АҚШ сайлови 2020: Ҳануз Трамп ғалабасига ишонадиган одамлар бор - бунинг оқибатлари-чи? O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

- Author, Тара МакКелви
- Role, Маунд-Сити, Канзас
АҚШ сайлови 2020: Ҳануз Трамп ғалабасига ишонадиган одамлар бор - бунинг бутун мамлакатга таъсири бўлиши мумкин. Хавотирлар кучайиб бормоқда.
Сайланган президент Жо Байден ноябрь ойидаги сайловда ғалаба қилгани эълон қилинганидан ҳафталар ўтса-да, Дональд Трампнинг ашаддий тарафдорлари орасида сайлов жараёнига нисбатан чуқур ишончсизлик сақланиб қолмоқда. Бу ҳолат давлат ва унинг институтлари учун жиддий таъсирга эга бўлган консерваторларнинг кайфиятини ифода этади.
Мейн стритда турганча 73 ёшли Диллард Унгехеер пойабзали тагига ёпишган сигир тезагини кўчириб ташлайди. Кўринишидан жуда аччиқланган. Сайлов масаласига келганда унинг ҳиссиётлари жунбушга келади. Аксарияти сохта, дейди у.
"Бу масалада ҳеч ким билан тортишмоқчи эмасман, - дейди у овози баландлаб. - Нима деётган бўлсам, бари факт эканига ишонаман."
Сайлов натижаларидан жуда ғазаблангани шундай кўриниб туради. Унинг бу туйғулари шаҳарчадаги кўпчиликка хос.
"Йўқ, ҳукуматга ишончим жуда паст", дейди у.
АҚШ президенти Дональд Трамп Демократик партиядан рақиби Жо Байденга мағлуб бўлди. Унинг сайлов натижаларини судда бекор қилдиришга уриниши муваффақиятсиз чиқди. 6 январь куни ҳар бир штатдан келадиган сайловчилар овози Конгрессда ҳисоб қилинади.
Гарчи айрим республикачилар ана шу охирги босқичда сайлов ғолибини тан олишга қарши чиқишини айтаётган бўлса ҳам, бу шунчаки жараённи секинлатиши мумкин, натижани ўзгартира олмайди.

Ўртағарб штати бўлмиш Канзасда 20 чоғли республикачи сайловчилар билан ўтказилган сўровномалар улар дунёни қандай кўришини очиқлади.
Уларнинг кўпчилиги ғалаба қўлларидан алдов билан олиб қўйилган деб ўйлайди ва демократик институтлар, айниқса, сайлов жараёни бузилган, деб ҳисоблайди.
Шимолий-шарқий университет ўтказган ана шу ва бошқа сўровномаларга кўра, Канзас ва бошқа штатлардаги аксар республикачи сайловчилар ё Трампнинг ғалаба қилганига ишонади ёки ғолиб номаълум, дейди.
50 ёшли Жэки Тейлор Плезантондаги "Linn County News" ношири. Унинг айтишича, сайлов натижалари ўғирланган. "Бирортаси тоза эмас. Ана шу ифлос шароитда сайланган одам ҳозир президент."
Нега сайлов сохталаштирилган деб ўйлашлари ҳақида сўралганда, уларнинг аксари бу хабарларни "Newsmax", "One America News" ва сайлов натижаси сохталаштирилганини даъво қиладиган бошқа ОАВдан олганини айтди. Бу ахборот воситаларини Трамп ҳокимиятга келгунга қадар кўпчилик билмасди.
Трамп тез-тез уларнинг номини тилга олди ва шу билан уларни оммалаштирди.

Бошқаларнинг айтишича, улар Байденни қўллайдиган бирорта ҳам одамни танимайди ва фақат Трампни дастаклайдиганларни кўрган.
Улар учун Байденнинг ғалаба қилгани тушунарсиз ҳолат. Гарчи бирорта далил бўлмаса ҳам, улар либераллар сайлов натижасини ўғирлаганига қаттиқ ишонади. Уларнинг фикрлари ўзлари кўрадиган ТВ дастурларда ҳам акс этади, қаҳвахоналарда, газ станцияларида ва шаҳарнинг бошқа жойларида муҳокама қилинади.
Улар бутун тизимни қайта кўриб чиқиш, сайлов жараёнини қаттиқроқ назоратга олишга чақирадилар. Байден Американи социалистик давлатга айлантириб, Америка демократиясидан қолган ҳамма нарсани йўқ қилишидан қўрқадилар.
Тайлор Жонсон 35 ёшда, у машинаси олдида турганча, сайловдаги сохталик ҳақида гапиради.
"Америка жуда мўрт аҳволда турибди"
Шаҳар ташқарисида бир пикап ердан чанг кўтариб, юриб келади. Унга "Ҳар бир Демократни чиқариб юбориш учун овоз беринг", деб ёзилган.
Жонсон демократлар ҳокимиятда бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди: "Сайловлар масаласида саволлар бор экан, улар илгари сураётган ҳамма нарсага шубҳа қилишимга асос бор."
У отаси сингари фермер - бузоқларни боқиб ўстиради, икки ёшли ўғли Монроу ҳам анъанани давом эттиришига умид қилади. Аммо демократлар бу соҳани вайрон қилишидан хавотирда.
"Байден жорий қилмоқчи бўлаётган барча тартиблар менда менинг ҳозирги турмуш тарзим отамдан менга ўтгани каби эртага болам учун ҳам мос келадими, деган саволни пайдо қилади", дейди у.
Уларнинг сайлов жараёни тўғрилигига бўлган шубҳаси АҚШни иккига - Байденнинг президент эканига ишонадиган ва уни инкор қиладиганларга бўлиб юборган.
"Америка жуда мўрт аҳволда турибди", дейди Оҳайо штат университетидан сайлов қонунчилиги бўйича мутахассис Эдуард Фоули. У сайлов жараёнига бўлган ишончсизлик "тизимнинг бутун асосини савол остига олади", дейди.

Фоули тарихда юз берган сайлов устидаги бошқа бир машмашани ёдга олади. 2000 йилда Республикачи номзод Жорж Буш 537 овоз фарқ билан Флоридада ғалаба қилади. Демократ рақиб Ал Горнинг тарфадорлари жуда тушкун бир ҳайратда эди.
"Расмийлар ўз сиёсий ҳокимиятидан фойдаланиб, сайлов натижаларини ўзгартиряпти деган хавотир бор эди", дейди у. Демократлар масалани Олий судга олиб чиқишган, аммо судьялар бу уринишларга чек қўйган эди.
Бугун эса Трамп ва унинг тарафдорлари Байденнинг ғалабасига жиддий шубҳа билдиряпти.

Канзасдан янги сайланган АҚШ сенатори Рожер Маршалл Конгресс аъзолари чоршанба куни Байденнинг ғалабасини тасдиқлаш учун йиғилганда ўз эътирозларини билдиражагини айтмоқда. Маршалл ва бошқа ўнтача консерватор сенаторлар Байденни тўхтатиш учун охирги чоралар сифатида айрим штатлардаги сайлов натижаларини сўроқ остига олмоқда.
Сайлов натижаларини бу тарзда инкор қилиш сайлов жараёнига бўлган ишончни синдирмайдими, деб савол берилганда Маршалл бу масалани кўтаражаги, чунки "мен одамларда келажак сайловларга ишонч бўлишини истайман, шундай экан мен одамларнинг ишончини ҳозиргидан кўра камайтира олмайман", деб жавоб берди.
Унинг хавотирлари консерваторлар орасида кенг тарқалган. Уларда социализмдан ва Байден президентлиги оқибатларидан қўрқув кучли.
"Социализмнинг илк нишоналарини кўриб тургандекмиз", дейди 53 ёшли Майк Эвери. У Линн округидаги Мейн стритда жойлашган ёғоч омбори эгаси. Бу ерда сайловчиларнинг 80 фоизи Трампга овоз берган.
Ёғоч тўсиқ ва панжаралар ясовчи Ангеҳойер ҳам Байден сиёсати ҳақида гапиради: "Ҳар бир одамга нимадир бериш билан ишни бошлолмайсиз. Эшакдек ишлаб юритган бизнесимни бериб юборишим керакми? Венесуэла социалистик йўлдан юриб ҳеч нарсага эришмади."

Шунингдек, Канзас ва бошқа ерларда сайлов жараёнига қаттиқ тартиблар киритишга чақириқлар янграмоқда.
"Менимча, почта орқали овоз беришда сохталаштиришга йўл қўйилган. Менимча, овоз берганлар орасида бизни аллақачон ташлаб кетганлар ҳам бор", дейди 65 ёшли пенсионер Жулия Смит.
"Менича, биз қўлимизда ID билан шахсан бориб, овоз беришга қайтишимиз керак."
Унинг учун Трампнинг мағлубияти Демократларнинг найранг қилгани далилидир, уларни тўхтатиш керак. Шундай деб у ўзини шамолдан пана қилиб пальтосига қаттиқроқ ўранадию, йўлида давом этади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














