Ўзбекистон: Шахсий паспорт маълумотлари 5 доллардан сотилган

Сурат манбаси, kun.uz
Божхона қўмитаси телефонларга IMEI кодларини расмийлаштириш учун хориждан келаётган фуқароларнинг шахсий маълумотлари 5 доллардан сотилганини маълум қилди. Қўмита ана шундай иш билан шуғулланган 3 кишидан иборат гуруҳни ушлаганини айтмоқда. Қўмитадаги Би-би-си манбаси бу каби бошқа гуруҳларни ушлаш устида иш олиб борилаётганини айтди.
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси шов-шувларга сабаб бўлган паспорт маълумотларининг ўғирланишига оид баёнот билан чиқди.
Хабарда айтилишича, божхона қўмитаси бу иш билан шуғулланган жиноий гуруҳни фош қилган.
Унда 3 кишидан иборат жиноий гуруҳнинг исм шарифлари бош ҳарфлари берилган.
"Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган", дейилади хабарда.
Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабарида фуқаро М. Б. кейинги сатрдаги гапда Б. М. га айланган.
Божхона қўмитаси паспорт маълумотлари 5 доллардан сотилганини маълум қилган.
«Фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ доллардан ҳақ олганлиги маълум бўлди», дейилади.
О. А. ҳар бир паспортдан қанча фойда кўргани айтилмаган.
Ушбу хабар одамларда кўплаб саволларни пайдо қилди.
Бу ҳолат қайси қўшни давлатда содир бўлган? 200 дан ошиқ фуқаролар нима учун паспортини оддий фуқарога берди.
Бу ишда орган ходимларининг ёрдами бўлганми каби саволлар пайдо бўлган.
Би-би-си хабардаги маълумотларга ойдинлик киритиш учун Божхона қўмитаси билан боғланди. Исмини ошкор қилишни истамаган масъул тергов ишларига халақит бермаслик мақсадида маълумотлар сир сақланаётганини айтди.
Би-би-си Божхона масъулидан ижтимоий тармоқдагилар бу расмийга хабарга ишонмаётгани, карантин вақтида одамлар чегарада тўп-тўп бўлиб турмагани ва ҳеч ким танимаган оддий одамга паспортини бермаслигини ва бу ишларни масъулларнинг ўзлари аралашмасдан амалга ошириб бўлмаслигини айтишаётганини айтди.
Исмини ошкор қилишни истамаган божхона масъули қўмита раҳбарияти одамларнинг гаплари билан танишганини билдирди.
«Ҳамма шахсий фикр билдириш ҳуқуқига эга, лекин биз ҳам давлат органимиз-ку. Биз ҳам ёлғон нарса тўқиб, эртак тўқиб халққа бермаймиз-ку. Бунинг жавобгарлиги бор. Ҳозир яна бошқа нималарни ушлашимиз керак. Ҳозир биз терговга халақит бермаслигимиз керак», дейди қўмита масъулларидан бири.
Божхона қўмитаси масъул шахсларидан бирининг айтишича, 3 кишидан иборат гуруҳни қўмитанинг контрабандага қарши курашиш қўмитаси ушлаган. Аммо Би-би-си боғланган шахс уларнинг қаерда ушланганига оид маълумотни беролмаслигини айтди.
У шунингдек, гумонланувчилар орасида фуқароларнинг паспортини олишга ҳуқуқли бўлган масъул идораларнинг ходимлари бор ё йўқлиги тўғрисидаги саволни ҳам очиқ қолдирди.
Мулозим, шахсий маълумотларни божхона қўмитаси ходимлари иштирокида ўғирланаётган бўлиши мумкинлигига оид иддаоларни мутлақо рад қилди.
«Божхона қўмитасидагилар фуқароларнинг паспортларини назорат қилмайди. Божхоначилар бу ишни қилмаган. Ижтимоий тармоқлардаги даъволар асоссиз», дейди у.
Би-би-сининг Божхона қўмитасидаги манбаси бу борада ички суриштирув бўляптими, деган саволни очиқ қолдирди.
Ўзбекистонга хориждан келган Би-би-си боғланган бир нечта фуқаронинг айтишича, уларнинг паспортларини Божхона қўмитаси хабарида айтилганидек, қўшни давлат ҳудудида эмас, балки Ўзбекистон чегарасида олишган.
Яқинлари июнь ойида Ўзбекистонга кириб келган бир фуқаронинг иддао қилишича, паспортларни оддий фуқаролар эмас, балки Ўзбекистон ҳаво йўлларининг стюардессалари йиғиб кетишган.
Паспортлар карантин муддати тугаганидан кейин берилган.
Ўзбекистон ҳаво йўлларининг стюардессалари фуқаронинг шахсий мулки бўлган паспортларни нима сабабдан олиб қўйганига ойдинлик киритиш учун компания матбуот хизматига боғландик.
Аммо кўрсатилган рақамни ҳеч ким кўтармади. Би-би-сига Ўзбекистон ҳаво йўлларида 5 ойдан бери матбуот котиби йўқлигини айтишди.
Паспорт маълумотларини ўғирлатиб телефонининг IMEI кодини рўйхатдан ўтказа олмаган айрим фуқаролар UzIMEI ташкилотига бориб ариза ёзаман, деб шикоят қилганидан сўнг уларнинг телефонлари муаммосиз рўйхатга олинганини айтишди.
Тахминан 10 кун олдин Ўзбекистонга учиб келган яна бир фуқаро уларнинг паспортларини стюардессалар эмас, балки карантинда ушланган меҳмонхона ходимлари рўйхатдан ўтказамиз, деб олиб қўйганини айтди. Паспортлар карантин муддати тугаганидан сўнг берилган.
Олдинроқ Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бир неча органлар ҳамкорликда суриштирув ишлари бошлашганини маълум қилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













