Бобомурод Абдуллаев онаси: Болам ватандалигида доим босим остида эди — O'zbekiston

Бобомурод Абдуллаев

Сурат манбаси, AFISHA MEDIA

Сурат тагсўзи, Бобомурод Абдуллаев 9 августдан буён Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси ҳибсхонасида қолмоқда
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Расмий Тошкент сўрови билан Бишкекда қўлга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев нимада айбланаётгани расман айтилмаяпти. Унинг онаси Гавҳаржон Мадаминова фарзандининг ҳаётидан қаттиқ хавотирда эканини билдиради.

12 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Қирғизистонда Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олинганлиги юзасидан хабар қилган эди.

"Ўзбекистон Республикасининг сўровига асосан, 22.01.1993 йилдаги «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Минск Конвенциясига мувофиқ, Б.Абдуллаев Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган", дейилади хабарда.

Бош прокуратура Бобомурод Абдуллаевнинг Қирғизистондан экстрадиция қилиниши масаласи ҳал этилаётганини қўшимча қилган.

Бироқ Ўзбекистон томони журналистга нисбатан айнан қандай айблар илгари сурилаётганини изоҳламаган.

Абдуллаевнинг ўзи Бишкекдаги маҳкамага келтирилган пайт журналистларга «Қора Мерган» тахаллуси остида Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан танқидий мақолалар эълон қилиб келаётганликда айбланаётганини билдирган.

Журналист икки йил аввал ҳам ўхшаш айбловларга юз келган.

У «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси остида давлат ва унинг раҳбариятига қарши мақолалар ёзиш ҳамда ҳокимиятни босиб олишга қаратилган "Жатва" («Ўрим») режасини ишлаб чиқишда айбланиб, 2017 йил сентябридан 2018 йил май ойига қадар ҳибсда ушлаб турилган эди.

Бобомурод Абдуллаевнинг онаси Би-би-си билан суҳбатда фарзандининг ҳаётидан хавотирларини изҳор этди.

«Болалари мактабга бора олмай қолганди»

Гавҳаржон Мадаминова фарзанди 2018 йил май ойида суд залидан озод этилганидан сўнг ҳам у орган ходимлари кузатуви остида бўлганини маълум қилади.

«Боламга телефон қилсам, уйини атрофини ўраб олишганини айтар эди. Кўчага ҳам чиқа олмай қолганди», сўзлайди Хоразмда истиқомат қилувчи она.

«Бир куни Бобомуродга телефон қилсам, уч кундан бери уйининг атрофида одамлар кузатиб турганини айтди. Болалар мактабга ҳам боролмай қолди, деди. Кейин ҳуқуқ ҳимоячилари билан боғланиб, унга озиқ-овқат олиб бориб беришларини сўрадим. Улар қайсидир элчихона орқали уйига озиқ-овқат юборишибди. Шундай қилиб боламга кун бермадилар», дея эслайди у.

Она Абдуллаевнинг бунга қадар доимий кузатув остида эканига ўзи ҳам гувоҳ бўлганини билдиради.

«Ҳар сафар Тошкентга, уникига борсам, уйининг тагида машина одамлар кузатиб ўтирар эди. Қўрққанимиздан бозорга ҳам бирга чиқиб келар эдик».

Мадаминова Би-би-си билан суҳбатда ўғлининг «Қора Мерган» эмаслиги, Абдуллаев 2017-2018 йилларда ҳибсда турган пайти тергов изоляторидаги ходимлар журналист вақти келиб яна ўз қўлларига тушиши билан таҳдид қилгани ҳақида гапиради.

Шу сабабдан у ўғли Ўзбекистонга қайтарилишини истамаслигини таъкидлайди.

«Келса ҳам, Бишкекдан оқланиб келиши керак. Агар қўлида кишан билан келса, уни узоқ йилга қамаб юборадилар. Ўтган сафар яна қўлимизга тушасан, суякларингни тош майдалагичда майдалаб, онангга юборамиз, дейишган» кўзига ёш олади у.

