Коронавирус фақат тунги клубларда юқмоқдами? Тожикистон, Марказий Осиё ва COVID -19, Tojikiston, O'zbekiston, yangiliklar

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Коронавирус фақат тунги клубларда юқмоқдами? - Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг вакилига кўра, яқин ҳафталарда Тожикистон, Марказий Осиёда вазият кескин ёмонлашиб кетиши мумкин. Тожикистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Бахтигул Карриевага кўра, яқин ҳафталарда минтақада, жумладан, Тожикистонда COVID-19 билан янги зарарланиш ва ўлим ҳоллари кўпайиши кутилмоқда.

Экспертнинг фикрича, одамлар орасида мулоқот кўпайиши ва касалликнинг кекса кишиларга юқиши туфайли вазият кескин ёмонлашиб кетиши мумкин.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири ўринбосари Ғафур Муҳсинзодага кўра эса, ҳозирда вазирликнинг асосий ресурслари коронавирус олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган.

У бу курашда ЖССТ, Россия, Хитой, Олмония, Польша ва қўшни Ўзбекистон билан ҳамкорликлар, тажриба алмашишлар ёрдам бераётганлигини таъкидлаган.

Айни бир пайтда Тожикистоннинг иккинчи йирик шаҳри - Хўжандда пандемия шароитида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмагани учун саккизта кўнгилочар маскан ёпилган.

Шаҳар Раиси матбуот марказидан хабар беришларича, жиддий текширишлардан кейин ушбу қарорга келинган.

Айни бир пайтда шаҳар Раиси Маъруф Муҳаммадзода Хўжанддаги эпидемиологик вазиятга бағишланган йиғилишда коронавирус юқтириш ҳоллари кўпайганидан ташвиш билдирган.

У вазиятни яхшилаш учун кескин чоралар қўллашга мажбур бўлаётганликларини таъкидлаган.

Жумладан, санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилмаётганларга нисбатан жарималар миқдорини кўпайтиришга қарор қилинган.

Хўжанд шаҳри Cанитария-эпидемиология давлат назорати маркази қарорига кўра, эпидемиологик вазиятни яхшилаш учун ҳуқуқ-тартибот ҳимояси мақомотлари, жумладан, милисия жалб этилади.

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

Айни бир пайтда кузатувчиларга кўра, фақат Хўжанд шаҳрида эмас, балки Суғд вилоятининг бошқа шаҳар ва қишлоқларида ҳам коронавирус юқиши ҳоллари кўпайган.

Ижтимоий тармоқларда коронавирусга чалиниш ва унинг натижасида вафот этишга оид расмий рақамлар амалдаги вазиятга тўғри келмаётганлиги борасидаги фикрлар кўзга ташланмоқда.

COVID-19 фақат тунги клубларда юқмоқдами?

Ёпилган кўнгилочар масканларнинг асосий кўпчилиги тунги клублардир.

Жумладан, «Хваканта», «Опера», «Амнизия» «Шоми Суғд», «Очил», «Ёсуман» кўнгилочар масканлари ёпиб қўйилган. Лекин тунда ишини давом эттирадиган ресторанлар ҳам йўқ эмас.

Хўжанд шаҳар Cанитария-эпидемиология давлат назорати маркази бошлиғи Тахмина Усмонованинг қарори билан бу кўнгилочар масканларнинг ҳаммаси ёпилди.

Бу марказлар эпидемиологик ҳолатни яхшилаш ва барча ходимларининг мажбурий текширишлардан ўтиб, саломат эканликлари аниқлангач, ўз ишларини давом эттиришлари мумкинлиги таъкидланди.

Айни бир пайтда Хўжанд шаҳар Раиси Маъруф Муҳаммадзода коронавирус юқишининг бошқа манбалари борасида ҳам бонг урган.

Пандемия вазиятига оид йиғилишда коронавирусга чалинганларнинг 45 фоизи тўйларда уни юқтиришгани айтилган. Ўттиз фоизга яқин беморнинг КОВИД-19ни қариндошларидан юқтириб олишгани таъкидланган.

Маъруф Муҳаммадзода шаҳарда коронавирус тарқалиши ва унинг натижасидаги ўлимлардан ташвиш билдирар экан, маҳалла қўмиталари раисларини танқид остига олган.

«Бу ҳазил эмас, инсон ҳаёти ҳамма нарсадан қиммат. Йўқотишлар бор. Ҳамма маҳаллалар раислари қайси кўчада ким ўлганини яхши билишади», деган Маъруф Муҳаммадзода.

У коронавирусга чалинган одам яшаётган уйга кирди-чиқдилар қатъий назорат остига олинишини талаб этган.

Хўжанд шаҳар раиси масъул шахсларга ҳар бир тантанали маросимни, айниқса, тўйларни алоҳида назорат остига олиш топшириғини берган.

Ниқоҳни қайд қилиш биноларида фото ва видеотасвирларга олиш тақиқланган. Бу бинолар ичига фақат тўрт киши - келин-куёв ва икки томондан икки гувоҳ киритилиши таъкидланган.

Шунингдек, у санитария-гигиена талабларига риоя қилмаётган барча кўнгилочар масканлар, бозорлар ва савдо марказлари фаолиятини тўхтатиш борасида топшириқ берган.

Тахмина Усмоновага кўра эса, фақат тўйларда эмас, балки жаноза маросимларида ҳам жуда кўп одам йиғилиб, ижтимоий масофага риоя қилинмаётгани сабабли касаллик юқмоқда.

Усмонова хоним олдинроқ шаҳардаги имом-хатибларни йиғиб, айни жаноза маросимларини оз одам билан, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказиш борасида кўрсатма берганди.

«Тўйларни, жаноза маросимларини гапиришади. Ана Хўжанднинг қоқ марказидаги Регистон майдонига бориб кўришсин, Лотерея ўйналаётган жойда одамлар бир-бирига ёпишгандай туришибди. Ё «маршрутка»ларга чиқишсин. Эшикда «Ниқобсиз чиқиш мумкин эмас», деб ёзиб қўйилибди. Лекин, йўловчиларнинг ярмида ниқоби йўқ. Устига ўртада камида ўнта одам, зич кетади», деди такси ҳайдовчиси.

У шундай дея, енгил машинасига ўтирмоқчи бўлган йўловчидан ниқоб тақиб олишни талаб қилди.

«Беморхона тўлиб кетган…»

Лекин мутахассисларга кўра, энди касаллик тарқалиш манбаларини аниқлаш қийин кечади.

«Март ойида Тожикистонга четдан кириб келган ҳар бир киши қатъий карантинга олиниб, агар олинган тест манфий чиқса, ўн тўрт кундан кейин уйига жавоб берилди. Апрел ойидан бошлаб, гарчи умумий карантин эълон қилинмаган бўлса-да, чекловлар жорий этилди. Одамлар тиббий ниқоб тақиб, ижтимоий масофага риоя қила бошлашди. Лекин ковидга чалиниш камайгач, чекловлар олиб ташланди ва одамларда ҳам хотиржамлик пайдо бўлди. Четдан келаётган одамлар қўлида тест натижаси бўлса, ҳеч бир текширишсиз, уй-уйларига кетаверишди», деди узоқ йиллар юқумли касалликларни даволаб келганини айтган, ҳозирда нафақадаги шифокор.

Унинг фикрича, коронавирусга чалинганлик гумони билан уйда даволанаётганларнинг қатъий карантинга олинмагани ҳам Ковид-19 юқиш ҳоллари кўпайишига олиб борган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 11 минг нафарга яқинлашган.

Уларнинг ярмига яқини - 4650 нафари Хўжанд шаҳридан эканлиги айтилмоқда. Аввалига иссиғи тушмаётган ва коронавирус юқтирганликда гумон қилинган барча кишилар беморхоналарда, карантинга олиниб, даволанган бўлса, кейинги ойларда уйда даволаниш ҳоллари кўпайган.

Шаҳарда коронавирус юқтирганларнинг учдан бир ҳиссаси айнан беморхоналарга олиб кетилмаган.

Фақат Хўжандда эмас, балки бошқа шаҳар ва туманларда ҳам уйда даволаниш ҳоллари кўпайган. Беморлар кўпайгани учун янги касалларни беморхоналарга жойлаштириш қийинлашган.

«Отам уч кун уйда даволанди. Лекин иссиғи ҳеч тушмагач, беморхонага олиб бордик. Аввалига уни қабул қилишмади. Гапи ўтадиган таниш-билишларни ишга солдик. Духтурлар айтган хамма нарсани - дориларни, кислородни вақтида етказиб турдик. Лекин отам уч кун реанимасияда ётиб, жон бердилар», дейди Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган ўттиз ёшлардаги йигит.

« Қайнотам вафот этди. Қайнонам ўлим тўшагида. Нафас бериш аппаратини улашган. Исфара шаҳар беморхонасининг юқумли касалликлар бўлими тўлиб кетган…», деб ёзади ижтимоий тармоқларда таниқли журналист Баҳром Файзуллаев.

«Биз шу пайтгача қанча шифокорлар, муаллималарнинг бевақт ҳаётдан кетганлигидан куйиниб ёзгандик. Ана энди ҳамкасбларимизни ҳам лаънати коронавирус чангалига олди. «Азия-плюс»да ишлаган довюрак журналист Мавлуда Рофиевадан сўнг, Конибодомдан яна бир кучли журналистнинг ўлими ҳақида хабар келиб, танамни увиштириб юборди», дейди бир ойдан буён коронавирус азобини тортаётганини айтган хўжандлик журналистлардан бири.

Сўров қандай натижа берди?

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

Айни бир пайтда мамлакат пойтахти Душанбеда ҳам кузнинг иккинчи ойида коронавирусга чалиниш ҳоллари кўпайгани кузатилмоқда.

Коронавирус юқтирган кишилар даволанаётган «Ибн Сино» клиникаси шифокорларидан бирининг айтишича, ҳозирда тест топшираётганларнинг деярли ярмида ижобий натижа чиқмоқда.

Тожикистонда пандемия авжига чикқан май ойида бу кўрсаткич 80 фоизгача чиққан бўлса, ёзнинг охирига бориб, 20, ҳатто 10 фоизгача тушиб қолганди.

Балки, ижобий натижалар кўпайишининг сабаби одамларнинг ўз соғлигидан хавотирланишлари боис мустақил равишда тест топшириш ҳоллари кўпайганига боғлиқдир, дейди шифокор.

Лекин у, айниқса, ҳаво совуб бораётган ва одатий грипп тарқалиши кутилаётган пайтда коронавирус авж олиши ҳолларига тайёр туриш зарурлигини таъкидлайди.

«Коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш штаблари ишларини сусайтириб юборишган. Кўпчилик ниқоб тақмайди. Ҳеч ким уларни тергамайди», деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг 27 октябрдаги маълумотларига кўра, шу куни яна 41 кишининг COVID-19 юқтиргани аниқланган.

Уларнинг умумий сони ҳозир 10. 900 нафарга етган. Айни бир пайтда коронавирусдан тузалганлар 10 минг нафардан ортган (92,1 фоиз). Вафот этганлар сони - 81 нафар.

Лекин ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари пандемия қурбонлари сони амалда кўплигини иддао этишади.

Ўз яқинларини йўқотган кишилар, айни ўша мотам кунида расмий маълумотларда коронавирусдан ўлим ҳоллари кўрсатилмаганидан ёзғирадилар.

Аммо соғлиқни сақлаш расмийлари фикрича, одамлар қанд, қон босими, қон қуйилиши, зотилжам каби касалликлар боис вафот этаётган кишиларни ҳам коронавирус қурбонлари қаторига қўшишади.

Одамлар эса, нега унда яқинлари одатдагидек кафанлаб эмас, балки селлофанга ўралиб, тупроққа қўйилаётганини айтишади. Расмийлар эса, бундай ҳолларни эҳтиёт чораси, дея изоҳлашади.

Яқинда «Азия-Плюс» нашри коронавирус борасидаги расмий маълумотларга ишонасизми, мазмунида сўров ўтказди. Сўровда иштирок этган 2 минг нафардан ортиқ кишининг 90 фоиздан кўпроғи бу маълумотларга ишонмаслигини изҳор этди.

Тиббий ниқоблар ва 200 минг ҳаёт

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

ЖССТнинг Тожикистондаги вакили Бахтигул Карриевага кўра, ишончли эпидемиологик моделлар ёрдамида олинган башоратларга мувофиқ чекловларнинг юмшатилиши натижасида 2021 йил январига бориб, жорий йил апрелига қараганда коронавирусдан ўлим ҳоллари 4-5 баравар кўпайиши мумкин.

Унинг сўзларига қараганда, санитария-гигиена талабларига риоя қилиш, айниқса, тиббий ниқобларни тақиш келгуси йил февралига бориб, 200 минг нафар киши ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Мутахассис чекловларни кучайтириш янада яхшироқ самаралар беради, деган.

Карриева хоним одамлар тўпланиши олдини олиш, ижтимоий масофага риоя қилиш, албатта қўлларни совунлаб ювиб, тоза тутиш, коронавирус юқтирганликда гумонланганларни иҳоталаш, улар билан мулоқотда бўлганларни карантинга олиш пандемияни юмшатишнинг зарур шартларидан эканлигини эслатган.

Тожикистонда пандемия муносабати билан қатъий карантин эълон қилинмаган. Тожикистон президенти ўзининг чиқишларидан бирида карантин эълон қилинмагани сабабини мамлакат аҳолисининг маърифати баланд эканлигига ишониши билан изоҳлаган.

Таҳлилчилар Тожикистонда карантин эълон қилинмаганини кўпроқ иқтисодий омил билан изоҳлашади. Ишлаб чиқариш корхоналарининг тўхтаб қолиши, қишлоқ хўжалиги экинлари парвариши билан шуғулланмасликнинг аҳоли ижтимоий ҳолатини ёмонлашишига олиб келишидан хавотирлик бор эди, дейишади улар.

Тожикистонда қўшни мамлакатлардан анча кечроқ - 30 апрелда, ЖССТ вакилларининг мамлакатга келиши арафасида коронавирусга чалиниш борасида маълумот берилган. Тез кунларда мактаблар, олий ўқув юртларидаги машғулотлар тўхтатилган, йирик бозорлар, масжидлар, кўнгилочар масканлар ёпилган.

Орадан икки ой ўтар-ўтмас, кўп чекловлар бекор қилинган. Жумладан, йирик бозорлар очилган, футбол ва бошқа спорт ўйинлари ўтказила бошланган, шаҳарлараро нақлиёт қатнови тикланган. Августнинг иккинчи ярмига келиб, мактаблар ва олий ўқув юртларида ҳам дарслар бошланган. Лекин шу пайтгача масжидлар очилмаган. Жаноза намозларидан бошқа намозларни оммавий тарзда ўқишга рухсат берилмаган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоялаш вазир муовини Ғафур Муҳсинзодага кўра, ҳозиргача санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилишга оид 13 мингтадан ортиқ текшириш ўтказилган.

Вазир ўринбосари ҳозирда Тожикистонда коронавирус олдини олиш ва унга қарши курашнинг самарали олиб борилиши учун барча зарур чоралар кўрилгани, беморхоналар, мутахассислар, дори-дармонлар етарли эканлиги, тест марказлари ишлаётганини билдирди.

У айни бир пайтда пандемия вазиятида қийинчиликлар хам борлигини айтган. Лекин бу қийинчиликлар кўпроқ нимада эканлиги борасида кенг тўхталмаган.

Кузатувчилар эса, кўзда тутилган қийинчиликлар енгилмаса, мамлакатда коронавирус бўйича вазият оғирлашиши мумкинлигидан хавотирлик билдиришади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek