Президент сайлови: Ўзбеклар кимни сайламоқчи? - Минтақа ва сиёсат, video, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

    • Author, Шоҳруҳ Соипов,
    • Role, Мустақил журналист, Жанубий Қирғизистон
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Президент сайлови: Ўзбеклар кимни сайламоқчи? - Қирғизистон 10 январь куни муддатидан илгари янги президентини сайлайди. Олти миллиондан сал ошувчи мамлакат аҳолисининг бир миллиондан кўпроғини ўзбеклар ташкил этишади.

Қирғизистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ва ўзбеклар нисбатан зич яшовчи жануби ҳар бир президент сайловида муҳим аҳамият касб этиб келади.

Мустақил Қирғизистон тарихида олтинчи президент бўлиш истагини билдириб, сайловга отланган номзодлар орасида собиқ Бош вазир-муваққат президент Садир Жапаровнинг имконияти кўпроқ экани айтилмоқда.

10 январь куни бўлиб ўтаётган муддатидан илгари президент сайловида жами 17 номзод беллашмоқда.

Бу мустақил мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. 2017 йилги президентлик сайловларида 13 нафар номзод иштирок этган эди.

Номзодларнинг ташвиқот ишлари сайловга саноқли кунлар қолган бир пайтда расман тўхтатилган, асосан тинч кечган.

Марказий Осиё давлатлари орасида ўз вақтида "демократия оролчаси" дея номланган ва уч инқилобга юз тутган Қирғизистон олтинчи бор президентлик сайловини ўтказмоқда.

Давлат раҳбарлигига номзодлар тегишли ҳужжатларни йиғиб, $12 минг доллардан сал кўпроқ пулни гаровга қўйиш билан биргаликда, камида 30 минг сайловчининг имзосини тўплаб, Марказий сайлов комиссиясига топширишган.

Номзодлар орасида собиқ депутатлар, вазирлар, ишбилармонлар, ўқитувчилар, ҳажвчилар, ишсизлар ва ҳаттоки ўзини «пайғамбар», деб атаганлар ҳам бор. 17 номзоддан фақат бир нафари аёл.

2021 йилнинг 10 январь куни президентлик сайлови билан бир қаторда, давлатнинг бошқарув шакли бўйича ҳам референдум ўтказилиши режалаштирилган.

Ўн йил аввал Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бор парламент тизимига ўтган Қирғизистон референдумдан сўнг яна президентлик бошқарувига қайтиши кутилмоқда.

Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий комиссия 316та халқаро кузатувчиларни рўйхатдан ўтказган. Шунингдек, мингга яқин махаллий кузатувчилар сайловларнинг ўтишини назорат қилиб боради.

Хавфсизлик, электр энергияси ва коронавирус

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 8 январдан бошлаб, милиция ходимлари яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари ва референдум муносабати билан кучайтирилган тартибда хизмат ўтайдилар.

"Сайлов куни жамоат тартибини таъминлашга 11 минг милиция ходимлари жалб қилинади. Айни пайтда сайлов участкаларида 5 мингдан ортиқ ходим ишламоқда" дейилади расмий хабарда.

Ўтган йилнинг 4 октябрида "адолатсиз" ўтказилган парламент сайловлари ортидан, пойтахт Бишкекда норозилик намойишлари уюштирилиб, халқ инқилоби юз берган ва ҳокимият ағдарилиб, Садир Жапаров раҳбарлигидаги янги муваққат ҳукумат тузилган.

Бу эса муддатидан аввал президентлик сайловини ўтказишга туртки бўлган. Шу омиллар назарда тутилиб, навбатдаги халқ ғалаёнини олдини олиш учун адолатли сайлов ўтказилиши айтилмоқда.

Шунингдек, бу галги президентлик сайлови республикадаги электр тақчиллиги кузатилаётган бир пайтга тўғри келаяпти. Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғлайдиган ягона энергия тизимининг электр узатиш линияларидаги режадан ташқари узилишлар сабаб, Қирғизистонда ҳам электр энергиясида муаммолар пайдо бўлган.

Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши ва Қирғизистонда ҳам минтақа давлатлари каби ғайриодатий равишда электр энергиясининг озайиши сайлов жараёнларини тўлақонли ўтказилмай қолиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирган.

Маъсуллар эса сайлов участкаларида қўшимча ёруғлик билан муаммо бўлмаслигини, қўшимча электр манбаи, генераторлар ўрнатилишини ваъда қилмоқда.

Қирғизистонда муддатидан аввал ўтказилаётган президентлик сайлови худди парламент сайлови каби глобал коронавирус пандемияси авж олаётган бир пайтга тўғри келаяпти.

Қирғизистон: Кўнгилли қизлар ва йигитлар мамлакатни қандай қутқаришди? Дунё, янгиликлар - BBC

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Минтақа давлатлари орасида коронавирус тарқалиши бўйича Қирғизистон Қозоғистондан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Республикада кун сайин икки юзга яқин одам коронавирусга чалиниб, бешга яқини вафот этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса, сайлов участкалари коронавирусга хавфсиз экани, сайловчилар соғлигига зиён етмаслигини урғуламоқда.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Сайловчилар умидлари...

Биз 10 январь кунги президентлик сайлови, номзодлар ҳақида маҳаллий аҳоли фикрини ҳам сўрадик.

Замирахон Ибайдуллаева, уй бекаси

Президентликка номзодлар Адахан Мадумаров, Садир Жапаров ва Ўш газ идорасининг раҳбари ҳақида эшитдим. Уларнинг дастурлари билан танишмадим.

Бу номзодларнинг қай бири мақбул эканини билмайман. Президент халқ ғамини ейдиган, эл манфаати учун ишлайдиган одам бўлиши керак. Нарх-наволар кўтарилиб кетаяпти. Уларни назорат қилиш керак. Порахўрликни бартараф этиш керак. Ишга кириш учун ҳам пора берилади. Кўп ишламай, арзимаган баҳона билан ҳайдайди. Давлатда иш ўринлари яратилиши керак, одамлар оиласини боқиш учун Россияга кетаяпти. Ўзимизда иш бўлса, шу ерда ишлашади.

Сайловда кимга овоз беришимни ҳали хал қилмадим. Оиламиз кимгадир овоз бериш учун пул олиб, овозимизни сотмаймиз. Ўзимизга ёққан номзодни, виждонан сайлаймиз.

Юсуфжон Авас, мутахассис

Президентликка номзодлардан асосий қисмини танийман. Лекин номзодлар орасида аввал умуман жамоатчликка нотаниш бўлган одамлар ҳам бор. Асосий номзодлар Садир Жапаров, Равшан Жээнбеков, Абдил Сегизбаев, яна бири ўзини "пайғамбар",дея атаб , "Қиш бўлмайди" деган гаплари билан танилган шахс Арстанбек Абдилдаев. Уларнинг дастурлари билан алоҳида танишиб чиқмадим. Ҳаммасиники бир-бирига ўхшаш, бунгача сайланган президентлар дастури. Эски ваъдалар, Қирғизистонни ривожлантирмиз, ҳаёт тарзини яхшилаймиз, ишчи ўринларини кўпайтирамиз каби. Янгилик йўқ, барчаси эски гаплар. Баъзилари аввалги гапларидан ҳам тонаяпти. Садир Жапаров ҳам "Қумтор" олтин кони бўйича масалани кўтариб чиқиб, қирғизистонликлар мехрини қозонганди. Лекин у ҳам хозир аввалги позициясидан қайтди, "Конда олтиннинг оз заҳираси қолган, уни давлатга қайтариш фойдали эмас" деб.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Менга дастурлари ёқадиган ҳеч қайси номзод йўқ. Лекин бироз демократик тамойилларга асосланган Равшан Жээнбековга овоз беришим мумкин. У одам интеллигент, билимли, ислоҳот қила олади. Қолганлари ҳақида бундай дея олмайман. Бу - менинг шахсий фикрим. Президент бўлиш учун барча соҳани тушуниш керак. Демократия, инсон ҳуқуқлари, иқтисод ва ташқи алоқларни ривожлантира оладиган инсон бўлиши муҳим. Шу нуқтаи назардан Равшан Жээнбеков яхшироқ. Албатта, уни кўпчилик Америкпараст дейди. Бошқа номзодлар-чи, Россияпараст-ку? Америка Қирғизистонга кўп ёрдам бераяпти, эвазига эса ҳеч нарса талаб қилмаяпти. Давлатни ички ишларга аралашмайди. Россияга ўхшаб ўз сиёсатини тарғиб қилмайди. Бошқа номзодлар эса Россияга ён босишади. Бизнинг бугунги аҳволда яшашимизга сабабчи Россия-ку? Унга ривожланган давлатнинг кераги йўқ. Ҳар доим ичида тартибсизлик бўлган, ночор давлат Россияга фойда бўлади.

Ҳозир барча номзодлар ваъдаларни бераверади. Лекин президент бўлганидан кейин эса ваъдаларини унутишади.

Янги президентдан қилинадиган умид ҳам йўқ, умидлар сўнди. Сабаби, ҳозир давлатни криминал бошқараяпти. Олигарх ва порахўрлар бошқараяпти. Авваллари давлат сиёсатидан норози бўлиб ҳақиқатни айтиб чиқсангиз, қамоққа оларди, "қонуний" чора кўриларди. Ҳозир эса бир нима дейиш ҳам хавфли бўлиб қолди. Сабаби, иқтидордаги раҳбарлар сиз билан савдолашиб ўтирмайди, ўлдириб кетишлари ҳам мумкин. Улар қонуний иш қилиш деган нарсани тушунишмайди. Қўрқитиш орқали иш олиб боришади.

Янги президент давлат иқтисодиётини ривожлантириши керак. Бунинг учун давлат идораларида назоратни кучайтириш керак. Солиқ, йўл тармоғида, аэропортдаги порахўрликларни йўқ қилса, давлат бюджетига кўпроқ пул тушади. Агар аввалги президентлар хатосини такрорлайдиган бўлса, Қирғизистон яна қарзга ботади, келажаги йўқ давлатга айланади ва Россиянинг автоном вилоятига айланиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Соҳиб Мамиров, банкир

Мен президентликка номзодлар Адахан Мадумаров билан Бобур Толбаевнинг ташвиқот ишларини яқиндан кузатиб бораяпман. Барча номзодларнинг ваъдалари бир хил. Дастурларида баъзи фарқлар бўлиши мумкин. Ҳаммасида иқтисодни ривожлантириш, иш ҳақларини кўпайтириш каби бўлимлар мавжуд.

Ҳали қайси номзодни сайлаш тўғрисида бир қарорга келмадим. Бироқ Бобур Толбаевнинг дастурлари ҳақиқатга яқинроқ экан. У ҳақиқий раҳбар, менежер, давлат, халқ ва тузум билан қандай ишлашни, халқаро алоқаларни билади.

Янги президент давлатда барқарорликни кафолатлаб, иқтисодни ривожлантириб, иш ўринларини тузиши ва пандемиядан олиб чиқиб кетиши керак. Шунингдек, ташқи қарзларимизни узиб, ер ва элимиз бировга кетиб қолмаслигига ҳаракат қилиши керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek