Бердимуҳамедов ўзбекларни тилга олди, ўзбекларни Шавкат Мирзиёевга ҳам эслатди - минтақа ва Ўзбекистон, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, President.uz
Туркманистон президенти бир ҳафтанинг ичида ўзбекларни икки бор тилга олди. Мирзиёев мактубига расман жавоб қайтарган биринчи Марказий Осиё президенти бўлди. Гурбангули Бердимуҳамедов ўзбекларни шахсан Ўзбекистон президентига ҳам эслатди.
Туркманистонда аниқ қанча ўзбек яшашига оид ишончли маълумотлар имконли эмас.
Аммо улар Туркманистон аҳолисининг 10 фоизга яқинини ташкил этишлари тахмин этилади.
Маҳаллий ўзбеклар асосан мамлакатнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ҳудудларида яшаб келишади.
Туркманистон минтақанинг аҳолиси энг кичик давлати бўлади, 2019 йилги имконли бўлган маълумотларда сони 6 миллионга яқин экани айтилади.
Ўзбеклар Қозоғистон истисно қолган барча Марказий Осиё давлатларида энг катта миллий озчиликни ташкил этишади.
Ўзининг зиддиятли минтақавий ташқи сиёсати билан танилган президент Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳам Ўзбекистоннинг айнан Туркманистон билан алоқалари яхши бўлган.
Аммо Каримов президентлиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида расмий Тошкент четдаги ўзбеклар тақдирига деярли қизиқиш билдирмаган.
Ҳатто, Ўзбекистонда қудрат алмашинуви ортидан ҳам, айрим Ғарб нашрларида Туркманистондаги ўзбекларнинг қайси тилда таҳсил олиш, қандай либос, бош кийимда юриш, қай бир телевизион каналларни кўриш борасида "тақиқлар"га учрашаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Аммо айрим ўзбекларнинг хабарларда келтирилган бу каби даъволарини мустақил манбалар орқали текшириш, сабабларини ўрганиш ва тасдиқлаш имконсизлигича қолган.
Туркманистон четда "дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири" сифатида кўрилади.
Аммо Туркманистон қисқа вақтнинг ичида ўзининг янгича минтақавий ташқи сиёсати билан дунёга танилган президент Шавкат Мирзиёев энг кўп сафар қилган минтақа давлатларидан бири бўлади.
Бу ташрифлар ортидан, айрим Ғарб нашрларида айтилмоқчи, Туркманистондаги ўзбеклар "муаммолари" ўзининг қанчалик тасдиғи ва ечимини топгани маълум эмас.
Бердимуҳамедов ва ўзбеклар

Сурат манбаси, Getty Images
Туркманистон президентининг нега ўзбекларни бунчалик тилга олиб қолгани сабаби маълум эмас.
Туркманистондаги ўзбеклар масаласи ўтган ҳафта Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Ашхободга амалий ташрифи фонида бўй кўрсатган.
Абдулазиз Комиловни президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўзи қабул қилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Туркманистон раҳбарига Шавкат Мирзиёевнинг мактубини шахсан топширган.
Расмий хабарларга кўра, Туркманистон президенти ўзаро мулоқот чоғида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг эътиборини "Тошҳовуз (Дашогуз)да катта ўзбек диспораси туркманлар билан дўстлик ва биродарликда яшашаётгани"га тортган.
"Улар ўзларининг ишлари билан биргаликда мамлакат равнақига улкан ҳисса қўшаётганликлари"ни таъкидлаган.
Туркманистон президенти бунга мисол қилиб, ўтган йили айнан Тошҳовуз вилоятининг Сапармурат Ниёзов номидаги тумани (этрапи) "Йилнинг энг яхшиси", деб топилганини тилга олиб ўтган.
Туркманистонда ҳар йил ўтказилувчи ушбу махсус танлов ғолиби учун бир миллион АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули кўзда тутилган.
"Хроника Туркменистана" нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Ашхободга амалий ташрифи айнан ғолиб туманни тақдирлаш билан бир кунга тўғри келган.
Нашрга кўра, "тақдирлаш маросимига томошабинларнинг ўзбек миллий либосида келишлари сўралган".
"Хроника Туркменистана" ўз хабарига тадбир чоғида олинган ва эркаклар ўзбекча дўппи, тўн, аёллар атлас, адрас либосда бўлган фотосуратларни ҳам илова қилган.
Ўзаро мулоқот ва ўзбеклар

Сурат манбаси, official
Агар, Туркманистон томони берган расмий хабар тафсилотларига таянилса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан мулоқоти чоғида президент Бердимуҳаммедов ўзларида ҳам Алишер Навоий хотирасига ҳайкал ўрнатилгани ва унинг номи пойтахт кўчаларидан бирига берилганини хосан таъкидлаган.
Ҳамкорликда ижодий кечалар ўтказиш, дейлик, "жаҳон тарихи ва маданиятида улкан из қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ шахсиятларнинг таваллуд саналарини биргаликда байрам қилиш" ҳақида ҳам сўз юритган.
Пойтахт Ашхободда қурилажак "Тошкент" хиёбони ҳақида ҳам алоҳида тўхталган.
Учрашув якунида икковлон "қардош халқларнинг фойдасига икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли тамойиллар асосида қурилган ва жипс дўстлик ришталари билан мустаҳкамланган алоқаларнинг бундан буёғига ҳам муваффақиятли ривожланишига ишонч билдириб қолишган".
Абдулазиз Комилов Туркманистон Ташқи ишлар вазирини шу йил пойтахт Тошкентда бўлиб ўтажак "Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар"номли олий даражадаги халқаро анжуманга таклиф қилган.
Бердимуҳамедов мактуби

Сурат манбаси, President.uz
Расмий Тошкент Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг пойтахт Ашхободга амалий ташрифидан роппа-роса бир ҳафта ўтиб, кеча, 25 февраль куни Туркманистон президентидан жавоб мактубини олганликларини расман маълум қилган.
Кўрилишича, Гурбангули Бердимуҳамедов Мирзиёев мактубига расман жавоб қайтарган биринчи Марказий Осиё президенти бўлган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг орада яна Қозоғистон, Тожикистон ва Афғонистонга амалий ташриф билан боргани, улар президентларига ҳам Шавкат Мирзиёев мактубини топширгани расман хабар берилган.
Абдулазиз Комиловнинг бугун, 25 февраль куни Ҳиндистонга амалий ташриф билан бориши ҳам маълум бўлган.
Ўзбекистон президентининг минтақа давлатлари раҳбарларига нега ва қандай мактуб йўллаётгани тафсилотлари маълум эмас.
Аммо Туркманистон президентининг жавоб мактуби мазмуни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан мулоқотиникидан деярли фарқ қилмаган.
Гурбангули Бердимуҳамедов буларнинг барчасига қўшимча Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи доирасида мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкали очилгани, унинг номи Лебап вилоятининг маъмурий маркази кўчаларидан бирига берилганини ҳам эслатиб ўтган.
Пойтахт Ашхободдаги "Тошкент" хиёбонини лойиҳалаштириш ва қурилиши тендерида иштирок этишлари учун Ўзбекистон компанияларини ҳам таклиф қилиб қолган.
Бунинг ортидан, яна Тошҳовузнинг йиллик этраплар танловида ғолиб чиққан тумани аҳолисининг 99 фоизи ўзбеклар эканини таъкидлаб ўтган.
"Маданий-гуманитар алоқалар икки давлат ўртасидаги муносабатларни равнақ топтиришда муҳим роль ўйнаши"ни таъкидлаган.
Туркманистон президентининг мактубидан маълум бўлишича, шу йил 17 февраль куни пойтахт Ашхободда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллигини ҳам байрам қилишган.
Гурбангули Бердимуҳамедов, "Туркманистон ижобий бетарафлик тамойилларига асoсланиб, минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликда доимо фаол иштирок этаётгани"ни таъкидлаган.
Тошкентдаги бўлажак олий даражадаги халқаро анжуманни олқишлашлари ва тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдирган.
"Ушбу форумга катта аҳамият берган ҳолда, Туркманистон унинг ишида иштирок этиш учун расмий делегациясини юбориши"ни шахсан ўзи тасдиқлаган.
Виза, чегара ва бошқа масалалар

Сурат манбаси, Getty Images
Виза, чегара масаласи эса, президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга устма-уст ташрифлари ортидан аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг диққат-эътиборларини ўзига тортган энг асосий саволлардан бири бўлади.
Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2018 йил март ойидаги давлат ташрифи ортидан, Ўзбекистон президенти Туркманистон билан ўрталарида ҳал этилмаган бирор бир масала қолмаганини баён қилган.
Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Тошкентда бўлиб ўтган бу мулоқотлар натижасидан мамнун эканини изҳор этган.
Аммо буларнинг барчаси манзарасида "ҳал этиб бўлинган ҳамма масалалар" сирасига виза ва чегара муаммосининг ҳам кириш-кирмаслигига оид савол очиқ қолган.
Ўзбек-туркман чегарасининг, йилларки, ёпиқ қолаётгани ҳар икки давлат чегараолди аҳолисининг жиддий шикоятларига сабаб бўлиб келган.
Икки давлат чегараолди ҳудудлари аҳолиси учун визасиз уч кунлик ўтиб-қайтиш тартиби ҳам амал қилган.
Орада бу тартибнинг ортиқ кучда эмаслигига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Аксарият минтақавий таҳлилчилар Туркманистонни ҳалича Ўзбекистоннинг минтақадаги асосий стратегик шериги сифатида кўришмайди.
Аммо Туркманистон Ўзбекистон учун хавфсизлик ва иқтисодий нуқтаи назардан муҳим эканлигини таъкидлашади.
Уларга кўра, Ўзбекистон раҳбариятини биринчи навбатда туркман-афғон чегарасидаги вазият ташвишга солади.
АҚШ да янги маъмурият қудратга келиши ортидан, Трамп Толибон ҳаракати билан имзолаган тарихий битим тақдири савол остида қоларкан, айнан ҳозир Афғонистонда жорий йилнинг "ҳал қилувчиси" бўлишига оид хавотирлар кучайган.
Туркманистон Қуролли кучларининг қанчалик жанговарлиги минтақавий экспертларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келаётган воқеълик экани кўрилади.
Туркманистон Ўзбекистонни жаҳон бозорига энг қисқа йўл билан олиб чиқиши мумкин бўлган минтақа давлати ҳам бўлади.
Ўзбекистон эса, дунёнинг денгиз йўлларига йўли буткул бекиқ саноқли давлатларидан бири саналади.
Туркманистон Қозоғистон билан бирга минтақанинг табиий энергия захираларига бой иккита давлатидан биттаси.
2019 йилги куз-қиш мавсумида айнан Туркманистон Ўзбекистонга бир йилга фавқулодда электр энергияси етказиб бериб, юзага келган энергетика бўҳронини енгиллатишга кўмак қилган минтақа давлати сифатида ҳам ўртага чиққан.
Газ тақчиллиги янада актуаллик касб этган бир паллада, жорий мавсумда ҳам Ўзбекистоннинг Туркманистон биржаларидан ёқилғи маҳсулотлари сотиб олганини туркман томони расман маълум қилган.
Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар Туркманистоннинг ички ва ташқи сиёсати ҳозирги Ўзбекистонникидан фарқланиб бораётганини таъкидлашаркан, расмий Ашхободнинг иҳоталаниш, ёпиқлик ва ўз фуқаролари устидан қатъий назоратни сақлаб қолаётгани омилига ўз диққатларини қаратишади.
Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги билан кечган саноқли йилларнинг ўзида Ўзбекистон қолган минтақа давлатлари билан борди-келди ва чегара масаласини деярли ҳал этиб бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














