Президентни сайлаган Ўзбекистон халқи нега ҳокимларни сайлай олмайди? Мирзиёев Mirziyoyev O‘zbekiston dunyo yangiliklar видео

Shavkat Mirziyoyev va Jahongir Ortiqxo'jayev

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Тошкент вилоятига қилган сафари чоғида Президент Мирзиёев халқнинг ҳокимларни сайлашга тайёрлигини савол остига олганди.

У, ҳатто, маҳалла раисини ҳам адолатли сайлай олиш даражасига етилмаганини таъкидлаган.

Бу сўзлари ортидан унинг мазкур масалага нисбатан илк қарашлари кескин ўзгаргани кўзга ташланган.

Мирзиёев қудратга келган илк кунларидан ҳудудий раҳбарларни сайлаш аҳамияти ҳақида гапирган бўлсада, ўтган йиллар давомида бу жараёнга жиддий тайёргарлик бошлангани аломати ҳали кузатилмаган.

Халқ тайёр эмас

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистонда йиллар давомида халқнинг жиддий сиёсий жараёнлар, масалан, демократияга тайёр эмаслиги юқори доиралардан бевосита ва билвосита айтиб келинган.

Бироқ мамлакатда бундай қарашга қарши чиқувчилар етарлича топилади.

Мазкур қараш тарафдорлари президент ўзининг вакиллари, дея атовчи ҳокимлар сайланса, уларнинг ҳудудлардаги якка ҳукмронлигига барҳам берилиб, ҳокимлар "юқори"нинг раъйи эмас, балки оддий одамлар дардига қулоқ тута бошлашини таъкидлайдилар.

Rasul Kusherbayev

Сурат манбаси, facebook

Депутат Расул Кушербаев февраль ойида берган интервьюсидан бирида одамлар эмас, аксинча, "рухсат берувчиларнинг ўзи ҳокимларни сайлашга тайёр эмас, улар ўзлари хоҳлаган одам сайланмай қолишидан қўрқади", деган фикрда эканини билдирган эди.

"Ўзлари тайёр эмас. Қўрқишади, „сайлов йўли билан бўлса, мен ўтолмай қолсам керак. Менга ким овоз беради" деб. Ишончни йўқотиб қўйилганда бу.

Аслида, халқимиз тайёрмас деб, шу гапни айтаётганнинг ўзи қўрқади. Ўзи сайлай олмас бўлиши мумкин. Мана шундай деб ўйлайман», деган ўшанда депутат Янгийўлликлар ТВ лойиҳасига берган интервьюсида.

Бироқ ўтган ҳафтада президент Мирзиёев ҳокимларни сайлаш тизими жорий этилишини ўзи хоҳласада, жамият тайёр бўлмаган шароитда сайловларни ўтказиш мақбул йўл бўлмаслиги, сайловлар таниш-билишчиликка айланиб кетиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

"Адолатли маҳалла раиси сайловини ўтказишга ҳаракат қилсак, тўда-тўда бўлиб келади, бизникини сайлаймиз дейдида, сайлаб юборади. Жамият тайёр бўлмаган муҳитга сайловларни қўйиш хиёнат эмасми? Бу ҳақиқий хиёнатнинг ўзи.

Мен буни хоҳламайманми? Жуда ҳам хоҳлайман, мен ҳам буни яхши тушунаман. Лекин кимни сайлаймиз?" таъкидлаган президент 19 март куни Нурафшон шаҳрида ўтган йиғилишда.

Бироқ давлат раҳбари вақти келиб мамлакат ҳокимларни сайлаш жараёнига ҳам етиб келишига ишонишини таъкидлаган.

"Гап халқда эмас"

Rafael Sattarov

Сурат манбаси, facebook

Би-би-си одамлар ҳақиқатан ҳам маҳаллий раҳбарларни сайлашга тайёр эмасми деган савол билан айни вақтда АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Рафаэл Саттаровга юзланди.

Унинг фикрича, ҳокимлар сайловига одамлар эмас, балки юқори ҳокимиятнинг ўзи тайёр эмас.

"Чунки ҳокимлар ўз курсисига сайлов орқали келиши лозим, деган сиёсий тўхтам бўлса, сайлов ҳокимлар учун, биринчи галда, янги маъмурий ислоҳотлар амалга оширилиши лозим", дейди у.

"Бу дегани маҳаллий ва марказий ҳокимият ўртасида бўлиши лозим бўлган маъмурий ва сиёсий чегаралар, қизил чизиқлар ҳамда вазифалар бир-биридан аниқ ажратилиши керак", қўшимча қилади Саттаров.

У марказий ҳокимият бу кўринишдаги сайловлар учун "ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам хўжалик ва солиқ жиҳатларидан тайёр эмас"лиги ҳақида гапиради.

"Аввал механизмлар ишлаб чиқилиши керак. Сайлаш керак экан, деб дабдурустдан сайлов ўтказиб бўлмайди".

Zabihulla Saipov

Сурат манбаси, facebook

Ўзи ҳам 2019 йилда ўтган парламент сайловларида депутатликка номзод ўлароқ иштирок этган сиёсий фанлар номзоди, мустақил тадқиқотчи Забихулла Саипов эса Би-би-сига Ўзбекистон сайлов тизими ноқисликларга тўла, дейиш билан бирга, президентнинг сўзларида жон борлигини таъкидлайди.

"Сайловларимизнинг яйловларга айланишининг туб сабабларидан асосийлари бу сайланувчиларга қўйиладиган мезонлар ҳамда сайланган шахсларнинг ваколат доираларининг мужмаллигидан иборатдир. Энг бадавлат АҚШ ва Буюк Британияда ҳам сиёсий кураш майдонида асосан 2 та йирик партия бор ва улар бўлажак ҳар бир ўрин учун чинакам кураш олиб борадилар.

Бизда ҳозир сайлов бўлса Instagram'да кўп мухлисларига эга истаган демагог ютиб кетиши мумкин. Яна энг муҳим омиллардан бири мамлакатда олий маълумотлилар салмоғи катта авлодни қўшиб ҳисоблаганда 15-20 фоиздан ошмайди", дейди Саипов.

Популистлар хавфи

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, facebook

Францияда истиқомат қилувчи мустақил сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов эса ўзининг Facebook саҳифасида ҳокимларни сайлаш тизимини жорий этиш мураккаб жараён экани, аммо ривожланиш учун бундан ўзга йўл йўқлиги, агар бундай тизим жорий қилинса, жамиятнинг зеҳнияти шаклланиб олгунга қадар муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳақида ёзган.

"Ҳокимларни сайлашда, асосий муаммо - кадрлар эмас. Ҳокимларни сайлаш жорий қилинса, бошида - тизим шаклланиб олгунча, маълум муаммолар бўлади. Лекин, ҳокимларни сайлаш тизимининг энг кучли томони ҳам - салоҳиятли кадрларни ўртага чиқиши ҳисобланади.

Бошида популистлар майдонга чиқиши мумкин, жамият алданиши мумкин. Лекин, жамиятни бу борадаги зеҳнияти шаклланиб олиши керак - бу босқич эртами-кечми ўтилиши керак", дея фикр билдирган Раббимов ўз саҳифасида.

Шунингдек, Раббимов президент Мирзиёевнинг ҳокимларни сайлаш борасидаги аввалги қарашлари ўзгаришига туртки берган омиллар борасида ўз тахминларини келтирган.

"Президент Мирзиёев 2016-18 йилларда ҳокимларни сайлаш тарафдори эди. Мендаги маълумотларга кўра, Президентни фикридан қайтаришган. Яъни, ҳокимларни сайлаш жорий қилинса, маълум минтақаларимизда марказдан қочувчи тенденциялар жонланиши мумкин, дейишган", билдирган таҳлилчи.

Рафаэл Саттаров Би-би-си билан суҳбатда илк босқичларда вилоят ҳокимларини марказдан тайинлаш анъанаси сақланиб қолиши зарурлигини таъкидлайди.

У бунинг сабабини мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётга доир бошқа муҳим масалалар билан изоҳлайди.

Саттаров сайлов тизими бўлажак юқори амалдорлар учун катта сиёсий мактаб вазифасини ўташи ҳақида гапиради.

"Сайловолди жараёнларида улар халқ билан мулоқот қилади, қаерда муаммолар борлиги, бюджет қандай тақсимланишини билиб, пишган ҳолда, катта сиёсий майдонга қадам босадилар".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek