Ўзбекистон: Санъаткор Насиба нега мардикорлик қилмоқда? O`zbekiston Toshkent

Би-би-си доимий иш топишда қийинчиликларга учраётган инсонлар ҳақида Менга иш беринг #mengaishbering лойиҳасини бошлади.
Жиззахлик Насиба - лойиҳанинг илк қаҳрамони.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги келтирган маълумотга кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 9 фоизни ташкил этган.
Бу меҳнатга лаёқатли 19 миллиондан зиёд ўзбекистонликнинг қарийб 2 миллиони доимий ишсиз эканини англатади.
Агар Меҳнат вазирлиги эълон қилган рақамларга таянилса, Ўзбекистондан хорижга иш излаб кетганлар сони деярли 2,5 миллионга тенг.
Бир вақтнинг ўзида мамлакатда зарурий малакага эга бўлган мутахассис-ишчилар етишмаслиги ҳам айтилади.
Гап фақат ишдами ё маошда?
Айни пайтда, касб-ҳунарли ва малакали кўплаб одамлар ҳам маош камлигидан ўз соҳаси бўйича ишлай олмагани, кўп ҳолларда, ёлланма меҳнат билан қозон қайнатишга мажбур эканини билдиради.
Ҳаттоки, ўз давлатида иш топа олмагани туфайли қўшни Қирғизистонга ҳам иш излаб бораётган ўзбекистонликлар оз эмас.
2017 йилда ҳали Хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлган Танзила Норбоева ишсизликни ёш оилаларнинг бузилиб кетишидаги асосий сабаблардан бири ўлароқ кўрсатган эди.
Марҳум Ислом Каримов даврида ҳар йили Ўзбекистонда миллионга яқин янги иш ўрни яратилиши даъво қилинар ва мамлакатда авж олган ишсизлик муаммоси тан олинмас эди.
Бироқ президентлигининг илк йилларидаёқ Шавкат Мирзиёев ўтмишдоши давридаги бу рақамлар сохталигини тилга олган.
"Бу йили 363 минг киши ҳақиқий иш олди. 5 йил давомида уларни ҳеч ким ишдан ҳайдамайди. Ҳеч қандай 900 минг-1 млн иш ўрни деган гаплар йўқ. Буни манаман деган давлатлар қила олмайди", деган президент Мирзиёев 2017 йилда.
Би-би-си қўл ураётган # mengaishbering лойиҳаси турли сабаблар туфайли ўз малакаси бўйича иш топа олмаётган, ўз иқтидорини намоён этишга қийналаётган инсонлар ҳаётига назар ташлашни ва муаммоларини ёритишни кўзда тутади.
Ортиқ мардикор бўлишни хоҳламайман!
Насиба болаликдан актриса бўлишни орзу қилган.
Бироқ, ҳозир кундалик ёлланма меҳнат билан кун кечиришга мажбур.
Насибанинг бир фарзанди бор.
У мусиқа ва кинога бўлган муҳаббати ортидан ўрта-махсус таълимни санъат йўналиши бўйича тамомлаган.
Бироқ оилада мавжуд муҳит туфайли унинг актриса бўлиш орзуси эрта чилпарчин бўлган.
"Ўгай онам актриса бўлмайсан, деб, ҳатто, уйдан чиқармай қўйганди. Ўзимнинг отам ҳам кинода ўйнасанг, ўлдираман, дерди".
Орзулари ушалмаган Насиба турмушнинг яна бошқа тўсиқларига учраб, пировардида, кундалик ёлланма меҳнат орқали тирикчилик ўтказишга мажбур бўлиб қолгани ҳақида сўзлайди.
"Ортиқ мардикор бўлишни истамайман. Ўзим севган соҳада ишлагим келяпти" - дейди Насиба.
"Ҳали ҳам актриса бўлиш мақсадидан қайтганим йўқ, режиссёрлар менга биргина имкон беришса бас".
Ҳаётимни экранда кўрсатсам...
Насиба ўз ҳаётини зангори экранга олиб чиқишларини истайди.
"Мен ҳаётда ғам-ғуссага ботган аёл образини маромига етказиб, ижро этиб бера оламан" - дейди у.
Насибанинг айтишича, уни бир марта актёрлик синовига таклиф этишган.
Бироқ, ҳатто, йўлкирага пули бўлмагани боис, синовга қайта бора олмаган.
Насиба оиласидаги муҳитдан қочиб, кўчаларда ётиб юришга мажбур бўлганини қайд этади.
"Бекатларда ётиб юрдим. Кимдир аҳволимни тўғри тушунди, кимдир эса йўқ. Шундай кунларда ҳам санъатдан кўнгил узганим йўқ".
"Менга иш беринг - ишончингизни оқлашга сўз бераман".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












