Президент оддий халқни ишонтира олдими? - пандемия, минтақа ва сиёсат, video, Tojikiston, O‘zbekiston, koronavirus, dunyo, yangiliklar

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

    • Author, Мустақил журналист,
    • Role, Тожикистон
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Президент оддий халқни ишонтира олдими? - Тожикистонликлардан бири, "Агар ростдан ҳам Ковидни енгган бўлсак, нега масжидлар ҳалигача очилган эмас?", дея таажжубланаётган бўлса, бошқаси, "Ковид йўқ ҳисобида экан, нега Россияга қўйишмаяпти?", - демоқда.

Нима у коронавирус: 2021 йил ковидни буткул унутамизми? BBC News O'zbek yangiliklar

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўтган йилнинг охирги куни ва янги - 2011-йилнинг биринчи кунларида Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳоллари қайд этилмаган. Жумладан, Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги маълумотига кўра, бирон кишига COVID-19 юқмаган.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўзининг Янги йил табригида пандемия мавзусига тўхталар экан, мамлакатда юқумли коронавирус беморлиги деярли йўқолишга юз тутганлигини таъкидлаган. Президент шу билан бирга мамлакат аҳолисини ҳушёрликни ҳеч қачон йўқотмасликка, бепарво бўлмасликка, шифокорлар ва мутахассислар маслаҳатларига, тавсияларига қулоқ тутишга, шахсий ва жамият гигиенаси қоидаларига риоя қилишга чақирган. У дунёнинг айрим мамлакатларида коронавирусга чалиниш қайтадан авж олаётганини урғулаган.

Марказий Осиё давлатлари орасида (Туркманистондан ташқари) Тожикистон ҳукумати мамлакатида коронавирусга чалиниш ҳоллари юз берганини ҳаммадан кеч эълон қилган.

2020 йилнинг 30 апрелида 15 кишининг COVID-19 юқтиргани айтилганди. Бу маълумот мамлакатга Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг махсус гуруҳи келишидан олдин оммалаштирилганди.

Лекин бунгача ижтимоий тармоқларда Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳоллари мавжудлиги ва ўлим ҳолатлари юз берганлиги, лекин расмийлар уларни зотилжам билан оғриш дея изоҳлашаётганлари айтилганди.

Ваксина кимлар учун?

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

Янги йил кириб келишидан бир неча кун ўтиб, 5 январда яна 5 кишига COVID-19 юққани борасида маълумот берилган. Шу маълумотни тарқатган Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 13.305 нафарга етган. Уларнинг 13060 нафари (98,1 фоизи) тузалган. 90 нафар киши вафот этган.

Айни бир пайтда 155 нафар киши коронавируснинг енгил белгилари билан шифокорлар назорати остида уй-уйида даволанмоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири Жамолиддин Абдуллазода фикрига кўра, кириб келган йилда мамлакатда коронавирус кўпаймайди, аксинча камайиб кетади.

Унинг айтишича, коронавирус тарқалиши олдини олиш ва унга қарши кураш республика штаби кўраётган чоралар бунга хизмат қилади.

«Янги йил арчалари ўрнатиш, бу муносабат билан тантаналар, зиёфатлар ўтказиш, таълим, маданият соҳаларида эҳтиёт чораларини кучайтириш ҳам ана шу чора-тадбирлар сирасига киради», деди вазир.

Мамлакатда август ойининг ярмидан бошлаб олий ва ўрта таълим муассасаларида ўқиш тикланди. Сал кейинроқ кўнгилочар муассасалар, жумладан, тунги клублар фаолиятига ҳам ижозат берилди. Айрим бозорлар ҳатто коронавирус авжига чиққан паллада ҳам ёпилмаганди. Лекин масжидлар шу пайтгача ёпиқлигича қолмоқда. Жаноза намозларидан бошқа намозларни жамоа бўлиб ўқиш тақиқланган.

Жамолиддин Абдуллазоданинг фикрича, ваксина билан эмлаш ўтказилиши мамлакатдаги коронавирус вазиятини янада яхшилайди. Унинг айтишича, жорий йилнинг иккинчи ярмига қадар COVAX халқаро механизми доирасида эмлаш бошланади.

Вазирга кўра, ваксиналар аҳоли орасида одиллик билан тақсимланади. Биринчи бўлиб, коронавирус юқиши хатари кўпроқ бўлган қатламлар - соғлиқни сақлаш, маориф каби соҳаларда ишлаётган кишилар, қариялар, қанд диабети, юрак-қон томир касалликлари, семизликдан азият чекаётган кишилар эмланади.

Ваксина билан эмлашни мақсадга йўналтирилган тарзда ўтказиш мақсадида махсус гуруҳ ташкил этилган. Бу гуруҳ томонидан тузилган рўйхат бўйича биринчи навбатда мамлакат аҳолисининг 20 фоизи, ёки 1,8 миллион нафар киши ваксиналашга қамраб олинади. Улар тиббиёт, маориф соҳалари ходим-лари, 50 ёшдан ошган кишилар ва сурункали касаллик билан оғриётганлар-дир. Бунинг учун COVAX механизми томонидан инсонпарварлик ёрдами тариқасида етарли миқдорда ваксина ажратилади. Бундан ташқари, ваксина сотиб олиш учун Бутунжаҳон банки 3 миллион АҚШ доллари ажратган бўлиб, қўшимча равишда яна 5 миллион доллар ажратиш назарда тутилган.

Оддий кишилар нима дейишмоқда?

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

Пандемия борасидаги расмий маълумотлар аксарият тожикистонликлар орасида хотиржамлик уйғотмоқда. Кўча ва бозорларда ҳимоя ниқоби таққанларга қараганда уни тақмай юрган кишилар уч-тўрт марта кўпроқ учрайди. Кирди-чиқди кўп бўладиган ишхоналар, ташкилот ва муассасалар эшиги олдида олдиндагидай иссиқлик ўлчайдиган ва қўлларга антисептик сепадиган кишиларни кўрмайсиз.

«Айниқса ёз ойлари, кузнинг бошида ҳам уйимизга деярли ҳар куни ҳамширалар келишар, соғлигимиз билан қизиқишар, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишни таъкидлашарди, Икки ойдан буён ҳеч ким келгани йўқ. Демак, коронавирус хавфи ариган-да», дейди Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган Ҳанифа исмли аёл.

«Коронавирус юқса, манови ошхонада юқарди-да. Қани бир ярим-икки метрлик масофа? Ҳа, овқатни ниқобни ечмасдан еб бўлмаса?», дейди Хўжанд шаҳридаги ошхоналардан бирида овқатланаётган йигит.

«Аввалига ниқобсиз юрганларни жаримага торта бошлашди. Ҳозир ниқоб тақмайман. Ҳар икки-уч соатда ниқоб алмаштириш жонимга тегиб кетди», деди душанбелик таксичи йигит.

«Агар ростдан ҳам Kовидни енгган бўлсак, нега масжидлар ҳалигача очилган эмас?», деди Душанбе яқинидаги Рудакий туманида яшашини айтган намозхон қария.

«Менимча, хотиржам бўлишга эрта. Хитойни айтмай, юз минглаб тожикистонликлар ишлаётган Россияда коронавирус тарқалганда, бизга етиб келмайди, деб хотиржам юрдик. Ана, Англияда коронавируснинг янги турини аниқлашибди. У ҳозир бутун Европага тарқалаётган экан. Ҳа, манаман деган Америкада бир кунда неча юз минг одам ковид бўпти-ку!» Бу гапларни айтган душанбелик Азиз оиласида ўзидан тортиб, хотини, университетда ўқийдиган ўғлигача коронавирус юқтириб, даволанишгани эслади.

«Бир ҳисобда коронавирусни ўйлаб ваҳимага тушишдан, хотиржамлик инсон руҳиятига яхши таъсир кўрсатади. Лекин барибир санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган одам янада хотиржам бўлади», деди Душанбе клиникаларидан бирида ишлашини айтган руҳшунос шифокор.

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

«Ковид йўқ ҳисобида экан, нега Россияга қўйишмаяпти? Ўғлим ҳам, дадаси ҳам Москвага кета олишмаяпти. Ишсиз юришганига бир йил бўляпти. Етти жонмиз. Қишга ғамлаган ун-ёғимиз тугади, гуручнинг ярмини еб тугатдик… Билмадим, Россияга йўл очилмаса, қишдан қандай чиқамиз. Қарзга ботиб қолмасак эди!», дейди Ёвон ноҳиясида яшайдиган қирқ беш ёшдаги Садаф исмли аёл.

«Менинг ўғлим ва келиним Россияда, Сургутда ишлашади. Анчадан бери пул юбормай қўйишган. Ўзларини эплашса бўлгани. Аммо Россияда коронавирус кўпайганини эшитиб хавотирга тушдим. Болаларимга келинглар, десак, йўлкира беш-олти баравар ошиб кетган, бунча пулимиз йўқ, дейишди», оҳ тортди Бохтар шаҳрида яшайдиган Муаззам исмли 60 ёшлардаги аёл.

Худди шу Россиядаги меҳнат муҳожирлиги омили ҳам ҳисобга олинган ҳолда мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон аҳолини қайта-қайта камида икки йиллик қишга етарли озиқ-овқат жамғаришга, бунда томорқадан унумли фойдаланишга чорлаганди. Лекин, кузатувчиларга кўра, кўплар кутилмаган касалликка чалинган яқинларини даволатиш учун топган-тутганларини сарфлашди. Устига дори-дармон, ортидан озиқ-овқат нархи ошиб кетди. «Давлат томонидан минимал маош ва пенсия ҳисобидан 15 фоизлик иш ҳақи ва нафақа пулини оширишлар урвоқ ҳам бўлмади. Тўғри, Kовидга чалинган кишилар оилаларига инсонпарварлик ёрдами ҳисобидан моддий кўмак кўрсатилди. Лекин маҳаллий ҳукуматлардаги айрим ноинсофлар туфайли бу ёрдам ҳар доим ҳам ўз эгасига етиб бормади», деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

Яқинлари коронавирус юқтириб, вафот этган, лекин уларга зотилжам, қон қотиши каби касалликлардан ўлган дея ташхис қўйилганидан норози кишилар эса, Kовид билан ҳеч ким оғришини исташмаса-да, лекин пандемиянинг мамлакатдан буткул ариётганига тузук-қуруқ ишонишмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek