгги беш йил ичида янги дипломатик воситачи мақомида Афғонистон Толибон ҳаракати билан янада яқинлашишга муваффақ бўлган.

Туркистон Исломий партиясининг охирги пайтларда Хитойнинг минтақадаги энг йирик иқтисодий ва ҳарбий ҳамкори бўлган Покистондаги Толибон ҳаракати билан ҳам алоқада эканига оид хабарлар бор.

Хитой томони ҳалича гуруҳнинг сўнгги видеосига расман бирор бир муносабат билдирмаган.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги ҳам Туркистон Исломий партиясининг мамлакат шимоли-шарқидаги ҳозирлигини тасдиқлаган.

Аммо Афғонистон хавфсизлик кучларининг янги ҳарбий амалиётлари натижасида гуруҳ ва улар баробарида толиблар ҳам заифлашганини иддао қилган.

Вазирлик воизининг айтишича, айнан Толибон Туркистон Исломий партиясининг Афғонистон шимоли-шарқида фаолият юритиши учун замин ҳозирлаган. Улар билан ҳамкорлик қилган.

Толибон нима дейди?

Толибон

Сурат манбаси, BBC WORLD SERVICE

Лекин Афғонистон Толибон ҳаракати афғон расмийларининг бу баёнотини кескин рад этиб чиққан.

Туркистон Исломий партияси Афғонистонда ҳозир эмаслигини иддао қилган.

Ҳаракатга кўра, бу миш-мишлардан мақсад - ўзларининг қўшни давлатлар билан алоқаларига раҳна солишдан ўзга нарса эмас.

Туркистон Исломий ҳаракати ўзларининг Афғонистонда ҳам жанг қилишаётганига оид сўнгги видеосини ўтган йил эълон қилганди.

Мамлакатнинг жўғрофий яхлитлиги ва миллий хавфсизлик - сўнгги йилларда расмий Пекин диққат-марказида турган энг муҳим масалалардан бири бўлади.

Мустақил экспертлар Хитойнинг мамлакат шимоли-ғарбидаги уйғурлар ва туркийзабон мусулмон озчиликларга нисбатан "репрессив" сиёсатини унинг айни шу хавотирлари билан ҳам изоҳлашади.

Ғарблик мутахассислар орасида расмий Пекиннинг бу каби сиёсатини "маданий қатағон"га тенглаштираётганлари ҳам бор.

Америка Қўшма Штатлари сўнгги ойларда айни шу масала боис Хитой ҳукуматига қарши босимларини кучайтирган.

Толибон расмий Вашингтон билан қайта жонлантириш ва ниҳоясига етказиш ҳаракатида бўлган тинчлик музокаралари эса, ҳаракатнинг бирор бир террорчи гуруҳга Афғонистондан бошпана бермаслигига оид шартни ҳам кўзда тутади.

Би-би-си Афғон хизмати муҳаррири Довуд Аъзамийнинг айтишича, Туркистон Исломий партиясининг фаолиятини чеклаш учун расмий Пекин охирги пайтларда Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон баробарида Толибон ҳаракатига ҳам босим ўтказиш ҳаракатига тушиб қолган.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳаракат, афтидан, расмий Пекинни бунга аллақачон ишонтириб ҳам бўлган.

Яқин Шарқ

Сурат манбаси, BBC WORLD SERVICE

Унинг айтишича, Афғонистонда ҳукумат назорати остида бўлмаган минтақалар мавжуд экани боис, у ерларда Туркистон Исломий партияси аъзолари ҳозирлиги эҳтимолини назардан соқит этиб бўлмайди.

Бошқа томондан, Яқин Шарқдаги сўнгги вазият манзарасида гуруҳ жангарилари ортга - Афғонистонга қайтиш ҳаракатида эканликлари ҳам бор гап, дейди суҳбатдошимиз.

"Чунки Туркистон Исломий партиясининг асосий мақсади - Шинжонда мустақил Шарқий Туркистон давлатига асос солиш".

Толибон эса, сўнгги йилларда ўзлари мулоқотда бўлган давлатларга таҳдид солувчи гуруҳларга афғон тупроғида изн бермасликларига оид сиёсат юритиш йўлига ўтган.

"Толибон ҳаракати сиёсий қаноти орада Хитойдан ташқари яна Эрон, Ўзбекистон, Покистон ва Россияда ҳам бир неча бор бўлиб қайтган. Бу давлатлар билан ўз муносабатларини тутиб туриш Толибон наздида муҳим. Шу боис ҳам, ҳаракат уларни бу давлатлар миллий хавфсизлигига дахл қилиши мумкин бўлган бирор бир фаолиятга бош қўшмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилиб келмоқда", - дейди у.

Довуд Аъзамийга кўра, айни шу омиллар назарда тутилганда, жорий пайтда Толибон Хитойга қарши кураш олиб бораётган бир гуруҳни фаол қўллашини тасаввур қилиш қийин.

Довуд Аъзамий

Сурат манбаси, facebook

Суҳбатдошимизга кўра, минтақадаги қолган йирик жангари гуруҳлар билан қиёсланганда, Туркистон Исломий партиясини кучли, қудратли, дейиш ноўрин бўлади.

Жангариларининг аниқ сони ҳам маълум эмас, Яқин Шарқ ва минтақадагилари назарда тутилганда, уларни бугун балки бир неча юзтага қиёс бериш мумкиндир, дейди у.

"Худди шу боис ҳам, Туркистон Исломий партиясини бугун минтақа ва Хитойга катта таҳдид, деб бўлмайди".

"Лекин Хитой учун бу гуруҳнинг буткул йўқ қилиниши ва минтақада ҳеч қандай бошпанага эга бўлмаслиги ўта муҳим".

Суҳбатдошимизга кўра, Туркистон Исломий партияси бўладими, ИШИД ва ёки афғон тупроғида жанг қилаётган бошқа ҳар қандай жангари гуруҳ, уларнинг тақдири АҚШ, Толибон ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги музокараларнинг якуний натижасига боғлиқ бўлади.

Довуд Аъзамийнинг айтишича, агар, музокаралар муваффақиятли якун топса, бу гуруҳларнинг Афғонистонда жон сақлашлари, ўз қароргоҳларига эга бўлишлари ва фаолият олиб боришлари қийин бўлади.

Туркистон Исломий партиясининг сўнгги видеосидан саноқли кунлар ўтиб, Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний мамлакатида ИШИД буткул мавҳ этилганини баён қилган.

Худди шу манзарада мазкур видео ўз вақтида гуруҳнинг иттифоқчиси бўлгани ишонилган Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг якуний тақдирига оид аниқ ва муфассал маълумотлар имконсиз қолаётган бир пайтда бўй кўрсатган.

Туркистон Исломий партияси Хитойдан ташқари, БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари қатори Покистон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан ҳам "террорчи ташкилот", деб тан олинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek