АҚШ: Президент сайлови ва конспирация, буёғи нима бўлади? - O'zbekiston, Amerika, dunyo, saylov, yangiliklar

QAnon-related memes and hashtags
    • Author, Марианна Спринг
    • Role, Дезинформация бўйича махсус мухбир

АҚШ: Президент сайлови ва конспирация, буёғи нима бўлади? - АҚШдаги президентлик сайлов кампанияси пандемия, Олий Суд ва полицияни ислоҳ қилиш юзасидан тортишувларга бой бўляпти. Аммо миллионлаб америкаликлар мутлақо бошқа мавзуда гаплашмоқда - конспирация...

"Овоз чиқариб айтилса, бу жуда ғалати эшитилади," дейди 24 ёшли Жейд Флери дўстларидан бири билан бўлган ёзишмасини овоз чиқариб ўқир экан.

У менга видео қўнғироқ орқали ошхона столида ўтириб гапирар экан, Техаснинг Xьюстон шаҳри кузининг иссиғидан асраб, кондиционер бор куч билан ишлаб турарди.

Жейднинг дўсти "Instagram"да "QAnon" ҳақидаги видеони кўриб қолган эди. "QAnon" асоссиз конспирация назарияси бўлиб, унга кўра, Доналд Трамп ҳукумат, бизнес ва медиага ўрнашган сатан педофилларга қарши яширин кураш олиб бормоқда.

jade Flury poses in front of camera

Сурат манбаси, Jade Flury

Сурат тагсўзи, Жейд дўстлари учун ташвишда

Болалар савдоси тармоғини бошқарадиган "Демократик партия элитаси" ҳақидаги ёлғон даъволарга қарши имкони қадар қаршилик қилишига қарамай, у охири таслим бўлди.

"У педофиллар тармоғи борлигига чиндан ишонади, - дейди Жейд. - Нега бирорта ҳам мухбир бу гаплар тагидаги ҳақиқатни топишга уни қоралаётганчалик ҳаракат қилмайди, деб сўрайди."

Аслида мухбирлар буни ўрганишган. "QAnon" ўзига айрим фактларни сингдиргани кўпчиликни шошириб қўйган бўлса-да, унинг мағзи уйдирма, таянадиган бирор далил йўқ.

У аввалбошда "4chan" ва "8chan" каби форумларда пайдо бўлган - эҳтимол, кимнингдир шўхлиги ёки ҳазили бўлган - сўнг АҚШ президентининг тарафдорлари орасида зумда тарқалиб кетган.

"Қуён уяси" сайлови

Жейднинг дўсти биз ҳар куни кундалик янгиликларда эшитадиган эмас, мутлақо бошқа сайлов кампанияси ичида яшаётган миллионлаб америкаликлардан бири. "Қуён уяси" сайлови даъволар, мишмишлар ва турли фитналар ҳақидаги уйдирмаларга тўла.

Xьюстондан 1600 км нарида яшовчи 68 ёшли Том Лонг ижтимоий тармоқлардан мутлақо бошқа йўсинда фойдаланади. Бир жиҳати, унинг "Instagram" аккаунти йўқ. Унинг "Facebook" лентаси ва унинг маҳаллий сиёсатга бағишланган гуруҳи конспирация назарияларига тўлиб кетган.

"Бирма-бир айлантириб кўрар экансиз, "QAnon"дан олинган аҳмоқона нарсалар пост ва репост қилинганини кўрасиз. Улар борган сари янада аҳмоқонароқ бўлиб кетяпти," дейди Том.

Том автомобил заводида ишлаган, ҳозир нафақада, Мичигандан Флоридага кўчиб борган. Ҳар тонгда боғи этагидаги пристанга пиёда бориб, сўнг 18 километр вилосипедда юргач, ўтириб "Osceola Politics" номли "Facebook" гуруҳидаги уйдирма, адаштирувчи постларни ўчириб чиқади.

Tom Long at a computer

Сурат манбаси, Tom Long

Сурат тагсўзи, Том Facebook даги гуруҳини уйдирма хабарлардан тозалаш билан овора

Улар орасида Жо Байден ва Демократик партияни педофилияда айбловчи, Президент Трампни эса ҳаммани "бола савдогарлари"дан асровчи ягона одам сифатида кўрсатадиган асоссиз даъволар ифодаланган мемлар ва видеолар ҳам бор.

"Мутлақо уйдирма бўлса ҳам, улар тарқалаверади, тарқалаверади, тарқалаверади," дейди Том.

Tom Long waves from garden

Сурат манбаси, Tom Long

Сурат тагсўзи, Том яна қўшниларининг уйдирма хабарларга ишониб қолишларидан ҳам ташвишда

Оммалаштириш

Албатта, президентга мухолифлар ҳам асоссиз конспирация назарияларидан бенасиб қолмаган. Жо Байденга тарафдор бўлган бир неча инфлюенсер Оқ уй бераётган зиддиятли маълумотлар сабабли пайдо бўлаётган ахборий бўшлиқни Трампнинг коронавирусга чалингани ёлғонлиги ҳақидаги мишмишлар билан тўлдирди.

Аммо "QAnon" ҳозирча интернетда энг кўп тарқалган ва оммалашган конспирация назарияси бўлиб турибди. Би-би-си текшируви бу назария борасида ижтимоий тармоқларда аллақачон 100 миллиондан ортиқ изоҳ қолдирилгани, лайк қўйилгани ва улашилганини аниқлади. Бу тенденция ёз бўйи кучайиб келган.

Facebook да энг катта "QAnon" гуруҳларда 44 миллион изоҳ ёзилган, лайклар қўйилган, постлар улашилган. Қиёсласак, бу бутун дунёда ОАВнинг диққат-марказида бўлган масала - қора танлилар ҳуқуқлари учун гуруҳлардаги фойдаланувчилар реакцияларининг учдан икки қисмига тенг.

Ижтимоий медиа компаниялари кўрган чоралар аввалига бу каби маълумотлар тарқалишини секинлаштирди, аммо конспирация назариясига эътиқод қилувчилар чекловларни айланиб ўтиш ва "Facebook", "Instagram", "Twitter"даги ленталарга етиб бориш учун янги ҳэштегларни қўллай бошлади.

Гарчи, буларга ишонувчилар ҳамон кичик гуруҳ бўлса-да, улар ўз сўзларини тез тарқатмоқда. Март ойида "Pew Research Center" сўров ўтказганда америкаликларнинг тўртдан уч қисми "QAnon" ҳақида ҳеч нарса эшитмагани маълум бўлганди. Сентябрга келиб эса, эшитмаган америкаликлар ярмига тушди. Эшитганларнинг 9 фоизи бу назария ҳақида кўп эшитаётганини айтган. Аммо ана шу кичик қисмнинг ўзи ҳам миллионлаб одам унинг таъсиридалигини кўрсатади.

Ноябрдаги овоз беришларда иштирок этадиган бир неча республикачи номзодлар "QAnon"га хайрихоҳ қараши ёки ҳатто ишонишини билдирган.

Rabbit hole graphic with QAnon memes and hashtags

Сурат манбаси, BBC News

Экспертлар пандемия ва карантин чоралари унинг оммалашгани сабабини бир қадар изоҳлайди, дейдилар. "QAnon" инфлюенсерлари одамлардаги хавотир, шубҳа ва мубҳамликдан фойдаланмоқда. Аксар одамлар уйда, интернетга боғланиб қолган.

"QAnon" назариялари коронавирусга доир конспирация назарияларига қўшилиб, одамларга қийин кунлардан ўтиб олишида ёрдам берадиган жўн манзарани чизиб бермоқда.

"'QAnon' жуда кенг тарқалган конспирация назарияси бўлиб, интернетда кўп ўтирганда одамларнинг онгига чиппа ёпишадиган культга ўхшайди," дейди экстремист гуруҳларни кузатувчи "Southern Poverty Law Centre"нинг бош суриштирувчи мухбири Майкл Эдисон Ҳайден.

Экспертларнинг айтишича, қаердан келиб қолганини тушунмасдан баъзи одамлар унга ишонишини очиқ билдирар экан, "QAnon" муваффақиятли шаклда омма орасига кириб бормоқда.

Сиракуз Университетидан ассистент профессор Уитней Филлипс йилларча конспирация назарияларини тадқиқ қилиб келади. Гарчи нисбатан оз миқдордаги америкаликлар "сатан педофиллар тармоғи" борлигига ишонса ҳам, "QAnon" ҳаракатида кенг тарқалган бошқа ғоялар жуда тез оммалашмоқда, дейди у.

"Ана шундай ишончлардан бири Трампга қарши бўлган ҳукумат ичидаги соя ҳукумат борлиги ҳақидадир", дейди у. "QAnon" тарафдорлари буларни ўйлаб топмаган. Аммо уларнинг тарқалишида восита бўлмоқда.

Rabbit hole with QAnon memes and hashtags

Сурат манбаси, BBC News

Сурат тагсўзи, Конспирация назариялари сайловга қандай таъсир қилади?

Z авлод ёки Q авлод?

Жейд Флери жуда банд эди - у ёш журналист, ўзи ишлайдиган радио студияга боришга ошиқарди.

Унинг дўстлари билан суҳбатлари асосан унинг доимги ҳаётини издан чиқарган пандемия ҳақида бўлар эди. Аммо у конспирация назариялари унинг дўстларининг сиёсат билан муносабатини ўзгартириб юборишидан хавотирда.

"Бу уларнинг кимга овоз беришига таъсир қилиши шубҳасиз. Уларнинг баъзилари Демократик партияни ёвуз, деб ўйлайди. Бошқалари Доналд Трампни халоскор, деб билади."

"Айрим одамлар уларнинг овози аслида саналмаслиги, чунки ичкаридаги "элита" буни назорат қилишига ишонади," деб хўрсинади у.

Бу демократияни заифлаштирадими?

Уитней Филлипснинг таъкидлашича, "QAnon"нинг хавфи унинг сайловчиларнинг овоз бериши ё бермаслигига таъсир қилишидан кўра кенгроқ. "QAnon" демократияни бутунлай инкор қилиш учун замин ҳозирлаши мумкин, дейди у Президент Трампнинг ўзи агар у сайловда ютқазса, лавозимни тинч топшириши мумкинлигини инкор қилганини эслар экан.

"Агар катта фоиздаги америкаликлар сайлов натижаларини тан олишга тайёр бўлмаса ва Трамп ютқазса, бу бир талай муаммоларни пайдо қиладики, тасаввур ҳам қила олмайман."

Ижтимоий медиа компаниялари буларга эътибор қаратаётган кўринади. Ёз бўйи Facebook ва бошқа йирик тармоқлар "QAnon"га қарши ҳаракат бошлади - жумладан, ҳэштеглар ва аккаунтлар ўчирилди, айрим постларнинг тарқалишига чеклов қўйилди.

"Facebook" бу ҳафта янада нари кетди - "QAnon"га тегишли постларга қаттиқроқ чеклов қўйилишини маълум қилди.

Аммо конспирация назариялари мослашди. Ёзги тозалашлардан сўнг кўпчилик #SaveOurChildren (болаларимизни асранг), #SaveTheChildren (болаларни асранг) каби нисбатан юмшоқроқ ҳэштегларни танлай бошлади. Бу ҳэштеглар "4chan" ёки "8chan" форумларининг ботқоқларига киришни истамаган одамларнинг эътиборини торта бошлади.

Rabbit hole with QAnon memes and hashtags

Сурат манбаси, BBC News

Facebook нинг глобал ишлар ва коммуникациялар бўйича гуруҳи раҳбари Ник Клегга компания кўпроқ чора кўриши мумкинмиди, жуда кеч ҳаракат қилинмадими, деб савол берилди.

У бундай бўлганини инкор қилди ва "Facebook" ва унинг бир қаноти бўлмиш "Instagram"дан ўчирилган катта сондаги постлар ва гуруҳларни мисол келтирди. Аммо "QAnon" аккаунтлари, саҳифалари ва гуруҳларини тақиқлаш учун янада қаттиқроқ чоралар кўп ўтмай жорий қилинган. У "Facebook" #SaveOurChildren каби ҳэштеглар ишлатилган контентлар махсус текширилаётганини айтди.

A sticker that references the QAnon slogan is seen on a truck that participated in a caravan convoy in Adairsville, Georgia, U.S. September 5, 2020

Сурат манбаси, Reuters

Ижтимоий медиа компанияларининг чоралари "QAnon"нинг оммалашувига қанчалик таъсир қилиши муайян вақтгача очиқ савол бўлиб қолади. Аммо Флоридадаги Том Лонг учун зарар аллақачон етказиб бўлинган. Конспирация назариялари Американи бўлиб ташлаётган бошқа бир нарсадир. Буни кўриб у ўзи улғайган мамлакатни таний олмаётганини айтади.

"Бир вақтлар икки томон муаммони ҳал қилиш учун ҳамкорлик қиларди. Аммо бу мамлакатда ҳозир ундай эмас," дейди Том.

A supporter of President Donald Trump holds an U.S. flag with a reference to QAnon during a Trump 2020 Labor Day cruise rally in Oregon city, Oregon, U.S. September 7, 2020

Сурат манбаси, Reuters

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek