Қозоғистон: Намойишлар бостирилди, ўнлаб одам ҳибсга олинди – яна Назарбоев партияси ютди - Qozog‘iston, O‘zbekiston, Mirziyoyev, saylov, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Қозоғистон: Намойишлар бостирилди, ўнлаб одам ҳибсга олинди - яна Назарбоев партияси ютди. Кеча, якшанба куни Қозоғистонда парламент сайлови бўлиб ўтди. Мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти ва Элбоши партиядошларини ғалабаси билан шахсан қутлади.
Таъбир жоиз, "анъана" ўзгаришсиз қолди, Нурсултон Назарбоевнинг қудратдаги Нур Отан партияси сайловда қарийб 72 фоиз овозга эга бўлди.
Экзит-полл натижаларига кўра, қолган икки партия парламентга кириш учун лозим бўлган 7 фоизлик тўсиқдан ўтишга муваффақ бўлган.
Бу гал ҳам сайлов бирор бир йирик мухолифат партиясининг иштирокисиз кечди, бўй кўрсатган кичик кўча намойишлари эса, полиция томонидан тезда бостирилди.
Нур Отан партияси Қозоғистон парламенти қуйи палатасидаги аксарият - 107 ўриндан 84 тасига эгалик қилиб келади.
2019 йилда ўз хоҳиши билан президентликдан истеъфо берган 80 ёшли Нурсултон Назарбоев ҳали-ҳануз мамлакатда ўз таъсирини йўқотмаган, катта қудратга эга.
Собиқ президент Қозоғистон Миллий Хавфлик Кенгаши раҳбари ва бошқарувдаги Нур Отан партиясининг лидери бўлади.

Сурат манбаси, official
Якшанба кунги парламент сайловида Қозоғистондаги жами 4 партия беллашган.
Улардан бирор бир Назарбоев ёки амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг очиқ танқидчиси бўлмаган.
Ўз танқидлари тиғини асосан қуйи даражадаги мулозимлар ва уларнинг сиёсатларига қаратиб келишган.
Ҳукумат танқидчиларига кўра, бу партияларнинг сайловдаги иштироки "плюрализм тасаввурини яратиш"ни кўзда тутган, холос.
Парламент сайлови кичик кўламдаги намойишлар манзарасида кечган.
Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри - Олма отада ўнлаб мухолифат фаоллари "Бойкот", "Назарбоев кет" шиорлари билан кўчаларга чиқишган.
Рейтерс ахборот агентлигининг ёзишича, улар тезда полиция томонидан ўраб олинган. Ўнлаби ҳибсга ҳам олинган.
Кейинроқ Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ҳибсдагилар барчасининг қўйиб юборилганини маълум қилган.
Қозоғистондаги энг йирик мухолифатдаги Умуммиллий Социал Демократик партияси эса, парламент сайловини бойкот қилган.
Яна бир мухолифат ҳаракати - Демократик партия сайловда иштирок этиш учун расман қайддан ўта олмаган.

Сурат манбаси, Anadolu Agency
Қозоғистон парламент сайлови қўшниси Қирғизистондаги муддатидан илгари президент сайлови ва референдум билан бир кунга тўғри келган.
Якшанба кунги референдум ортидан, Қирғизистон ҳам президент бошқарувига қайтган.
Референдумнинг дастлабки натижалари бу мамлакатда ҳам парламент тизими энди барҳам топишини англатган.
Ўтган йили Қозоғистон президентининг ваколатлари янада кенгайган.
Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси ортидан, Сенати ҳам бу хусусдаги қонун лойиҳасини маъқуллаган.
Қозоғистондаги президент ваколатлари билан боғлиқ сўнгги тузатишларга глобал коронавирус пандемияси сабаб бўлгани айтилганди.
Ўзбекистонда эса, президент сайловига тадорик бошланган. Ўзбекистон ҳам бу йил янги президентини сайлайди.
Бўлажак сайлов санаси ва унда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ўз номзидини илгари суриш-сурмаслиги ҳозирча маълум эмас.
Ўзбекистонда бундан аввалги президент сайлови Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти сабаб, 2016 йилда муддатидан илгари чақирилган.
Ўзбекистонда сўнгги парламент сайлови 2019 йилда бўлиб ўтган, унда ҳам бошқарувдаги партия - O`zLiDeP ғалаба қозонган.
2016 йилги Ўзбекистон президент сайловида Шавкат Мирзиёев номзоди худди шу партия томонидан илгари сурилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















