Ўзбекистон ИИВ раҳбариятидаги "тозалаш"ни яширишга қарор қилиндими?

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги

Сурат манбаси, Sof.uz

Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг ўнга яқин юқори лавозимли мулозими бўшатилган, айримларига жиноят ишлари қўзғатилган.

"Озодлик" радиосининг Ички ишлар вазирлигидаги манбасига кўра, Ички ишлар вазирининг ўринбосари, ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, Қоровул қўшинлари қўмондони Президент Шавкат Мирзиёевнинг 18 ноябрда имзолаган қарори асосида лавозимларидан бўшатилганлар.

Манба қатор юқори мулозимларнинг лавозимларидан бўшатилишини "тозалаш" деб таърифлаган.

Маҳаллий нашрларда ИИB Қоровул қўшинлари қўмондони генерал Дмитрий Пан қамоққа олингани, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Аммо мақола тайёрланаётган вақтида Ўзбекистон Бош Прокуратураси ўзларида бундай маълумот йўқлигини билдирди.

Мақола чоп қилингандан сўнг, Ўзбекистон Бош прокуратураси ИИВ Қоровул қўшинлари собиқ қўмондони генерал-майор Дмитрий Панга нисбатан 19 ноябр куни жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берди.

"Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан 2019 йил 19 ноябрь куни ИИВ Қоровул қўшинлари собиқ қўмондони генерал-майор Д.Панга нисбатан Жиноят кодексининг 301-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2019 йил 23 ноябрь куни Д.Пан ЖКнинг 301-моддаси 1-қисми билан билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, Тошкент ҳарбий судининг ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида "қамоққа олиш" қўлланилди", дейилади Бош прокуратуранинг 23 ноябр куни чиқарган хабарида.

Жиноят кодексининг 301-моддаси ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлигини назарда тутади.

"Бошлиқ ёки бошқа мансабдор шахснинг ўз ҳокимият ёки хизмат мавқеини суиистеъмол қилиши, ҳокимият ёки хизмат ваколати доирасидан четга чиқиши, шунингдек, ҳокимият ҳаракатсизлиги Қуролли Кучларнинг манфаатларига, ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, уч йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".

Қоровул қўшинларининг узоқ йиллик қўмондони лавозимидан бўшатилишига маҳкумларни сақлаш жойлари (қамоқхона, манзил-колониялари)да рўй бераётган тартибсиз ҳамда Ички ишлар ходимлари томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

"Озодлик"ка кўра, ИИВ ҳибсхонаси ходимлари 2000 доллар эвазига маҳбусларга милиция кийимини кийгизиб уйларига олиб боришган, бундай маҳбуслар орасида "президент қаҳрига учраган собиқ катта амалдорлар ҳам" бўлган.

Би-би-си тарқалган хабарларни текшириш мақсадида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Матбуот хизматига мурожаат қилди, аммо ўз мурожаатига жавоб ололмади.

Ички ишлар вазирлигидаги "тозалаш" прокуратура ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилган давлат хизматчиларига нисбатан иш очмаган, ўзбекистонлик журналистларга босим кузатилаётган вақтга тўғри келди.

Хўш, мана шу манзарада вазирлик обрўсини тўкадиган деб кўрилган ахборотни кенг жамоатчиликка ошкор этмаслик маъқул кўрилдими?

Би-би-си ушбу саволни Лондонда истиқомат қиладиган сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовга берди.

Алишер Илҳомов

Сурат манбаси, .

Алишер Илҳомов: Агар биз вазиятни кузатадиган бўлсак, ҳукумат очиқлик, шаффофлик томон қадам қўймоқда, деб баёнотлар берилаяпти. Ҳукумат жамият ва халқаро кузатувчилар олдида тизимни ислоҳ қилиб, янада очиқроқ қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Бу борада қабул қилинган қарорлар кенг жамоатчиликка етказилмоқда. Ҳатто ҳукумат Президент админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ҳар бир вазирликда матбуот хизматларини ташкил қилиш топшириғини берди. Мен қайси вазирлик қачон матбуот анжумани ўтказиши лозимлиги белгилаб берилган ҳужжатни кўрдим. Бу ҳар бир вазирлик ташкиллаштириши лозим бўлган брифинг ва матбуот анжуманларининг улкан рўйхати. Буни, албатта, тўғри томонга ташланаётган қадам сифатида олқишлаймиз. Аммо гап шундаки, унча муҳим бўлмаган, техник масалаларга тааллуқли кўплаб матбуот анжуманлари ўтказилаяпти, бу мавзуларнинг кенг жамоатчиликка унчалик қизиғи бўлмаслиги мумкин. Кенг оммада саволлар пайдо қилган ва кўпчиликни қизиқтирадиган масалаларни эса бекитишга, атайин ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилаётганларини ҳам кўриб турибмиз. Бу борада қабул қилинган қарорларни фақат "ички фойдаланиш" учун сақлаб туришга интилиш кузатилмоқда. Кенг жамоатчиликни энг аввало нима қизиқтиради? Давлат тизими, давлат аппарати поклик-ҳалоллик, қонунийлик тамойилларига қанчалар риоя қилаяпти, деган савол. Охирги кунларда янада долзарблик касб этган савол, "оддий фуқаро ва давлат амалдори қонун олдида тенгми?", деган савол бўлмоқда. Ҳуқуқ устуворлиги масаласида қонун олдида ҳамманинг тенглиги муҳимдир. Агар бир фуқаро ҳуқуқбузарлик содир этса ва унга нисбатан қонун жорий қилиниб, жавобгарликка тортилса-да, аммо шундай ҳуқуқбузарлик содир этган давлат хизматчиси учун қонун ишламаса, бу қонун олдида ҳамманинг ҳам тенг эмаслигини кўрсатади. Бу қонун устуворлиги йўқ деганидир, бу жамиятда адолат, адолатли суд оқсаётганини англатади. Бундан кейин, очиқлик ва шаффофлик томон қилинаётган ишлар ҳам хўжакўрсинга, деган хулоса келиб чиқади. Жамиятни ўйлантираётган муҳим масалалар бўйича биз ҳозирча ана шундай очиқликни кўраётганимиз йўқ. Бу нима учун қилинаяпти? Давлат органлари ва давлат амалдорларининг халқнинг кўзи олдидаги обрўсини тушириб қўймаслик учун. Ана шу ўйда қилинаётган ишлар эса тескари самара беради. Яна жамиятда давлат ҳокимиятининг қонунларга бўйсунувчанлиги, ҳалол ва очиқлиги борасида ишончсизлик юзага келади. Агар тўла очиқлик ва шаффофлик томон ҳаракат қилинса, бу давлат амалдорлари орасидаги ҳуқуқбузарларнинг обрўсига зид келиб қолиши мумкин. Аммо жамоатчиликда давлат ҳокимиятига нисбатан ишонч пайдо бўлади. Яъни, ошкоралик айрим конкрет шахсларнинг ва айрим органларнинг нуфузини пасайтириши мумкин, аммо ҳокимиятга нисбатан ишончни кучайтиради. Ўшанда одамлар айтишади: "ана кўраяпсизми, улар ҳатто ўзлари ҳақидаги салбий хабарларни ҳам тарқатишдан чўчимаяптилар. Уларнинг бу очиқ-ошкоралиги бизга маъқул". Агар очиқликни намойиш этиш мақсадида ташкил қилинган брифинг, матбуот анжуманлари фақат ижобий ахборот, ўз-ўзини пиар қилишдан иборат бўлиб қолса, бу пропаганданинг янги кўриниши бўлиб қолади. Менинг фикримча, Ички ишлар вазирлиги раҳбариятида бошлиқларни лавозимларидан бўшатишга қарор қилингани, аммо бу қарорнинг ўзи ҳақида ва бундай қарор қабул қилинишига нима сабаб бўлгани ҳақида жамоатчиликка айтмаслик ортида мана шулар ётипти.

Би-би-си: Охирги вақтда мамлакатдаги айрим амалдорларнинг жамиятдаги обрўсини пасайтирадиган воқеа-ҳодисалар кузатилди. Бунинг ортидан раҳбарият, салбий хабарларни камайтириш керак, деган хулосага борган бўлиши мумкинми?

Алишер Илҳомов: Бундай деб ўйламайман. Яна айтадиганим шуки, агар қабул қилган қарорлари ҳақидаги ахборот билан манипуляция қилиш орқали "пушти ранг манзарани" тасвирлашга интилиш, ўз обрўсининг пасайиб кетишининг шу йўл билан олдини олишга ҳаракат қилаётган бўлсалар, бу акс натижа беради. Чунки бундай ёндашув жамиятда ишонч уйғотмайди. Жамият қачон ишонади? Қачонки, ҳокимият "ҳа, биз адашаяпмиз, бизнинг амалдорларимиз, раҳбар ходимларимиз хато қилишди ва биз бу ҳақда очиқ-ойдин гапиришга, хато-камчиликларни ошкор этишга тайёрмиз", деб айтса дуруст бўлади. Мана шундай ўз-ўзини танқид, балки ўзларининг манфаатига зид келиши мумкин бўлган ахборотни ҳам тарқатишдан чўчимаслик жамият томонидан давлат органларига нисбатан ишончни уйғотади. Агар бу масалаларда манипуляция йўли танланса, ҳокимиятга ишончсизлик сақланиб қолаверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek