Туркия: Тўрт нафар ўзбекистонлик қўлга олинди - Ўзбекистон ва дунё, O‘zbekiston, Turkiya, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

ИШИД жангарилари

Сурат манбаси, BBC WORLD SERVICE

Туркия: Тўрт нафар ўзбекистонлик қўлга олинди - Туркия Мудофаа вазирлигининг расман билдиришича, уларнинг ҳам ИШИД жангарилари экани аниқланган. Ҳибсдаги тўрттовлоннинг кейинги тақдири, вазирлик баёнотига муносабати номаълум.

Туркия дунёнинг Ўзбекистон билан экстрадицияга оид битим амалда бўлган давлати саналади.

Икки давлат ўртасидаги экстрадиция тўғрисидаги келишув 2019 йил август ойида расман кучга кирган.

Туркия Мудофаа вазирлигининг расмий хабарида уларнинг шахсларига оид бирор бир маълумот очиқланмаган.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик тўрттовлон ўтган йилнинг 31 декабрь куни қўлга олинган 12 нафар шахс орасида бўлишган.

Агар, вазирлик хабарига таянилса, ушланганлардан беш нафари Россия фуқароси, қолган учтаси эса, қирғизистонлик бўлиб чиққан.

Расмий хабарда айтилишича, улар Суриядан ноқонуний равишда Туркияга ўтмоқчи бўлишган ва худди шу хатти-ҳаракатлари учун ҳибсга олинишган.

Aммо нега "ўтмоқчи бўлишгани" сабаби ҳам ноаён қолган.

Қўлга олинганларнинг барчаси Ҳатайнинг Рейҳанли тумани полиция идораси ихтиёрига топширилган.

Туркия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, полиция уларнинг ИШИД аъзолари эканини аниқлаган, бунга қандай қилиб муваффақ бўлишгани тафсилотларини бермаган.

12 маҳбус орасида бир нафарининг "қидирувда бўлган"и ҳам ўртага чиққан.

Аммо Туркия томони бу шахснинг айнан қай бир давлат фуқароси экани, не сабабдан, қачон ва ким томонидан "қидирувга берилган"ига оид маълумотларни очиқламаган.

Туркия Мудофаа вазирлиги 2020 йилнинг 31 декабрь куни амалга оширилган ҳибслар ҳақида кеча, 27 январь куни расман хабар берган.

Аммо вазирликнинг бу ҳақдаги қисқа расмий хабари мазмунидан ўзбекистонликлари илова ҳибсдагиларнинг кейинги тақдири ноаён қолган.

Туркия томонининг расмий хабарига ҳозирча қўлга олинганлар ўзлари ва ўзбекистонлик масъулларнинг муносабати маълум эмас.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз вақтида дунёдаги "энг жангариси" сифатида эътироф этилган.

ИШИД сафларида Марказий Осиёдан энг кўп ўзбекистонлик жангарилар жанг қилишгани ишонилган.

Бунга ИШИД мавҳ этилиши манзарасида эълон қилинган айрим халқаро ҳисоботлар далолат қилган.

Яқин Шарқ ва ўзбекистонлик жангарилар

Jangarilar lideri

Сурат манбаси, HTTP://BUHORIY.COM/

Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбекистонлик жангариларнинг сонига оид энг сўнгги рақамлар 2017 йил охирида эълон қилинган.

Американинг "Soufan" тадқиқот маркази уларнинг сонини ўшанда 1500 тага нисбат берган.

Марказнинг ҳисоботи Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи мавҳ этилганига оид баёнотлар ортидан кузатилган.

Ўзбек жангариларининг сўнгги тақдирлари борасидаги аниқ маълумотлар эса, ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

"Soufan" тадқиқот маркази ҳам ўз ҳисоботида ортга қайтган ўзбекистонлик жангарилар борасида ўзларида бирор бир маълумот йўқлигини айтган.

Ўзбек жангариларининг Сурия ва Ироқда уч гуруҳ: "Имом Бухорий" катибаси, "Тавҳид ва Жиҳод" ва ИШИДнинг "Хуросон" қаноти сафларида жанг қилишгани ишонилган.

Ҳарбий экспертлар уларнинг кўпчилигини ўтмишда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларида Афғонистонда жанг қилган ўзбекларга нисбат бериб келишган.

Ўтган йил курдларнинг Сурияда фаолият олиб борувчи Миллий мудофаа отрядлари асир олган жангарилар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлигига оид хабарлар олинган.

Ўшанда Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатлашган айрим ғарблик экспертлар уларнинг "Ўзбекистонга қайтиш-қайтмасликлари масаланинг геосиёсий жиҳати билан боғлиқ" эканини айтишган.

