АҚШ Ўзбекистон ва Қирғизистонни Бобомурод Абдуллаевни озод этишга чақирди

Твиттер

Сурат манбаси, Screenshot

АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларига сўз ва ҳаракатланиш эркинлиги тамал эркинликлар эканини эслатиб, бу борадаги халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилиш ва Бишкекда ушланган журналист Бобомурод Абдуллаевни озод этишга чақирган.

Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси бу ҳақда пайшанба куни Твиттер саҳифасида баёнот эълон қилди.

"Сўз ва ҳаракат эркинлиги ҳар қандай амал қилувчи демократия учун тамал ҳуқуқлардир. Биз Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларини ўз мажбуриятларига амал қилиш ва яқинда Бишкекда ушланган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг бу борадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирамиз", дейилади баёнотда.

Бир вақтнинг ўзида Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Бобомурод Абдуллаевнинг ишини яқиндан кузатаётганликларини айтган.

АҚШ элчиси Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон ҳукуматининг сўрови билан ҳибсга олинганини таъкидлаган.

"Мен Қирғизистон расмийлари ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевни Ўзбекистон ҳукумати сўрови билан ҳибсга олгани ҳақидаги хабарлардан чуқур хавотирдаман. Биз ишни яқиндан кузатмоқдамиз", дея твит қолдирган АҚШнинг Ўзбекистондаги юқори мартабали дипломати.

Расмий айблов очиқланмаяпти

12 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Бобомурод Абдуллаевнинг Ўзбекистон Республикасининг сўровига асосан, МДҲ давлатлари ўртасида 1993 йилда имзоланган ҳуқуқий кўмакка доир Минск Конвенциясига мувофиқ қўлга олинганини тасдиқлаган.

Аммо ўзбек томони ҳануз журналистга нисбатан очилган янги жиноят иши ва расмий айблов тафсилотларини очиқламаяпти.

Бобомурод Абдуллаевнинг Тошкентдаги адвокати Сергей Майоровнинг жума куни Би-би-сига айтишича, Ўзбекистон ДХХси адвокатнинг 10 август қилган расмий мурожаатига ҳануз жавоб бермаган.

Мурожаатда адвокат Бобомурод Абдуллаев терговгача ва тергов ҳаракатларини олиб бориш мақсадида Ўзбекистонга олиб келингани тақдирда уни аввалдан хабардор қилиш ва Абдуллаев билан учрашишга рухсат беришни сўраганди.

Бобомурод Абдуллаеав

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Бобомурод Абдуллаев 11 август куни Бишкек маҳкамасида

Майоров шунингдек, ДХХ раисидан Бобомурод Абдуллаевга нисбатан ЖКнинг қайси моддаси бўйича ва қачон, қайси мансабдор шахслар томонидан жиноят иши қўзғатилгани бўйича барча маълумотларни тақдим этишни талаб қилган.

Майоровнинг айтишича, у Абдуллаев ушланишидан аввалроқ Тошкент шаҳар Яккасарой туман ИИБ ҳамда Республика ДХХга сўров юборган ва "Абдуллаевга нисбатан ҳеч қандай жиноят иши йўқ" деган расмий жавобни олган.

10 август куни Бишкекнинг Первомайский туман суди Қирғизистон ДМХҚ тергов ҳибсхонасида сақланаётган Бобомурод Абдуллаевни эҳтиёт чораси сифатида 8 сентбярга қадар ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган.

Суд биносига қўлида кишан билан олиб келинган Бобомурод Абдуллаевнинг журналистларга айтишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уни интернетда "Қора мерган" тахаллуси билан мақолалар эълон қилаётган аккаунтга алоқадорликда айбламоқда.

Шу йилнинг 26 июль куни Бобомурод Абдуллаев ўзининг YouTube канали ва Фэйсбук саҳифаларида видео баёнот жойлаштириб, унда Фэйсбукдаги "Қора мерган"га алоқаси борлиги ҳақидаги иддаоларни қатъиян рад этган.

Қийноқ қурбони

Бу Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган 2016 йилдан буён Бобомурод Абдуллаевнинг иккинчи бор ҳибсга олиниши.

У 2017 йил 27 сентябрида бедарак кетган ва 29 сентябр куни унинг Тошкентдаги собиқ МХХ ҳибсхонасида ушлаб турилгани ўртага чиққанди.

МХХ Абдуллаевни "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида давлат ва унинг раҳбариятига қарши мақолалар ёзиш ва ҳокимиятни босиб олишга қаратилган "Жатва" ("Ўрим") режасини ишлаб чиқишда айблаган.

Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида 2003 йилдан бошлаб мақолалар чоп этиб келганини тан олган, аммо айни ном остида эълон қилинган барча мақолалар ҳам унинг қаламига мансуб эмаслигини айтган.

Март ойида бошланган маҳкама қийноқ иддаолари остида кечган.

2 май куни ўтган суд мажлисида прокурор Абдуллаевга 5 йил қамоқ жазоси тайинлашни сўраганди.

Аммо ҳакам Абдуллаев ва яна уч кишини суд залидан озод этган.

Ўзбекистон маҳкамасининг қарори халқаро матбуот ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланиши томон қўйилган жиддий қадам сифатида олқишланган.

11 август куни Amnesty International, Freedom House ва Freedom Now дохил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нуфузли етти халқаро ташкилот Қирғизистон ҳукуматини Бобомурод Абдуллаевни мажбуран Ўзбекистонга қайтармасликка чақирган.

Баёнотда айтилишича, муқаддам ўзбек махсус хизматлари қўлида қийноқ қурбони бўлган журналист Ўзбекистонга топширилгани тақдирда яна қийноққа юз тутиш хавфи катта.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek