Ўзбекистон: UzCard нинг янги эгаси ким? - O'zbekiston

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Ойбек Турсунов (чапда) ва Отабек Умаровлар Президент Мирзиёев администрациясида юқори лавозимларни ҳам эгаллашган

UzCard президент куёвига ўтди

"Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ (UzCard бренди)да таъсисчи ўзгарди, дея ёзмоқда Gazeta.uz нашри.

Нашрнинг ёзишича, UzCard устав фондининг 75 фоиз улуши президентнинг тўнғич куёви Ойбек Турсуновга ўтган.

Хабарда ушбу 75 фоиз улуш шу пайтга қадар марказни бошқариб келаётган Ахрор Маҳмудовга тегишли бўлгани айтилади.

UzCard Ўзбекистондаги деярли барча пластик карта эгаларига хизмат кўрсатиши билан маълум.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Uzcardнинг президент куёвига ўтгани ҳақидаги хабар Мирзиёев маош ва нафақалар нақд пулда берилишини айтганидан бир кун ўтиб пайдо бўлмоқда.

Аввалроқ 2017 йилда нақдга айланган пенсияларнинг яна пластик картага ўтказилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Нафақахўрларга шошилинч тарзда UzCard карталари тарқатилаётгани айтилган.

13 май куни ўтган видеоселектор давомида президент Шавкат Мирзиёев бу муаммога эътибор қаратиб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, пенсия ва маошларни нақд пул кўринишида тарқатишга кўрсатма берган.

Коронавирус тарқалиши хавфи ортидан 1 майдан бошлаб пенсия, маош ва ёрдам пуллари аҳолига пластик карточкалар орқали тарқатила бошланганди.

Бироқ карталарни етказиб бериш тизими яхши ташкил этилмаганидан банклар олдида одамлар тўплана бошлаган, айрим ҳудудларда, банкоматлар ва тўлов терминаллари билан боғлиқ муаммолар юзага келган.

Бунинг ортидан аҳолидан шикоятлар кўпайган.

Коронавирус

14 май соат 10:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 2620 нафарга етган, касалликдан соғайган беморлар сони эса 2100 нафардан ортиб кетган.

Айни вақтда, 473 бемор касалхоналарда қолмоқда.

Қайд этилган ўлим ҳолатлари 11 тани ташкил этмоқда.

Сайловлар эсингизда борми?

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти 22 декабрь куни ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар сайловлари бўйича якуний ҳисоботини эълон қилган.

Ҳисоботда сайловлар ҳақиқий рақобатчилик асосида ўтмагани, ўрнатилган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя қилинмагани ҳақида сўз боради.

Сурхондарёда сел; 900 киши кўчирилди

13 май тунида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида Олтинсой сойининг сув сатҳи кўтарилиб кетган.

ФВВ 900 инсон хавфсиз жойга кўчирилганини хабар қилмоқда.

Шунингдек, бир вақтнинг ўзида Бойсун туманида сел келган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳам 13 май куни Бўстонлиқ туманида сел келгани, оқибатда, йўллар ва аҳоли уйларига қисман зарар етганини хабар қилган.

Бундан аввалроқ, Навоий вилоятида ҳам сел кузатилиб, 300 киши хавфсиз жойга кўчирилгани маълум қилинган эди.

Вилоят ҳокимлари Сирдарёга келмоқда

Daryo.uz нашрининг ёзишича, вилоят ҳокимлари Сардоба фожиаси туфайли жабр чеккан аҳолига кўмак бериш мақсадида Сирдарё томон йўлга чиққан.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Sirdaryo

Хабарда, ҳокимлар ўзи билан қурувчиларни олиб бораётгани, ҳар бир вилоятга, имкониятидан келиб чиқиб, 100 дан ортиқ хонадон тиклаш вазифаси топширилгани айтилади.

"…вилоят раҳбарлари икки кун давомида Сирдарёда бўлиши ва шундан сўнг бу ерда бажариладиган ишлар юзасидан мамлакат раҳбариятига ҳисобот бериши кўзда тутилган", дея ёзади Daryo.uz ўзининг ҳукуматдаги манбасига таянган ҳолда.

Яна бир маҳаллий нашр - Kun.uz 13 май куни бўлган видеоселекторда президент Мирзиёев тошқин туфайли уйидан айрилганлар учун зудлик билан турар-жойлар қуришга кўрсатма берганини хабар қилган эди.

"Уй қурилишини бир йилга чўзманглар, барча жабр кўрган инсонлар икки ойда янги, ҳовлисига райҳон ва мевали дарахтлар экиладиган сифатли уйларга кўчиб ўтиши керак", дея президентдан иқтибос келтирмоқда Kun.uz.

Бундан ташқари йиғилиш давомида президент миллиардер Алишер Усмоновнинг сардобаликларга юборган $10 миллион хайрияси Рамазон ҳайитига қадар жабрланганларга тенг миқдорда бўлиб берилишини ҳам айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek