Бир йил деганда жума намози ўқилди, шукр қилинмаса, масжидлар қайта ёпилади - минтақа ва сиёсат - минтақа ва сиёсат, Tojikiston, O‘zbekiston, koronavirus, dunyo, yangiliklar

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

    • Author, Мустақил журналист,
    • Role, Тожикистон

Mинтақа ва сиёсат: Бир йил деганда жума намози ўқилди, аммо масжидлар ҳануз ёпилиш хавфи остида. Қолган бирор бир Марказий Осиё давлатида бунақаси кўрилмаган. Тожикистон минтақанинг учта йирик мусулмон давлатидан биттаси бўлади.

Тожикистон ҳукумати Марказий Осиё мамлакатлари орасида ҳаммадан кейин жамоат намозлари ўқишга ижозат берган.

Тожикистонга қўшни Ўзбекистонда эса, аввалига 2020 йил 17 августидан бошлаб масжидларда жамоат бўлиб ибодат қилиш, 5 сентябрдан эса, жума намозини ўқишга рухсат берилганди.

Бугун деярли ўн ойдан сўнг Тожикистон масжидларида жума намози ўқилди. Коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш штаби 1 февралдан жамоат намозларини ўқишга рухсат берар экан, 2021 йилда мамлакатда COVID-19 га чалиниш ҳоллари қайд қилинмаётганини урғулади.

Эмомали Раҳмон яқинда Тожикистонда CОVID -19 устидан ғалаба қозонилганини эълон қилган биринчи минтақа давлати президенти бўлганди.

Жаноза намозларида коронавирус юқдими?

Масжидлар ҳали мамлакатда коронавирус қайд қилинмасдан деярли икки ой олдин ёпилганди. Тўғри, орадан икки ҳафта ўтгач, масжидлар фаолиятига яна рухсат берилди. Лекин орадан кўп ўтмасдан,18 апрелда масжидлар яна ёпилди. Жаноза намозидан ташқари, барча намозларни жамоавий бўлиб адо этиш тақиқланди.

30 апрелда эса, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг махсус комиссияси сафари арафасида Тожикистонда коронавирус юқтирганлар борасида расмий маълумот оммалаштирилди. Мазкур маълумотга кўра, 15 киши COVID-19 га чалинганди.

Пандемия боис мамлакатдаги чекловлар кучайтирилди. Лекин ҳали ёз ойлари тугамасданоқ, Тожикистонда кўпгина чекловлар бекор қилина бошланди. Жумладан, бозорлар очилди, август ойининг иккинчи ярмида мактаблар ва олий ўқув юртларида ўқиш бошланди, болалар боғчалари иш бошлади. Кўп ўтмай, тунги клублар ва бошқа кўнгилочар муассасалар фаолиятига ижозат берилди.

Масжидлар эса, ёпиқлигича қолаверди. Қайтага жаноза намозларига кўпчилик йиғилаётгани, санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилинмаётгани расмийлар томонидан танқид остига олинди. Масалан, Хўжанд шаҳри санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари имом-хатиблар билан ўтказилган мажлисда уларни жаноза намозларини озчилик билан, барча санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказишга даъват этишган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги бир неча кунда мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилмаяпти. Бу ҳолат коронавирусга қарши курашиш штаби томонидан мамлакат бўйлаб жорий қилинган карантин чекловларини юмшатиш ҳақида қарор чиқарилишига туртки бўлган.

Шукр этилмаса, нима бўлади?

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

Масжидлар эшиклари қайта очилишидан олдин дезинфексия ва тозалаш ишларини амалга ошириш талаб этилди. Жамоат намозларини адо этиш асносида эса, ҳимоя ниқобида бўлиш, ижтимоий масофа сақлаш талаб этилаётир. Масжидлар қайта очилишидан олдин Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги санитария-эпидемиология қоидаларига тўлиқ риоя қилиш шартлигини таъкидлаганди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Бобожон Ғафуров тумани марказий Жомеъ масжидида расмийлар талаб қилаётган барча қоидаларга риоя қилинган. Масжидга кираверишда намозхонларнинг иссиғи ўлчанган, қўлларига антисептик сепилган. Ҳимоя ниқоби бўлмаганларга бепул янги ниқоб тарқатилган. Ижтимоий масофага қатъий риоя қилинган. Масжидда ёзилган доимий жойнамозларнинг ҳар учтадан биттасига махсус яшил белги ёпиштирилган. Айнан белгили сажжодаларда намоз ўқилган. Масжид ходимлари ва кўнгиллилар намозхонларни таъкидланаётган қоидаларга риоя этишга чорлаш билан бирга уларнинг бунга амал қилиш-қилмасликларини ҳам текшириб туришган.

Айни бир пайтда ижтимоий масофанинг сақланиши намозхонларнинг масжидга сиғмай қолишларига сабаб бўлган. Кўпчилик масжид токзорига туташ ялангликда ибодат қилган. Бунда уларнинг ўзлари билан олиб келган жойнамозлари қўл келган.

Масжид имом-хатиби амри маъруфида масжидларнинг ёпилишига пандемия сабаб бўлгани, ҳукумат кўрган бу эҳтиёт чораларига намозхонлар ва уларнинг оила аъзолари, яқинлари саломатлиги учун қўл урилганини айтган. У масжидлар очилганига шукр айлашга чақирар экан, агар санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилинмаса, масжидларнинг қайтадан ёпилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Хўжанд шаҳридаги марказий Шайх Маслаҳатуддин Жомеъ масжидида ҳам намозхонлар санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилишга чақирилган. Лекин намозхонларнинг кўпликлари боис одатдагидек елкама-елка намоз ўқишга мажбур бўлинган. Намозхонлар масжид ҳовлисидан ташқари, унга туташ Регистон майдонида ҳам жойнамозлар ёзишган.

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

Қонун ҳамма учун баробарми?

Кўпчилик намозхонлар масжидларнинг қайта очилганидан хурсандликларини изҳор этишди. «Аллоҳга минг қатла шукр, сабр қилдик ва мана бугун яна жума намозини ўқишга муяссар бўлдик. Мен ҳукуматимиз томонидан масжидларнинг вақтинчалик ёпилганини жуда тўғри қабул қилдим. Бу чора сизу бизнинг соғлигимиз учун, ахир. Маккаи мунавварада муқаддас Ҳаж маросими тўхтатиб қўйилиши ҳам шу коронавирус деган бало билан боғлиқ-да», деди Ғафуров шаҳарчасида яшайдиган намозхонлардан бири.

«Мен Шайх Маслаҳатудддин масжидидан 25-30 чақирим наридаги Чоруқдаррон шаҳарчасиданман. Бизда Жомеъ масжиди йўқ. Узоқ йиллардан буён жума кунлари Хўжандга қатнайман. Масжидлар очилишини эшитиб, бугун эрта тонгда йўлга чиқдим. Жума намозини ўқидим. Анчадан бери кўришиш насиб этмаган қадрдонлар билан кўришдик», деди 75 ёшли Абдуҳамид Мамадов.

«Яқин ўн ойдан кейин жума намозини ўқишга етказгани учун Xудойимга шукр қиламан. Масжидлар очилишига рухсат беришмаганда қўлимиздан нима келарди. Қишлоғимизда кичикроқ бўлса-да, масжид бор эди. Қандайдир сабабларни айтиб, ёпиб қўйишди. Энди иложи топилганда, қишлоқ марказидаги, биздан ўн километр наридаги масжидга бораман. Қари чоллар, беморлар бора олишмайди», деди тоғли қишлоқда яшашини айтган 50 ёшлардаги Элназар деган киши.

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

«Мен бир нарсани қабул қила олмадим. Кўпчилик намозхонлар қўл беришиб, айримлари ҳатто қучоқлашиб кўришишди. Тўғри, улар узоқ вақт бир-бириларини кўрмаган бўлишлари мумкин. Мамлакатимизда ҳеч ким Ковид юқтирмаётганини ҳар куни айтишяпти. Лекин бу ҳали буткул хотиржамликка берилиш дегани эмас, менимча. Ё нотўғрими?», деди душанбелик Фирдавс исмли йигит.

«Ҳукумат таъкидлаётган қоидаларга риоя қилинмаган масжидларни яна ёпиш айтилиб, таҳдид қилинмоқда. Унда нега на бозорларда, ошхоналарда, йўловчи ташийдиган машиналарда ижтимоий масофага риоя қилинмайди? Ҳозир ўнтадан битта одам ниқоб тақса, тақади, тақмаса, йўқ», деди кичик тадбиркорлик билан шуғулланишини айтган 35 ёшлардаги киши.

Расмийларга кўра, гарчи Тожикистон дунёвий давлат ҳисобланса-да, аҳолисининг асосий кўпчилиги мусулмон бўлгани ҳисобга олинган ва масжидларда ибодат этиш учун ҳеч қандай муаммо ва тўсқинликлар йўқ. Уларга кўра, масжидларнинг ёпилгани вақтинча чора бўлиб, бутун жаҳонни қамраб олган пандемия сабабли мажбурий йўл тутилган. Тожикистонда коронавирус юқтириш ҳоллари мунтазам равишда қайд қилинмай бошлагач, масжидлар қайтадан очилган.

Тожикистон Ҳукумати қошидаги диний ишлар, анъана ва маросимларни тартибга келтириш қўмитасидан билдиришларича, ҳозирда мамлакатда 3900 тага яқин масжид мавжуд. Уларнинг 50 тага яқини марказий Жомеъ масжиди, 326 таси Жомеъ масжиди эканлиги айтилади.

Тожикистон диний ишлар, анъана ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқимнинг айтишича коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш республика штаби қарорига кўра сантария-эпидемилогия меъёрлари ва қоидалари бузиладиган ҳар қандай ташкилот ё муассаса жазога тортилади. Унга кўра масжидлар ҳам бундан истисно эмас.

4 февралда Тожикистонда бирон кишининг COVID-19 чалингани қайд этилмаган. Бу борада мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги хабар берган. Шу пайтгача 13308 нафар киши COVID-19 юқтиргани қайд қилинган, уларнинг 13218 нафари ё 99,3% топган. 90 нафар киши коронавирус қурбони бўлган.

Гарчи расмийлар кейинги бир ойда Тожикистонда COVID-19 юқтириш ҳоллари қайд қилинмаётганлигини такрорлаётган бўлсалар-да, мутахассислар ҳали хотиржамликка эрта дейишмоқда. Жумладан, буни Россиядаги таниқли тиббиёт ходимлари бот-бот такрорлашмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek