Россия, Қозоғистон, Ўзбекистонга раҳмат, Бердимуҳаммедов ўз қарорини айтди – минтақа ва сиёсат, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Россия, Қозоғистон, Ўзбекистонга раҳмат, Бердимуҳаммедов ўз қарорини айтди - минтақада янги президент янги ваъдалар қудратга келди, генерал-майор ишдан кетди ва Қозоғистон минтақада биринчи бўлмоқчи. Дайжест.
Янги президент

Сурат манбаси, official
Садир Жапаров расман Қирғизистон президенти лавозими ижросига киришди.
Бугун, 28 январь куни пойтахт Бишкекда унинг инаугурация маросими бўлиб ўтди.
Янги президент энг аввало мамлакатда янги иш ўринлари яратишга ваъда қилди.
Четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқароларини ортга қайтариш истагида эканини айтди.
Садир Жапаров ўтган йили, ҳали Қирғизистоннинг Бош вазири-муваққат президенти экан, "ал-Жазира" телеканалига берган интервьюсида ўзининг бу режаси билан ўртоқлашган.
"Келаси икки йилнинг ўзида ҳамма мигрантларни ортга қайтармоқчи экани"ни билдирган.
Аммо Садир Жапаровнинг бу режаси ўшанда маҳаллий экспертлар ўзларининг ҳам анчайин ишончсиз муносабатларига сабаб бўлмай қолмаганди.
Иш ўринлари ва мигрантлар

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Қирғизистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан бирга Марказий Осиёнинг энг кўп сондаги фуқароси четда меҳнат муҳожирлигида банд учта давлатидан биттасидир.
Мамлакатда ишсизлик, йилларки, ўзининг долзарблигини йўқотмай келаётган учта энг йирик муаммодан бири бўлади.
Бугун четда меҳнат муҳожирлигида банд аҳолисининг сони биргина расмий рақамларнинг ўзида қарийб бир миллионга етади.
Аммо норасмий рақамларда уларнинг сони бундан бир неча баробар кўп экани ҳам тахмин этилади.
Аҳолиси расман 6 миллиондан сал ортувчи Қирғизистон Тожикистон билан бирга минтақанинг энг камбағал икки мамлакати сифатида кўрилади.
Айнан ташқи миграция орқасидан келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар вазият шундоқ ҳам ҳассос бўлган бу мамлакатда ҳукумат учун ижтимоий муҳофаза камари вазифасини ўтаб келади.
Бу пуллар Қирғизистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган асосий молиявий манбалардан биттаси бўлади.
Вазият

Сурат манбаси, EPA
Глобал коронавирус пандемияси мамлакат иқтисодига етказган зиён қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби Қирғизистонда ҳам аллақачон жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.
Қирғизистон ҳозир Қозоғистон билан бирга минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган икки мамлакатидан бири бўлади.
Минтақадаги четдан энг кўп инсонпарварлик ёрдами олаётган иккита давлатдан биттаси экани кўрилади.
Ўзбекистонга бевосита чегарадош бу давлатда бир миллиондан ошиқ ўзбек яшайди.

Сурат манбаси, courtesy
Ўтган йил Қирғизистон муддатидан илгари президент сайлови чақирилишига йўл очган яна бир инқилобга саҳна бўлган.
30 йиллик мустақиллиги тарихидаги учинчи инқилоб Қирғизистоннинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий таназзулга юз тутишига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Бугунги инаугурацияси чоғида Садир Жапаров пандемия ва ана шу сиёсий бўҳрон чоғида қўллаганликлари учун Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистонга раҳмат айтган.
Қирғизистон "АҚШ, Европа ва Осиё давлатлари билан ҳам ўзаро ҳурматга асосланган кенг қамровли ҳамкорликка интилиши"ни баён қилган.
Дунёнинг глобал ядровий қудратлари бўлган Россия, АҚШ ва Хитой эса, минтақада асосий геосиёсий ўйинчи давлатлар бўлишади.
Қирғизистон Марказий Осиёнинг Россия энг кўп ҳарбий иншоотларига эга давлати бўлади, Хитой эса, Қирғизистоннинг энг йирик кредитори саналади.
Янги президентга кўра, Қирғизистонда "ҳокимиятни зўр билан эгаллаш", деган нарса бўлмайди. мамлакатда қонун устуворлиги таъминланади.
Инаугурация маросими арафасида, кеча, чоршанба куни пойтахт Бишкек норозилик намойишига ҳам саҳна бўлган.
Намойишчилар амалдаги парламентни тарқатиб юборишни талаб қилишган.
Депутатларни "халқни ишончига хиёнат қилиш" ва парламентдаги ўринларини "порахўрлик манба"сига айлантириб олишда айблашган.
Айнан муддатидан илгари чақирилган президент сайлови билан бир кунда бўлиб ўтган референдумда эса, Қирғизистон парламентидан президент бошқарувига қайтиш учун овоз берган.
Сайлов сабаб бўлмаган

Сурат манбаси, Reuters
Коронавирус билан боғлиқ яна жиддий издан чиқиб бораётган вазият қозоғистонлик масъулларнинг янги раддия билан чиқишларига сабаб бўлган.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирининг баён қилишича, аҳволнинг қайта ёмонлашишига 10 январь кунги парламент сайлови сабаб бўлмаган.
Қозоғистондаги парламент сайлови Қирғизистондаги президент сайлови ва референдум билан бир кунга тўғри келган.
Қозоғистон шундоқ ҳам ҳали-ҳануз минтақанинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон давлати бўлади.

Сурат манбаси, Reuters
Мамлакатда ҳозирга келиб жами коронавирус ҳоллари расман 200 мингга яқинлашган.
Бу қолган минтақа давлатларидаги кўрсаткичлардан бир неча баробар кўп, деганидир.
Куни-кеча айнан Қозоғистон мисолида минтақада коронавирус билан боғлиқ кундалик антирекорд янгиланган.
17 январь куни Қозоғистонда бир кунда мингдан ошиқ коронавирус ҳолати расман қайд этилган.
Бу янгилик коронавируснинг "британ штамми" Россияга ҳам кириб боргани расман тасдиқланишидан саноқли кун ўтиб бўй кўрсатганди.
Қозоғистон эса, Россияга бевосита чегарадош ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Аммо қозоғистонлик масъулларнинг сўнгги кунларда қилган баёнотларига таянилса ҳам, "британ штамми" Қозоғистонга ҳали кириб келмаган.

Сурат манбаси, official
Хабарларга кўра, Қозоғистон ўз аҳолисини коронавирусга қарши оммавий эмлашни бошлайдиган биринчи минтақа давлатига айланади.
Масъулларнинг сўзларидан маълум бўлишича, улар бу ишга шу йилнинг 1 февралидаёқ киришишмоқчи.
Аҳолини Россиянинг Спутник V вакцинаси билан эмлашмоқчи.
Хабарларда айтилишича, оммавий эмлаш олти босқичда амалга оширилади.
Aввало коронавирусни юқтиришга энг мойил тиббиёт ходимлари эмланади.
Кенг аҳоли учун вакцина апрель-май ойларида имконли бўлади.
Йил охиригача эса, камида 6 миллион одам эмлаб бўлинади. Қозоғистон аҳолиси 18 миллиондан ошади.
Айрим хабарларга кўра, эмлаш текин бўлади, давлат бюджетидан молияланади.
Қозоғистон коронавирусга қарши ўз вакцинасини яратган ягона минтақа давлати ҳам бўлади.
Бердимуҳаммедов ўз қарорини айтди

Сурат манбаси, AFP
Туркманистонда Чегара қўшинлари бошлиғи вертолёт қулашидан сўнг ишдан кетди.
Расман хабар берилишича, кеча, 27 январь куни Хавфсизлик Кенгаши йиғини бўлиб ўтган.
Унга шахсан президент Гурбангули Бердимуҳаммедов раислик қилган.
Давлат Чегара хизмати бошлиғи генерал-майор Шадурди Дурдиевни лавозимидан озод қилган.
Унинг ўрнини Миллий Xавфсизлик институтининг собиқ раҳбари Язгелди Нуриев эгаллаган.
Расмий хабарларга кўра, Дурдиев подполковник унвонига туширилган, унинг икки ўринбосари "қаттиқ ҳайфсан" олган.
Туркманистон президенти ўз қарори ортидаги сабабларга тўхталмаган.
Бу эса, қарорнинг 13 январь кунги вертолёт ҳалокатига боғлиқ бўлиши мумкин эканига оид тахминларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Вертолёт ҳалокати уч ҳарбий хизматчининг ўлими билан якун топгани хабар берилган.
Кечаги йиғинда ҳам Бердимуҳамедов юқори мартабали ҳарбийларни ҳарбий техникага "эҳтиёткорлик билан" муносабатда бўлишга чақирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















