Янгиликлар: Сайфулло Соипов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди - АҚШ, Ўзбекистон O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images/Spencer Platt
Нью-Йоркда саккиз кишини ўлдириши ортидан терроризмда айбланган тошкентлик Сайфулло Соиповга 10 ҳаёт ҳукми ва 260 йиллик қамоқ жазоси қарори ўз кучида қолдирилди.
35 ёшли Соипов ўзини Исломий Давлат деб атаган гуруҳ тарафдори.
Байден маъмурияти АҚШда ўлим жазосига қарши, бироқ қоралов томони Соиповга нисбатан ўлим жазосини сўради.
Ҳакамлар ҳайъати унга ҳукм белгилашда ўлим жазоси борасида келишолмаганлар.
Мухбирларнинг хабар қилишича, Сайфулло Соиповга охирги сўз берилганида, ИШИД террорчи гуруҳини олқишлайдиган, бундан олдинги маҳкама жараёнларида айтган гапларини яна такрорлаган, ҳалок бўлган инсонларнинг яқинларининг аянчли гувоҳликлари уни ҳеч ҳам таъсирлантирмаган, деб ёзишди маҳкамани кузатган мухбирлар.
Сайфулло Соипов Колорадо штатидаги қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонада тутқунда сақланади.
Бу қамоқхонада 23 соат мобайнида ўзининг хонасидан чиқишга изн берилмайди.
Нью-Йоркда 8 кишини ўлдиришда айбланган ўзбек Сайфулло Соипов қўриқчининг "бошини кесмоқчи" бўлган
Нью-Йоркда саккиз кишини ўлдириши ортидан терроризм айбларига юз тутаётган тошкентлик Сайфулло Соипов ҳибсхона қўриқчиси ҳаётига таҳдид қилган, дейилади New York Post расмий маълумотга таяниб тарқатган хабарида.
"Ўзаро айтишувда айбланувчи зобитни ўлдириш билан таҳдид қилган. Дарҳақиқат, зобит кейинроқ Metropolitan Correctional Center ҳибсхонаси интизом қўмитасига айтишича, айбланувчи агар зобит яна унинг камераси эшигини очса, икки дақиқада "бошқа болалар сенинг жасадингни олиб кетишади", деб айтган", - дейилади ҳукумат томонидан Соиповга қарши тайёрланган далил-исбот ҳисоботида.
Ҳужжатда айтилишича, 31 ёшли Соипов бу зобитнинг ҳадеб эшикни очиб-ёпиб унинг уйқусини бузганидан ғазабланган.
Мақолага кўра, эртасига ҳам ғазабидан тушмаган Соипов ўзи ётган хона ичидаги хавфсизлик камерасини тўсиб қўйган ва "зобитнинг боши кесилмагунча", тўсиқни олиб ташламаслигини билдирган.
Ҳодиса ўтган йил 17 декабрда юз бергани айтилади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Прокуратура ҳужжатида ёзилишича, Соипов интизом қўмитаси билан учрашувда кечирим сўрашдан бош тортган ва "у ҳайвоннинг бошини кесиб ташлаш"ни исташини билдирган.
Мазкур тафсилотлар ҳукуматнинг Соиповга қарши апрель ойида ўтиши кутилаётган суд ишида тақдим этиладиган далил-исботнинг бир қисми бўлиши кутилмоқда.
Суд ишида Соипов амалга оширган ҳужумда жароҳат олиб омон қолган 11 киши ҳам кўрсатма бериши кутилади.
Айбдор деб топилса, Сайфулло Соипов ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.
У 2017 йил октябрида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ижарага олинган юк машинасини велосипед йўлагидаги одамлар устига ҳайдаб, саккиз кишини ўлдирганди.
Ўзбекистон муносабати
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2017 йил 31 октябрь куни Нью-Йоркда террорчилик амалини содир этган ҳужумчи ўзбек фуқароси эканини тасдиқлаганди.
"Жаҳон" ахборот агентлиги 1 ноябрда тарқатган хабарда ҳужумчининг таржимаи ҳолига оид маълумотлар берилган.
Унда айтилишича, Соипов Сайфулло Ҳабибуллаевич 1988 йилнинг 8 февралида Тошкентда туғилган.

Сурат манбаси, Getty Images/AFP Contributor
Тошкентдаги касб-ҳунар коллежи ва Молия институтини тамомлаган.
Ўқишни битириб, Тошкентдаги "Саёҳат" меҳмонхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаган.
2010 йилда грин-карта ютиб, АҚШга кетгунига қадар ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътиборига тушмаган.
Расмий хабарда Соиповнинг АҚШга кетганидан буён бирон марта ҳам яқинларини кўриш учун Тошкентга бормагани ва АҚШда вақтинча яшаб келган ўзбекистонлик аёл билан фуқаровий никоҳда яшагани айтилади.
Аммо Ташқи ишлар вазирлиги хабарида айтилишича, қўшнилари Соиповга ижобий тавфсиф беришган.
"У ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган, бошқалар билан муомалада ҳаммам вақт ўзини босиқ ва дўстона тутган", дейилади хабарда.
Шунингдек, расмийларга кўра, Соиповнинг ота-онаси анъанавий Исломга амал қилишади ва ҳеч қандай экстремистик оқимларга алоқаси йўқ.
Ўзбек томони Соиповнинг АҚШга кўчиб борганидан кейин радикаллашганини айтган.
"АҚШга кўчиб боргач, Сайфулла Соипов одамови бўлиб қолган, радикал гуруҳлар таъсирига тушган", дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.
Тelegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














