Аёл катта сиёсатга қадам қўйса нима бўлади? - Ўзбекистон ва дунё, O'zbekiston, AQSh, dunyo, siyosat

Kamala Harris

Сурат манбаси, Getty Images

Аёл катта сиёсатга қадам қўйса нима бўлади? - Улар ҳақда эркаклар нима дейди? Кураш қоидалари аёллар учун ҳақиқатда бошқачами?

Сенатор Камала Ҳаррис вице-президентлик учун кураш олиб бораётган экан, бу сайлов даврида гендер мавзусини четлаб ўтиш мумкин эмас. Аммо кураш қоидалари аёллар учун ҳақиқатда бошқачами?

Мана, унинг номзоди қўйилиши ўн йиллардан бери аёллар сиёсатда учраётганган муаммоларни ва нималар ўзгарганини яққол кўрсатади? Буни Рутгерс университети Сиёсат ва Америка аёллари маркази директори Дебби Уолш таҳлил қилган.

Ғазабланмаслик санъати

Сиёсатда аёллар қатъиятлилик ва агрессивлик ўртасидаги тор йўлдан юриши керак. Тадқиқотлар кўрсатишича, гендер стереотиплар боис, эркак кишида учраганда ўзига ишонганлик, деб мақталадиган сифат аёл кишида учраганда кеккайганлик, деб қабул қилинади.

Озчилик гуруҳлардан чиққан аёллар билан эса, бу гендер стереотиплар ирқий стереотиплар билан қўшилиб кетади. АҚШда "жаҳлдор қора аёл" образи жуда яшовчан стереотип саналади. Бу стереотип 19-асрда пайдо бўлган, унда қора танли аёл эркаксифат, ақлсиз ва қўпол сифатида характерланади.

Уолш хоним изоҳлаганидек, "Аёллар президент ёки вице-президент бўлиш учун етарлича кучли, етарлича қатъиятли эмас дейдилар, аммо айни пайтда қандай қилиб кучни ўзингизни ғазабнок қилиб кўрсатмасдан кўрсатиш мумкин?"

Унинг сезишича, Ҳаррис хоним вице-президентлик учун дебатда қоидаларга оғишмай амал қилган, аммо айрим ўринларда у ўзини тийишга уринган, гапини кесиб қўйишганларида ҳам "аъло даражада" жавоб қайтара олган.

У етакчиликка лойиқми?

Айрим таҳлилчилар ҳатто сайловчилар учун номзоднинг жинси муҳим бўлмаса ҳам, аёллардан сайловолди кампаниясида эркаклардан ўзини фарқлироқ тутиши керак бўлади дейдилар. Одамлар эркак номзодларнинг қобилиятини шундай қабул қилаверади, аёллар эса буни амалда кўрсатишлари керак.

"Economist/YouGov"нинг август ойидаги ижтимоий сўровларига кўра, жорий вице-президент Ҳаррис хонимдан жуда оз даражада олдинда кетмоқда. Сўралган америкаликларнинг чорак қисми Ҳаррис хоним ҳақида тайинли фикри йўқлигини айтган, жаноб Пенс ҳақида эса 14 фоиз одам шундай жавоб берган.

Дебатдан сўнг эса, аксар сайловчилар Ҳаррис енгди, деб ўйлаган. Аммо қайси бири президент бўлса яхшироқ деб савол берилганда, айрим сўровларда натижа сал бошқачароқ чиққан.

"YouGov" сўровларига кўра, аксар америкаликлар (56%) жаноб Трамп вазифасини бажара олмаса, Пенс президентликни эгаллашга лойиқ деган бўлса, 50 фоиз одам Ҳаррис хоним ҳақида шу жавобни берган. Ҳеч бир партияга садоқат сақламайдиган, мустақил сайловчилардан сўралганда, 53 фоизи Пенснинг қобилиятига ишонишини айтган бўлса, 44 фоизи Ҳаррис хоним ҳақида шундай деган.

Айрим респондентлар ҳозирги вице-президент биринчи муддатдаги сенатордан кўра юқори мартабали лавозим учун лойиқроқ, деб ҳисоблашини айтгани ҳолда, сиёсатда аёллар ролини ошириш тарафдорлари улар ўз қобилиятларини эркак рақибларидан кўра кўпроқ намойиш қилишга мажбур бўляпти, дейдилар.

"Momala" бўлиш

Демократик партиядан вице-президентлик учун курашни бошлаганда Ҳаррис хоним вице-президент рутбаси зўр, аммо "Momala бўлиш кўпроқ нарсани англатади, деганди.

У ўзини Америка халқига таништираётганда ўз оиласи (у икки болага ўгай она) ва қадриятларини кўп тилга олади. Уни ёлғиз онаси катта қилгани, аралаш оилада ўсгани Ҳаррис хонимнинг номзод сифатида ўзини танитганда айтадиган муҳим гапларидир.

Сиёсатдаги эркаклар учун ўз оиласини кўрсатиш "доим қўшимча қиймат бўлган", дейди Уолш хоним. Кейинги йиллардагина сиёсатдаги аёллар ҳам ўз бошдан кечирганларини лавозим учун квалификация белгиси сифатида фойдалана бошлади.

Бу "аёллар учун жумбоқ", чунки агар уларда бола бўлмаса ёки оиласи ҳақида гапирмаса, "нега йўқ?" қабилидаги саволлар пайдо бўлади, дейди Уолш хоним. "Агар улар ҳақида гапирсангиз ва болалар ёш бўлса, болаларга кейин ким ғамхўрлик қилади деган савол пайдо бўлади."

Бошқа томондан, эркак номзод оиласи ҳақида гапирса, бу унинг "оилапарвар" қиёфасини чизишга ёрдам беради, аммо "ҳеч ким унинг танлови ва истакларини сўроқламайди" ёки ким унинг болаларига ғамхўрлик қилиши ҳақида қизиқмайди.

Оила ҳақидаги баҳслар қанчалик роль ўйнашини Сара Пэйлиннинг 2008 йилги вице-президентлик учун курашига бир қур назар ташлаб билиб олиш мумкин.

Ўша вақтда Аляска губернатори бўлган Сара Пэйлин медиа ва демократлар унинг бола тарбиясида тутган йўлини жиддий текшираётганини кўрди.

Ўша вақтда Пэйлин хонимда бешта фарзанд бўлиб, улардан бири Даун синдроми бор чақалоқ эди. Танқидчилар у лавозим учун оиласини ташлаб қўймаганига қизиқаётган эди.

Sarah Palin

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сара Пэйлиннинг 2008 йилги вице-президентлик учун кураши

Ҳатто сиёсатдаги аёллар оналикдан узоқлашиб кета олмаса ҳам, стереотиплар ўзгараётганга ўхшайди.

Яқиндагина Олий суд учун номзоди қўйилганда Эми Кони Барреттнинг еттита болага оналик қилишини республикачилар унинг тажрибали эканлигига далолат қилиши ва ундан яхши судья чиқишини кўрсатиш учун келтирдилар.

Уолш хонимнинг урғулашича, Ҳаррис хоним ўгай болаларини ўстираётган она сифатида ноёб мавқега эга. Ва албатта, сайловчилар сайлаган номзодлари ўз ҳаётига эга инсон бўлишини истайди.

"Ўйлайманки, у нормал ҳаёт кечирмоқда."

Sarah Palin in 2008

Сурат манбаси, Getty Images

Эркаклар у ҳақда (ва унга) нима дейди?

Ёқимсиз, радикал, сурбет, маҳлуқ - булар рампнинг Ҳаррис хоним Байденнинг ўнг қўли бўлгандан бери унга берган таърифлари.

Унинг рақиби Пенс ҳақорат қилишга ўтгани йўқ ҳали, аммо дебатда унинг ўзини тутишидан айрим нарсаларни билиб олиш мумкин.

Гапларни бўлиб қўйиш дебатда бўлиб турадиган ҳолат. Аммо Уолш хоним учун бу Пенснинг ўртадаги тафовутни кўрсатиб қўйиш воситаси бўлган.

"У буни шундай қиладики, сизни хушмуомалалик билан писанд қилмаётгани кўриниб туради, - дейди у. - Агар аёл шундай қилса, гапираверса, бутун дебат давомида унинг оғзини юмиб бўлмагандек таассурот уйғонади."

Ўзгаришлар қандай кечмоқда?

Уолш хонимнинг айтишича, 2018 йили расмий лавозим учун курашадиган аёллар сони кескин ортгандан бери улар ўзларини табиий шаклда тутишга анча кўника бошлади.

"Ўзимни қандай тутишим керак, деган ўй уларнинг хаёлларидан анча чекинган, аксинча, қандай бўлсалар шундайликларича ўзларини кўрсатишга уринмоқдалар, - дейди у. - 2018 йилда кўплаб номзодлар аёллар гапирмагани маъқул, деб ҳисобланилган мавзуларни бемалол айтишди."

Булар орасида ёш болалари борлигини айтиш, уйсизлиги ёки молиявий муаммоларини айтиш ҳам бор.

2017 йили АҚШнинг собиқ Давлат котиби Кондолиза Райс аёлларга "кимнингдир ирқчилиги ёки сексизми сизнинг муаммонгиз бўлишига йўл қўйманг", деган эди.

Condoleezza Rice

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШнинг собиқ Давлат котиби Кондолиза Райс

"Аёлларга шуни айтишимиз керак: бирор ерга кирганингизда бирортаси сизни камситишга уринса, ўзингизга олманг. Шунчаки ўзингиз учун гапиринг, - деди у KPMG саммитида. - Олишга ҳаққим бор деб ўйлаганингиз нарсани сизга беришмаса, ёрдам учун воситалар жуда кўп ва сиз уни олишингиз керак."

Уолш хонимнинг айтишича, Жеральдин Ферародан Сара Пэйлин ва Ҳиллари Клинтонгача, ҳар бир номзод ўтмишга таянди. Ва ҳозир қора танли, ҳинд аёл вице-президентликка номзод экан, "дунёда катта ўзгаришлар бўляпти", дейди у.

"Қачонки аёллар Камала Ҳаррис каби инсонни вице-президент сифатида кўрар экан, бу улар ҳаётда ҳам қандай бўлишини белгилайди."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek