Ўзбекистон, Тошкент, Мирзиёев: Улар ўзбек, ватандошимиз, чора кўрмайман

Сурат манбаси, official
Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан маълум бўлишича, Суриядан ортга қайтарилган 150 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросига нисбатан бирор бир чора кўрилмайди.
Ўзбекистон раҳбарига кўра, мамлакат конституцияси буни тақозо этса-да, у бундай қилмайди.
"Чунки улар ўзбек, бизнинг Ватандошларимиз!..", - деган президент Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон куни-кеча илк бор Яқин Шарқдаги фуқароларини ортга қайтаришга қаратилган йирик инсонпарварлик амалиётига қўл урган.
"Меҳр" операцияси шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан амалга оширилган.
Мазкур амалиёт доирасида шу йилнинг 30 май куни Яқин Шарқдаги қуролли низолар ҳудудларида бўлган 156 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкентга олиб келинган.
Ортга қайтарилганлардан аксариятининг хотин-қиз ва болалар экани айтилган.
Аксарияти, дейиларкан, қолган камчиликнинг ким экани, булар эркакларни назарда тутадими-йўқлиги саволи орадан тўрт кун ўтиб ҳам очиқ қолган.
Бу савол Ўзбекистон президентининг бугун Тошкент вилоятида ўтказган ва ўзи қайтарилганлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтган видеоселектор йиғини ортидан ҳам номаълум қилган.
Шавкат Мирзиёев, "156 нафар Сурияга кетганлар", дейиш билан кифояланган, холос.
Ўзбекистонликлар ва Яқин Шарқ

Сурат манбаси, BBC WORLD SERVICE
Кенг матбуотга имконли бўлган энг сўнгги халқаро ҳисоботларда ҳам Яқин Шарқдаги Ўзбекистон фуқароларининг сони 1500 нафар экани айтилган.
Уларнинг Ироқ ва Сурияда ИШИД баробарида яна икки ўзбек жангари гуруҳи сафларида жанг қилишгани ишонилган.
Ўзбек жангарилиги ва жангарилари табиатини яқиндан тадқиқ этган халқаро экспертлар орада кечган вақт давомида улар аксариятининг Яқин Шарққа ўз оилалари билан бирга юз тутганликларини айтиб келишган.
Аммо улар - яъни, хотин-қиз ва болаларнинг аниқ сонларига оид рақамлар шу пайтгача очиқ манбаларда имконли бўлмаган.
Сурия, Ироқ ҳукуматлари ва халқаро коалицияларнинг Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи деярли мавҳ этилгани ва исломий халифати ҳам таназзулга учраганига оид баёнотлари манзарасида ўзбекистонлик жангариларнинг сўнгги тақдирига оид батафсил маълумотлар ҳам имконли эмас.
Яқин-яқингача улар аксариятининг ўзлари Яқин Шарқда жанг қилиб келган "Имом Бухорий" катибаси ҳамда "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи таркибида асосан Суриянинг шимолий Идлиб шаҳридан бошпана топиб келганликлари ишонилган.
Сўнгги пайтларда у ердаги исёнчи гуруҳлар (сафларидаги хорижий жангарилар илова -таҳр.), оилалари ва маҳаллий аҳолиси билан бирга айнан Идлиб Суриянинг исёнчилар қўлида қолаётган энг сўнгги истеҳкоми, расмий Дамашқ, Россия, Эрон ва Туркия ҳукуматлари орасидаги давомий музокаралар диққат-марказидаги ҳудуд бўлиб келади.
Йўл ва муҳожират

Сурат манбаси, President.uz
"Меҳр" инсонпарварлик амалиёти манзарасида расмий Тошкент ортга қайтарилганларнинг алдов йўллари билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудларига бориб қолишганини айтган.
Орада кечган тўрт кун мобайнида Ўзбекистондаги турли оммавий-ахборот воситаларининг уюштирган суҳбатлари мазмунидан улар айримларининг бу қадамга ўз эрларининг босими, тазйиғи, бошқаларининг ўз истак ва хоҳишлари билан борганликлари аёнлашган.
Яқин Шарққа йўлни бирлари Ўзбекистоннинг ўзидан бошлаган бўлсалар, бошқалари учун Россия бошланғич манзил вазифасини ўтаганлиги ҳам маълум бўлган.
Юздан ортиқ ўзбекистонлик олиб келинган ҳудуд расмий баёнотларда дастлаб Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудлари сифатида тилга олинган бўлса, ўзлари билан суҳбат ва Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги чиқишидан сўз асосан Сурия ҳақида кетаётгани ҳам ойдинлашган.
156 нафар Ўзбекистон фуқаросининг Тошкентга қайтарилгани хабари Ўзбекистон Президентининг расмий веб саҳифаси ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги аккаунтлари қадар ўз ифодасини топган.
Расмий хабарларга Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўзининг сўнгги нуқтасига етган "Меҳр" инсонпарварлик амалиётининг ана шу якуний босқичи акс этган ўнга яқин сурат ҳам илова қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун эътироф этишича, "уларни Ватанга олиб келиш азоб бўлган. Жуда оғир бўлган".
Сабаблар

Сурат манбаси, AFP
Ўзбекистон раҳбарининг шахсан ўзи бу инсонларни Сурияга нима етаклагани саволини кун тартибига ҳам олиб чиққан.
"Уят бўлса ҳам айтиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар нима учун кетган? Кимни излаб кетган?", - деяркан, "Тан олиш керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!", - дея бунда, таъбир жоиз, "ўз айблари"ни ҳам ишкора эътироф этган.
"Биз ҳаммамиз бу ҳолатни чуқур ўйлашимиз керак", - деган Ўзбекистон Президенти.
Ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ўзининг дин ва диндорларга нисбатан "тазйиқона" сиёсати туфайли узоқ йиллар давомида халқаро миқёсда танқидларга тутиб келинган.
Бир томондан, аҳолиси минтақада энг катта сондагиси(ҳозирда 33 миллиондан ортиқ - таҳр.) экани, бошқа тарафдан, жиддий ислоҳотларга муҳтож сиёсий ва иқтисодий вазият сабаб, Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида миллионлаб Ўзбекистон фуқароси муҳожиратга юз тутган.
Орада кечган вақт давомида Яқин Шарқда икки мингдан тўрт мингтагача Марказий осиёликнинг жанг қилгани ишонилса, улардан катта сондагиси ўзбекистонликлар ва ўзбекларга нисбат берилган.
Бунгача Қозоғистон, Тожикистон ҳукуматлари аллақачон бу каби инсонпарварлик амалиётларига қўл уриб бўлишган. Расмий Бишкек эса, бунинг ҳаракатида эди.
Уч минтақа давлати раҳбариятининг айни саъй-ҳаракатлари сўнгги ойларда бу хусусда расмий Тошкент ва расмий Ашхободнинг нега жим эканига оид саволларни ҳам пайдо қилаётганди.
Ўзбекистон томонининг алоҳида урғулашича, "Рамазон ойида уюштирилган бу хайрли амалиёт улкан аҳамиятга эга".
Ортга қайтарилганлар айримлари билан Тошкентда уюштирилган телевизион суҳбатлар тафсилотларидан маълум бўлишича, биргина Сурия ҳудудларида тақдирдошларининг сонлари ҳалиям оз эмас.
"Меҳр" инсонпарварлик амалиётининг кейинги босқичи амалга ошадими, ошса, бунга аниқ яна қачон қўл урилиши тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
Аммо 150 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг Яқин Шарқдан Тошкентга қайтарилиши ва президент Шавкат Мирзиёевнинг "конституция кўзда тутса-да", уларга қарши чора кўрмаслигига оид баёноти ўзбекистонликлар орасида кескин қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган.
Ижтимоий мулоқот тармоқлари сўнгги кунларда уларнинг ёқловчи, қораловчи ва огоҳлантирувчи мазмундаги юзлаб комментларига тўлиб-тошган.
Расмий Тошкентнинг билдиришича, ортга қайтарилганларнинг оддий ҳаётга қайтишлари, янгитдан мослашиб кетишлари учун лозим барча ёрдам, кўмак ва дастак берилади.
Шу бугун Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, аллақачон уларнинг орасида бўлган ва сонлари ўнлаб экани айтилган болалар учун мобил мактаблар ҳам ташкил қилинган.
Бошқа томондан, сўнгги йилларда минтақавий экспертлар орасида Яқин Шарқдаги жангари гуруҳларнинг ўзларидан кўра, ортга қайтиши мумкин бўлган жангарилари Марказий Осиё давлатлари учун потенциал хавф эканига оид фикрларнинг ўртага отилгани ҳам бор гап.
Тарихча ўрнида

Сурат манбаси, GIUSEPPE CACACE/AFP/GETTY IMAGES
Сурия илк бор жорий йил бошида ўз ҳудудида жанг қилган ўзбекистонлик жангариларни ҳам ортга қайтариш истагини билдирган.
Бу ҳақда Сурия курдларининг Москвадаги расмий вакили Ршад Биенаф Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги билан суҳбатида билдирган.
Унинг сўзларидан маълум бўлишича, ўзбекистонликлар Суриядаги курдлар асир олган мингдан ортиқ жангари орасида бўлишган.
Вакил курдлар бу жангариларни ўз мамлакатларига қайтаришга тайёр эканлигини айтган.
Аммо, "Бу давлатлар аксариятининг ҳукуматлари ўз фуқароларини ортга қайтариб олишга шошилишаётгани йўқ", деганди.
Улар орасида Ўзбекистон ҳукумати бор-йўқлиги эса, номаълум қолганди.
"Новости" ахборот агентлиги хабарида Ршад Биенаф бу мамлакатлар номини очиқламагани кўрилганди.
Тошкентга қайтарилганлардан айримлари эса, телевизион суҳбатларида сўнгги пайтларда ўзларининг айнан курд кучлари қўл остида бўлганликларини ҳам айтишган.
Ўзбекистоннинг ўзида бундан аввал ИШИД сафларига қўшилган ва қўшилмоқчи бўлган қатор шахслар устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган.
Аммо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил сентябрь ойида афв тўғрисида махсус фармон қабул қилган.
Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутади.
Унинг қабул қилиниши ортидан, қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












