Энди ҳеч бир уйда свет ўчмайди - Ўзбекистон ва Марказий Осиё, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
- Author, Мустақил журналист,
- Role, Тожикистон
Энди ҳеч бир уйда свет ўчмайди - бугундан бошлаб ҳар бир уйда кечаю кундуз электр токи бўлади. "Барқи Тожик" ваъда берди. Газ ва свет тақчиллиги ҳозир Ўзбекистонда ҳам кўпчиликнинг шикоятига сабаб энг долзарб мавзулардан бири бўлади.
10 декабрдан бошлаб бутун Тожикистон аҳолисини кечаю кундуз электр қуввати билан таъминлаш бошланди.
Бу борада "Барқи Тожик" давлат ширкати расман маълум қилди.
Марказий Осиёда энг кўп сув захираларига эга Тожикистонда куз фасли бошиданоқ фақат қишлоқларда эмас, аксарият шаҳарларда ҳам электр қуввати бериш муддати чекланган эди.
Айниқса, қишлоқлар аҳолиси бир кеча-кундузда атиги етти-саккиз соатдан электр қуввати берилаётганидан шикоят қила бошлаганди.
Ширкат электр қувватидан фойдаланувчилардан маълум муддатда таъминотдаги узилишлар учун узр сўраган.
Бу узилишлар сабаби эса, мамлакатнинг барча энергетика тизимларидаги таъмир ва профилактик тадбирлар режадагига қараганда чўзилиб кетгани билан изоҳланган.
"Барқи Тожик" ширкати матбуот котиби Нозиржон Ёдгорийнинг айтишича, таъмирнинг белгиланган муддатда тугалланмаслигига Ковид-19 боис чегараларнинг ёпилиши ва хорижий мамлакатлардан таъмир учун зарур мослама ва қисмларнинг келтирилиши қийинлашгани сабаб бўлган.
У айни бир пайтда Тожикистонда уч йилдан буён электр қувватига чекловлар киритилмаётганини таъкидлаган.
"Барқи Тожик" ширкати ўз мурожаатномасида аҳоли, барча ташкилот ва муассасаларни электр қувватидан тежамкорлик, исроф қилмасдан, инсоф билан фойдаланишга чақирган. Шундай қилинганда, қиш фасли электр қуввати таъминотига чекловлар киритмасдан кечиши таъкидланган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Нега Норак сув омбори сатҳи пасайиб кетгани тез-тез такрорланяпти?
Мурожаатномада Тожикистонда энергетика мустақиллиги йўлида муҳим ишлар амалга оширилгани таъкидланган.
Жумладан, мамлакат мустақиллиги йилларида "Сангтўда-1", "Сангтўда-2" ГЭСлари, Душанбе шаҳри иссиқлик электр стансиясининг иккинчи навбати, "Роғун" ГЭСининг иккита агрегати ва ўнлаб кичик электростансиялар қурилгани мисол қилиб келтирилган.
"Норак", "Қайроққум" ва "Сарбанд" ГЭСларини замонавий тарзда қайта қуриш ва таъмирлаш олиб борилаётгани айтилган.
Айни шу режали ишлар боис 2017-йил 14 январидан бошлаб мамлакат бўйлаб электр қуввати чеклови бутунлай барҳам топган, дейилади мурожаатномада.
Бу йилги электр таъминотидаги узилишлар чеклов эмас, мажбурий чора эканлиги айтилар экан, бунга таъмирдан ташқари, ёғингарчилик оз бўлиши, ҳаво исиб кетиши туфайли сув захираларининг бир йил олдингига қараганда, 44 фоизга камайгани ҳам сабаб бўлаётгани келтирилган.
Айнан Вахш дарёси сувининг камайиши боис Норак сув омбори сатҳи олдинги йилларга қараганда 2 метр пасайиб кетган.
Худди шу ўринда мурожаатномада агар электр қувватидан фойдаланувчилар исрофгарчиликка йўл қўйишмаса, оқиллик, инсоф билан иш кўришса, тўпланган сув захираси қаттиқ келиши кутилаётган қиш фаслини қийинчиликсиз ўтиши учун етарли эканлиги, чекловга ҳожат қолмаслиги урғуланган.
Шам пулини тўлаб қўйинг

Сурат манбаси, courtesy
Гарчи "Барқи Тожик" ширкати мамлакатда электр қуввати таъминотидаги чекловлар йўқлигини таъкидлаётган бўлса-да, аҳоли камида икки ойдан буён муайян соатлардагина ток берилганидан ёзғирмоқда.
"Бизда чироқ сентябрь ойидан бошлаб ўча бошлади. Аввалига тонгги соат еттида ўчириб, кечки олтига яқин ёқа бошлашди. Октябрь ойига келиб, кечалари ҳам ўчира бошлашди", деди Панжакентдаги қишлоқлардан бирида яшайдиган Эсон Турғунов. "Биз ноябрнинг ярмидан бошланган, эрта тушган совуқ кунларда уйимизни печкага ўтин ёқиб иситяпмиз", деди у.
"Сабр ва шукр қилиш керак. Бир кеча-кундузда бор-йўғи икки соатгина ток берилгани, баъзи кунлар уни ҳам Худо кўп кўрганинини унутганим йўқ", деди Бобожон Ғафуров ноҳиясида яшайдиган 70 ёшли Абдуқодир Султонов.
Турсунзода шаҳрида яшайдиган кишилар эса, электр қуввати берилмаётгани боис учраётган қийинчиликлари борасида мамлакат президентига мурожаат этишган. Кўп қаватли уйларда яшаётган кишилар совуқ кунларда уйни иситиш ва ҳатто иссиқ овқат тайёрлаш имкони йўқлиги борасида арз қилишган.
"Кейинги икки-уч йилдан буён электр доимий берилаётгани учун биз печкани бузиб ташлагандик. Уйларни электр иситгичлар билан иситамиз. Чунки бизда иссиқ сув билан иситиш тизими йўқлиги учун батареяларни ҳам узиб ташлагандик. Роғун ишга тушгач, энди электр ўчмаслигига ишонгандик. Лекин, кундуз кунлари ўчира бошлашди. Кекса онам, болалар совуқда қийналишмасин, деб, яна печка қуриб олдик", деди Бўстон шаҳрида яшовчи Омина исмли аёл.
"Менинг уйимда печка ҳам, сандал ҳам бор. Лекин қўмирнинг нархи қимматлаб кетди. Илгари Қирғизистоннинг Сулукта шаҳридан кўмир олиб сотишарди. Коронавирус туфайли чегаралар ёпилгани учунми, кўмир нархи кун совигани сари тобора ошиб бормоқда", деди Жаббор Расулов туманида яшайдиган Равшан Абдуллаев.
"Компьютер дарсларини айтмай қўяқолайин. Ишонинг, электр йўқлиги учун зарур ҳужжатларни принтерда чоп қила олмаяпмиз. Хайрият, генераторни сотиб юбормаган эканмиз, омбордан топиб чиқиб, ишлатяпмиз. Лекин уни ишлатиш учун солярка керак. Солярканинг нархи эса, осмонда", дейди Конибодомдаги мактабларнинг бирида ишлайдиган муаллим.

Сурат манбаси, courtesy
"Менинг тирикчилигим баллон ямаш билан ўтади. Электр ўча бошлагач, ишим орқага кетди. Кўшнимда генератори бор экан, ишлатиб турибман. Лекин кунига топаётган пулим солярка сотиб олиш учун қилинган харажатни базўр қоплаяпти. Хайрият, айрим мижозлар ҳолимизни кўриб, одатдагидан кўпроқ хизмат ҳақи беришяпти", деб ёзган ижтимоий тармоқда Душанбега туташ Варзоб туманидаги автомашиналарга хизмат кўрсатадиган устахона эгаси.
"Худога шукр, оиламиздан биронтамиз коронавирус юқтирмадик. Лекин электр йўқлиги, уй совуқлиги учун аввал келиним, кейин неварам шамоллашди. Кўчада иккита аёл учрашдими, электр, совуқ ҳақида гап кетади. Илгари исириқни Kовидга даво деб сотишарди, энди унинг яна бозори чаққонлашиб қолди. Тумов, оддий грипп кўпайди", деди бекатда турган, Хўжанд яқинидаги қишлоқда яшашини айтган аёл.
Айни ижтимоий тармоқларда электр токи муаммолари борасида шеърлар ва ҳатто латифалар пайдо бўлган. Латифалардан бирида электр назоратчиси хонадонлардан бирига келади. Электр ҳақини тўлаб қўйинг, дейди у уй эгасига. Йўқ, сиз тўлаб қўйинг, дейди у назоратчига. "Нега? Нима учун ҳақ тўлашим керак", дейди назоратчи. Мен ёққан шамлар пулини, дейди уй эгаси…
"Ўзбекистон ўзига етмайдиган электр қувватини бизга сотармиди?"
Айни ток таъминоти соатлари камайиб кетган пайтларда одамлар Тожикистон ҳукумати электр қувватини қўшни мамлакатларга сотаётгани ҳақида тез-тез такрорлай бошлашди.
Лекин "Барқи Тожик" ширкати матбуот котиби Нозиржон Ёдгорий бу иддаоларни қатъиян рад этди. У сув омборлари сатҳи баланд бўлган ва қўшни мамлакатлар учун сув зарур бўлган пайтларда Тожикистон электр қуввати сотганини айтди. Унингча, куз ойларидан бошлаб четга электр қуввати сотиш тўхтатилган.
Ёз ойларида электр қуввати Афғонстондан ташқари, қўшни Ўзбекистонга ҳам сотилган.
Мутахассисларга кўра, пандемия боис юзага келган иқтисодий инқироз пайтида ҳам Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштириш даражасини пасайтирмаган.
Лекин бошқа лойиҳалар, жумладан, энергия тармоқлари таъмирига маблағ ажратиш камайтирилган. .
Айни шу эскириб бораётган тармоқларда ишлаб чиқарилаётган умумий электр энергиясидан деярли 20 фоизигача совурилиб кетмоқда.
Тожикистонда вақтинча энергия танқислиги шароитида қўшни давлатлардан, жумладан, Ўзбекистондан электр қуввати сотиб олиш қийинчиликни бартараф этган бўларди, деган фикрлар янграган.
Лекин мутахассисларга кўра, иқтисодий инқироз пайтида ҳам Ўзбекистон газига, ҳам электр энергиясига маблағ ажратишни давлат хазинаси кўтармаслиги мумкин.
"Менимча, бу фикрни илгари сурган мутахассислар Ўзбекистондаги шароитни ҳисобга олмаган кўринишади, - дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов. - Ўзбекистоннинг жуда кўп шаҳар ва қишлоқларида электр таъминотида узилишлар бўлаётганидан, табиий газ йўқлигидан аҳоли норозилиги ижтимоий тармоқларни портлатиб юборгудек. Ўзбекистон ўзига етмайдиган электр қувватини бизга сотармиди?".
Аммо айни бир пайтда орадаги деярли 10 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон Тожикистон Шимолидаги Хўжанд шаҳрига табиий газ етказиб бериш шартномасини имзолаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













