ЕвроОсиё Иқтисодий Комиссияси Мирзиёев мурожаатини кўриб чиқди - O'zbekiston, Россия, yangiliklar

Сурат манбаси, official
ЕвроОсиё Иқтисодий Комиссияси Мирзиёев мурожаатини кўриб чиқди - Ўзбекистонга расман кузатувчи мақомини бериш-бермаслик қарори энди иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарларида қолди.
Бу ҳақда ЕвроОсиё Иқтисодий Комиссияси ўзининг веб саҳифасида расман хабар берди.
Маълум қилинишича, комиссия кенгашининг 4 сентябрь кунги йиғинида Олий ЕвроОсиё Иқтисодий Олий Кенгашининг Ўзбекистонга иттифоқ қошида кузатувчи мақомини беришга оид қарори лойиҳаси кўриб чиқилган.
Худди шу расмий хабар тафсилотларидан аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг айни шу масала юзасидан ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи раиси, Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенкога мурожаат қилгани англашилган.
Аммо президент Мирзиёев мурожаатининг аниқ санаси очиқланмаган.
Ўзбекистон кузатувчилик мақомини беришга оид якуний қарор энди иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарлари ихтиёрида қолган.
Аммо комиссиянинг йиғинига оид хабар Беларусь 9 август кунги зиддиятли президент сайлови ортидан, ҳафталарки, давомий оммавий норозилик намойишлари ичида қолган бир пайтда бўй кўрсатган.
Сайловда яна амалдаги президент Александр Лукашенконинг ғалаба қозонгани расман эълон қилинган, аммо "сохталаштирилгани"ни айтиб, мамлакат мухолифати бу натижаларни тан олмаётир.
Бунинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи фаолиятига таъсири эса, ҳозирча маълум эмас.
Янгилик, бундан ташқари, сўнгги пайтларда ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи доирасида анчайин бир жиддий зиддиятлар шаклланиб улгургани омилига таҳлилчилар аллақачон ўз диққат-эътиборларини қаратиб бўлган бир фонда бўй кўрсатган.
Ўзбекистон ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи

Сурат манбаси, Getty Images
Нейтрал Туркманистон назарда тутилмаганда, Ўзбекистон Тожикистон билан бирга минтақанинг ҳали-ҳануз бу иттифоққа тўлиқ аъзо бўлиб кирмаган иккита давлати бўлади.
Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов бунга ўхшаш иқтисодий иттифоққа киришга расман ва ошкора рўйхушлик бермай келган.
Буни бир мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид сифатида кўрган.
Аммо Шавкат Мирзиёев қудратга келган тўрт йилнинг ичида янги Ўзбекистон бу масалани кўриб чиққани маълум бўлган.
Шу йил бошида ҳукумат Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзолиги эмас, кузатувчи мақомидаги иштирокини маъқуллаб, ўз таклифини кўриб чиқиши учун парламентга юборган.
Бунинг ортидан Ўзбекистон парламентининг ҳар икки палатаси ҳам ҳукуматнинг таклифини маъқуллаган.
Бунга глобал коронавирус пандемияси ҳам тўсқинлик қила олмаган.
Аммо Сенатнинг май ойидаги қарори Ўзбекистон президенти томонидан расман маъқулланганига оид хабар шу пайтгача олинмаганди.
ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ва ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириши сўнгги йилларда аксарият ўзбекистонликларни бефарқ қолдирмаган энг ҳассос масалалардан бири экани кўрилган.
Кибер фазода ҳам энг кўп муҳокама этилаётган ва этилувчи мавзулардан бирига айланган.
Орада иттифоққа аъзолик масаласидаги якуний қарор ҳатто референдум орқали берилиши керак, деган фикрларгача кўзга ташланган.
Бунга мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг муҳим қарорлардан бири, дея баҳо берувчилар ҳам бўлган.
Ўзбекистон парламенти ҳар икки палатасининг ҳали кузатувчилик масаласида берган ижобий қарорининг ўзиёқ мамлакат аҳолиси томонидан бир хилда қарши олинмаган.
Бу ҳам яна қизғин баҳсу мунозараларга замин яратган, фикр билдирган кўпчиликнинг Ўзбекистон сиёсий мустақиллигидан хавотирда экани англашилган.
Ижобий қарор берилган кунларни мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг машъумларига қиёс берганлар ҳам топилган.
Аммо айрим минтақавий экспертлар эса, буни расмий Тошкентнинг "дипломатик ютуғи"га йўйишган. Ўзбекистоннинг ҳалиям "Россиянинг босимларига ён бермасликнинг уддасидан чиқаётгани"ни айтишган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг 7 август кунги чиқишидан нинг кузатувчилик қарори ортидан ҳам, расмий Тошкентнинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзолик масаласида, таъбир жоиз, "Россиянинг босимига учраётгани" англашилган.
Янги Ўзбекистоннинг "ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш масаласини ҳар томонлама ўрганаётган ва парламенти кузатувчилик мақомини ёқлаши билан кечган ўтган тўрт йилча вақт ичида ҳам бунақаси кузатилмаганди.
Ўзбекистон парламентининг "кузатувчилик қарори" аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчиларнинг ҳам, "айнан мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини назарда тутиб, Ўзбекистоннинг минтақадаги ўзаро геосиёсий рақобатда бўлган глобал қудратлар барчаси билан мувозанатли ташқи сиёсат олиб боришининг муҳим"лигини урғулаган баҳоларига сабаб бўлган.

Сурат манбаси, official
Ўзининг яқинда Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан қилган байрам нутқида эса, президент Мирзиёев, "ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлиши"ни таъкидлаган.
"Қандай таҳликали ва суронли даврларни бошларидан кечиришмасин, қандай ютуқ ва натижаларга эришишган бўлмасин, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи ўзларига доимо тоғдек таянч бўлаётгани"ни айтган.
ЕвроОсиё Иқтисодий Комиссиясининг расман маълум қилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иттифоққа аъзо давлатлар билан икки томонлама ҳамкорлиги кенгайиб бормоқда.
Дейлик, 2016-2019 йилларда биргина товар айирбошлашнинг умумий ҳажми 60 фоиз - $8,4 миллиард долларгача ошган.
ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқ тўғрисидаги шартноманинг 109-моддасига мувофиқ, кузатувчи давлат вакиллари таклиф асосида иттифоқ органларининг мажлисларида ҳозир бўла олишади.
Аммо улар қарор бериш жараёнида иштирок этиш ва қабул қилинаётган конфиденциал мазмундаги ҳужжатларни олишга ҳақсиз, деб кўрилишади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