"Россия Сурия масаласига жуда фаол бош қўшгани, ортга қайтиш ниятида бўлган бу каби жангариларни назоратсиз қолдирмаслиги аниқ" эканини таъкидлашган.

"Улардан айримлари Суриянинг ўзида қолар. Бошқалари, ўзбеклар борлигини назарда тутиб, балки Туркияга йўл солишлари мумкин", деб айтишган.

Аммо "буларнинг барчаси Суриядаги сиёсий ва ҳарбий вазият қандай якун топишига боғлиқ бўлиши"ни алоҳида қайд этишганди.

Сўнгги вазият

Yaqin Sharq

Сурат манбаси, Getty Images

Би-би-си Ўзбек хизмати орада Суриядаги ўзбек жангарилари ва ўзбек жангари гуруҳларининг бугунги тақдирига ойдинлик киритиш Жиҳодчилар медиасига масъул айрим экспертлар билан ҳам боғланган.

Улар жорий пайтда ўзларига ўзбек жангариларининг битта бўлинмаси ҳалиям фаол экани маълум эканини айтишган.

"Ҳозир катта эҳтимол билан Суриянинг шимолий Идлиб вилоятида эканликлари"ни тахмин этишганди.

Бу экспертларга кўра, "ўзбек жангарилари у ердаги "Ҳаёт Таҳрир аш-Шом" гуруҳини дастаклашади. Одатда, улар билан бир сафда жанг қилиб келишади".

Уларнинг айтишларича, Сурияда ИШИД жангари гуруҳининг аъзолари бўлган ўзбек жангарилари ҳам ҳали-ҳануз топилади.

Аммо, экспертларнинг эътирофларича, ҳар икки гуруҳ мисолида ҳам уларнинг аниқ сонини келтириш имконсиз.

Yaqin Sharq

Сурат манбаси, AFP

Сурия ўз ҳудудида жанг қилган ўзбекистонлик жангариларни ҳам ортга қайтариш истагини илк бор 2019 йил бошида билдирган.

Сурия курдлари Москвадаги расмий вакили Ршад Биенаф сўзларидан ўзбекистонликлар Суриядаги курдлар асир олган мингдан ортиқ жангари орасида бўлишгани англашилган.

Вакил ўшанда курдлар бу жангариларни ўз мамлакатларига қайтаришга тайёр эканлигини айтган.

Аммо, "Бу давлатлар аксариятининг ҳукуматлари ўз фуқароларини ортга қайтариб олишга шошилишаётгани йўқ"лигини ҳам қўшимча қилган.

Улар орасида Ўзбекистон ҳукумати бор-йўқлиги номаълум қолганди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил сентябрь ойида афв тўғрисидаги махсус фармонга имзо чеккан.

Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутади.

Унинг қабул қилиниши ортидан, қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.

Ҳозирга қадар Ироқ қамоқларида сақланган Марказий Осиёлик жангари эркаклар ва аёлларнинг эса, судланиб, жазога тортилганликлари айтилган.

Ўзбекистоннинг ўзида эса, сўнгги йилларда яна "жиҳодчиларнинг қўлга олинган"ига оид хабарларнинг сони ортган.

Расмий хабарларда улар аксариятининг "Сурияга чиқиб кетиш, у ердаги айрим жангари гуруҳлар сафларига қўшилишни режалаганлик, ўз яқин танишларини ҳам бунга даъват қилганлик, пул жўнатганлик" гумони билан қўлга олинишгани айтилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳам илова қилинган.

Аммо уларнинг қандай якун топганига оид батафсил маълумотлар ҳозирча ноаёнлигича қолган.

Глобал коронавирус пандемияси, Ироқ ва Суриядаги жангари гуруҳларнинг ҳозир асосан жон сақлаш мавқеида эканини назарда тутилса, бу каби хабарлар мамлакат ташқарисида анчайин скептик муносабатларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Ўзбекистон сўнгги уч йил ичида қатор инсонпарварлик амалиётларига қўл уриб, Яқин Шарқдаги қуролли низолар ҳудудларидан аксарияти хотин-қиз ва болалардан иборат ўнлаб фуқароларини қайтиришга муваффақ бўлган.

Улар Яқин Шарқдаги жангари гуруҳлар сафларида жанг қилган ўзбекистонликларнинг оила аъзоларига нисбат берилган.

Президент Шавкат Мирзиёев "конституция кўзда тутса-да", уларга қарши бирор бир чора кўрилмаслиги, "бирор бир фуқаросини тақдирнинг измига ташлаб қўймаслиги"ни баён қилган.

Бу инсонларнинг оддий ҳаётга қайтишлари, янгитдан мослашиб кетишлари учун лозим барча ёрдам, кўмак ва дастак берилиши айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek