Шавкат Мирзиёев таваккал қилмадими? Янги Ўзбекистон ва сиёсат - O‘zbekiston, Mirziyoyev, Afg‘oniston, dunyo, siyosat, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Шавкат Мирзиёев таваккал қилмадими? - Янги Ўзбекистон президенти Афғонистон билан янада яқинлашмоқчи. Савдони кучайтириб, қатновни кўпайтирмоқчи. Трамп эса, тезда Афғонистондаги қўшинлари сонини кескин камайтирмоқчи. Ҳатто буткул олиб чиқиб кетмоқчи. Афғонистон, йилларки, дунёнинг энг йирик ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракати бошпана топиб келаётган давлати бўлади.
Қарийб қирқ йилдирки урушлар ичида бўлган Афғонистон ҳалиям тинчимаган.
Орада катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан тўлиқ ортга сафарбарлиги аксарият минтақа давлатлари ҳукуматлари қатори расмий Тошкентнинг ҳам жиддий ташвишларига сабаб бўлиб келган.
Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов бу Афғонистоннинг иккинчи Ироққа айланишига олиб келишига оид хавотирларини бир эмас, бир неча бор каттаю кичик минбарлардан ошкора ва расман баён қилган.
Ҳали Каримов давриданоқ Ўзбекистон афғон можаросининг ҳарбий ечими йўқлигини таъкидлаб келган, Мирзиёев қудратга келиши ортидан, тинчлик музокараларига янада зўр берган, минтақавий ташқи сиёсатини мутлақ янгилаган, Толибон билан мулоқот ўрнатишгача борган.

Сурат манбаси, official
Янги Ўзбекистоннинг Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш ва мустаҳкамлаш ниятида экани куни-кеча маълум бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь куни бу ҳақдаги махсус қарорни расман имзолаган.
Янги қарор Афғонистон билан савдони уч баробарга ошириш, ҳажмини 2023 йилгача $2 млрд. долларга етказиш, икки давлат ўртасида автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатновини оширишни кўзда тутади.
Янгилик Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раисининг Тошкентга сафари ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг Афғонистонда ўлдирилганига оид расмий Кобул хабаридан қисқа вақт ўтмай бўй кўрсатган.
Ўзбекистон минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Афғонистон эса, дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг кўп - миллионлаб сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати саналади.

Сурат манбаси, COURTESY
Аммо айнан Афғонистонда, бир неча ўн йилдирки, дастлаб Ўзбекистонда асос солинган, ўз вақтида дунёдаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳига нисбат берилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва орада унинг сафларидан ажралиб чиққан "Исломий Жиҳод Иттифоқи" гуруҳи фаолият юритиб, бошпана топиб келади.
Ҳаракат ҳали-ҳануз минтақада энг каттаси саналувчи Афғонистон Толибон ҳаракати, глобал "ал-Қоида" тармоғи билан яқин иттифоқчилик қилган, сўнггида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат ҳам келтирган.
Гуруҳ дастлаб Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган. Ўз вақтида аъзолари бир неча мингга нисбат берилган.
Шу кунларда Дональд Трамп президентликдан кетишидан аввал - келаси йил январь ойи ўрталарига қолмай, Афғонистон ва Ироқдаги қўшинлари сонини кескин қисқартириши ва ҳатто буткул олиб чиқиб кетиши эҳтимолига оид хабарлар бўй кўрсатган.
2014 йилги оммавий сафарбарлик ортидан, Афғонистонда Нато ваколати остида 12 минг атрофида хорижий иттифоқ қўшинлари қолишган. Уларнинг катта кўпчилигини яқин-яқингача айнан АҚШ ҳарбийлари ташкил этишган.
Бу эса, ўз навбатида, агар, шундай бўлса, янги Ўзбекистон раҳбарияти ўз қарори билан таваккал қилмаяптими, деган саволларга ҳам замин яратмай қолмаган.
Хавотирлар қанчалик ўринли?

