Ўзбекистон коронавирусга қарши курашишга тайёрми -вазир жавоби - O'zbekiston

коронавирус
Ўқилиш вақти: 3 дақ
коронавирус

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожланган давлатлар билан солиштириб бўлмаслигини ва у коронавирус каби хавф билан курашишга тайёрмаслигини тасдиқлади.

Тошкентда ўтган матбуот анжуманида гапирган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Ўзбекистон ва Қозоғистон коронавирус каби йирик эпидемия билан курашишга тайёр эмас деган гапига изоҳ берди.

"Жаноб Помпеонинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга нисбатан айтган гапларига - ҳа деб жавоб берамиз. Ўзбекистон президенти яқинда парламентга қилган мурожаатида иқтисодимиз ҳолатига тўғри баҳо берди. Шундан келиб чиқиб биринчи марта Президент томонидан камбағаллик борлиги эътироф этилди. Албатта, бизда ижтимоий ва иқтисод билан боғлиқ муаммолар бор. Иқтисодимиз ҳали ривожланмаган. Иқтисодиётимиз барқарор ва ижтимоий, шу жумладан соғлиқни сақлаш соҳасига етарли эътибор қаратиши учун ўзини таъминлайдиган бўлиши йўлида барча чораларни кўряпмиз", — дея вазир Алишер Шодмоновдан иқтибос келтирмоқда podrobno.uz сайти.

Олдинроқ АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Қозоғистон ва Ўзбекистонга қилган сафаридан сўнг ушбу давлатлар коронавирусга қарши туролмаслигини айтганди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Мен Хитой билан чегарадош ҳамда коронавирус каби йирик хавф била курашишга имконияти йўқ Ўзбекистон ва Қозоғистонда бўлдим", деганди Майк Помпео.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий Телеграм канали вазир Шодмоновдан иқтибос келтириб, Ўзбекистонда коронавирусга қарши дори воситалари етарли эканлигини айтди.

"Агар касаллик қайд этиладиган бўлса, дори воситаларининг захираси, шунингдек профилактика бўйича имкониятларимиз етарли. Тарғибот ишларини кучайтиришимиз, зарур ҳаққоний маълумотларни вақтида етказиб туришимиз зарур", деган Алишер Шодмонов.

10 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус муаммосига бағишланган матбуот анжумани ташкил этди.

Би-би-си Ўзбек мухбири Аваз Тоҳировнинг хабар беришича, анжуманда Ўзбекистонда, ҳозирча, коронавирус ҳолати аниқланмагани таъкидланди.

Хорижий дипломатик корпус вакиллари ҳам иштирок этган ушбу анжуманда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сўнгги кунларда Ўзбекистон бўйлаб тарқалаётган турли тасдиқланмаган ва ваҳимали хабарларга изоҳ берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳозирга қадар коронавирусга чалинган бемор аниқланмаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларни эса вазир Шодмонов фейк деб атади ва матбуот вакилларини бундай ёлғон маълумотлар тарқалишига қарши курашишга чақирди.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида бир инсон коронавирусдан вафот этгани ва Тошкент шаҳридаги «16-касалхона» номи билан маҳшур Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига коронавирус аломатлари мавжуд беморлар олиб келингани борасида асосланмаган хабарлар тарқалган.

Алишер Шодмонов, шунингдек, мамлакат касалхоналарида коронавируснинг эҳтимолий тарқалишига тайёргарлик ишлари бўлиб ўтаётганини ҳам маълум қилиб ўтди.

вазир

У коронавирус эпидемиясига тайёр туриш йўлида «ҳаттоки, фаррошга қадар тиббий ходимлар қайта ўқитилаётгани»ни билдирди.

Касаллик тарқалгани борасидаги миш-мишларни қатъиян рад этган Соғлиқни сақлаш вазири агар коронавирус ҳолати аниқлангудек бўлса, бу хабарни яшириб бўлмаслигини таъкидлади.

Касални яширсанг…

"Нотўғри, ваҳима маълумотлар кунора чиқяпти. Мана у вилоятда, бу вилоятда қайд этилди… Бу шундай касалликки, халқимизда айтилади: «Касалликни яширсанг, иситмаси ошкора этади». Бу коронавирус ҳақидаги ўзбекнинг матали, гапи", дейди вазир.

матбуот

«Бу касалликни беркитиб бўлмайди. Ҳеч қайси мамлакат бекита олмайди», қўшимча қилади у.

Вазир Шодмонов анжуман давомида одамларни чет элга сафарга чиқишдан тийилиш ва хорижликлар билан имкон қадар жисмоний алоқа қилмасликка чақирди.

Бундан ташқари у яқинлашиб келаётган Наврўз каби оммавий байрамларнинг коронавирус туфайли бекор қилиниши эҳтимолига ҳам изоҳ берди.

Алишер Шодмонов Ўзбекистонда халқаро маросим ва тадбирларни ўтказиш режаларини бекор қилиш кўзда тутилаётган бўлсада, «мамлакат ичида ҳали коронавирус ҳолати қайд этилмаганидан» ички оммавий тадбирларни бекор қилишга эҳтиёж йўқлигини билдириб ўтди.

Вазир Шодмонов одамларни эҳтиёт бўлишга алоҳида даъват этди.

У кўп одам йиғилган жойларга яқинлашмаслик, шамоллаш аломатлари мавжуд шахслардан четроқ юриш ва кишининг ўзида касаллик белгилари пайдо бўлганда тақдирда, ўзини одамлардан четга олиб, зудлик билан тез ёрдамга мурожаат қилиш зарурлигини тилга олиб ўтди.

«Агар фуқароларимиз масъулиятни ҳис қилишса, ҳаёт тарзларини ўзгартиришса, биз бу жангда, албатта, ғолиб чиқамиз, деб умид қиламан», дейди вазир ўз нутқи якунида.

коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek