Ўзбекистон сармоявий муҳитига нималар салбий таъсир қилаяпти? O'zbekiston AQSh

Тошкент кўчаси

Сурат манбаси, BBC UZBEK

Сурат тагсўзи, Раҳбарият Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаттиқ ҳаракат қилаяпти

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инвестицион муҳитни яхшилаш йўлида қандай ишлар амалга оширилганини эътироф этиш билан бирга нега бу соҳада сустлик кузатилаётгани асл сабабларини кўрсатди.

Булар дунёнинг 160 дан зиёд мамлакатидаги сармоя муҳити таҳлилига бағишланган АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида келтирилди.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга бағишланган қисмида мамлакат раҳбарияти давлат назоратидаги монополиялар модернизацияси, хусусий ва хорижий тўғридан-тўғри сармоялар учун муҳит яратиш ва дастаклаш билан кенг миқёсдаги иқтисодий ислоҳотлар сиёсатини давом эттираётгани эътироф этилади.

Ютуқлар

"Ҳисобот даврида чегара оша оқимлар эркинлиги ва капиталлар ҳаракатини кафолатлайдиган валютани назорат қилиш бўйича янги қонунни қабул қилиш, хорижий сармоядорлар ҳуқуқларини кафолатлайдиган янги сармоя фаолияти ҳақидаги қонунни кучга киритиш, солиқ тарифларини камайтариш ва янада адолатли тарифлар белгиланган ва ҳисобот талаблари осонлаштирилган янги Солиқ кодексини қабул қилишни ўз ичига олган Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш устувор қилиб белгиланган сиёсатга эътибор қаратилди", дейилади ҳисоботда.

"Ҳукуматнинг 2016 йилда бошлаган либерализация ислоҳоти ўз самараларини бермоқда: Ўзбекистон жалб қилган тўғридан-тўғри хориж сармоялари миқёси 2018 йилдаги 1,6 миллиард АҚШ долларидан 2019 йили 4,2 миллиардга ўсди. Жаҳон Банкининг 2020 йилдаги "Doing Business" ҳисоботида Ўзбекистон 20 та глобал "энг яхшиловчи" мамлакат деб тан олинди ва "Экономист" журналининг 2019 йилдаги "Йил мамлакати" мукофоти ғолиби деб топилди. 2020 йил 1 февралида Ўзбекистонда хориж капитали иштирокидаги 10600 компания фаолият юритаётган эди, шундан тахминан 3000 таси 2019 йили ташкил этилган", дейилади АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида.

"Тўғридан-тўғри чет эл ва хусусий инвестициялар Ўзбекистон иқтисодий тараққиётини ушлаб туриш учун ўта муҳим. Аммо бунга қарамасдан, ҳукумат инвестицияларни экспортга қараган ва импорт ўрнини босадиган индустрияларга йўналтиришда давом этмоқда. Ўзбекистон расмий статистикасига кўра, 2019 йилда капитал инвестицияларнинг умумий ҳажми 21,5 миллиард доллардан ошиб кетган. Молиявий манбаларнинг 4,2 миллиарди тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ва 5,6 миллиарди хорижий қарзлар бўлган. Асосий индустриялар кончилик, нефть ва газ маҳсулотлари, электр ишлаб чиқариш, қурилиш, зироат, тўқимачилик, транспорт, металлургия, нометал ва номинерал ишлаб чиқариш ва кимё саноатини ўз ичига олган".

Яна монополиялар

Айни пайтда Ўзбекистон инвестицион муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар сифатида давлат монополияларнинг иқтисодиётда етакчи бўлиб қолаётгани, давлат харидларида шаффофликнинг йўқлиги ва давлат корхоналарининг шартнома мажбуриятларига изчил риоя этмасликлари кабилар тилга олинган.

Ҳисоботда хусусий бизнес маҳаллий ҳокимият органларининг хусусий мулкни муҳофаза қилишга қаратилган қонунчиликни назар-писанд қилмаётганидан хавотир билдираётгани қайд этилади.

"Кичик бизнеслар ўзларининг бизнеслари алоқаси яхши компаниялар ёки минтақавий ёки туман ҳокимиятлари қўллаб қувватлайдиган лойиҳалар фойдасига тортиб олинаётгани ҳақида хабар қилинган. Интеллектуал мулк муҳофазасига қаратилган қонунчилик ижроси ҳамон етарли бўлмай қолмоқда", дейилади ҳисоботда.

Инсофли солиқчи муаммоси

Айни пайтда Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси мамлакатда яширин иқтисодиёт Ялпи Ички маҳсулотнинг 48 фоизини ташкил этиши ва 245 триллион сўм экани ҳақида хабар тарқатди.

Аксар иқтисодий таҳлилчилар ушбу икки рақамнинг ҳам асл вазиятни акс эттиришини шубҳа остига оладилар.

Бу мустақил Ўзбекистонда соя иқтисодининг расмий минбардан илк бор эълон қилинишидир.

Солиқ ҳужжатига кирмаган маблағ ҳажми Ўзбекистонда Шўролар замонида ҳам, мустақил Ўзбекистонда ҳам кўп бўлган, бироқ бугунги кунда касса аппарати чеки асосий сабаб қилиб кўрсатилиши иқтисодий билимдонлар эътирозига сабаб бўлганини кўриш мумкин.

"Инсофли солиқ тўловчи" муаммоси дунёнинг аксар мамлакатида мавжуд, аммо кўпчилик солиқ миқдори унинг бир қисмини яширишдан манфаатдорлик энг кам даражага туширилган иқтисодий шароит яратилиши ва мамлакатдаги иқтисодий жараёнлар устидан жамоатчилик назорати бўлиши бу муаммони камайтиришини эътироф этади.

Ўзбекистонда эса бу борадаги қонунчилик ислоҳоти ҳамда бу йўналишдаги маърифий ишлар эндигина бошланди, дейиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek