Ўзбекистон: Юзлаб талабалар онлайн норозилик ҳаракатига қўшилмоқда. Нега? Янгиликлар - O'zbekiston (видео)

Сурат манбаси, Davkat konservatoriyasi
Ўзбекистонда минглаб талабалар контракт пулини камайтириш йўлида онлайн норозилик ҳаракати олиб бормоқдалар.
Улар пандемия даврида оилаларнинг молиявий шароити оғирлашиб қолгани ва анъанавийдан масофавий шаклга ўтказилган таълим сифатининг янада тушиб кетганини ўз талабларига асос сифатида келтирмоқдалар.
Бу истакдаги ёш йигит-қизнинг аввал замон талабларига жавоб бермасликда танқид қилинган тест тизими синовлари чиғириғидан ўтишга тайёргарлик кўриш, сўнг эса соҳада кенг авж олган коррупциянинг кўринмас довларини енгиб ўтишига тўғри келар эди.
Бироқ Ўзбекистонда бўлажак талабанинг йўлига ғов бўлгувчи тўсиқлар фақат бу эмас. 2020 йилда мамлакатда қарийб 1,5 миллион ёш йигит-қиз ўқишга кириш учун ҳужжат топширган.
Аммо уларнинг 10 фоиз қисмидан ҳам ками ёки бор-йўғи 140 минг нафарга яқини жорий йилда талабага айланиш бахтига муяссар бўлиш имконига эгадир.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Эндиликда, ўзбекистонлик ёшларнинг бир ҳовуч қисми ўзини кўра оладиган олийгоҳлар талабалари ўқув шартнома пулининг реал шароитдан анча юқори эканини таъкидламоқда.
Сифатсиз таълимнинг нархи

Сурат манбаси, Telegram
Пандемия оқибатида Ўзбекистондаги барча олийгоҳлар талабалар масофавий таълим олишга ўтганлар.
Айни вақтда Телеграм гуруҳларида бирлашган ўн минглаб талабалар таълимнинг бу кўриниши ўқитиш сифатини янада тушириб юборганини таъкидламоқда.
"Масофавий ўқитиш қандай йўлга қўйилганини ўзимизнинг Миллий Университет мисолида айтиб бераман. Ўқитувчи эски манбалардан маълумотларни топади. Агар улар русча ёки инглизча бўлса, Google Translate'да таржима қилади, кейин уни презентация ва ҳужжат шаклида онлайн платформага жойлайди".
«Талаба бу маълумотларни кўчириб олади ва тушунмаса ҳам, ўқиб чиқади. Ўқиш давомида буни тушунмадим, деб ўқитувчига савол бера олмайди. Кейин конспект қилади ва дафтарни четига исм-шарифини ёзиб, расмга олиб, тизимга яна жойлаб қўяди. Бу ўқитувчини талаби», изоҳлайди ҳаракат фаолларидан бўлган бир талаба йигит.
Уларнинг даъво қилишича, бундай сифатсиз таълимнинг нархи мос равишда паст бўлиши лозим.
Бундан ташқари Би-би-си билан суҳбатлашган талабаларнинг бошқа даъвоси эса пандемия даврида кўплаб оилаларнинг молиявий оғир шароитга тушиб қолганидир.
«Кечагина икки ака-укани кўриб қолдим. Улар официантлик қилиб, ўқир эдилар. Ҳозир кафелар ёпиқ, официантларга талаб йўқ. Улар ҳам бу йилги контракт пули йиға олишмаган - энди ўқишдан кетишдан бошқа иложимиз йўқ, деб ўтиришибди», ҳикоя қилинади Би-би-сига талабалардан келган видеода.
«Бир оиладан икки-уч бола контрактда ўқиётган ҳолатлар кўп. Олдин улар амаллаб контракт пулини тўлаб келгандир, лекин ҳамма 4-5 ойдан бери ишсиз уйида ўтирибди. Энди улар контракт пули камайтирилмаса, ўқишини қандай давом эттиради? Давлат уйда ўтир, деганига қулоқ солгани уларнинг айбими?» сўзлайди бошқа бир талаба.
Айни вақтда олий маълумотга эга бўлиш учун Ўзбекистонда йилига ўртача 9-11 миллион сўм тўлаш талаб этилади.
Бир қарашда бу катта рақам эмасдек кўринади, аммо бу сумма мамлакатдаги кўплаб оилаларнинг ярим йиллик, ҳатто, йиллик даромадига тенг.
Май ойида Марказий банк эълон қилган рақамларда эса сўровномада иштирок этган аҳолининг 39 фоизида ўртача ойлик даромад 2 миллиондан 4 миллионгачани ташкил этишини кўриш мумкин.
Ечим нимада?

