Дариға Назарбоева катта сиёсатга қайтди – бу нима дегани? Ўзбекистон, минтақа ва сиёсат, Qozog‘iston, Mirziyoyev, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Sobiq prezidentlar

Сурат манбаси, official

Дариға Назарбоева катта сиёсатга қайтди - Дариға Назарбоева Гулнора Каримова каби ўз вақтида президент отасининг "сиёсий вориси" сифатида кўрилган. У шахсан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг фармони билан ўтган йил Сенат раислигидан олинганди. Сенат раиси Қозоғистондан ҳам президентдан кейин иккинчи қудратли шахс саналган.

Депутат Дариға Назарбоева

Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизидан фарқли ўлароқ, Дариға Назарбоева Қозоғистон Сенати раиси даражасига кўтарилган.

Сенат раиси Қозоғистондан ҳам президентдан кейин иккинчи қудратли шахс саналган.

Мамлакат президент ўз вазифасини бажара олмай қолган тақдирда, унинг ваколатлари айнан Сенат раисига ўтиши кўзда тутилган.

Darig'a Nazarboyeva

Сурат манбаси, PM.KZ

Аммо ўтган йил май ойида Дариға Назарбоеванинг кутилмаганда Сенат раислигидан кетишига оид хабар олинган.

У шахсан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг фармони билан раисликдан олинган.

Аммо ўшанда Қозоғистон президентининг расмий веб сайтидаги хабарда бунинг сабаби очиқланмаган.

Бу янгиликка собиқ президент отаси, Элбоши, бошқарувдаги Нур Отан партиясининг лидери ва Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши раиси Нурсултон Назарбоевнинг муносабати ҳам ноаён қолган.

Нурсултон Назарбоев тўнғич қизининг яна катта сиёсатга қайтаётганига оид хабар унинг Сенат раислигидан четлатилишидан саноқли ойлар ўтиб бўй кўрсатган.

Расман маълум қилинишича, Дариға Назарбоева ўтган якшанба кунги сайлов ортидан, отасининг Нур Султон партиясидан берилган рўйхат асосида яна парламентга қайтган, депутатликни қўлга киритган.

57 ёшли Дариға Назарбоева жорий пайтда отаси номидаги жамғармани бошқариб келади.

У илк бор Қозоғистон парламентига 2016 йил кирган, орадан уч йил ўтиб, спикерлик даражасига кўтарилган.

2018 йил сентябрида эса, Қозоғистон собиқ президентининг тўнғич қизи Сенат раиси этиб сайланган.

Дариға Назарбоеванинг қайта депутат бўлиши аксарият минтақавий экспертлар нигоҳидан четда қолмаган, улар буни собиқ Сенат раисининг яна катта сиёсатга қайтиши сифатида баҳолашган.

Аллақачон унинг "фақат депутатлик билан чекланмаслиги, камида вице-спикерликка кўз тикиши" ҳақидаги ўз тахмин ва фаразлари билан ўртоқлашишган.

Таҳлилчилар шундай деркан, парламент спикерлиги мамлакатда учинчи қудратли шахсни англатиши омилига алоҳида эътибор қаратишади.

Qozog'iston prezidentlari

Сурат манбаси, PAVEL ALEKSANDROV/TASS

Нурсултон Назарбоев 78 ёшда экан, 2019 йилнинг май ойида ўз ихтиёри билан президентликдан кетишини маълум қилган.

Бу ишга қўл урган минтақадаги биринчи президент сифатида тарихга кирган.

Бунинг ортидан, Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистоннинг муваққат президентига айланган.

Унинг Қозоғистонни 2020 йил апрелига қадар бошқариб туриши кўзда тутилган.

Аммо ўша йилнинг ўзидаёқ муддатидан илгари президент сайлови чақирилган.

Шахсан Назарбоевнинг ўзи 2019 йилнинг июнь ойидаги сайловда Қозоғистон президентлигига Қасим-Жомарт Тоқаев номзодини илгари суришни таклиф қилган эди.

Шундай экан, Дариға Назарбоеванинг яна катта сиёсатга қайтиши нимани англатади? Бу нима дегани?

Камолиддин Раббимов

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, courtesy

"Қозоғистон давлатчилиги, қолаверса, Назарбоевлар оиласи мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Назарбоевлар оиласи - Марказий Осиёдаги энг қудратли ва бой оила сифатида танилган. Бу оиланинг бошлиғи - Нурсултон Назарбоевнинг ҳокимиятдан тўлалигича кетиши, табиий равишда, оиланинг бошқа аъзоларини, қолаверса, Нурсултон Назарбоевни ўзини ҳам ташвишга солиши аниқ.

Чунки Нурсултон Назарбоевни унинг ҳаётидан кейин яқинларининг тақдири, қолаверса, Назарбоев томонидан Қозоғистонда шакллантирилган сиёсий тафаккур, сиёсий маданият ва давлатчилик рамзларининг тақдири безовта қилмаслиги мумкин эмас. Нурсултон Назарбоев ўз номини ва шахсиятини Қозоғистон давлатчилиги тарихида абадийлаштиришга ҳаракат қилди. Бугун давлат пойтахти, университетлар, кўчалар, жой номлари ва ҳ.к.лар айнан Назарбоев номи ва шахсиятига мустаҳкам боғланган.

Назарбоев ва уни яқинларини жиддий безовта бўлишлари учун, албатта, сабаблар мавжуд. Қозоғистон жамияти якка шахс авторитаризмидан безиган, жамиятда катта ва реал сиёсий ислоҳотларга буюртма аллақачон пишиб етилган. Бу ислоҳотларни амалга ошириш учун Қасим-Жомарт Тоқаев биринчи маъмуриятдан, Назарбоев меросидан жиддий масофа сақлаши керак бўлса, кўпгина амалиётларни танқид қилиши лозим бўлади.

Яъни,менимча, Тоқаев маъмурияти икки ўт орасида, кучли зиддият орасида қолган: бир томондан, жамоатчилик эҳтиёжларини қондириш учун жиддий сиёсий ислоҳотлар қилиш, иккинчи тарафдан, ўзининг патрони - устози Нурсултон Назарбоев ва унинг яқинларига садоқатини кўрсатиш, уларни дахлсизлигини таъминлаш.

Нурсултон Назарбоев Ўзбекистонда бошланган ўзгаришларни кузатар экан, Каримов мероси ва уни яқинлари тақдиридан ўзи учун маълум хулосалар қилган бўлиши мумкин. Каримов бошқарув модели жиддий танқид қилинди ва бу моделнинг репрессив унсуридан воз кечилди. Гулнора Каримова қамоқда қолиб кетди. Ўзбекистон жамоатчилик тафаккурида жиддий ўзгаришлар бошланди, эркин фикрлаш ва сўз эркинлиги танқидий тафаккурни ўстирмоқда. Бу ҳолатларни кузатиб, Назарбоев ҳам ўзининг сиёсий мероси ва яқинлари тақдиридан хавотирга тушиши табиий.

Нурсултон Назарбоев ва уни яқинларини хавотирга сола бошлаган иккинчи омил - бу Россия Федерацияси томонидан Қозоғистон ерларига очиқ тажовузларнинг юқори сиёсий даражада расмийлаштирилгани бўлди. Бугун Кремль ва унга яқин сиёсатчилар Қозоғистон ерларига бўлган ўзларининг даъволарини сиёсий даражада тўлиқ расмийлаштиришди. Бу даъволар ўз-ўзидан йўқолиб кетмайди ва Қозоғистонга жуда кучли геосиёсий, сиёсий босим сифатида қолаверади.

Қозоғистон сиёсий элитаси, хусусан, Нурсултон Назарбоев Россия билан вужудга келган мана шу тангликнинг асосий сабабчиси сифатида самимий ва тўғрисўз бўлган Тоқаевда кўришга мойил бўлиши мумкин. Яъни, Назарбоев, агар Тоқаев ҳам ўзи каби шарқона манипулятор ва Кремлга ёқиш учун бор маҳоратини ишга соладиган автократ бўлганида, балки, Россия-Қозоғистон ўртасида бундай совуқчилиқ пайдо бўлмаслиги мумкин эди, деб ўйлаши мумкин.

Аслида ҳам, авторитар давлатларнинг ташқи сиёсати, геосиёсий имкониятлари давлат раҳбарларининг сиёсий маҳоратларига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Шу маънода, Нурсултон Назарбоев ўзини моҳир дипломат сифатида кўрсата олганди. Лекин бугунги кунда анча самимий ва принципиал бўлган Тоқаев энг аввало Қозоғистон давлатчилигининг геосиёсий мустақиллиги ва қадр-қимматини биринчи ўринга қўяр экан, бу расмий Москванинг маълум даражадаги ғашига тегиши аниқ эди ва шундай бўлди ҳам.

Дариға Назарбоеванинг катта сиёсатга қайтиши камида икки сценарийдан биттасига ишора қилиши мумкин. Биринчиси, Нурсултон Назарбоев ўзидан кейин якка шахс - Тоқаев бошқарувини эмас, коллектив бошқарув тизимини қолдириш ниятида бўлиши мумкин. Бу дегани, президентлик курсиси Тоқаевга берилишидан ташқари, давлатдаги бошқа институтлар раҳбарлиги Тоқаевдан нисбатан ёки тўлиқ мустақил бўлган оила аъзоларига берилиши назарда тутилиши мумкин. Бу билан Назарбоев оиласи аъзолари ва сиёсий мероси дахлсизлигини кафолатлашга интилиш ҳаракати бўлиши мумкин.

Аслида, назаримда, агар тўсатдан вафот этмаганида, Ислом Каримов ҳам ўзидан кейин коллектив бошқарув тизимини қолдирган бўлар эди ва бу жамоада битта эмас, бир қанча бир-бирини тегиб турувчи шахслар жамоасига давлат бошқаруви ишонилган бўларди. Ишонаманки, агар Каримов тўсатдан вафот этмаганида, Гулнора Каримовани ҳам қилган жиноятлари учун бамисоли жазолаган бўлиб, уни оқлаб, яна давлат бошқарувига қайтариш эҳтимоли юқори эди. Каримовнинг тўсатдан вафоти Ўзбекистоннинг иккинчи маъмурияти учун анча эркин фикрлар ва эркин ҳаракат қилиш имкониятиди берди. Акс ҳолда олдинги бошқарув моделини концептуал танқид қилиш ва ундан масофаланиш имконсиз бўларди.

Иккинчи, лекин эҳтимоли паст бўлган сценарий - Назарбоев Тоқаевга бўлган ишончини йўқотиб бошлаган ва Дариға Назарбоевага реал бошқарувни бериш учун маълум ҳаракатлар қилиш ниятида бўлиши мумкин. Лекин бу ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатдан анча қийин масала. Тоқаев - легал ва легитим президент, унинг ваколатлари ҳали тугамаган. Уни ҳокимиятдан кетказиш учун ёки Дариға Назарбоева бошқараётган парламентни давлатнинг асосий бошқарув органи қилиш учун Қоғозистон сиёсий элитасида кучли зўриқиш ва зиддиятлар бўлиши керак. Назарбоев эса, оҳиста манипуляция йўлларини маъқул кўради.

Уни устига, кейинги йилларда Қозоғистон жамоатчилик фикрида Тоқаев анча самимий, ислоҳотчиликка мойил сиёсатчи сифатида қабул қилинади. Уни ҳокимиятдан кетказиш ёки ваколатларини қирқиш - унга бўлган ишончни ўта ортиши ва Тоқаевнинг Назарбоевдан масофаланишига олиб келади. Бу эса, Назарбоевдан кейинги элитада Дариға ва оила аъзолари учун жиддий оппонентларни кафолатлаган бўлади.

Демак, ҳозирча Дариға Назарбоеванинг парламентга қайтиши ва яқин орада катта эҳтимол билан палата спикери бўлиши кўпроқ Нурсултон Назарбоевнинг ўзидан кейин команда қолдириш орқали, Қозоғистон олий ҳокимиятидаги қудратли шахсларни тегиб туриш, бу билан Назарбоев оиласи ва сиёсий мероси хавфсизлигини таъминлашга интилиш бўлиб кўринмоқда".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek