Volkswagen уйғурлар азоб чекаётган Хитой Шинжонида заводини ёпадими? - Дунё, янгиликлар

БМТ ҳисоб китобига кўра, камида 1 миллион уйғур Хитойнинг қамоқ лагерларига ташланган. Бу ерларда уйғурлар ғайри ихтиёрий бичилаётгани, меҳнатга мажбурланаётгани ва қийноқларга тутилаётгани ҳақида даъволар кенг ёйилган.
Халқаро хавотирнинг кучайиши бу ердаги айрим халқаро ширкатларнинг минтақа билан алоқасини узишга олиб келди. Бироқ Volkswagen компанияси Би-би-сига ҳозирча бирорта ишчиси жамлоқда бўлиб қайтгани тўғрисида далил йўқлигини айтди.
Volkswagen Хитойда ҳар йили 4 миллиондан ортиқ автомобиль ишлаб чиқаради. Унинг жаҳон савдосида ошиғи олчи бўлишида бу ердаги заводларнинг ўрни катта. Фақат биттасидан ташқари. Бундан етти йил аввал Шинжонда очилган бу заводнинг боши ғалвадан чиқмай қолди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Завод чексиз чўл ва Хитойда сўнгги йилларда қурилган қамоқхоналар тармоғи билан бир чизиқда кесишади.
Шинжон уйғурлари ва бошқа этник озчиликларнинг оммавий қамоққа ташланиши ва уларни тўп-тўп ҳолда ташилганини кўрсатувчи тасвирлар инсон ҳуқуқлари топталиши борасидаги муаммони янада аҳамиятли қилди.
Энди Volkswagen ўзини ҳимоя қилишига тўғри келяпди. Би-би-си Volkswagen Хитой гуруҳи раҳбари Стефан Уолленштейнни саволга тутди.
Стефан Уолленштейн: Ушбу даъволардан хабаримиз бор ва у бизни қаттиқ хавотирга солади. Шу вақтгача бизни таъминлаётган бирор ширкат ёки одамларимиз бундан жабр кўрмаганини текшириш учун жиддий чоралар кўрдик. Ҳозирча бирор далил топмадик.
Би-би-си: Шинжондаги заводингизнинг бирорта ҳам ишчиси жамлоқда бўлмаган деб аниқ айта оласизми?
Стефан Уолленштейн: Бирорта ҳам ширкат бунга амин бўлолмаса керак. Қилаётган ягона нарсамиз, тадбирлар оляпмиз.
Би-би-си: Агар амин бўлмасангиз нeга бу ердан кетмаяпсиз, демоқчиман.
Стефан Уолленштейн: Бундай деб ўйламайман. Менимча, Дунёнинг турли давлатларида биз Volkswagenда кўришни истаганимиздек барчаси кўнгилдагидек бўлавермайдиган ҳолатлар бор.
Бироқ Шинжон шунчаки бошқа ер эмас. Хитой томони рад қилса-да қайта тарбиялаш ва ишлаш лагерлари немис Фашистлари томонидан ташкил қилинган ва уруш давомида мажбурий меҳнатдан кенг фойдаланган ширкат учун оғир саволларни пайдо қилади.
Би-би-си: Машҳур олмон сиёсатчиси компаниянгизни «Шинжондаги тоталитар дўзахни дастакловчи виждонсиз ширкат» деди. Бу каби изоҳлар янграркан, заводни ёпиб кетиш фурсати келмадими?
Стефан Уолленштейн: Заводнинг кетиши жиддий қарор. Хитойдаги тарихимиз нафақат ширкат фойдаси учун балки одамлар ва жамият манфаати учун ҳам ривожланишимиз мумкинлигини кўрсатди, деб ўйлайман.
Завод сақлаб қолинганда обрўсига қанча путур етмасин, Volkswagen агар уни ёпса ўзи қаттиқ қарам бўлиб қолган ҳукумат ғазабига учрашини яхши тушунади.
Сал олдинроқ Хитой мусулмонлар учун янги жамлоқлар барпо этгани хабар қилинганди.
Янги ҳисоботда айтилишича, Хитой Шинжондаги ҳибсхоналар тармоғини кенгайтирган.
Шу пайтгача аниқланганларида бир миллионга яқин аксар уйғурлардан иборат мусулмонлар тутиб турилгани ишонилади.
Хитой нега яна уйғурлар учун янги қамоқхоналар қурди?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Шинжондаги ҳибсхоналар эканликда шубҳа қилинган масканлар сони қарийб тўрт юзтага етган.
Бу аввалги ҳисоб-китоблардан 40% кўп, деганидир.
Расмий Пекин наздида бу масканлар "қайта таълим бериш", "касб-ҳунар ўргатиш марказлари" бўлади.
"Улар Шинжонда камбағаллик ва диний экстремизмга барҳам беришга ёрдам беради".
Аммо АҚШ уларни концентрацион лагерларга қиёслаган.
Яқин-яқингача бу жамлоқларда аксарияти уйғур бир миллионга яқин мусулмоннинг тутиб турилгани ишонилган.
Жамлоқ эканликда гумон қилинаётганларида яна қанча мусулмон сақланаётганига оид аниқ рақамлар ҳалича имконли эмас.
Ҳисоботда нималар дейилади?

Сурат манбаси, Reuters

Янги ҳисоботда айтилишича, Шинжондаги ҳибсхоналар сони аввалгисидан юзтага кўпдир.
Бунга сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар, шоҳидлар билан суҳбатлар, матбуотдаги хабарлар ва расмий ҳужжатлар далолат қилган.
2019-2020 йилнинг июль ойлари оралиғида 60 дан зиёд ҳибсхона фаолият юритган, яна 14 та янги жамлоқ қурилиши бошланган.
Ҳисобот муаллифларига кўра, янгиларининг ярмига яқини ўта кучли қўриқланувчи масканлар бўлади.
Бу эса, жамлоқларнинг қамоқхона кўринишини касб этаётганига далолат қилади, дейди Натан Рузер.
Унинг айтишича, "хитойлик мулозимларнинг касб-ҳунар ўргатиш марказларидаги барчанинг ўтган йил охирларида таълимларини якунлаб бўлишганига оид даъволари ўзларининг тадқиқотлари натижаларига зид".
"Аксинча, имконли бўлган далиллар Шинжондаги йирик "қайта таълим бериш" тармоғидаги ўзбошимча қўлга олинган кўпчиликка расман айблов қўйилганига далолат қилади".
"Уларнинг янгидан барпо этилган ёки кенгайтирилганлари илова ўта кучли қўриқланувчи масканларга ташлангани ва ё мажбуран ишлатиш учун ёпиқ заводларга юборилганини англатади", - дейди Натан Рузер.
Шунинг баробарида ҳисоботда Шинжондаги 70 га яқин жамлоқ атрофида панжара ва деворларнинг олиб ташлангани ҳам илова қилинади.
Расмий Пекин асосан мусулмон озчиликлар тутиб турилган бу жамлоқлар тармоғи учун халқаро миқёсда танқидларга тутиб келинади.

АҚШ яқинда бу ишга алоқаси бўлган хитойлик мулозимларга санкциялар жорий этган, шу ой бошида "мажбурий меҳнат" ёрдамида тайёрланганини айтиб, Хитойнинг айрим маҳсулотлари экспортини ҳам тақиқлаб қўйганди.
Хитой ҳукумати ўтган ҳафта яна бир бор такрорий баёнот билан чиққан, "касб-ҳунар ўргатиш марказлари" Шинжонда иш топиш имкониятларини яхшилаши, камбағалликни аритишини айтиб чиққан.
Куни-кеча БМТ ва Европа Иттифоқи вакиллари Шинжонга бориб, уйғурларнинг аҳволини ўз кўзлари билан кўриш ниятини изҳор этишган.
Хитой томони ЕИ вакиллари Шинжонга бориши мумкинлигини айтаркан, уларнинг олдиндан ўзларига қарши айблов хулосаси чиқариб олиб, кейин текширув ўтказишларига қарши эканини таъкидлаган.
Худди шу манзарада БМТ Хитой ҳукумати билан уйғурлар масаласини мубояса этишни тўхтатмаслигини баён қилган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Мишель Бачелет, "Хитой ҳукумати узайтирган таклифга мувофиқ, қачон шарт-шароит тўғри келса, Шинжонга боришни муҳокама қилаётганликлари"ни айтган.
Уйғур мусулмонлари масаласи бугун Хитой ва Ғарб ўртасидаги муҳим баҳс мавзусига айланган.
Хитойнинг давлатга қарши "Global Nimes" нашри эса, яқинда Австралия Стратегик сиёсат институти икки нафар вакилининг мамлакатга кириши тақиқлангани ҳақида хабар берган.
Янги ҳисоботга расмий Пекиннинг муносабати ҳалича имконли эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














