Ўзбекистон: Дорихоналар огоҳлантирилди - дори-дармон тақчиллигига барҳам бериладими? - O'zbekiston

Сурат манбаси, Xabar.uz
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 15 июль куни президент видеоселекторидан сўнг тез ёрдамга мурожаатлар зудлик билан қондирилиши ҳақида гапирган.
Шунингдек, у тез тиббий ёрдам чақирув бўлганда 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда зудлик билан етиб бориши тўлиқ таъминланишини ҳам қўшимча қилган.
Бош прокурор дори-дармонлар тақчиллиги масаласига ҳам тўхтатилиб ўтган.
«Энг асосий топшириқлардан бири шу бўлдики, тиббий дори-дармонларга, тиббиёт воситаларига бўлган эҳтиёжни тўлақонли қондиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада кечанинг ўзида прокуратура органлари томонидан Тошкент шаҳридаги мавжуд 1700дан ортиқ дорихоналар раҳбарлари расман огоҳлантирилди», таъкидлаган у.
Стратегия ўзгарадими?
Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳам 15 июль куни президент видеоселекторидан сўнг долзарб муаммолар ҳақида гапирган.
«Ўзбекистонда, айниқса Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирусга қарши курашиш бўйича кечаги тактика, кечаги стратегия бугунги кун талабига умуман жавоб бермайди» деган у.
Унинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида 135та тез тиббий ёрдам машинаси бўлиб, биринчи босқичда зудлик билан яна 50та машина икки кун ичида жиҳозланиб, йўлга қўйилади ва пойтахтдаги колл-марказда фаолият кўрсатаётган ходимлар сони 40 нафардан 100 кишига етказилади.

«Бугун Тошкент шаҳридаги поликлиникаларга 750та мобил телефон етказиб берилди. Шифокорлар кун давомида уч маҳал ўзини-ўзи даволаш билан шуғулланаётган беморлардан қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрайди ҳамда керакли маслаҳатларни беради», маълум қилган Бош вазир ўринбосари.
АОКА: Бухорода сохта мухбирлар қўлга олинди
Хабар қилинишича, Бухоро вилоятининг Олот туманида ўзларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вакиллари ва «Юрт салоҳияти» газетаси мухбирлари деб таништирган шахслар қўлга олинган.
«Аниқланишича, мазкур шахслар Олот туманидаги деҳқон бозори, савдо дўконлари, кафе ва ресторанлар фаолиятига ноқонуний аралашиб, карантин қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текширувлар ўтказиб, салбий мақола чиқариш орқали савдо объектини ёптириш, жаримага тортиш ва ташкилот раҳбарини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш билан қўрқитган», дейилади АОКА хабарида.
Текширув давомида уларнинг ёнидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги» деган сохта ёзув киритилган, давлат герби ва байроғи туширилган хизмат гувоҳномалари, бозор ва савдо дўконларини тасвирга олган қўл телефонлари ва бошқа айрим тегишли ҳужжатлар топилган.
АОКАнинг маълум қилишича, «Юрт салоҳияти» газетаси 2019 йил 19 сентябрда агентликнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган
Хорижликлар учун ўзбек тили қўлланмаси
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, хорижий тилни эгаллашнинг умумевропа компетенциялари тизимига асосан А1 даражани эгаллаш имконини берувчи «Ўзбекона» дарслиги ишлаб чиқилган
Дарслик 9 та бўлим, 3 та назорат блоки, аудиолар ва қўшимча материаллар каби қисмлардан иборат экани айтилган.
Китоб хорижий тил ўқитишнинг ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, гапириш, ёзиш кўникмаларини тўлақонли қамраб олган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













