Дунё ва тақдирлар: Ҳатто ҳомиладор келинчакни ҳам отишди – қочқинлар ўзбек журналистига нималар дейишди? - Dunyo, taqdirlar, musulmonlar, yangiliklar

Greece

Дунё ва тақдирлар: Ҳатто ҳомиладор келинчакни ҳам отишди - асли ўзбекистонлик журналист жон ва нон илинжида ўз мамлакатини ташлаб қочган суриялик қочқинлар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Глобал коронавирус пандемиясига қарамай, дунёнинг бўҳронлар ичидаги давлатларидан қочаётган минглаб одамлар тақдири эса, бугун яна кун тартибида...

Ҳулкар Норқобилова,

Журналист, Бремен, Германия

Hulkar Norqobilova

Сурат манбаси, Facebook

Германияда мен ҳозир қочқинларга немис тилидан дарс бераман, аммо ўз касбим, журналистга хос қизиқувчанлик мени тарк этмаган. Икки йилдан бери ўнлаб қочқинларга немис тилини ўргатдим. Уларнинг аксарияти Сурия, Ироқ ва Афғонистондан. Деярли ҳаммаси мусулмон. Бир гал марказимизга немис тили ўрганиш учун келган янги 18 кишилик гуруҳ негадир эътиборимни ўзига тортди. Улардан айримлари доим чуқур қайғу ва ғамда эди. Таҳсил пайтида ҳам ҳеч ўйчанлик юзларини тарк этмасди. Бир кун вақт топиб, сабабини сўрадим.

- Ватанимизни эслаймиз, у ерда қариндош-уруғларимиз қолишган. Уруш эса тинмаяпти. Гарчанд уруш тугади дейишди, лекин отишмалар ҳануз тўхтамаган. Айтишларича, шаҳарларни майда жиноий тўдалар бўлиб олишган, ҳатто қишлоқдаги ҳовлимизни ҳам босиб олишибди, дейди Озод.

Ҳатто бир куни курсимдаги Иброҳим исмли йигит тиш дўхтирига бориб тишини наркозсиз олдирганини айтди.

"Бу осмондан ёғилаётган бомба тагида яшашдан кўра минг марта енгилроқ. Бу нима бўпти"? -дейди у.

Мен уруш кўрмаганим учун унинг гаплари худди рўёдек туюлади.

Мақолам қаҳрамони Озод узоқ йиллик фуқаролар уруши гирдобида қолган Суриядан. Келажакда қандай режаларингиз, орзуларингиз бор, деган саволимга, "Сурияда орзуларимиз бор эди, бу ерда эса йўқ, яшаб юрибмиз, тириклигимизга шукр қилиб", - дейди у.

Гуруҳ ичида бу йигит ўзининг зиёлинома фикрлаши, мулоҳазали жавоблари билан эътиборимни қозонди.

Озод деярли ҳар куни дарсга ярим соат кечикиб келарди. Бир куни сабабини сўрадим.

"Ўғлим боғчага борганида кетишимни хоҳламайди. Шунга ярим соат ўйнатиб ўтириб, кейин келаман, узр", - деди у.

Suriya

Сурат манбаси, AFP

Мен Озоднинг баъзан телефонида бир болакай расмига маъюс қараб турганини кўрардим.

"Болани ундай эркалатманг, унда боғчага эмас, сизга ўрганиб қолади", - дедим.

Шунда эркак кишининг кўзига ёш келганини кўриб, жуда ноқулай аҳволга тушдим.

"Мен катта ўғлимни 3 яшар пайтида урушда йўқотганман. Шунга бу фарзандларимга йўқ дея олмайман", - деди.

Шундагина у расмдаги болакай Озоднинг нобуд бўлган ўғли эканини билдим.

Эртаси куни мен унинг ўғилларига кичик бир совға олиб келдим. Эркак кишининг йиғлагани менга қаттиқ таъсир қилди, ўзимни гуноҳкордай ҳис қилгандим.

Кунларнинг бирида Озод мени уйига меҳмонга таклиф этди. Оиламга сиз ҳақингизда гапириб бердим, сиз билан танишмоқчи, деди.

Озод оиласи, 2 ўғли билан Германия ҳукумати томонидан берилган уч хонали шинам уйда истиқомат қилар экан.

Ўтган бир неча йилнинг ўзида машина ва ҳайдовчилик гувоҳномаси олишга ҳам улгурибди.

"Оилада бу жуда асқотади", - дейди у.

Озоднинг хотини оқ-сариқдан келган истарали аёл экан. Фақат немис тилини билмагани учун ҳеч ҳам мулоқот қила олмадик. Тушликка ширин таoмлар таёрлабди. Овқатланиб бўлгач, уларнинг Суриядан Германияга қандай етиб олишгани, йўлда кўрган, кечирганлари билан қизиқдим.

Greece

"Мен ҳуқуқшуносман, Сурияда ҳуқуқшунослик факультетини тугатганман. Оилам ҳам адвокат", - деб суҳбатини бошлади Озод. Маълум бўлишича, Сурияда улар ўзларига тўқ туришган. Африн шаҳрининг ўзида, яна қишлоқда катта уй-жойлари, зайтунзорлари бўлган.

"Биз мусулмон курдлармиз. Европага қараб йўл олганимизда 2015 йилнинг июли эди. Биринчи мен йўлга чиқдим. Режамиз бўйича оилам мен бориб ўрнашгач, келиши керак эди. Олдинда бизни нима кутаяпти билмасдим, бу жуда хавфли эди. Суриядан пулга йўл кўрсатиб, ўтказиб қўйувчилар бор. Бизнинг Сурия чегарасидан Туркияга қочиб ўтишимизга 10 соат вақт кетди, бу жуда омадли бўлди. Сурия томонида йўл кўрсатувчилар туришади. Кел ўтир, йўқ, тўхта, деб. Ўтгунимизча уларнинг қўлларига пул бериб ўтамиз. Бир киши бошига 3000 сурия лираси, дейишди. Бу эса $10 ўша пайтда АҚШ доллари бўларди. Лекин нима учун пул бердик, деб ҳайрон ҳам бўлдим. Фақат тўхта, юр, дейиши учунми, деб. Чунки улар кўп иш қилишмайди, бу ёққа кел, тўхта, ҳа, йўл очиқ кетавер, дейишади. Одамлар фақат уларнинг қишлоғидан ўтаётганимиз учун пул олишади, йўл кўрсатиб туришади, холос. Чунки ўша пайтлари кунига уч мингтача одам Туркияга қараб қочарди.

Туркия томонида эса, 200 метрлар чамаси юрганмиздан сўнг турк аскарлари кўринишди, кел-кел, деб чақириб олиб, ҳаммамизни бир жойга йиғишди. Бизни машиналар, тракторлар кутиб турарди, биринчи Газиантепга олиб келишди. Чегарада аҳвол доим ўзгариб туради, гоҳида аскарлар қаттиққўл, гоҳида эса индашмас эди. Аммо ҳозир чегаралар ёпилган...

(Курсдаги яна бир суриялик араб йигити Иброҳимнинг менга айтишича, онаси, укалари ва келинлари Суриядан Туркияга ўта олишмаган. 2020 йил март ойида уларга қарата чегара аскарлари ўқ узишган. Ҳомиладор келин ортга қараб қочганда белидан ўқ еган ва ҳозир касалхонада экан.)

Озод ўз ҳикоясида давом этади:

- Туркияда 7 кун қолдик. Биринчи Газиантепга этиб келдик. Ундан сўнг Измирга қараб йўл олдик. Измирда ҳам 7 кун қолдик. Измирда орол бор экан. Европага йўл шу ердан бошланар эди. Бу оролда Европага қочқинлар жўнатиш буткул жиноий кучлар қўлида. Бу йигитлар орасида турклар, сурияликлар ва ҳатто грузинлар бор. Шу йигитлар бизни резина қайиққа жойлаштиришди. Ўшанда киши бошига 1000 евро, дейишди. Қайиққа 40 кишини жойлашди. Қоронғи тушганда бизни қайиққа жойлаштириб, ораларингда қайиқ бошқаришни биладиганлар борми, ўша бепул кетади, дейишди. Ҳартугул биттаси бор экан, ўшанга қайиқни топширишди. Сувдан ўтувчилар ҳаммаси қутқарув жилетини кийиб олишди. Уни ўзимиз сотиб олгандик. Сувда кечаси сузишни билмай, резина қайиқда ўтиш жуда хавфли...

- Биз қанча юрамиз деганимизда, "ҳуу ана чироқ кўриниб турибди, 10-15 дақиқада Грецияда бўласизлар, дейишди. Лекин биз 2,5 соат чамаси сувда қолиб кетдик. Қайиқ тешик эди, сув кира бошлади. Мен сузишни билмайман, ёнимдаги шерикларим ҳам. Биз жон ҳолатда оёқ кийимларимиз билан сувни денгизга қайтариб тўка бошладик. Опам ва поччам мендан 1 ҳафтадан сўнг тушган қайиқ эса, ағдарилиб кетган. 8 соат чамаси сувда қолиб кетишган. Яхшиям қутқарув қайиқлари келиб, уларни қутқариб қолишган...

Greece

Сурат манбаси, Getty Images

- Грециянинг Хиос оролига бордик, у ерда полиция формасидаги одамлар келиб, бизни қочоқлар жамлоғига олиб боришди, рўйхатга олишди. У ерда бизга овқат беришди. Бу жамлоқда мен 4 кун қолдим. Ҳужжатларим тайёр бўлгандан кейин биз катта кемада Юнонистон пойтахти Афинага қараб йўл олдик. Чунки Афинада суриялик ватандошлар бор, улар келаётган одамларга йўл курсатиб туришади. Афинадан поезд билан шимолий Македонияга йўл олдик. Вокзалга етиб келганимизда, у ерда кўплаб ироқликлар, афғонларга кўзимиз тушди. Полициячилар негадир индашмасди, чунки одам жуда кўп эди. Шимолий Македонияда хайрияга овқат тарқатилар эди. Инсонийлик бор эди. Шу вокзалдан поезд билан Сербия чегарасигача йўлга чиқдик. Сербияда бир кеча қолиб, кейин Венгрия томонга йўл олдик. Венгриядан ўтиш жуда оғир бўлди. Бошқа одамларни полиция урганини ҳам эшитдик. Венгрия жамлоғида тўрт кун қолдик. Бизга ҳужжат беришди ва Европага ўтмайсизлар, бошқа жамлоққа борасизлар, деб огоҳлантиришди.

- Биз йўлга чиққач, бу ҳужжатни йиртиб ташладик ва пойтахти Будапешт томон қараб йўл олдик. Пойтахт Будапештда бир ҳостел бор эди. Яширинча даромад қиладиган, катта спорт залга ўхшаган жой экан. Ўша ер бизга қўл келди. Ҳамма ерда ётади, бир кечаси 10 евро. Лекин бошқа ҳеч қандай шароит йўқ, фақат ухлашга жой беришади. Ҳамма сурияликлар бир-бирлари билан телефон орқали алоқада эдилар, бир- бирларига йўл кўрсатиб туришарди. Эртаси куни яна бир-биримиз билан телефон орқали гаплашиб, йўлини топдик, бизни олиб кетишга бир енгил машина келди. Буям бир бизнесга айланган экан. Олиб бориб қўйиш кафолати билан тўрт йўловчининг ҳар биридан 800 евродан сўради. Пулини берувдик, бизни тўғри Германиянинг Бонн шаҳригача олиб келди. Менинг Суриядан Германияга келишимга 1 ой вақт кетди. Лекин энди бу йўллар ёпилган.

- Мен кейин Германиянинг шимолидан Бременга кўчиб ўтдим. Чунки у ерда амаким ва укам бор эди. Хотиним 2016 йилда апрелда ортимдан келди. Хотиним чегарадан ўтишга жуда қийналди. Мен 10 соатда ўтган бўлсам, оилам бир ой ҳаракат қилиб, зўрға ўтди. Иккита ўғлимиз Германияда туғилди, - дейди Озод.

Lesbos

Сурат манбаси, Reuters

Яқинда менга қадрдон бўлиб қолган бу гуруҳ немис тилидан якуний имтиҳонларини топширишди. Агар, сертификат олишса, энди Германияда ишлашлари ҳам мумкин бўлади. Менинг бу гуруҳдан умидларим кўп. Уларнинг кўплари тилни яхши ўрганишга қизиқадиган инсонлар. Шу жумладан, Озод ҳам тил имтиҳонини муваффақиятли топшириб, ҳаётнинг янги ва ёрқин поғонаси томон кўтарилади, деб умид қиламан. Чунки улар ҳозирча ўз келажакларини Германияда кўришади. Аммо, вақти келиб, она Ватанлари - Сурияга қайтиш умидлари ҳам йўқ эмас. Германия 2015 йилда бир миллионга яқин қочқинни қабул қилган, қочоқларга энг кўп эшик очган Европа давлати бўлганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek