The Economist: Ўзбек гази харидорсиз қолди - O'zbekiston, Mirziyoyev, gaz, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, UNG.UZ

The Economist: Ўзбек гази харидорсиз қолди - Ғарбнинг таниқли The Economist нашри Ўзбекистон ўзи ишлаб чиқараётган табиий газни хорижга экспорт қила олмаётгани, оқибатда, ҳукумат қазиб олинган газдан мамлакатнинг ўзида фойдаланишнинг турли йўлларини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзган.

Нашр эълон қилган мақолада табиий газ экспортида юзага келаётган асосий тўсиқлар Ўзбекистоннинг, жуғрофий жиҳатдан, ноқулай минтақада жойлашиб қолгани туфайли юзага келаётгани борасида сўз боради.

Маълумки, Марказий Осиё минтақасининг қоқ ўртасида жойлашган Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятларидан маҳрумдир.

«Бахтга қарши мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулотларидан бири саналмиш табиий газ, кенг кўламда, денгиз орқали савдо қилинади. Бундан ташқари газни суюлтириб, улкан танкерларда дунё бўйлаб ташиш импорт қилувчилар учун маҳсулотни қаерда сотиб олиш бўйича кенг танлов бермоқда. Оқибатда, рақобат кучайиб, нархлар арзонлашиб, ўз газини эски усул - қувурлар орқали экспорт қилувчи Ўзбекистон каби мамлакатлар оғир бозор шароити билан юзлашмоқда», дейилади The Economist мақоласида.

Россия воз кечди, Хитой камайтирди

Moliyaviy markazlar

Сурат манбаси, AFP

2019 йил бошида Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон 2025 йилга бориб газ экспортини тўхтатиши, табиий газни мамлакатнинг ўзида тўлиқ қайта ишлаш йўлга қўйилишини эълон қилган эди.

Бироқ шу йилнинг 16 июль куни президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишдан чиққан хабарлар табиий газ экспорти 2025 йилга бормай тўхташи мумкинлигига ишора қилган эди.

Президент матбуот хизмати ушбу йиғилишда ўзбек газининг икки йирик харидори — Россия умуман газ сотиб олмай қўйгани, Хитойга экспорт эса уч баравар камайганини хабар қилганди.

The Economist нашри мазкур икки давлат ўтган йили хорижга экспорт қилинган $2.3 миллиардга тенг Ўзбекистон газининг 80 фоизини харид қилгани ҳақида ёзган.

«Ўзбекистон катта миқдордаги газни сотишда чорасиз қолмоқда», дейилади мақолада.

2019 йилги ҳисоботларда Ўзбекистон 13,5 миллиард кубометр табиий газ экспорт қилгани, шундан 6,8 миллиарди Россияга, 5,1 миллиарди Хитойга кетгани хабар қилинган.

Gaz

Сурат манбаси, PA

Шу йил март ойида Хитойнинг асосий импортёр компанияси PetroChina коронавирус вазияти сабаб форс-мажорга бориши, бутун Марказий Осиё мамлакатларидан газ импортини сезиларли даражада камайтиришга қарор қилгани ҳақида Тошкентни огоҳлантирганди.

Ўзи, Хитой Ўзбекистондан газ импортини ўтган йили ҳам камайтирган, 2018 йилга нисбатан 35 фоиз кам Ўзбек газини сотиб олгани хабар қилинган.

2019 йили Ўзбекистон ўзининг табиий газини энг арзон Россияга сотган — ҳар 1,000 кубометрига $145 дан. Хитой эса $182 дан тўлаган.

Ўтган йил "Ўзбекнефтгаз" раҳбарияти 2018 йилга нисбатан газ экспортини 15 фоиз оширмоқчи эканликлари ҳақида баёнот беришган, бироқ йиллик газ ишлаб чиқариш 1,6 фоизга камайиб, ўтган йили Ўзбекистон 59,46 миллиард кубометр газ олгани хабар қилинган.

Ўзбекистонда умумий табиий газ захираси 5 триллион, исботланган захираси эса 1,1 триллион кубометр деб кўрилади.

Йиллик ишлаб чиқарилаётган 60 миллиард кубометр табиий газнинг 40 миллиард кубометри Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжи учун сарфланмоқда.

Ягона ечим…

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

«Ҳукуматнинг ягона ечими - газни ўзи истеъмол қилиши», ёзади The Economist.

Мақолада Қашқадарё вилоятида қурилаётган умумий қиймати $3.6 миллиардга тенг "Uzbekistan GTL" завод ҳам тилга олинган.

Сентябрь ойи охирида қурилиши якуний босқичга чиққан ушбу заводдан Ўзбекистон, расмий маълумотларга кўра, йилига жами 1,5 миллион тонна юқори сифатли ва экологик тоза бўлган синтетик ёқилғи, жумладан, 724,6 минг тонна дизель ёқилғиси, 307,3 минг тонна авиа керосин, 437,3 минг тонна нафта, 53,4 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни режалаштирилмоқда.

«Биз учун газни экспорт қилишдан кўра, ундан ички бозорда фойдаланиш афзал», дея "Ўзтрансгаз" АЖ бошқарув раиси Улуғбек Сайидов сўзларидан иқтибос келтирган The Economist.

Нашр Ўзбекистон ҳукумати газни мамлакат ичида қайта ишлаш, хусусан, полиетилен ишлаб чиқариш бу жараён учун сарфланадиган табиий газ миқдорини шунчаки сотишдан кўра саккиз баробар кўпроқ қийматга эга маҳсулот олиш имкониятини беришига ишонаётганини тилга олган.

«Ҳукумат пластик ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилга қадар 20 баробарга оширишни истамоқда», дейилади мақолада.

Бундан ташқари The Economist Ўзбекистон нафақат табиий газ, балки жорий йилда пахта хомашёси экспортини ҳам тўхтатишдан умид қилаётганига эътибор қаратган.

Ўзбекистон табиий газни қайта ишлаш қамровини яна оширишни режалаштирар экан, мамлакатнинг шаҳар марказларидан ташқарисида яшовчи аҳолиси эшик қоқиб келаётган қаҳратон қишга ҳозирлик кўрмоқда.

Агар Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжига қараладиган бўлса, 60 миллиард кубометр табиий газ мамлакатнинг ўзига керак.

Яъни, Ўзбекистон йилига ишлаб чиқараётган табиий газ фақат ички истеъмолнигина қондиришга етади.

Бунинг устига аҳоли сони ҳам ортиб бормоқда, раҳбарият бутун мамлакат бўйлаб уй-жой қурилишини кўпайтирмоқда, янги уйларни ҳам қишда иситишнинг муайян қисми барибир табиий газга боғлиқ бўлади.

Шундай бир шароитда Ўзбекистон газга бой қўшниси Туркманистондан табиий газ харид қилиши мақсадга мувофиқ, деб кўрилади.

Ўзбекистоннинг собиқ нефть-газ вазири Анвар Ҳусаиновнинг фикрича, Туркманистон газини импорт қилиш Ўзбекистон иқтисодиётига фойда.

«Ёнгинамиздаги Туркманистон газга бой. Биз улардан газ сотиб олсак, улар жон деб, сотишади. Газни импорт қилиб, саноатни ривожлантириб юборишимиз мумкин», деган эди йил бошида Би-би-си билан суҳбатлашган собиқ вазир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek