Ўзбекистон: ИИВ ва Юлдуз Усмонова қарама-қаршилиги нима билан тугайди? - O'zbekiston

Сурат манбаси, Qalampir.uz
Ўзини Юлдуз Усмоновадан ҳақоратланган деб ҳис қилган Ички ишлар вазирлигининг хонандага жавоби муҳокамаларга сабаб бўлди. ИИВ матбуот котиби Усмонованинг руҳий соғломлигига шубҳа билдириши ҳам ҳақорат эканлиги айтилди.
Instagram саҳифасида ЙПХ ходимларига қаратиб айтилган жонли видеодан сўнг Ички ишлар вазирлиги Юлдуз Усмонованинг ҳаёти хавф остида эканлигини маълум қилган.
Эстрада хонандаси Юлдуз Усмонова Сардобага хайрия ёрдами тўплаш ва юбориш чоғида Ички ишлар ходимлари билан келишмай қолиши унинг устидан иш очилишига сабаб бўлди.
ИИВ 5 май куни Мирзо Улуғбек Маъмурий судида Усмонова маҳкамага тортилиши ҳақида журналистларга хабар берганди. Бироқ суд бўлмаган, вазирлик журналистларнинг сўровига жавоб бермаган.
Хонанда ва Ўзбекистондаги қудратли вазирлик ўртасидаги тортишув ижтимоий тармоқдагиларни иккига бўлган.
Бир томон Усмонова жонли эфирда айтган гаплари учун қонун олдида жавоб бериши керак, деса, иккинчи томон ички ишлар вазирлиги ходимлари карантин вақти ҳаддидан ошганини рўкач қилишмоқда.
"Куни кеча маданият соҳаси вакили Ю.Усмонованинг бутун ички ишлар соҳасига қилган муносабати ҳеч нарса билан оқлаб бўлмас ҳолат, деб биламан.
Албатта қонунлардаги тенглик принципидан келиб чиқиб, фуқаро сифатида уларнинг ушбу ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши шарт", деб ёзди Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев.
Шу билан бирга сўнгги вақтларда карантин муносабати билан ички ишлар органи ходимлари ваколатидан четга чиқиб оддий фуқароларга босим ўтказаётгани ҳақида шикоятлар ҳам кўпайган.
Олдинроқ Сирдарёда сув тошқинидан жабр кўрган фуқаролар билан интервью қилаётган human.uz сайти журналистларига боcим бўлгани ва уларнинг камерасидаги ёзувлар милиция томонидан асоссиз ўчириб ташлангани ҳақида хабар берилганди.
Тошкент шаҳар кенгаши депутати Обиджон Латипов "Формалиларни йўлтўсарлиги жонга тегди", дея пост ёзди.
"На шапкаси бор, на бодий камераси, на қўлида таёқчаси, на йўл тўсишга қонуний асоси бор, на муомаласи бор.
Ўзбошимчалик билан ваколатларини кенгайтириб олгани етмагандек, яна "қонуний талабимни бажармаяпсиз", " ишлашимга халақит қиляпсиз" деб таҳдид қилгани ортиқча.
Жаноб вазир,ходимларингиз жуда ҳаддидан ошиб кетаяпти. Ёки ишни ташкил қилишни эплолмаяпсизларми билмадим", дейди депутат Латипов.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Юлдуз Усмоновани жавобгарликка тортиш керакми, деган савол касбий фаолияти давомида ички ишлар органи ходимлари билан дуч келган тажрибасига асосланиб жавоб берди.
Қуйида Ташановнинг ёзганларини ўзгартиришсиз келтирамиз:
"Фуқаролик мутахассислигимга кўра, журналистман. Аммо қарийб 15 йилдан бери ҳуқуқ ҳимоячилиги фаолияти билан шуғулланаман. Таъкидлашим керак, мен раҳбарлик қиладиган инсон ҳуқуқлари ташкилоти яқин ўтмишда милициядаги кўплаб коррупция ва қонунбузарликлар фактларини фош қилиб, катта-катта зобитларнинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган.
Масалан, 2009 йилда опа-сингил Соатоваларнинг тергов изоляторида зўрланиши, бу воқеадан сўнг қизларнинг отаси инсуьлтдан ўлиши фожеаси ҳатто БМТга қадар чиққан, ташкилотнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак ишни тафтиш қилишни сўраб, Каримовга мурожаат қилган. Интернетнинг GOOGLE тармоғи орқали "опа-сингил Соатовалар" калит сўзи ёзилса, бу ишнинг қанчалик шов-шув бўлгани кўринади.
Ўшанда тергов изоляторидаги жинсий зўравонлик бўйича прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган, ҳатто терговчи Азизхон Умархонов ҳамда ЖҚБнинг бир қанча мулозимларидан ДНК анализлари олинган. Ўша Азизхон Умархонов бугунги кунда шаҳар милициясининг раҳбарларидан бири — йўл ҳаракати инспекторларига коронавирус карантини даврида "результат" қилиш бўйича топшириқ бергани билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига яхши таниш одам.
Ўша пайтда Қашқадарё милициясининг жиноят қидирув бўлими собиқ бошлиғи, полковник Анвар Зиёдов ҳам қийноқлар факти бўйича тизимдан четлатилгани айтилганди. Аммо орадан кўп ўтмай бу одамнинг Чироқчига участкавой қилиб жўнатилгани ва бу ерда Алмардон Бердиқуловни уриб, ўлдириб қўйгани фош бўлди. Яъни, тизим, унинг мулозимлари мудом жазоланмаслиги ҳақида гапирганда биз каби оддий одамнинг оёғи қалтираб кетади.
