Ўзбекистон: Мирзиёев ҳукумати нимадан безовта, ўзбек халқи нимадан хавотирда?

Сурат манбаси, Facebook/KamoliddinRabbimov
- Author, Камолиддин Раббимов
- Role, Таҳлилчи
Ўзбекистонда олий ҳокимият алмашгач, жамият нисбатан жонланди, фуқаролар ўз фикр ва қарашларини, умиду хавотирларини изҳор эта бошладилар.
Ижтимоий тармоқлар ҳам фаоллашгани кузатилади.
Айни пайтда, айтиш жоизки, иқтисодий қийинчиликлар, молиявий етишмовчилик, қимматчилик ва яхши ҳақ тўлайдиган иш ўринларининг етишмаслиги ҳамон Ўзбекистондаги асосий муаммолардан бўлиб турибди.
Шу қаторда жамиятда мунтазам безовталик уйғотадиган қатор омиллар мавжуд.
Биринчи хавотир
Туман ва вилоят ҳокимлари, мулозимлар синфининг одамларни примитив мажбурлаш ва ноқонуний амалларга асосланган ишлаш услуби.
Шу пайтгача, вилоят ҳокимлари ёки бошқа даражадаги давлат амалдорларининг жамиятни (халқни) ҳақорат қилиш ё таҳқирлаш орқали иш юритиши кенг жамоатчилик томонидан ўта салбий қабул қилинмоқда.
Бу воқеликлар жамиятда кучли безовталик уйғотган.
Мисол учун, вилоят ҳокимларининг сўкинишлари, қўл остидаги ходимларга жиддий таҳдид қилишлари, ўз ваколатидан ташқари ё ноқонуний усулда фуқароларни жазолашлари (сувга тушириб қўйиш, кўчмас мулкларни бузиш ёки бузиш билан таҳдид қилиш) каби ҳолларни қайд этиш мумкин.

Сурат манбаси, Social Media
Илгари қандай эди?
Ўзбекистонда олдинги маъмурият топшириқ берарди ва қуйидаги мулозимлардан натижа кутарди.
Бугунги вазият бироз мураккаброқ.
Ҳозир юқори инстанция нафақат натижа кутади, балки ўзи берган буйруқларни ижро этиш пайтида ўз обрўсига ва давлат репутациясига зарар етмаслигини, янги маъмурият шаънига соя тушмаслигини истамоқда.
Лекин, Ўзбекистондаги мулозимлар синфи янги шароитларда янгича фикрлаш ва ишлаш малакасига эга эмас.
Бу эса олий ҳокимиятни ҳам, жамиятни ҳам жиддий бир даражада безовта қилади.
Мавзуга алоқадор
Иккинчи қўрқув
Иккинчи безовталик эътиқод эркинлигига бориб тақалади.
Янги маъмурият бошқаруви даврида жамиятнинг диний эҳтиёжлари билан боғлиқ қарашлар тўқнашуви кузатилмоқда.
Президент Мирзиёевнинг рўмол ва диний эҳтиёжлар борасидаги кўплаб баёнотларидан кейин, диний қатламда эркинликлар берилади, деган умидлар кучайган эди.
Жумладан, Президентга яқин, деб ишониладиган сенатор Содиқ Сафоев ҳам Дин ва Виждон Эркинлиги Тўғрисидаги Қонуннинг қайта таҳрир қилиниши борасида баёнотлар берганди.
Бироқ, юқори давлат мулозимлари баёнотлари билан қуйи инстанциялардаги амалиётлар ҳамон ўзаро мутаносиб эмас.

Сурат манбаси, President.uz
Қатор ҳолатлар эса жамиятда кутилган диний эркинликлар борасида, аксинча, безовталикка етаклади.
Жумладан, бозорларда соқол қўйган кишиларнинг соқоллари мажбурлаб олиниши ҳамда хижобли қизлар ва аёлларнинг ўқув муассасаларига киритилмаслиги ОАВлари ва ижтимоий тармоқларда кучли акс-садо берди.
Ўзбекистон жамияти учун диний эҳтиёжларга босим ўтказиш - диктатуранинг биринчи ва энг таниқли характеристикаси.
Шу сабаб, эътиқод эркинлигига босимлар кузатилганда, жамият ўзининг жиддий безовталигини, норозилигини билдирди.
"Ўзбекистон яна қаттиқ авторитаризмга қайтаяптими?" деган савол кун тартибига чиқди.
Учинчи ҳадик
Учинчи ўринда ўзбекистонликларни таҳликага солаётган воқелик - сўз эркинлиги, фикр эркинлигига оид аҳвол.
Президент Мирзиёев Ўзбекистонда "ислоҳотлар сиёсатини" эълон қилар экан, бу сиёсатнинг асосий ҳамроҳи - сўз эркинлиги эканлиги кўп марта билдирилди.
Ҳар қандай сиёсатнинг ҳаққонийлиги меъёрларини ўлчаш ва жамоатчилик фикрига қулоқ солишнинг ягона шарти - одамларда эркин гапириш имкониятининг бўлиши.
Ўтган уч йил ичида бўлиб ўтган муайян воқеа ва ҳодисалар ортидан эса кўплаб ўзбекистонликлар "сўз эркинлиги энди бекор қилинадими?" деган саволни сўрай бошлашди.
Жумладан, нисбатан танқидий мақолалар чиқарган бош муҳаррирларнинг алмаштирилиши, анча фаоллашиб қолган баъзи ОАВларининг бир-икки ойда ёпилиши ва ҳ.к.
Ўзбекистонда сўз эркинлигининг бугунги аҳволи - анча зиддиятли.
Жамиятда ҳам, давлатда ҳам кучли фобия, яъни қўрқув мавжуд.
Бунинг оқибатида том маънодаги кучли сўз эркинлигидан бугун ҳамма маълум маънода қўрқади.
Тепа пастдан, паст тепадан қўрқадими?

Сурат манбаси, President.uz
Ҳокимиятнинг қўрқуви - танқидлар ортидан халқ кўчага чиқиб кетмайдими, деган таҳлика.
Матбуот ва жамиятнинг қўрқуви эса - танқидлар ортидан ҳокимият сўз эркинлигини йиғиштириб, олиб қўймайдими, деган саросима.
Шу сабаб, сўз эркинлигининг йўқлиги ҳам, унинг кучайиб бориши ҳам, ҳукумат ва жамият учун маълум хавотирлар сабабчиси бўлиб қолаверади.
Аммо айтиш керакки, кейинги бир йил ичида шаклланган вазиятга қарасак, сўз эркинлиги аста-секинлик билан кучайиб бориш тенденциясини намоён этмоқда.
Лекин, бу кучайиш натижасида ҳокимият ва сўз эркинлиги тўқнашуви эҳтимоли ҳам катта.
Айни тўқнашув оқибатида сўз эркинлиги "қайта тарбияланадими", ёки аксинча, сиёсий тизим аста-секин ўзгариб, авторитар зеҳниятдан чекиниб борадими - ҳозир аниқ гап айтиш қийин.
Ўзбекистоннинг энг узоқ муддатли муаммоси - мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг кўлами кенглиги ва чуқурлигида.
Сўз эркинлиги эса ушбу муаммоларни кўрсатиб берувчи воситадир.
Бу восита аслида давлатнинг энг кучли иттифоқчиси бўлиши мумкин, бироқ мансабдорларнинг энг ашаддий мухолифи ҳамдир.
Худди мана шу тушунчаларнинг қайси бири устун келади - буни ҳозирги вазиятга қараб аниқ айтиш қийин.
Таҳририятдан: ББС Ўзбек хизмати нуқтаи назари муаллиф фикри билан мос тушмаслиги мумкин ва бу борада сиз ҳам ББС Ўзбек Хизматининг bbcuzbek.com вебсаҳифаси, YouTube, Facebook ва Одноклассникидаги BBC UZBEK каналларида ўз фикрингизни бўлашинг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