Гавҳаржон Мадаминова фарзанди Бишкекда ҳибс қилингандан сўнг унинг Хоразмдаги хонадони яна кузатув остига олинганини маълум қилади.

«У қўлга олинган куни неварам бир машинада уч киши уйимни суратга олиб ўтирганини кўриб қолибди. Уларнинг мақсадини билмайман, лекин энди бизга яна босимлар бошланишидан хавотирдамиз».

«Бизни қачон тинч қўйишар экан? Қачон одамларга ўхшаб оёғимизни тинчгина узатиб ўтирар эканмиз?» давом этади 71 яшар Мадаминова.

Айни вақтда Мадаминова фарзандининг ҳибсга олиниши борасида Ўзбекистон ҳукумати сукут сақлаётгани ташвишли ҳолат эканини айтади.

10 август куни Бишкекдаги маҳкамага келтирилган Бобомурод Абдуллаев Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туман суди 23 июль куни унга нисбатан «сиртдан айблов эълон қилиб бўлгани»ни таъкидлаган эди, аммо 12 август куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди расмийси Би-би-сига бундай жиноят иши кўриб чиқилганини рад этди.

«Биз ҳам унинг қўлга олинганини интернетдан билиб қолдик. 23 июль куни уни суд қилишган экан, унда нима учун айбларини ўзига ёки қариндошларига айтишмади? Нега суд яширин ўтди? Шунинг ўзи ҳам боламга туҳмат уюштирилаётганини исботи».

"Нима учун унинг ёнига адвокатларни киритмаяптилар? Айби бўлса, очиқ айтишсин. Бир «Қора Мерган»ликда айблашади. Ахир «Қора Мерган» ҳозир ҳам ёзиб турибдику. Энди улар 8 сентябргача аввалгидек қандайдир гувоҳлар топадилар, туҳмат ташкиллайдилар. Боламни йўқотиб юборишса, тор дунёлари кенг бўлиб қолармикан?" сўзлайди у.

Хавотирлар

10 август куни Бишкекнинг Первомайский туман суди Абдуллаевни 8 сентябрга қадар ҳибсда сақлаш бўйича қарор олган.

Шу куни маҳкамага олиб келинган Бобомурод Абдуллаевнинг ўзи журналистларга Ўзбекистон томони уни «Қора Мерган» тахаллуси остида мақолалар ёзаётганликда айблаётганини маълум қилган.

Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси вакили Озодлик радиосининг Қирғиз хизматига Абдуллаев Ўзбекистоннинг расмий сўрови асосида ушланганини тасдиқлаган.

Қирғизистон матбуоти эса журналистнинг адвокатига таяниб, Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 158 ва 159-моддалари, яъни «Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш» ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш»да айбланаётгани ҳақида ёзган.

Расмий Тошкент журналистга нисбатан илгари сурилаётган айблар борасида сукут сақлаётган бир пайтда эса Amnesty International, Freedom House ва Freedom Now дохил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нуфузли етти халқаро ташкилот Қирғизистон ҳукумати Абдуллаевни Ўзбекистонга бериб юбормасликка даъват этилган, акс ҳолда журналист ўз ватанида қийноқларга юз тутиши таъкидланган қўшма баёнотни эълон қилган.

Баёнотда Бобомурод Абдуллаев бир қанча номаълум шахслар интернет тармоғида уни Қора мерган тахаллуси остида Шавкат Мирзиёев бошқарувини танқидга тутаётганликда айблаб чиққани ортидан ўз хавфсизлигидан ташвишга тушиб қолганини маълум қилгани ҳақида гап боради.

Марҳум Ислом Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистон журналистларни бирор расмий изоҳсиз хориждан мажбуран олиб келиш, уларни турли сиёсий айбловлар баҳонасида қамоққа ташлаш ва ноинсоний қийноқларга тутиши билан танилган эди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг матбуот эркинлигида сезиларли ижобий ўзгаришлар кўзга ташланган, аммо Бобомурод Абдуллаев билан рўй бераётган номаълум вазият Ўзбекистонда журналистларга нисбатан ҳукумат босими яна бошланмоқда, деган хавотирларни юзага чиқармоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek