Сирли хасталик, юзлаб одам касалхонага тушган, бир киши ўлган - масъуллар ҳали-ҳануз ҳайрон, dunyo, yangiliklar

A woman being rushed to hospital.

Сурат манбаси, PTI

Сурат тагсўзи, Сирли хасталик, юзлаб одам касалхонага тушган, бир киши ўлган...

Сирли хасталик, юзлаб одам касалхонага тушган, бир киши ўлган - беморларда қайт қилиш, тутқаноқ ва ҳушдан кетиш каби аломатлар кузатилмоқда.

Номаълум хасталик Ҳиндистоннинг жанубий Андра-Прадеш штатида кузатилган.

Штатнинг Элуру шаҳрида бир киши нобуд бўлган, жами 227 нафари касалхонага тушган.

Ҳодиса ўтган дам олиш кунларида юз берган, масъуллар ҳодиса сабабини ўрганишмоқда, аммо ҳали-ҳануз аниқ бир тўхтамга кела олишмаган.

Ҳиндистон ҳозир шундоқ ҳам дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттаси бўлиб турибди.

Андра-Прадеш эса, мамлакатнинг Ковиддан энг кўп зиён чеккан учта штатидан биттаси бўлади.

Ҳиндистондаги бир миллионга яқин коронавируc ҳолати худди шу штат ҳисобига тўғри келади.

Аммо ўтган дам олиш куни юзлаб одамнинг касалхонага тушишига коронавирус сабаб бўлмаган.

A patient in a hospital

Сурат манбаси, ANI

Сурат тагсўзи, Жами 200 дан ортиқ одам касалхонага тушган

Штат Соғлиқни сақлаш вазири Алла Кали Кришна Шриниваснинг айтишича, бирор бир беморда коронавирус аниқланмаган.

"Ўзларини нохуш ҳис қилган одамлар, айниқса, болалар аввалига кўзлари ачишаётганидан шикоят қилишди. Кейин бирданига қайт қила бошладилар. Уларнинг айримларини тутқаноқ тутди. Баъзилари ҳушларини йўқотишди", - деб айтган Элурудаги давлат касалхонаси тиббий зобити "The Indian Express" нашрига.

Ҳозирга келиб, беморларнинг 70 нафарига жавоб берилган. Аммо 175 киши ҳамон касалхонада қолмоқда.

Штат Бош вазирининг айтишича, номаълум хасталик сабабини ўрганиш учун Элуруга махсус тиббий гуруҳлар юборилмоқда.

Унинг ўзи ҳам шаҳарга бормоқчи, беморлар ва уларнинг яқинлари билан кўришмоқчи.

A patient at hospital
Сурат тагсўзи, Беморларда қайт қилиш, тутқаноқ ва ҳушдан кетиш каби аломатлар кузатилмоқда.

Масъуллар кўра, беморлардан олинган қон намуналарида бирор бир юқумли инфекция топилмаган.

"Мулозимлар одамлар ўзларини нохуш ҳис қилган ҳудудларда бўлиб қайтишди. Бунга сув ёки ҳавонинг заҳарланиши сабаб бўлмаган", - деб айтган Алла Кали Кришна Шринивас.

Вазирнинг айтишича, "бу қандайдир номаълум касаллик ва фақатгина лаборатория таҳлилларигина унинг нималигини аниқлаб бериши мумкин".

Аммо мухолифатдаги Telugu Desam партияси сирли хасталикка заҳарланиш сабаб бўлганини айтиб, ҳодисани текширишга даъват этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek