Бобомурод Абдуллаев онаси: Ўғлимни Ўзбекистонга олиб келишяпти O'zbekiston

Бобомурод Абдуллаев

Сурат манбаси, .

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Расмий Тошкент сўрови билан Бишкекда қўлга олинган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси ўғлининг Ўзбекистонга олиб келинаётгани ҳақида айтди.

Гавҳаржон Мадаминованинг сўзларига кўра, унинг уйига 21 август куни ўзини Хоразм вилояти ҳокимлиги ходими, дея таништирган аёл келган ва у зудлик билан Тошкентга, ўғлини аэропортда кутиб олишга бориши лозимлигини айтган.

Исмини «Сайёра» деб айтган бу аёл, ҳатто, Гавҳаржон Мадаминованинг номига расмийлаштирилган, Урганч-Тошкент йўналиши бўйича 22 август куни йўлга чиқадиган самолёт учун нақд пулга сотиб олинган чипта ҳам олиб келган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мадаминова ўзи орқали ўғлига босим ўтказишлари мумкинлигидан қўрқиб, Тошкентга боришдан бош тортганини айтмоқда.

Журналист Бобомурод Абдуллаев август ойида Ўзбекистон сўрови билан ушланган ва Бишкек шаҳар суди уни 8 сентябрга қадар ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор олган эди.

Ҳозирча унга нисбатан қўйилаётган айбловлар расман очиқланмаган, аммо журналистнинг ўзи уни «Қора Мерган» тахаллуси остида ҳукуматга қарши танқидий мақолалар ёзаётганликда айблаётганликларини таъкидлаган.

Бундан аввал бир қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар Қирғизистон ҳукуматини Ўзбекистонга бериб юбормасликка даъват этган, акс ҳолда, журналист ватанида қийноқларга тутилишини таъкидлаган.

"Боламни ноқонуний олиб келишяпти"

"Ҳозир болангизни аэропортда кутиб оласиз, обедда Бишкекдан келади, сиз билан учраштирамиз, ҳозир сиз паспортингизни олиб, мен билан юринг, сизни аэропортда самолётга миндириб юборамиз, деди", сўзлайди Гавҳаржон Мадаминова 21 август куни вилоят ҳокимлиги билан суҳбат тўғрисида.

Мадаминова ўзини "Сайёра" деб таништирган бу аёл 17 август куни ҳам яна бир мулозим билан Хоразмдаги уйига келганини маълум қилди.

Гавҳаржон Мадаминова ўғлининг иши юзасидан ёзган аризалари бўйича 17 август куни ўзини президент аппаратида ишлайдиган "Рустам" дея таништирган шахс келгани, у билан суҳбат ўтказгани ва бу суҳбат тўғрисида ҳеч кимга гапирмасликни илтимос қилганини айтади.

Би-би-си бу шахс билан боғланди. У президент администрациясида ишлаши ва Мадаминова хонадонига борганини инкор қилмади.

Аммо ташриф мақсади тўғрисида савол берилганда, президент администрацияси ходимлари бундай нарсалар бўйича Би-би-сига изоҳ бермаслигини таъкидлади.

Мадаминова 21 август куни янграган Тошкентга бориш таклифини фарзандининг хавфсизлигини ўйлаб, рад этганини таъкидлайди.

"Қўрқиб қолдим. Бундан аввал онангни кўзингни олдида палон қиламиз, суякларингни тошда майдалаб, онангга кўрсатамиз, деганлар".

"Ҳозир мен қўрқиб турибман. Агар мен Тошкентга борсам, болам овозимни эшитиб, қўйилаётган айбни бўйнига олиб юбормайдими ахир?" дейди Мадаминова.

У Бишкек шаҳар суди фарзандини 8 сентябрга қадар ҳибсда сақлаш бўйича қарор олгани, шу сабабдан ҳам ҳозир унинг Ўзбекистонга олиб келиниши ноқонуний эканини таъкидлайди.

"Мен у аёлга болам айбдор бўлса ҳам, айбдор бўлмаса ҳам, суд 8 сентябргача Бишкекда сақлашга қарор чиқариб қўйибди, болам 13 августда суд қароридан норози бўлиб, аппеляция бериб қўйибди, дедим. Нима учун Бишкек ҳукумати боламнинг аризасини кўриб чиқмасдан, Ўзбекистонга жўнатяпти? Нима учун мен болам билан Бишкекда учрашмасдан, Ўзбекистонда учрашаман?"

"Уларнинг нима ҳаққи бор қонунни бузиб, боламни жўнатишга?" давом этади у.

Би-би-си Бобомурод Абдуллаевнинг Ўзбекистонга олиб келинаётгани тўғрисидаги хабар қанчалик ҳақиқатга яқин эканига ойдинлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот котибига мурожаат қилди.

Мулозим масалани ўрганиб, тафсилотларини маълум қилишини билдирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek