Ўзбекистон: Янги партия очиш осонми? - video, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистонда президент сайлови учун тайёргарликлар аллақачон бошлаб юборилган. Бироқ ҳозирча майдонда амалдаги сиёсий партиялар эмас, балки партиясизлар фаоллик кўрсатмоқда.

Мамлакатда бир гуруҳ фаоллар «Халқ манфаатлари» демократик партиясини ташкил этиш ҳаракатини бошлаганлар.

28 январь куни партия қурултойи - таъсис йиғилиши ўтказилган.

3 февраль куни партияни рўйхатга олиш учун Адлия вазирлигига расман ариза ҳам топширилган.

Бироқ фаоллар шу вақтгача ўзларига турли босим ва таҳдидлар бўлганини таъкидламоқдалар.

Улар қонун доирасидан четга чиқмаган ҳолда ҳаракат қилаётган бўлсаларда, ҳатто, ўлим таҳдидига юзлашганларини даъво қилмоқдалар.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Хўш, бу қандай партия ўзи? Ундан не мақсад кўзланмоқда?

Ва Ўзбекистон янги мустақил сиёсий партияларнинг саҳнага чиқишига тайёрми?

Би-би-си ана шу саволлар юзасидан «Халқ манфаатлари» демократик партияси етакчилари Маҳмуд Йўлдошев ва Аюбхон Раҳмонов билан суҳбатлашди.

Мақсад не?

Mahmud Yo'ldoshev

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Фаоллар партия тузишдан асосий мақсад узоқ йиллар давомида ўзбек халқининг йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топиш эканини айтадилар.

«Ўз номидан маълум - мақсадимиз халқимиз манфаатини ҳимоя қилиш. Чунки ҳаққини топаман, деб идорама-идора юрган, ўзининг ҳуқуқи ҳимоясини бошқалардан илтимос қилиб юрган одамларимиз кўп», дейди ташкил этилаётган партия раиси Маҳмуд Йўлдошев.

Йўлдошев бу ва бошқа муаммоларни фаоллар бошини бир сиёсий партияга жамлаб, ҳал этиш мумкинлигини билдиради.

Партияси ҳамраиси Аюбхон Раҳмонов сиёсий фаолият бошлашига халқнинг одатий ҳаётидаги мушкулликларга гувоҳ бўлиш туртки берганини таъкидлайди.

«Ҳаммамиз, энди, қишлоқда туғилганмиз. Уйга борсам, 83 ёшли онам хурсанд бўлиб, «бу йил қиш қаттиқ келди, лекин эсон-омон чиқиб оламиз», деб қолдилар.

«Нега», десам, сандалда ўтирганча «таппиларни ғамлаб қўйганмиз», дедилар. Мана шу нарса менга биринчи туртки бўлди», сўзлайди у.

Раҳмонов 21-асрда инсонлар бундай шароитда яшашини тасаввур қилиб бўлмаслигини таъкидлайди.

Фаоллар мақсадлари абгор вазиятни ўнглаш эканини айтсаларда, мухолифатдаги сиёсий куч ўлароқ майдонга чиқмасликлари ҳақида гапирадилар.

«Чунки биз мухолифат бўлишимиз учун кимнингдир дунёқараши, сиёсий қарашларига қарши чиқишимиз керак.

Тўғи, биз мухолифатдаги партия каби кириб келяпмиз, аммо фалон сиёсий партия билан бирор муаммо юзасидан ҳали қарама-қарши келганимиз йўқ», сўзлайди Маҳмуд Йўлдошев.

Фарқ

Toshkent

Сурат манбаси, courtesy

Партия етакчилари ишлаб чиқилган низомга кўра, мамлакатдаги бошқа сиёсий партиялардан жиддий фарқ қилишларини таъкидлайдилар.

«Масалан, бизнинг партия давлат томонидан молиялаштирилмайди. Қонун рухсат берган манбалардан молиявий дастак оламиз. Партиямиз аъзоларнинг ўз маблағи, ҳомийлар ҳисобига яшайди», маълум қилади раис Йўлдошев.

Унинг ишонч билдиришича, бундай манзара партиянинг сиёсий таъсирлардан ҳоли бўлиши, эмин-эркин фаолият юритишига замин яратади.

«Яна бир жиҳати биз аъзоларнинг сонига катта эътибор қаратмаяпмиз. Бизда аъзолик муддати бир йил бўлади. Сонга эмас, сифатга диққат қилмоқчимиз».

Ўлим таҳдиди?

Hujjat

Сурат манбаси, courtesy

Фаоллар ўз партиясини қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этишга уринаётган бўлсада, аллақачон кучишлатар тизимлар босимига дуч келаётганини даъво қилади.

«Партия ташкил этиш учун 20 минг хайрихоҳнинг имзоси талаб этилади. Барча вилоятлар бўйлаб, одамлар шунчалик қизиқиш билдиришмоқдаги - ўзимиз ҳайратдамиз.

Аммо имзоларни бизга етказамиз, деган пайтда қоғозларни тортиб олиб, хайрихоҳ жиноий жавобгарликка тортилиши билан қўрқитилган ҳолатлар ҳам бўлди», иддао қилади Йўлдошев.

У Сўх туманида юз берган ўхшаш ҳолатни алоҳида тилга олади.

«Сўх анклавидан бизга чиқишди. У ердаги муаммолардан яхши хабардор бўлганимиздан, кўпроқ имзо йиғиб беринглар, дедик. Лекин ўша телефон суҳбатидан кейин биз билан гаплашган одамни ички ишларга чақиришибди. Биз билан бошқа алоқа қилмай қўйди», дейди раис Йўлдошев.

У, ҳатто, ўзига нисбатан ўлим билан таҳдид қилинганини ҳам иддао қилади.

«Яқинда уйимга тўрт киши кириб келди. Сиёсий фаолиятимни тўхтатишим, акс ҳолда, мени жисмонан йўқ қилишлари билан пўписа қилдилар», дейди.

Партия етакчилари бундай таҳдидлар ортида қандай кучлар турганини билмасликлари, бундай ҳолатлар юзасидан тегишли жойларга қилинган арзномалар эса кўриб чиқилмаётганини қўшимча қиладилар.

«Шикоят қилсак, ўзимизни сўроқ қилишяпти. Ўзбекистонда сиёсий партиялар қонун билан ҳимоя қилинмайдими?» савол қўяди Раҳмонов.

Сунъий тўсиқ

O'zbekiston

Сурат манбаси, courtesy

Ўзбекистонда сиёсий партияларни ташкил этиш таомиллари 1996 йилда қабул қилинган «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.

Қонунда «сиёсий партия» тушунчасига шундай таъриф берилади:

«Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир».

Ушбу қонунга биноан сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субъект (вилоят)да яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган фуқаролардан имзо йиғиш талаб этилади.

Қонуннинг 1996 йилдаги таҳририда имзо қўйган хайрихоҳлар 5 минг нафар бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Бироқ 2003 йилда бу рақам 20 мингга ўзгартирилган.

Фаолларнинг фикрича, бу мустақил сиёсий партиялар ташкил этиш йўлида қўйилган «сунъий тўсиқ»дир.

«Бошқа давлатларда 20 минг имзо йиғиш талаби бўлмаса керак. Сиёсий жараёнга ҳеч ким кириб келолмасин, деган мақсад билан қўйилган бу талаб», дейди ҳамраис Раҳмонов.

Партия етакчилари, бир вақтнинг ўзида, ўз фаолиятлари ҳам хусусий, ҳам давлат ОАВда ёритилмаётганидан норози эканликларини ҳам билдирадилар.

«Айниқса, давлат телеканаллари нега юқоридаги раҳбарларга шундай партия очиляпти, деган хабарни етказмайди?» деган саволни ўртага ташлайди Маҳмуд Йўлдошев.

«Мухолифат ичимиздан чиқсин»

Prezident Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

2019 йил декабрь ойида президент Шавкат Мирзиёев хориждан келган мухолифатга қарши эканини таъкидлаган эди.

«У шу ерда бўлиши керак. Қандай қилиб четдан келади? Бу ернинг шарт-шароити, муҳитини билмайди.

Албатта, мен президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Лекин у ўзимизда шаклланиши керак, бунинг учун шу ерда муҳит яратилиши керак. Токи у одамларнинг муаммоларини билсин, шу ерда нон еб, шу ерда сув ичган бўлсин», деган эди президент ўшанда.

Айни дамда, Ўзбекистонда яна бир ташаббускорлар гуруҳи сиёсий майдонга кириб келишга ҳаракат қилмоқда.

Ўтган йилнинг ёзида Термиз Давлат университети собиқ ректори Хидирназар Аллақулов «Ҳақиқат ва Тараққиёт» социал-демократик партиясини тузишга ҳаракат бошлаб юборган эди.

Ҳозирча, на ушбу партия, на «Халқ манфаатлари» партияси расман рўйхатга олинган.

Мамлакат расмий доираларининг бундай сиёсий ҳаракатларга нисбатан очиқ муносабат билдиргани кўзга ташланмаган.

Ўзбекистонда расман фаолият юритаётган беш сиёсий партия эса яқинлашиб келаётган президент сайлови олдидан, ҳозирча, ҳаракатлар бошламаган.

2 февраль куни ушбу партия етакчилари билан учрашган президент Мирзиёев партияларнинг сиёсий-ижтимоий ролини ошириш зарурияти ҳақида гапирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek