Коронавирус: АҚШ нефти нархи тушиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?

Oil pumps

Сурат манбаси, Getty Images

Тарихда илк бор АҚШ нефтининг нархи манфийга тушди.

Бу дегани - май ойига бориб нефт сақлайдиган омборлари тўлиб кетиб, чиқаётган янги хомашёсини ғамлайдиган жойи қолмаслигидан чўчиган нефт ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини харидорларга зарарига бўлса ҳам сотишди.

Бутун дунё бўйлаб аксар одамлар уйидан кўчага чиқмаётган бир шароитда нефтга бўлган талаб кескин тушиб кетган.

Оқибатда нефт компаниялари хомашёсини сақлаш учун танкерларни ижарага олмоқдалар, АҚШ нефтининг баҳоси плюс эмас, минусга тушди.

20 апрел куни Американинг West Texas Intermediate (WTI) маркали нефтининг бир баррели баҳоси -37,63 АҚШ долларигача пасайди.

Мутахассислар нархнинг кескин қулаши глобал нефт бозорининг техник хусусиятига ҳам боғлиқлигини айтишади. Душанба куни савдо фючерс баҳоларида олиб борилаётган бўлган ва май ойи фючерс контрактлари сешанба куни якунланиши кўзда тутилган эди. Трейдерлар нефтни ташиш ва бир жойда сақлаш учун кетадиган харажатларга пул сарфламаслик учун баҳони пасайтиришга мажбур бўлганлар.

Нефт ташувчи танкер

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Нефт компаниялари хомашёсини сақлаш учун танкерларни ижарага олмоқдалар

WTI маркали нефтнинг июн ойи нархи ҳам тушиб кетган, унинг бир баррели учун 20 доллардан зиёд нарх таклиф қилишган. Айни пайтда Европа ва дунёнинг бошқа нуқталарида савдо қилинадиган Brent нефти баҳоси ҳам 8,9 фоиз арзонлаган, июн учун Брентнинг бир баррелига 26 АҚШ доллари миқдорида нарх сўрашган.

Нефт нархлари ўзгариши

Агар дунёда карантин чоралари давом этаверса, нефт нархи янада арзонлашиши башорат қилинмоқда.

Охирги вақтда жаҳондаги нефт индустрияси талабнинг тушиб кетиши ва йирик нефт ишлаб чиқарувчиларнинг кунлик ишлаб чиқаришни камайтириш борасидаги кескин мубоҳасаларига дуч келган.

Ой бошида ОПЕК аъзолари ва иттифоқчилари глобал нефт ишлаб чиқаришни 10 фоиз камайтиришга келишиб олган эдилар. Шу вақтгача ҳеч қачон кунлик нефт баррели бунча катта миқдорда қисқартирилмаган эди. Аммо аксар таҳлилчилар ишлаб чиқаришни камайтиришнинг ўзи етарли эмас деб ҳисоблашади. Бунинг учун бозорда нефтга талаб бўлиши керак, бу талаб эса коронавирус билан боғлиқ вазиятга боғлиқ бўлиб турипти.

АҚШ Президенти Доналд Трамп мамлакат миллий резервидаги нефтни ҳукумат сотиб олажагини айтди. Аммо шунда ҳам нефт омборлари тўлиб кетиб, янги хомашёни ғамлашга жой етмай қолади деган хавотирлар билдирилмоқда.

Россия учун нохуш хабар

Россияда доллар ва Евро қимматлади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россияда доллар ва Евро қимматлади

Кунлик нефт ишлаб чиқаришни камайтириш борасидаги энг қизғин баҳслар Россия билан Саудия Арабистони ўртасида кечди. Саудия Арабистони келишилган муддатдан олдин ҳам ишлаб чиқаришни камайтиришни бошлашига ишора берган. Таҳлилчилар Саудиянинг ортидан ОПЕКнинг бошқа аъзолари ҳам эргашишларини истисно этмаяптилар.

Жаҳон бозорида нефт нархининг пасайиши доим Россия учун нохуш бўлган.

Россиянинг жаҳон бозорига олиб чиқадиган Urals маркали нефтининг баҳоси АҚШ WTI сига эмас, Brent маркасига боғланган.

WTI баҳоси тушиб кетиши ортидан Brentнинг ҳам, Uralsнинг арзонлашишини, Urals бир баррели 10 АҚШ долларидан ҳам пасайиб кетишини башорат қилмоқдалар таҳлилчилар.

21 апрел куни Uralsнинг баррелини Ўрта Ер денгизига етказиш нархи 8,48, Шимоли-Ғарбий Европага етказиш эса 17,51 долларни ташкил этгани ҳақида ёзди Россия нашрлари. Бир баррели учун 8,48 долларлик нарх Россия нефтининг 1998 йилдан буён энг паст баҳоси ҳисобланади.

Urals нархига Россия бюджетига тушумлар ва мамлакатдаги макроиқтисодий барқарорлик боғлиқдир. 2020 йил бюджетини шакллантиришда Давлат Думаси сиёсатчилари Россия нефтининг нархини 42,4 долларда ҳисоб-китоб қилишган эди. Uralsнинг баррели нархи 25 АҚШ долларидан пасайганида Россия Марказий Банки ўз резервидаги хорижий валюталарни сотиб, Россия рублини харид қилишни бошлади. Бундан кўзланган мақсад - нефт нархи пасайишининг Россия иқтисодиётига салбий таъсирини пасайтириш. 16 апрелдан Марказий Банк ҳар куни савдога чиқарадиган хорижий валютаси ҳажмини 200 миллион долларга етказди, WTI нархи тушиши ортидан бу ҳажм янада оширилади, дея кутилмоқда.

Россия ҳукумати глобал нефт нархи тушиб кетишини олти йил давомида қоплаб туришга қодир 125 миллиард долларлик захирага эга эканини айтиб келади. Аммо 2015-2016 йиллардаги нефт нархининг пасайиб кетиши Россия иқтисодини рецессияга етаклаган эди. АҚШ нефти баҳоси тушиб кетиши ортидан Россия рубли қадрсизланиши кузатилди. 1 доллар 77 рублга чиққан. Таҳлилчилар яқин келажакда Россия миллий валютаси 77-80 доллар атрофида баҳоланиши мумкинлигини башорат қилмоқдалар.

Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари камаяди

Ўзбекистонликлар 2019 йили оиласига 4,6 млрд доллар юборган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонликлар 2019 йили оиласига 4,6 млрд доллар юборган.

Жаҳонда нефт нархининг пасайиши, Россияга нисбатан Ғарб жорий этган санкциялар мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади, рубл қадрини пасайтирган. Россия экономикаси дуч келган мушкулликлар эса ҳар доим ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг даромадларини камайтирган. 2016 йили Россия рублининг 53 фоиз қадрсизлангани таъсири Ўзбекистонда ҳам сезилган эди.

Коронавирус пандемияси боис Россияда меҳнат қилаётган кўплаб ўзбекистонликлар ишсиз қолдилар, Ўзбекистондаги оилаларига пул юборишда қийналиб қолишди. Кейинги ойларда Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари камайиши кутилади. Пул жўнатмалари Ўзбекистон иқтисодиёти учун салмоқли ҳисобланади. Расман Россиядан Ўзбекистонга 2018 йили 4,082 миллиард, 2019 йили 4,6 миллиард АҚШ доллари юборилгани хабар қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам Россиядан бу йил пул жўнатмалари камайишини кутмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий Банки раиси Мамаризо Нурмуратов Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров билан интервюсида айтди.

"Биз Марказий Банк бутун банкларимизни стресс-тестдан ўтказдик. Учта критерий бўйича. Яъни, энг аввало экспорт-импорт операцияларига пандемиянинг таъсири... Бу билан боғлиқ бўлган иккинчи вазият - коронавируснинг Россия иқтисодиётига таъсири орқали аҳолининг катта қисмининг пул ўтказмалари орқали юбораётган маблағларида қандай бўлади? Буниям уч хил сценарийда биз таҳлил қилдик, бутун банк тизимларига таъсирларини таҳлил қилдик", деб айтган Ўзбекистон Марказий Банки раиси.

Сал олдинроқ коронавирус пандемиясидан Ўзбекистон иқтисодиёти 1 миллиард долларга қадар зарар кўриши мумкинлиги ҳақидаги башоратлар билдирилган эди.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek