Бизнес: Ўзбекистон сассиқ ковракдан зўр фойда қилиши мумкинми? Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Asafoetida cake and powder or Hing.

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Апарна Аллури
    • Role, BBC News, Деҳли

Бизнес: Ўзбекистон сассиқ ковракдан зўр фойда қилиши мумкинми? - Бу зираворни дунёнинг иқтисодий қудратларидан биттаси бўлган Ҳиндистонда кўпчилик севади. Аммо бу зиравор аҳолиси бир миллиарддан ошувчи Ҳиндистонда эмас, дунёнинг саноқли давлати, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўсади.

Сассиқ коврак ҳиндистонликлар xуш кўрадиган бадбўй, аччиқ зиравор бўлиб, уни асрлар давомида иштаҳа очувчи қўшимча сифатида таомларига солишган. Аммо у Ҳиндистоннинг ўзида етиштирилмаган - ҳозирга қадар.

Ўтган ҳафта олимлар бу ўсимликнинг 800 тача кўчатини Ҳималай тоғларидаги Лаҳаул ва Спити чўлларига экишди. Роппа-роса икки йил аввал Ҳиндистон Фан ва Саноат тадқиқотлари кенгаши (ФСТК) Эрондан ушбу ўсимликнинг саккиз хил нави уруғини келтирган эди.

"Иш беришига ишончимиз комил", дейди доктор Ашок Кумар. У уруғларни лабораторияда ихлос билан ундирган олимлардан бири. Унинг айтишича, бу жуда муҳим қадам бўлган, чунки ҳар 100 та уруғдан атиги иккитаси униб чиқади. Афтидан, бу ўсимликнинг уйқуга кетиш одати бор.

"Оғир шароитларга мослашиш учун у уйқуга кетади," дейди др. Кумар.

Сассиқ коврак ёки Ҳиндистонда аталадиган номи "ҳинг" кўп йиллик ўсимлик бўлиб, гуллайди ва асосан ёввойи ҳолда ўсади. У қуруқ тупроқда, +35С ҳароратдан пастда яхши кўкаради.

Ҳиндистоннинг тропик иқлими, нам қирғоқлари, муссонлари коврак фермалари ташкил қилишни деярли имконсиз қилиб қўйган.

Шу боис, ҳиндлар уни асосан Афғонистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан импорт қилади. 2019 йили унинг импорти ҳажми 100 млн доллардан ошган.

Ҳинг аслидан ҳинд ўсимлиги экани кўпчилик ҳиндистонликлар учун ажойиб янгилик бўлди.

Ҳиндулар ва жайнлар мумкин бўлмагани учун пиёз ва саримсоқни истеъмол қилмайдилар, аччиқ таъмли ҳинг уларга яхши ўринбосар бўлган.

"Мен уни далга [ҳиндча таом] қўшаман. Уларга пиёз ва саримсоқ солмайман," дейди "Зиравор таъми" китоби муаллифи ва таомлар ҳақида ёзувчи Марям Реши. "Таомингизда ҳинг бўлса, озгина бўлса ҳам, мазаси жуда зўр бўлади."

Реши хоним ўзини ҳинг муҳиби дейди. Шу ҳафта у ҳатто "Twitter"да ўзининг севимли зиравори ҳақида батафсил ёзилган постлар занжирини қўйди.

Common Indian herbs and spice ingredients on wooden trays.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳинд ошхонаси турли зираворларга жуда бой ҳисобланади

Ҳингнинг ноёб ҳиди, кучли, аччиқ бўйи уни "бошқа зираворлардан ажратиб туради", дейди у.

Унинг лотинча номи - "asafoetida" унинг ҳидига ишора қилиб, "бадбўй чақич" маъносини билдиради. Унинг ҳиди шунчалик кучлики, хом коврак - илдиздан олинган сарғиш оқ елим қуритилади ва унга - шимолий Ҳиндистонда буғдой уни, жанубида гуруч уни аралаштирилади ва истеъмол қилса бўладиган зиравор олинади.

Улгуржи савдо қилувчи ҳинг импортерлари унинг бир озгина қисмидан ҳар турлигини тайёрлайди, сўнг алоҳида блок, гранула ёки майда кукун кўринишида сотадилар.

Гарчи қачонлардир эронликлар уни "xудолар таоми" деб атаган бўлса-да, ҳингни Ҳиндистондан ташқаридаги халқлар таомларида деярли учратмайсиз. Бошқа жойларда ундан ё тиббий мақсадларда ёки инсектицид сифатида фойдаланадилар. Аммо дунёдаги ҳинг истеъмолининг 40 фоизи Ҳиндистонга тўғри келади, унинг ошхонадаги ўрни борасида муболаға қилиш қийин.

Бироз седана уруғи ва қизил мурчни қизиган сарёғ билан аралаштирилса, кунлик далга ўзгача маза беради. Мамлакат бўйлаб уни зираворлар қўшилган шўрвага ва янги тайёрланган газакларга, йирик баргли кўкатлар, занжабилли сабзавотлар ва помидорга аралаштирадилар. Кашмирда уни қўй гўшти, қизил мурч, арпабодиён ва қуритилган занжабил билан аралаштириб, роган жош таомини тайёрлайдилар. Жанубликлар эса карри барглари ва хантал уруғи билан ясмиқни димлаб, самбар тайёрлаш учун ишлатади.

У, шунингдек, аюрведик дори ҳам ҳисобланади. У қорин дам бўлишига қарши ишлатилади, шунинг учун уни қоринда газ пайдо қилувчи ханталли ва дуккакли таомларга қўшадилар.

Шундай бўлса ҳам, бу ўсимлик Ҳиндистон ўсимлиги эмас. Иқлим унинг ўсишига xалал берган бўлса, тарих ва савдо уни мамлакатга олиб келган.

"Бу мамлакатнинг тарихи жуда, жуда кўҳна," дейди др. Маноши Бҳаттачарья. У соғлом овқатланиш терапияси билан шуғулланади, тарихга қизиқади. "Сассиқ коврак диний назрларга кириб қолгани ундан қанчалар қадимдан фойдаланилганини тасдиқлайди."

"Хориж билан қатновлар - араблар, форслар, юнон ва африкаликларнинг келди-кетдиси доим бўлган. Одамлар бирор ерга борса, ўзининг таомини ҳам олиб борган, бирор ердан кетса, у ернинг таомини олиб кетган."

A plate of Kanchipuram idlis

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Сассиқ коврак диний назрларга кириб қолгани ундан қанчалар қадимдан фойдаланилганини тасдиқлайди"

Унинг "асосли тахмини" шуки, ҳинг Ҳиндистонга милоддан аввалги олтинчи асрларда Афғонистондан келган. Бу ўсимлик ҳақида ўша даврда битилган ҳинду ва буддист матнларида учрайди. Тарихчилар милоддан аввалги учинчи асрда ижод қилинган, деб ҳисоблайдиган "Маҳабҳарата" достонида ҳам бу ўсимлик тилга олинган.

"Бу ҳудудларнинг бари битта мамлакат бўлган," дейди др. Бҳаттачарья достондаги асосий қаҳрамонлардан бири кўзи боғлиқ қиролича Гандҳари бугунги кундаги Қандаҳордан бўлгани ишонилишига ишора қилиб.

Унинг айтишича, ҳиндулар пиёз ва саримсоқ ўрнига ҳингни "муқаддаслаштиргач", бу ўсимлик асрлар давомида ҳинд ошхонасига кириб борган. Санскрит тилидаги "ҳингу", ҳиндий тилидаги "ҳинг", телуга тилидаги "ингува", бенгал тилидаги "ҳим"га айланган. Унинг номи бошқа жойларда ҳам учрайди: форслар "анғуз", юнонлар "аза", араблар "ҳалтит" ёки "тйиб" деганлар. Сваҳили тилида "мвуже" бўлган. Европаликлар бу ўсимликни хушламай "иблис гўнги" ва "бадбўй чақич" деб атаганлар.

Four local women irrigating fields in the Himalayan district of Kinnaur.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Иқлим унинг ўсишига xалал берган бўлса, тарих ва савдо уни мамлакатга олиб келган

Таомлар ҳақида ёзувчилар уни европаликлар учун мазаси "даҳшатли", "қўрқинчли" деб таърифлайдилар. Аммо қадимги юнонлар ва римликлар уни истеъмол қилган. Дунёнинг бу қисмидан ҳинг нима учун йўқолиб қолгани номаълум. Айрим тарихчилар ҳинг ўша вақтларда сильфион билан қўшиб истеъмол қилинган, аммо кейингиси кейинчалик йўқолиб кетгани учун ҳингга ҳам қизиқиш қолмаган дейдилар. Чунки унинг ўзига хос ҳиди боис, бу ўсимликни "ёқимсиз" ҳисоблаганлар.

Аммо мана шу жиҳати ҳиндларнинг унга бўлган севгисига сабаб бўлган. Мамлакатда энг кенг тарқалган ҳинг турини олайлик - "Кабулий ҳинг".

"Уни тилингизга теккиза олмайсиз. Дарров сув ичишингиз керак, чунки жуда аччиқ, тилни куйдиради," дейди Санжай Бҳатиа. У Деҳлида йилига 630 минг килограмм миқдордаги ҳингни улгуржи сотади.

Аммо Кабулий ҳингнинг бозори чаққон, Ҳадда ҳинг - "апельсин ҳидли, мазаси ширинроғи" энг кам сотилади, дейди у.

Учинчи авлод ҳинг сотувчи бўлган жаноб Бҳатиа, ўзининг айтишича, "ҳинг билан туғилган", афғони ҳингни эрони ҳингдан ажратишим учун шундай ҳидлаш кифоя, дейди у.

Др. Кумар Афғони ҳинг уруғларини ҳам импорт қилишга ҳаракат қилаётганликларини айтади. Келгуси беш йилда 300 гектар майдонга экиш режаланибди.

Жаноб Бҳатиа бу зираворни маҳаллий экиб ўстирганда ҳам, уни парваришлашга узоқ вақт кетади, эҳтиёжга яраша етказиб бериш мушкул дейди.

Аммо бу ягона муаммо эмас.

"Қандай қилиб, ёввойи ўсимликни олиб, уни бошқа бир жойга ўтказиб, бир хил ҳидли бўлиши учун чўқинасизми? - сўрайди Реши хоним. - Ҳеч бир ҳиндистонлик уни ишлатмайди. Мен Ҳиндистон ҳингидан дал тайёрламаган бўлардим."

Ҳинд тупроғи бу зираворнинг қадрланган ёқимсиз ҳидини сақлаб қола оладими? Вақт кўрсатади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek