"Ҳибсхонада зўрланган Райҳон Соатова иши бўйича ДНК текшируви натижасиз"

Милиция томонидан зўрланиб, фарзандли бўлганлигини даъво қилган Райҳон Соатова яқинларининг айтишларича, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек Ички ишлар бўлинмаси ходимлари бу иш бўйича ДНК текширувлари натижа бермаганлигини билдиришган.
Уларга кўра, текширувдан ўтказилган биронта милиция ходимининг Райҳон Соатова фарзандига алоқаси борлиги далиллари топилмаган.
Бундан ташқари Райҳон Соатова ва унинг синглисига нисбатан чиқарилган қамоқ жазоси ҳам қонунуий экани ва қайта кўриб чиқилмаслиги билдирилган.
Соатова яқинларига кўра, Ички Ишлар бўлинмаси ходимлари Райҳон Соатова тергов остида бўлган вақти ташқаридан бошқа бирон кимса билан алоқада бўлган бўлиши ва шунинг оқибатида фарзандли бўлганлигини тахмин қилмоқдалар.
Лекин ДНК текширувлари натижасиз бўлганлиги расмий ёки ҳужжатли равишда айтилмаган, бу каби ҳужжат фақатгина Соатоваларнинг ҳимоячисига берилиши мумкинлиги билдирилган. Яқинлари эса ҳимоячи ёллаш учун молиявий имконлари йўқлигини айтишади.
Шу йил бошида Ўзбекистон Прокуратураси ҳибсхонда зўрлангани иддао қилинган опа-сингил Соатовалар иши бўйича милиция ходимларига қарши жиноий иш очганди.
Райҳон Соатова 2009 йил 9 май куни тергов ҳибсхонасида Мирзо Улуғбек туман милициясининг 12 ходими томонидан зўрланганлигини иддао қилган.
Ўтган йил декабр ойида у Тошкентдаги аёллар қамоқхонасида муддатидан аввал қиз фарзандли бўлган.
Райҳон Соатова билан бирга унинг икки синглиси ҳам босқинчиликда айбланиб, бири озод этилган, бошқаси Райҳон билан бирга қамоқ жазосига маҳкум этилганлар.
Соатовалар ишини кузатиб келган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари зўравонликка қўл урганлиги айтилган милиция ходимларини топиш учун жиноий иш очилганлигини олқишлаб, лекин айбдорлар топилиб жазога тортилишларига шубҳа билдиргандилар.
БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси ҳам опа-сингилларнинг ҳибсхонада зўрлангаликлари ҳақидаги даъволар юзасидан муфассал текширув ўтказилиши лозимлигини таъкидлаганди.
Опа-сингил Соатовалар ишини аввал бошдан кузатиб келган"Эзгулик" ташкилоти ДНК текширувлари нтаижаларини шубҳа остига олиши ва бу иш юзасидан халқаро даражада шаффоф текширув ўтказилиши талаб қилади.
"Эзгулик" вакилининг айтишича, халқаро ташкилотлар Райҳон Соатова учун ҳимоячи ёллаш йўлида керакли молияни ажартишга тайёр эканликларини билдиришган.
Ташкилот шунингдек Соатовалар иши бўйича БМТнинг Қийноқларга қарши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мурожаат қилиш ҳаракатидадир.












