Ўзбекистон: Яна бир шаҳарда қатъий карантин ва ҳокимлар "Наманган тажрибаси" бўйича қандай ишлайди?

Сурат манбаси, Yangiyer shahar hokimligi
Янгиер шаҳри қатъий карантин тартибига ўтди.
Бу ҳақида 28 июн куни шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилган.
Хабарга кўра, 20 июн куни шаҳар «яшил» ҳудудга айлантирилган, аммо Сирдарё вилоятидаги Ховос ва Боёвут туманлари «сариқ», аҳоли орасида коронавирус ҳолатлари кўпайиб бораётган Гулистон шаҳри эса «қизил» ҳудуд тоифасига киритилгани боис 28 июндан бошлаб шаҳар номаълум муддатга қатъий карантин тартибига ўтказилган.
"…шаҳардаги айрим кўчаларда енгил ва темир-бетон тўсиқлардан фойдаланган ҳолда блок постлар ўрнатилди ҳамда бу кўчаларга автотранспорт воситаларининг кириб чиқиши қисман чекланди", дейилади хабарда.
Шунингдек, шаҳар марказидаги деҳқон бозори, савдо мажмуалари тепловизор ва антисептик воситалар билан жиҳозланган ҳамда кучайтирилган тартибда дезинфекция ишлари амалга оширила бошланган.
Пойтахт жиноятчилик бўйича "биринчи"

Сурат манбаси, Senat.uz
26 июн куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтган.
Мажлис давомида Тошкент шаҳридаги жиноятчилик бўйича рақамлар тилга олинган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 5 ойи мобайнида шаҳарда 896 та оғир ва ўта оғир жиноят қайд этилган бўлиб, республикада салбий 1-ўринни эгаллаган.
"Қотиллик ва оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг деярли ярми ёшлар томонидан содир этилган бўлиб, республикада энг ёмон салбий кўрсаткични қайд этган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида жиноят содир этган шахсларнинг деярли ҳар учинчиси ёшлар ҳамда ҳар тўртинчиси ишсизларни ташкил этади. Ачинарлиси, жами 79 нафар вояга етмаган шахс томонидан 1 тадан қотиллик, номусга тегиш, товламачилик, транспорт воситасини олиб қочиш ва ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари, 5 тадан оғир тан жароҳати етказиш ва босқинчилик, 3 та фирибгарлик, 8 та талончилик, 36 та ўғрилик жиноятлари содир этилган", дейилади Сенат ахборот хизмати хабарида.
Шунга қарамай, 2019 йил давомида пойтахтда содир этилган умумий жиноятлар 430 тага ёки 6 фоизга камайгани қайд этилгани ҳам қўшимча қилинади.
Банклар истеъмолчилар ҳуқуқларини бузди

Сурат манбаси, xs.uz
Марказий банк «Агробанк» ва Халқ банки фаолиятида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари аниқланганини хабар қилмоқда.
"Хусусан, ушбу банклар томонидан қонун талабларига риоя қилмаган ҳолда, мижозларнинг ҳисобварақларига маблағ киритиб қўйганлик учун комиссия тўловлари ундирилган, омонат шартномаси шартларига банк томонидан бир томонлама ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи кўзда тутилган. Шунингдек, банкларнинг ахборот стендларида нотўғри ва аҳамиятсиз (долзарб бўлмаган) маълумотлар жойлаштирилган, кредит шартномаси шартларига амал қилмаган ҳолда, кредит тўловлари бўйича пенялар ҳисобланган ва бошқа қоидабузарликларга йўл қўйилган", дея маълум қилган Марказий банк.
Хабарда айтилишича, ушбу банкларга нисбатан белгиланган тартибда жарима санкциялари қўлланилган.
Ҳокимлар фаолиятининг "Наманган тажрибаси"

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳокимлар фаолиятини яхшилаш йўлида "Наманган тажрибаси"сини қўллаш таклиф қилинган.
Бу ҳақида Халқаро Пресс-клубнинг 28 июн куни Наманган вилоятида бўлиб ўтган сайёр сессияси давомида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Толиб Юсупов маълум қилган.
Юсуповнинг сўзларига кўра, таклиф қилинган тажриба бўйича ҳокимлар учун ҳафтанинг душанба куни иш жойида меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш куни бўлса, сешанба кунидан шанбагача ҳокимлар фаолияти маҳаллаларда оилалар билан танишишдан иборат бўлади.
"…иш жойига кириш йўқ, фақат ҳудудларда аҳвол билан танишишга чиқади", деган Юсупов.
Коронавирус юқтирганлар сони 8000 дан ошди
29 июн соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 83 нафарга кўпайиб, 8031 нафарга етган.
"Янги касалланиш ҳолатларининг 47 нафари карантин марказидаги фуқаролар орасида, 32 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 18 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 14 нафари аҳоли орасида), 4 нафари Жиззах вилоятида (барчаси аҳоли орасида) аниқланган", дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.
Шу вақтга қадар 5,329 бемор соғайган, 2,680 инсон шифохоналарда даволанмоқда.
Улардан 19 нафарининг аҳволи оғир, 6 нафариники эса ўта оғир экани айтилмоқда.

- Россия: Парвозлар тикланса коронавирус кўпаймайдими?
- Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ сўнгги вазият қандай?
- Ҳаж бекор бўлади - энг йирик мусулмон давлати қарор қилди. Ўзбекистон-чи?
- Ўзбекистон ҳукуматига ҳам коронавирус кирди: касалланган ким?
- Тошкент ИИББ сохтакорлик билан қўлга тушди, қоидалар фақат оддий халқ учунми?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















