Тошкент: Ўзбекистондан авиапарвозлар сони яна биттага ортди - ким нима дейди? Tojikiston, O‘zbekiston, koronavirus, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
- Author, Мустақил журналист,
- Role, Тожикистон
Тошкент: Ўзбекистондан авиапарвозлар сони яна биттага ортди - ўзбекистонликларга Тожикистонга ҳам йўл қайта очилди. Аммо авиапарвозлар борди-келди масаласини ҳал этадими?
Мунтазам парвозлар
Қарийб бир йил деганда, Тожикистон ва Ўзбекистон пойтахтлари - Душанбе ва Тошкент ўртасида мунтазам авиапарвозлар қайта йўлга қўйилди.
Ҳозирча Ўзбекистон ва Тожикистон авиаширкатлари томонидан ҳафтасига икки марта парвоз амалга оширилади. Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати қошидаги фуқаролик авиасияси агентлиги хабар қилган.
Мазкур агентлик директори Икром Субҳонзодага кўра, парвознинг тикланишига коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш Республика штаби розилик берган.
Пандемия муносабати билан барча йўловчиларнинг санитария ва эпидемиология қоидаларига риоя қилишлари шартлиги таъкидланмоқда.
Йўловчилар самолётда ҳимоя ниқоблари тақкан ва ҳимоя қўлқоплари кийган ҳолда ўтирадилар. Учиш истагида бўлган кишилар COVID-19га чалинмаганлик борасидаги тиббий маълумот кўрсатишлари зарур бўлади. Бу маълумотнома учишдан 72 соат олинган бўлиши ҳам шарт.
Жорий йил 5 январида икки пойтахт орасида чартер рейс амалга оширилгач, мунтазам парвозларни йўлга қўйишга келишилди.
«Ҳаммаси яхши-ю, лекин…»

Сурат манбаси, courtesy
Тошкент ва Душанбе орасидаги авиапарвозлар ўтган йилнинг 16 мартида тўхтатилган эди. Бу қарорга жаҳон бўйлаб коронавирус тарқалгани сабаб қилиб кўрсатилганди.
Худди шу 16 мартга ўтар кечаси Ўзбекистон ва Тожикистон орасидаги чегара-назорат ўтказиш масканлари ҳам ёпилганди.
Тожикистон ва Ўзбекистон орасидаги авиапарвозлар 1992 йилда бутунлай тўхтатиб қўйилганди. Фақат Ўзбекистон Президентлигига Шавкат Мирзиёев сайлангач, орадан 25 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Тошкент ва Душанбе ўртасида учоқлар қатнай бошлади.
«Орадан деярли ўн ой ўтиб, Душанбедан Тошкентга самолёт уча бошлаганидан Ўзбекистон билан тижорат алоқалари ўрнатган бошқа тадбиркорлар каби мен ҳам қувондим. Тўғри, юкларимиз темир йўл вагонларида, юк машиналарида етиб келяпти. Ўзбекистонлик ҳамкорлар билан интернет, телефон орқали мулоқот қиляпмиз. Лекин юзма-юз туриб келишиб олиш бошқача-да», деди душанбелик тадбиркор Илҳом.
«Бизнинг ота-боболаримиз аслида Фарғонадан, Олтиариқдан бўлишади. Мен Олтиариқдан келин қилганман, опам Фарғонага турмушга чиққанлар. Пандемия вақтида бир-биримизни кўрганимиз йўқ. Самолётда Тошкентга етиб олсак, поезддами, Қамчиқ довонидан машинадан ўтибми, Фарғонага жўнаймиз, Дийдор яқин», деди Душанбега туташ аҳоли орасида «Россия» колхози» деб аталиб келаётган қишлоқда яшаётган Адҳамжон.
«Мен Тошкентга учадиган самолёт орқали жияним ва акамни Ҳиндистонга кузатиб қўйдим. Акам Деҳлига даволаниш учун кетдилар. Тошкентдан Ҳиндистонга учиш анча арзон экан», деди Хатлон вилоятида яшашини айтган 40 ёшлардаги Азизмуҳаммад.