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов
Ўзбекистон - Франция
"Ҳақиқатда, кутилмаганда Дональд Трамп келаси йилнинг январь ойига қадар Афғонистондаги АҚШ қўшинлари сонини тўрт мингдан икки ярим мингтага камайтириш лойиҳасини олдинга сурди.
Оқ уйда қолиш имконияти қисқариб бораётган Трамп, ўзи берган ваъдаларни бажариш мақсадида, зудлик билан бўлса-да, Афғонистондаги қўшинлари сонини ҳеч бир томон билан келишмасдан қисқартириш ниятида.
Трамп келажакда "мен берган ваъдаларимни барчасини бажардим, Афғонистондаги қўшинларни сонини жиддий қисқартирдим", дейиш учун шошилмоқда.
Расмий Кобул, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани эса, Байденнинг ғалаба қилишини кутаётган эди.
Яқинда теле-конференция шаклида ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Ашраф Ғани "толиблар билан курашиш учун Афғонистон бюджетининг 48%и сарфланаяпти", деб шикоят ҳам қилди.
Президент Ашраф Ғанининг хавотирларида тўлиқ асос бор.

Сурат манбаси, AFP
Афғонистонда давлат хавфсизлик тизимлари, ҳарбий салоҳият шаклланиб бормоқда.
Лекин ҳали партизанлик урушида суяги қотган толибларга тегиб тура оладиган ҳарбий ва хавфсизлик салоҳияти шаклланиб улгургани йўқ.
Бунинг устига, кейинги ойларда Афғонистон вилоятлари расмийлари "толиблар дронлар ва тунги снайперларга эга", деган ташвишларни ҳам билдиришмоқда.
Расмий Кобул эса, АҚШ қўшинларининг Афғонистондаги вазиятга мутаносиб равишда, чуқур ўйланган бир шаклда, хавфсизлик кучларининг вазиятни яхши назорат қилиш қобилияти шакллангач чиқиб кетишини мақсад қилаётган эди.
Лекин, англашилишича, Трампнинг нияти Афғонистондаги хавфсизлик эмас, ўзининг шахсий сиёсий лойиҳалари бўлмоқда.
Шу сабаб, Нато Бош котиби Столтенберг ҳам яқинда "Афғонистондан тезда чиқиб кетиш Натога жуда қимматга тушиши мумкин", дея огоҳлантирди.
Американинг ўзида, устига устак Трампнинг айрим қаттиқ тарафдорлари, ҳимоячилари томонидан бунинг "янглиш иш" бўлишига оид фикрлар янгради.

Сурат манбаси, COURTESY
Бошқа томондан, Дональд Трамп АҚШ ҳарбий қисмларини ярмига камайтириш режасида.
Агар, қўшинлар қисқартирилиши ортидан, Афғонистондаги вазият сезиларли даражада чигаллашса, янги президент Жо Байден бу масалага қайтиб, қўшинлар сонини тезда кўпайтириши ёки иттифоқчи давлатлар ҳарбий ресурсларини тезда парваришлаши аниқ.
Бугун коллектив Ғарбда шаклланган тафаккур шундан иборатки, бундан кейин Афғонистонда ҳокимият бўшлиғига умуман йўл қўйиб бўлмайди ва қанчалик қийин, серхаражат бўлмасин, бу давлатга киритилган 20 йиллик хавфсизлик сармояларини сақлаб қолиш зарур.
Агар, Трамп бундай фикрда бўлмаса, кейинги раҳбарлар ва қолган давлатлар Афғонистондаги вазиятнинг издан чиқиши оқибатлари нималарга олиб келишини яхши билишади.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистоннинг тинчлик келишувлари, толиблар билан музокаралари, Ғарб қўшинлари борасида икки қаватли позицияси мавжуд.
Биринчиси, айтилмайди, лекин доим назарда тутилади: Ғарб қўшинлари Афғонистонда қанча узоқ муддат қолса, бу - Афғонистон хавфсизлигига киритилган шунчалик улкан сармоя бўлади.
Шунинг учун, расмий Тошкент, гарчи толиблар билан мулоқотлар ва музокаралар олиб борса-да, тушунадики, Ғарб қўшинларининг бу ерда бўлиб туриши - Ўзбекистон, минтақанинг хавфсизлиги ва барқарорлиги учун муҳим омил ҳисобланади.
Иккинчиси, толиблар билан мулоқотларнинг, музокараларнинг мақсади - толибларни салоҳиятли куч сифатида тан олиш, ҳозирда ва истиқболда, улар томонидан Ўзбекистонга етиши мумкин бўлган хавф-хатарларни минималлаштириш ҳисобланади.

Сурат манбаси, .
Толиблар ўзларини ҳаётий, яшовчан гуруҳ сифатида кўрсата олди. Улар Афғонистондаги этник, диний, сиёсий, худудлараро зиддиятлардан унумли озиқлана олиши, жамиятда мустаҳкам ижтимоий базага эга эканлигини кўрсатишди.
Бунинг устига, минтақанинг энг йирик давлати бўлмиш Ўзбекистоннинг толиблар билан алоқалари бўлмаслиги - Тошкент учун йирик геосиёсий нуқсон, деган талқинларга асос беради.
"Қўшнилар танланмайди" деган мақол бор. Ўтган даврда Афғонистон минтақа, жумладан, Ўзбекистон учун фақат муаммолар макони бўлиб келди.
Лекин кейинги даврда Афғонистонга йирик сармоялар киритила бошлади, бу давлатни иқтисодини тиклаш ва табиий барқарорлик ўрнатиш учун дунё давлатлари маълум вазифаларни бўлиб олишди.
Афғонистонни тўлиқ хавфсиз ва барқарор давлатга айланиши, унинг қўшнилари, жумладан, Ўзбекистонга улкан иқтисодий, геосиёсий, геоиқтисодий дивидентлар бера олади.
Бугун Афғонистон ичидаги лойиҳалар борасида сезиларли рақобат кузатилади. Агар, Ўзбекистон ҳозирги вазиятда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш борасида рақобатлардан четда қолса, кейинчалик бу давлатга кириб бориш анча қийин кечади.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Афғонистоннинг шимолий минтақалари, аксарият ёшлари Ўзбекистонга ижобий кўзлар билан қарашади.
Бу ресурсдан унумли фойдаланиш ва бу давлатга юмшоқ таъсир қилиш имкониятларини парваришлаб бориш - Ўзбекистонни бу давлат хавфсизлиги ва тараққиётига қўшадиган улуши бўлади.
Ўзбекистон биринчи маъмурияти даврида Афғонистон муаммолари ҳаддан ташқари бўрттирилар, рационализмдан кўра, асоссиз қўрқув кайфияти устувор эди.
Бугунги расмий Тошкент Афғонистон борасида рационал ёндашувда эканлиги кўринади.
Юқорида айтганимдек, АҚШ қўшинларининг сони қисқартирилганида ҳам, Афғонистондаги вазиятни тўлиқ издан чиқишига йўл қўйилмайди. Агар вазият жиддий чигаллашса, ташқи хавфсизлик ёрдами яна қайтадан кучайтирилади.
Шу сабаб, Ўзбекистоннинг бу қўшни давлатдаги савдо-иқтисодий ҳамкорлиги, вазиятга қараб бироз секинлашиши ёки вақтинчалик пасайиши мумкин.
Лекин сал кам 32 ярим миллионлик Афғонистондаги Ўзбекистоннинг иқтисодий, маданий, гуманитар ва сиёсий иштироки кейинги ўн йилликларда фақат барқарор ошиб боради.
Афғонистон бу яқин йиллар ичида тўлиқ тинчиб кетмайди. Лекин олдингидек вазиятнинг тўлиқ издан чиқиб кетишига ҳам энди йўл қўйилмайди".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