Кўплаб танишларим хонанда Юлдуз Усмонованинг мелисалар билан боғлиқ ижтимоий тармоқлардаги чиқиши ва унинг жавобгарлиги масаласига муносабатимни сўрашди. Ҳам қўрқиб, ҳам "Иймонсизнинг жазосини динсиз берсин" қабилида индамай юргандим, бўлмади, гапиришга тўғри келяпти.
Хонандамиз рўза ҳолига куни бўйи сардобаликларга хайрия йиққан. Уни эгаларига етказиш борасида ортиқча жонбозлик қилиб, мелисалардан ранжиган ва нималардир деворган. Депутатимиз Обиджон Латипов айтганидек, хонанданинг чиқишидан муайян бир жисмоний шахс (!)на маънавий, на моддий зарар кўрмаган. Яъни, хонандага нисбатан конкрет даъвогар йўқ: у ҳеч кимнинг исми-шарифи, номини тилгани олгани йўқ. Хонанда бу борада дили оғриган тизим мутасаддиларидан кечирим сўрашга ҳам улгурди. Менимча, юзага келган ҳуқуқий можаронинг ҳал қилувчи нуқтаси ҳам мана шу ерда.
Эслайлик, президентимиз 2-3 йил аввал ўз чиқишларида ҳали суд ҳукми билан айби исботланмаган молиячилар, прокуратура ва солиқ идораларининг айримларини "каламуш"лар деганди. Танқиддан сўнг судлар бўлди, "каламуш"лар узоқ йиллик қамоқ жазоларига тортилди, президентнинг"ҳақорат"и қонунлаштирилди.
Ҳозирги ҳолат ҳам худди шундай. Қонунда икки хил стандарт бўлиши мумкин эмас: тизим, унинг мурватлари ҳақида гапириш сўз эркинлиги, жамият ривожининг муҳим омилларидан бири. Қолаверса, хонанда қайси вазиятда гапиргани ҳам муҳим. Аммо тизим вакилларининг коронавирус карантинидаги хизматларидан тўлқинланиб, жамоат вакилига оммавий босимлар уюштириши, судгача судраши хавфли тенденциядир. У мамлакатимизда энди-энди тетапоя қилаётган сўз эркинлигига қақшатгич зарба ҳисобланади.
Мазкур ёзувга илова қилаётган суратга эътибор беринг. Ички ишлар вазирлиги мулозими хонанданинг "руҳий соғломлигига шубҳаси" катта тиражда мамлакат бўйлаб тарқалмоқда. Энди ўйлаб кўрайлик, нега хонанданинг оғзига кучи етмаслиги судгача боради-ю, тизим вакилларининг талаффузи сўз эркинлиги, деб баҳоланади?
Гап мана шу ерда. Агар тизимга нисбатан танқидлар ўз вақтида тўғри қабул қилинганида, мелисага нисбатан ижтимоий фикрдан хулоса чиқарилганида ёзувларимнинг 2, 3, 4-абзацларини ҳозир ўқимаган бўлардингиз..."
Ҳаммаси қандай бошланганди?
Усмонова тўпланган хайрияларни Сирдарёга юборишда ички ишлар ходимлари унга кўмак кўрсатмаётганидан нолиб, Instagramдаги саҳифасида жонли чиқиш қилди.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов Юлдуз Усмонованинг "Видеодаги ҳақоратомуз фикрлар бевосита Ички ишлар органлари ходимларининг шахсиятига тегадиган гаплар эди", деди.
Шоҳруҳ Ғиёсов Qalampir.uz нашри билан телефон орқали суҳбатда Юлдуз Усмонованинг руҳий соғломлигига шубҳа билан қараётганини урғулаган.
Ички ишлар вазирлиги мулозими айрим шахслар хонанданинг гапига чидолмасдан унга қасд қилиши мумкинлигини айтган.
"Ҳозир шунақа бўлиши мумкинки, Усмоновани ўзининг гапидан ўзини ҳимоя қилишимизга тўғри келади. Айрим одамлар бу гапларга чидолмай қасд қилиши ҳам мумкин. Шундай вазиятда бегона одам унга зарар етказиб қўймасин деб, яна уни қўриқлашга тўғри келади", деган Шоҳруҳ Ғиёсов.
Узр сўраган Усмонова кейинроқ яна жонли эфирга чиқиб Ички ишлар органи ходимлари орасида яхшилари билан бирга ёмонлари ҳам борлигини айтиб, мутлақо нотўғри гапирмаганини таъкидлади.
Ички ишлар вазирлиги масъуллари маҳаллий журналистларга 5 май куни Юлдуз Усмонова устидан Мирзо Улуғбек тумани Маъмурий судида маҳкама бўлиб ўтишини маълум қилган.
Бироқ суд бўлмаган. Вазирлик журналистларга нима учун суд бўлмаганига оид изоҳ бермаган.
Юлдуз Усмонованинг ўзи Instagram орқали ўтказган жонли мулоқотида уйида ўтирганини билдирган ва судгача суриштирув ишлари бўлаётганидан хабар берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