«Ҳаммаси яхши. Лекин коронавирус эмаслигимни исботлаш учун тестга 250 сомоний бериш менга оғирлик қилади. Устига самолёт чиптаси қиммат экан», деди Турсунзода шаҳрида яшайдиган Абдунаим Ҳасанов.
Парвоз уйғотган умид ва ишонч

Сурат манбаси, courtesy
Тожикистонликлар мунтазам авиақатновларнинг тикланиши ҳақида гапирар эканлар, икки қўшни мамлакат ўртасидаги чегаранинг коронавирусдан олдинги даврдаги каби бутунлай очилишидан умид қилишмоқда.
«Мен Тошкентга қизимни даволатишга олиб боришим зарур. Ўтган ҳафта Бекобод билан чегарага бориб келдим. Чегарачилар чегара очилишига яқин қолди, дейишганида, теримга сиғмай кетдим. Душанбедан Тошкентга самолёт учаётганини эшитиб, чегара очилишига ишончим ортди», деди Бобожон Ғафуров туманида яшашини айтган 60 ёшлардаги Тўтинисо исмли аёл.
«Мен Хўжанддаги Тожикистон ҳуқуқ, сиёсат ва бизнес университетида сиртдан ўқийман. Ҳозир қишки сессия топширяпмиз. Чегаралар биз - студентлар учун очилган. Лекин кундузи ўкийдиганлар чегара очилганча уч ой ўқишдан қолиб кетишди», деди Тошкент вилоятининг Бўка туманида яшашинини айтган Воҳиджон.
«Коронавирус авж олганида шундайгина қошу кўздек қўшнимникига чиқолмай қолдим. Ана ҳозир бизда беморхоналарда биронта Ковид юқтирган бемор қолмабди. Сабр қилсак, ҳаммасига етамиз. Аввало саломатлик керак», деди Хўжанд шаҳридаги саломатлик марказида ишлашини айтган Гулнора Азимова.
«Ўғлим интернетдан ўқиб берди: Ўзбекистон аввалгидай бизнинг йўлларимиздан Фарғона ва Андижонга машиналар қатнашини режага олибди. Бизнинг Душанбедан Тошкентга самолётда боришимиз учун жуда кўп вақтимиз кетади. Аввалига Душанбегача 300 километрдан кўп йўл босишга тўғри келади. Қайтиш-чи? Бизга Тошкентга машинада бориш яхшироқ. Уч-тўрт соатда етиб борамиз. Қўқон янада янгироқ. Чегаралар тезроқ очилсин», деди Тошкентда укалари яшаётганини айтган Конибодомнинг Ниёзбек қишлоғилик Мўмина исмли аёл.
Кузатувчилар эса, чегара очилгач, Хўжанд-Тошкент йўналишида қатнайдиган автобуслар қатнови тикланиши йўловчиларга қулайлик келтиришини таъкидлашади.
«Бу автобус рейси аввало мунтазамлиги билан яхши. Хўжанддан Тошкентгача агар АҚШ доллари билан ҳисобласак, $6 долларга яқин пул билан етиб олиш мумкин эди. Устига чегарагача тўхтовсиз таксилар қатнаб туради. Чегарадан нариги томонда, Фотиҳобод-Ойбек чегара масканидан ўтсангиз, Тошкентга борасизми, деб таксичилар ўраб олишади. Йўлкиралар қиммат эмас. Шунинг учун, менимча, чегараларни ҳамма учун очиш керак. Жуда кўпчилик буни интизорлик билан кутяпти», деди маҳаллий таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.
Лекин, унга кўра, аксарият тожикистонликлар ҳозир кўпроқ Россия шаҳарлари билан мунтазам авиапарвозларни тиклаш ва тожикистонликларга Россияга ишлаш учун бориш имконияти берилишини кутишяпти. Пандемия бошлангандан кейин тожикистонликлар Россияга ишлаш учун бора олишмаяпти. Норасмий маълумотларга кўра, Россияда бир ярим миллион нафарга яқин тожикистонлик меҳнат қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