Сурат манбаси, Telegram
Халқаро тажрибага кўра масофавий таълим анъанавийсидан кўра сезиларли даражада арзон туради.
Бундан ташқари аср бошидан бери Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатларга урғуни кўпроқ масофавий таълимга бериш тавсия қилиб келинади.
Сабаби масофавий ўқитиш тизими билан анчайин кўпроқ ёшларни таълимга жалб этиш мумкин.
Бироқ Ўзбекистон шароитида бу тизимни кенг кўламда шакллантиришда жиддий тўсиқлар мавжуд.
Норозилик билдираётган талабалар ушбу муаммони шундай таърифлайдилар:
«Масофавий таълим учун биринчи ўринда интернет сифати муҳимлигини ҳисобга олсак, барча талабалар учун бирдек шароит яратилиши керак. Шаҳарда бу билан муаммо йўқ, лекин интернет йўқ қишлоқлар, чекка ҳудудлар нима қилсин? Нима биз интернетдан ўзимиз топган маълумотни шунчаки тизимга жойлаб қўйиш учун пул тўлаймизми?»
«Тўғри, айтишингиз мумкин - интернет Олий таълим вазирлигининг муаммоси эмас, деб. Лекин биз шу вазирликка контракт пули тўлаймиз».
Хорижий мустақил институтлар ҳисоботлари, халқаро ва маҳаллий кузатувчиларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон олий таълим тизимида бозор механизмларини жорий этиш вақти аллақачон етиб келган.
Яъни олийгоҳлар талабаларни ўз мулки эмас, балки мижозларидек кўришни бошлаши, уларнинг талаб-истагига қулоқ тутган ҳолда икки томонга ҳам манфаатли таклифларни илгари сура олиши лозим.
Айни вақтда давом этаётган ҳаракатга бош қўшган талабаларнинг Телеграм гуруҳидаги муҳокамаларга разм солинса, улар ўзларини аллақачон мижоз ўлароқ ҳисоблай бошлагани кўринади.
Мазкур талабалар ўзлари сифатсиз, дея баҳолаётган хизматга қиммат нарх тўламоқчи эмас.
Улар агар янги ўқув йилида ҳам ўқиш масофавий шаклда давом этса, контракт пулининг 50 фоизга қадар камайтирилишини талаб қилмоқда.
«Жим юр»

Сурат манбаси, Telegram
Контракт пулининг камайтирилишини истаётган талабалардан келган хабарларга кўра, мазкур ҳаракат етакчиларига нисбатан аллақачон турли идоралардан босимлар бўлмоқда.
Улар очган Телеграм гуруҳи аъзолари атиги бир неча кун ичида 90 минг нафардан ошиб кетгани, бироқ гуруҳ тўсатдан Телеграм томонидан ўчириб ташланганини айтмоқдалар.
Телеграм маъмуриятидан келган изоҳда гуруҳга ноқонуний материаллар қўйилаётгани борасида шикоят тушгани ҳақида сўз боради, аммо шикоят ким ёки кимлар томонидан юборилгани номаълум.
Бироқ талабалар тушкунликка тушмай янги гуруҳ очганлар ва бу гуруҳ аъзолари ҳам қисқа вақт ичида 45 минг нафарга етган.
Шундан сўнг етакчи талабаларга турли жойлардан қўнғироқлар бўла бошлаган, жиноий жавобгарликка тортиш таҳдидлари янграган.
Би-би-си ушбу етакчи талабалардан бу иддаолар борасида изоҳ олишга ҳаракат қилди, лекин улар яқинларининг тинчлиги учун, ҳозирча, изоҳ бермасликни маъқул кўришларини билдирдилар.
«Шундоқ ҳам кам пул тўлашяпти»

Сурат манбаси, Telegram
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2 август куни эълон қилган баёнотда 1 апрелдан ишга туширилган масофавий таълим платформаларини дастаклаш учун катта маблағ сарф этилаётгани айтилади.
3 август куни вазирлик яна бир баёнот эълон қилиб, унда контракт пулларини камайтириш мақсадга мувофиқ эмаслиги билвосита тилга олинади.
Вазирликнинг тушунтиришича, ҳозирда бакалавриат таълим йўналишларининг кундузги таълим шаклида бир талабани йиллик ўқитиш харажатининг энг кам миқдори стипендияни ҳисобга олмаган ҳолда 9 миллион 300 минг сўмни ташкил этмоқда.
«Амалда эса, базавий тўлов-контракт миқдори (стипендиясиз) 6 миллион 400 минг сўм этиб белгиланган бўлиб, жорий сақлаш харажатларининг 69 фоизини қопламоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар бир базавий тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар ўқитишнинг минимал харажатлари учун тўловларни 2 миллион 900 минг сўмга кам тўламоқда», дейилади вазирлик баёнотида.
Эҳтимол, ушбу масалага эътибор қаратган иқтисодчилар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига харажатларни оптималлаштириш орқали контракт нархларини қайта кўриб чиқиб, ўз мижозлари бўлмиш талабаларнинг талабини қондириш бўйича керакли тавсиялар берар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













