Ўзбекистон ва Мирзиёев: Адолат, адолат ва яна адолат

Ўқилиш вақти: 2 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон ва Мирзиёев: Адолат, адолат ва яна адолат - Ўзбекистон президентига кўра, ўтган бир неча йилда мамлакати дунёга очилмоқда ва жаҳон ҳамжамиятига ҳақиқатни сўзлашга уринмоқда.

Шавкат Мирзиёев илк бор блогерлар билан учрашган, мулоқот қилган, сельфига тушган.

Бугун янги Ўзбекистоннинг тарихини яратишаётгани ва мана шу тарихда блогерларнинг ҳиссалари ҳам жуда катта эканини айтган.

Бу ҳисса нимадан иборат, деяркан, бунинг "адолат, адолат ва адолат" эканини қайта-қайта такрорлаган.

Бу - Ўзбекистоннинг мустақиллиги тарихида кузатилмаган воқеълик бўлган, ҳатто, масъулларнинг ўзлари томонидан "тарихий", дея эътироф этилган.

Самарқандда олинган бу тасвир ва сельфилар блогерларнинг ўзлари қолиб, Ўзбекистон президентининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги расмий аккаунтларида ҳам бўлишилган.

Кеча, 26 август куни кечга яқин ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари томонидан энг кўп улашилган, эътибор қаратилган ва фикр қолдирилган контентлардан бирига айланган.

Аммо билдирилган муносабатлар қоришиқ эканини кўриш мумкин бўлган, кимдир уларни олқишласа, бошқасининг қараши эса, анчайин скептик экани кузатилган.

"Зўр", "Молодец" каби фикрлар орасида, "Амалдорлар билан учрашув муаммоларни кўтариш учун имконият. Ҳамду сано бошқа тадбирларда ҳам етарлича бўляпти", деганлари ҳам кўрилган.

Агар, ижтимоий мулоқот тармоқларида имконли бўлган видеотасвирларга қаралса, айрим блогерлар Ўзбекистонда ўзларига берилган юксак эътибор, яратилган барча имконият учун президентга миннатдорчилик билдиришган, ундан ўз миннатдорчиликларини қабул қилишини сўрашган.

Президент ҳам бунга жавобан "қабул қилгани"ни айтаркан, раҳмат, деган.

Ўзбекистон яқин-яқингача халқаро ҳисоботларда сўз эркинлиги энг кўп чекланган давлатлар қаторидан ўрин олиб келган, матбуот душманларидан бири сифатида кўрилган.

Айнан Президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви билан кечган уч йилча вақт оралиғида айнан блогерлар эркин ва мустақил сўзни айта оладиган куч сифатида шаклланиб кела бошлаган.

Аммо шу орада ҳам ижтимоий мулоқот тармоқларидаги чиқишлари учун терговга тортилиб, ҳибсга олиниш қадар уларнинг босимга учрашига оид воқеъликлар кузатилган.

Яқинда масъуллар томонидан блогерлар нафақат ўзлари тарқатган маълумотлар, балки улар остидаги "фейк" аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган" шарҳлар учун ҳам масъул эканликларига оид баёнотлар янграган.

Бу ҳам ўзбекзабон интернет оламида нафақат қалам аҳли, балки-да аксарият ўзбекистонликлар томонидан таажжуб ва тушунмовчилик билан қабул қилинган.

Мазкур ҳолат орада масъулларнинг журналист ва блогерлар билан махсус учрашувига ҳам туртки берган, таъбир жоиз, шундан сўнг масалага "ойдинлик" киритилган.

Шавкат Мирзиёев эса, блогерларни ҳамиша қўллаб-қувватлашини айтган.

Яқинда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор блогерлар давлат томонидан мукофотланган.

Мазкур янгилик Ўзбекистон ичкариси қолиб, ташқарисида ҳам аксарият томонидан ҳайрат билан қарши олинган.

Бошқа томондан, бу воқеълик ҳам айрим кузатувчилар орасида блогерларга таъсир ўтказиш ҳаракати қабилидаги танқидларга сабаб бўлмай қолмаган.

Аммо блогерлар ўзларининг орасида бу каби фикрларга кескин қарши бўлган, мукофот ўзлари ва қаламларини ўзгартира оладиган куч, восита бўла олмаслигини айтганлари озмунча эмаслиги кўрилган.

Президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёевага кўра, президентнинг блогерлар билан учрашиши сўз эркинлиги томон қўйилган ижобий қадам бўлади.

Самарқанддаги учрашувда блогерлар орасида хорижликлари ҳам кўрилган.

Шавкат Мирзиёевнинг бу сўзлари, ҳатто, маҳаллий таржимон томонидан бевосита таржима қилиб турилган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати "тарихий" воқеалар манзарасида буларнинг барчаси улар учун нимани англатиши саволи билан Тошкентдан маҳаллий блогер Жонузоқ Халилга мурожаат қилди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу - блогерларга назоратни кучайтириш йўлидаги бир ҳаракат бўлиши ҳам мумкин.

Сиз-чи, сиз нима дейсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek