Ўзбекистон ва дунё: Шавкат Мирзиёев минтақа ва глобал муаммолар ҳақида нималар деди? - (видео)

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистон ва дунё: Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида нималар деди? - Ўзбекистон президенти БМТ Бош Ассамблеясида гапириб бўлди. Илк бор ўзбек тилида бўлиши айтилган нутқи тугади. Мирзиёев бу гал нималар деди?:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Ўзбекистон раҳбари пандемия боис сиртдан қилган нутқини айнан пандемиядан бошлади, халқаро ҳамжамият қаршисига янги таклифни илгари сурди.

Президент Мирзиёев бу гал Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ғоясини ўртага ташлади.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, "ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этган бўлиши лозим".

Ўзбекистон жорий пайтда Қозоғистон ва Тожикистондан кейин Марказий Осиёнинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

23 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жаъми коронавирус ҳоллари расман 53 мингдан сал ошгани кўрилади.

Коронавирусдан ўлим ҳоллари эса, 444 тани ташкил этади.

Аммо ҳақиқий рақамларнинг бунда бир неча баробар кўп эканига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, фуқароларининг сони расман 34 миллиондан ортади.

Шавкат Мирзиёевнинг ўз чиқишида айтишича, "Ўзбекистонда КОВИД-19 қайд этилган дастлабки кунлардан бошлаб, барча саъй-ҳаракат ва ресурсларини бу хавфли касалликни жиловлаш ва энг асосийси - одамлар ҳаётини сақлаб қолишга қаратишган".

Ўзбекистон президентига кўра, "бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини кўрсатган".

Айнан пандемияга ёндашувлари боис, яқинда Россия, Туркия, Туркманистон президентлари илова дунёнинг қатор давлатлари раҳбарлари ҳам кутилмаганда бу йилги ҳажвий Шнобел мукофотига лойиқ, деб топилишганди.

O'zbekiston

Сурат манбаси, Timur Karpov

Шавкат Мирзиёевнинг бу галги нутқи ҳам кенг қамровли экани кўрилган.

У яна Ўзбекистондаги ислоҳотлар мавзусига эътибор тортган, ассамблея иштирокчиларига "Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олгани"ни айтган.

"Гендер тенглик сиёсати ўзлари учун устивор масала экани"ни таъкидлаган.

Ўзбекистонда "инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгаргани"ни айтган.

Бу гал "мажбурий ва болалар меҳнати Ўзбекистонда тўлиқ тугатилгани"ни баён қилган.

"Ўзбекистонда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшилангани"ни қайд этган.

Ишсизлик, коррупция ва ёшлар масаласини ҳам тилга олган.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича ўзларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга чақирган.

Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махус резолюциясини қабул қилишни ҳам таклиф этган.

Марказий Осиё билан боғлиқ қатор ташаббусларни ўртага отган.

Бу гал ҳам Афғонистон масаласига алоҳида тўхталиб ўтган, БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозимлигини айтган.

Ўзбекистон президенти яна глобал иқлим ўзгариши муаммоси ва худди шу фонда Орол денгизи фожеасига эътибор тортган.

Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини ҳам илгари сурган.

Шавкат Мирзиёев яна "тобора ташвишли оҳанг касб этиб бораётган қашшоқлик" мавзусига тўхталган, ушбу масала ечимига бағишланган глобал саммит ўтказиш ғоясини ўртага ташлаган.

Ўзбекистон раҳбарининг айтишича, пандемиядан кейинги дунёнинг ижтимоий-иқтисодий манзараси бутунлай бошқача тус олади.

Бу эса, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги умумий хатарларга қарши янгича ёндашувлар асосида ва яқин ҳамкорликда ишлаш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатида марказий ўрнини янада кучайтиришни тақозо этади.

Тарихча ўрнида

BMT

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ва Мирзиёев: Мамлакат тарихида кузатилмаган янгилик - янги Ўзбекистон президенти билан боғлиқ бунга ўхшаш "шов-шувли" янгилик сўнгги бор 2017 йилнинг сентябрь ойида кузатилган.

Шавкат Мирзиёев ўшанда Ўзбекистон президенти сифатида илк бор Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида чиқиш қилган.

Ўзининг қарийб бир йиллик бошқаруви даврида Ўзбекистонда амалга оширишга эришган ўзгаришлари ҳақида гапириб, кўпчиликнинг диққат эътиборини ўзига тортган.

Болалар меҳнати, мажбурий меҳнат, чиқиш визаси ва миллий валюта конвертацияси каби Каримов даври Ўзбекистони билан уйғунликда кўрилган ва мамлакатдаги аксарият наздида "энг долзарблари"дан, деб билинган муаммоларга бирма-бир тўхталган.

Улар барчасини "ҳал этишга муваффақ бўлганликлари" ёки бунга қарши таъсирчан чоралар кўрганликлари ҳақида гапирган.

Бу - Ўзбекистон янги раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти юқори минбаридан туриб илк бор нутқ сўзлаши бўлган.

Президент Мирзиёев рус тилида чиқиш қилган, нутқи кенг қамровли экани кўрилган.

Ўзбекистон янги раҳбари бир чиқишида мамлакатнинг ўзидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, оммавий ахборот воситаларининг ўрни, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятларининг роли ва суд органларининг мустақиллиги каби масалаларни тилга олган.

Худди шунинг баробарида минтақадаги қўшнилари билан алоқаларнинг бугунги аҳволи ва истиқболи, сув захиралари муаммоси, Орол фожеаси, Афғонистон можароси ва глобал террорчилик таҳдиди ҳақида ҳам бирма-бир, муфассал тўхтаб ўтишга улгурган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Таъкидлаш жоиз, қилган чиқишидан қисқа вақт ўтмай, Ўзбекистон янги президентининг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида қилган нутқи турли ижтимоий мулоқот тармоқларида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Айрим ўзбекзабон интернет фойдаланувчилари айнан президент Мирзиёевнинг нега ўзбек тилида чиқиш қилмаганига алоҳида диққат қаратишган.

Xудди шу минбардан туриб, қозоқ тилида сўзлаган Қозоғистон президенти (ҳозирда собиқ- таҳр.) Нурсултон Назарбоевни қиёсан тилга олганлар ҳам бўлган.

Бошқалари, "Хорижга чиқиш визалари сингари умрини мутлақо ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари бекор қилинган"ига оид сўзлар юзасидан ўз тушунмовчиликларини изҳор этишган.

Худди шу манзарада президентнинг "Ўзбекистон миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига тўлиқ ўтди", деган баёнотини савол остига олганлар ҳам топилган.

Бошқасининг наздида эса, "бу - жуда кучли нутқ бўлган".

"Оқил, доно ва эътиқоди баланд Шавкат Мирзиёев 2 миллиард ёшга дин ўргатийлик, Ислом вакилларига соф Исломни ўргатайлик, деган ташаббус билан чиққан". "Диний дискриминациянинг олдини олайлик", деган.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрь ойида расман Ўзбекистоннинг янги президенти сифатида ўз фаолиятини бошлаган.

Унгача бир неча йил давомида мамлакат Бош вазири сифатида иш юритиб келган.

Бу гал Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги чиқиши ҳали қилмай туриб катта шов-шувга сабаб бўлган.

Ўзбекистон президентининг мамлакат тарихида илк бор БМТ юқори минбаридан туриб ўзбек тилида гапириши айтилган.

Янгилик мамлакатдаги деярли барча нашрларда сарлавҳаларга чиққан, кибер фазодаги кўпчиликнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Бу хабар айрим чет давлатлар нигоҳига тушганига оид чиқишларгача кузатилган.

Ўзбек тилидаги нутқнинг қайси телевизион каналдан, қачон олиб узатилиши ҳақида ҳам расмию норасмий манбалардан аллақачон батафсил маълумот берилган.

Ўзбекистон мустақиллигидан 29 йил, Давлат тили тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан 30 йил ўтиб ҳам, ўзбек тилининг мавқеи мамлакатдаги кўпчиликнинг эътиборида бўлган масалалардан бири экани кўрилади.

Таҳлилчи: "Марказий Осиё ваглобал муаммолар президент эътиборида эди"

Ўзбекистон ва Марказий Осиё бўйича шарҳловчи Сергей Становкиннинг фикрларига кўра, БМТда сўзга чиққан раҳбарларнинг аксарияти аввалгига нисбатан глобалроқ масалаларга эътибор қаратган. Улар шунчаки залдагиларга эмас, бутун дунёга мурожаат қилаётгандек эди. Деярли барча етакчилар глобал синовлар ва минтақавий муаммолар ҳақида гапирса -да, ҳаммаси ҳам уларга ўз ечимларини таклиф қилгани йўқ.

"Ўзбекистон президентининг нутқи аниқ ташаббусларга бой бўлди. Шунингдек, Оролбўйи минтақаси учун Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигида тузилган БМТнинг Кўп томонлама шериклик траст фонди асосида экологик инновация ва технологиялар ҳудуди яратиш ташаббусидан экологик вазиятни яхшилаш, минтақавий ривожлантириш кўзланган. Ўзбекистон президентининг бу ташаббуси менга фавқулодда муҳим ва долзарб бўлиб туюлди, чунки бу ташаббус лойиҳага янги туртки бериш, унинг миқёсини кенгайтириш, замонавий технологиялар ва замонавий безнесни жалб қилишга имкон беради. Албатта, Ўзбекистон президенти мамлакатнинг Марказий Осиёдаги маданий хаб (2021 йилда Хивада "Марказий Осиё тамаддунлар чорраҳасида" конференциясини ўтказиш ҳақидаги ташаббус), хавфсизликни мустаҳкамлашдаги ҳамкорлик маркази (Афғонистон билан боғлиқ ташаббуслар) ва транспорт тугуни (Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темирйўл қуриш лойиҳаси) сифатидаги ўрнини қандай белгилаганига ҳам эътибор қаратдим".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek