“Мен террорчи эмасман. Ўлимим тарихи” – Ўзбекистонда миллий кино санъати ҳафталиги, дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, official
"Мен террорчи эмасман. Ўлимим тарихи" - Ўзбекистонда миллий кино санъати ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Худди шу ҳафталик доирасида бу йил ишга тушириладиган кинолойиҳалар, 2022 йилнинг янги ғоялари ҳам маълум бўлади.
Ҳафталик куни-кеча Ёшлар ижод саройида очилган, дастурдан кастинглар, маҳорат дарслари, ижодий танловлар, хорижий кинофондлардан қайтарилган мультфильмларнинг махсус намойиши, бу йил ишга тушириладиган кинолойиҳалар, 2022 йилнинг янги ғоялари, давра суҳбатлар ўрин олган.

Сурат манбаси, official
"Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги" "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ташаббуси билан 11-16 январь кунлари "Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография" ойлиги доирасида ўтказилмоқда.
Худди шу ҳафталик доирасида Татаристон ва Ўзбекистон киноижодкорлари ҳамкорлигида Зифа Қодированинг "Сумбул" асари асосида суратга олинган худди шу номдаги бадиий фильм намойиши ҳам бўлиб ўтган.
Хабарларга кўра, ҳафталикнинг энг муҳим воқеликларидан яна бири - «Riviera» кинотеатрининг очилиши бўлган.
Янги кинотеатрда биринчи марта "Фариданинг икки минг қўшиғи" фильми рус тилида меҳмонлар эътиборига ҳавола этилган.

Сурат манбаси, official
Дастурнинг илк кунларида эса, "Мен террорчи эмасман. Ўлимим тарихи" фильмининг катта намойиши бўлиб ўтган.
Мазкур фильм "Ўзбеккино" Миллий агентлиги, "Mir Ali cinema" ва "Iskandariy visual" кинокомпаниялари билан ҳамкорликда, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати кўмагида суратга олинган.
Маълум бўлишича, бу йил ўзбекистонлик томошабинларни қувонтирадиган фильмларнинг аксарияти, жумладан, Миллий кино ҳафталиги доирасида тақдим этилаётган мазкур картина ҳам ёш, умидли ва шижоатли кино ижодкорларининг дебют асарлари ҳисобланади.

Сурат манбаси, official
"Бугунги кунда кино соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан ёш киноижодкорларни қўллаб-қуввватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш, ёшларни ташвишга солаётган муаммо ва камчиликларни ўрганиш борасида белгиланган топшириқлар ва вазифалар ижроси "Ўзбеккино" Миллий агентлиги фаолиятининг бугунги кундаги муҳим шартларидир", - дейди Агентлик директори Фирдавс Абдухолиқов.
Сўнгги 30 йил ичида эса, биринчи марта ВГИК ва "Ўзбеккино" Миллий Агентлиги ўртасида меморандум имзоланган, худди шу ҳужжат асосида, Ўзбекистон кино саноатининг ёш мутахассислари танлов асосида бу нуфузли олийгоҳга ўқишга қабул қилинган.
"Ёшлар ижодий-тажриба студияси" негизида бошланган "Дебют" лойиҳаси кино соҳасига қизиққан ёшлар учун ўзига хос старт майдончасига айлангани айтилади.

Сурат манбаси, official
Кино ҳафталикнинг иккинчи кунида "Зумраша" киножурналининг келажакдаги фаолияти ҳам муҳокама қилинган.
Бу киножурнал бир неча йиллардан буён болалар учун туркум фильмлар тақдим этиб келади.

Сурат манбаси, official
Бундан ташқари, 2021 йилнинг янги кинолойиҳалари бўйича питчинг ҳам ташкил этилган.
"Янги Ўзбекистон ва Миллий кинематография: 2021 йил ишга тушириладиган кинолойиҳалар, 2022 йилнинг янги ғоялари" мавзусида ташкил этилган давра суҳбати янги кинолойиҳаларга бағишланган.

Сурат манбаси, official
Унда Акбар Бектурдиевнинг «Узбечка», Жаҳонгир Аҳмедовнинг "Бўйсунмас", Дилмурод Масаидовнинг "Аёл қисмати", Мирмақсуд Оҳуновнинг "Сўнгги дарвеш", Абдусамат Ғаниевнинг "Йиғламас" ва шу каби лойиҳалар тақдим этилган. Давра суҳбатида кинолойиҳаларнинг мавзулари, жанрлар хилма-хиллиги, ко-продукциялар, мутлақо янги форматдаги анимациялар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган.

Сурат манбаси, official
Шунингдек, режиссёрлар томонидан тарихий фильмлар олиш бўйича декорациялар яратиш, уларни сақлаб қолиш, тарихий реквизитларни агентлик тасарруфига олиш каби қатор масалалар кўриб чиқилган. Маълум бўлишича, мазкур давра суҳбатини ўтказишдан мақсад, ўзбек миллий кино санъатига янги мавзу, янги номлар, ўзгача услуб олиб кириш ва янги чеҳраларни кашф қилишдир.

Сурат манбаси, official
"Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография" ойлиги доирасида вилоятларда ижодий учрашувлар ҳам бўлиб ўтмоқда.
Куни-кеча киноижодкорлар билан Самарқанд вилоятида бўлиб ўтгани ортидан, "Ўзбеккино" буюртмаси асосида режиссёр Жаҳонгир Қосимов томонидан суратга олинган "Ибрат" бадиий фильми ҳам намойиш этилган.
Ҳафталик доирасида эса, яна ҳужжатли фильмлар тақдимоти, "Дебют" ёш киноижодкорлар фестиваллари бўлиб ўтиши айтилмоқда.
Хабарларга кўра, уларда Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ҳамда Шуҳрат Аббосовнинг 90 йиллик юбилейи ҳақида ҳам сўз юритилади.
"Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги" 16 январь куни расман поёнига етади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














